Дунёдаги илк телескопни голландиялик оптика мутахассиси Данс Липпертей ясаган эди. Аммо унга қадар турли олимлар, XIII асрдан бошлаб, катталаштириб берувчи линзалар ёрдамида тажрибалар қилиб кўришган. Ўта қашшоқ кун кечирган Липпертейнинг кашфиёти ҳеч кимга маълум бўлмай қолиб кетди. Орадан бир йил ўтиб ўз телескопини ясаган итальян олими Галилео Галилей унинг ихтирочиси деган ном олди. У жуда қўпол ва жўн асбоб эди: Галилей телескоплари орасидаги энг кучлиси нарсаларни 33 марта катталаштириш қувватига эга бўлиб, осмоннинг фақат кичик (Ойнинг тўртдан бир қисмича) бўлагини кузатиш имконини берар эди.
Шунга қарамасдан, Галилей буюк кашфиёт яратди: у биринчи бўлиб Сатурн — Зуҳалнинг ҳалқаларини, Юпитер — Муштарийнинг тўртта йўлдошини топди ва Ойдаги тоғлар ва кратерларни кўрди. Бугунги кунда Галилей ўз кашфиётида қўллаган асбобдан театр дурбинларини ишлаб чиқаришда фойдаланилади, чунки театрда дурбинлардан на нарсаларни кўп марта катталаштириш, на кенг кўриш майдони талаб этилмайди.
Аммо телескоплар Галилей замонидан бери кескин ўзгариб кетди. Электроника асри келиши билан бундай асбобнинг мутлақо янги тури — радиотелескоп ихтиро қилинди. Илк радиотелескоп Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кўп ўтмай яратилди ва шундан бери у тинимсиз мукаммаллаштириб борилмоқда. Бу асбоб нимаси биландир, бизнинг кўзларимиз юлдузлар таратаётган ёруглик тўлқинларини кўрганидай, юлдузлардан чиқаётган радиотўлқинларни «кўрадиган» улкан кўзни эслатади. Телескопнинг катта ликопчага ўхшайдиган, диаметри бир неча метрлик ойнаси радиотўлқинларни тутади. Унинг оддий телескопларга нисбатан беқиёс афзаллиги шундаки, жуда заиф ёруғлик чиқарадиган ёки, умуман, чиқармайдиган юлдузлар ва галактикаларни ҳам излаб топиш қувватига эга. Ваҳоланки, ўта замонавий оптик асбоблар ҳам бунга қодир эмас. У бепоён фазони қоплаб ётган газ тўпламлари ёки космик чангларни ҳам ёриб ўта олади. Шунингдек, ундан ҳар қандай об-ҳаво шароитида фойдаланиш мумкин, чунки радиотўлқинлар Ер атмосферасидаги булутларни осонлик билан ёриб ўта олади.
Космосдан келаётган радиотўлқинлар телекўрсатув ва радиоэшиттиришда қўлланиладиган тўлқинларга нисбатан жуда қисқадир. Шунинг учун ҳам радиомунажжимлар бундай тўлқинларни тутиш учун махсус радиомосламалар ва антенналар ўрнатишади. Антенна — улкан металл тарелка. Уни осмоннинг ҳар қандай бурчагига буриш қулай бўлиши учун тепаликка ўрнатилади. Антенна тутадиган радиотўлқинлар жуда заиф бўлгани учун сигналларни кучайтириш зарурати туғилади.
Мунажжимлар, одатда, радиотўлқинларни қоғозга ёзиб боришади. Махсус ёзув мосламаси сигналларни тўлқинли чизиқ шаклида қоғозга қайд этиб боради. Олимлар шу тариқа ўз кузатишларини доимий суратда ёзиб боришади.
Оддий телескопдан фарқли ўлароқ, радиотелескоп ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ишлай олади ва уни қитъанинг исталган нуқтасига ўрнатиш мумкин. Бунинг учун тепалик бўлиши шарт эмас.
Америкалик бир олим диаметри 300 метрлик энг катта радиотелескоплардан бирини Пуэрто-Рикодаги сўнган вулқон кратерига ўрнатди. Яна айланаси бўйлаб ҳаракатсиз элементлар жойлаштирилган, диаметри 600 метрлик ўзига хос радиотелескоп 1976 йили Шимолий Кавказда ўрнатилган.