Эволюция илми буни шундай таърифлайди: жуда кўп йиллар олдин қушлар рептилиялар оиласига мансуб булган. Аммо ўз ривожланиш жараёнида улар бу йўлдан четга чиққанлар, тангачалар патга айланган. Гап шундаки, пат модданинг бор-йўғи ўзга бир шакли бўлиб, у бошқа ҳайвонларда туёқ, шох ва дум тарзида намоён бўлади.
Пат учи томон торайиб борадиган ўзакдан иборат. Юқори, ингичкароқ қисми найза дейилади, қуйи қисми эса пой ёки даста дейилади. Пой ичи кавак бўлиб, у орқали патнинг ўсиш даврида озиқ моддалар келиб туради.
Қуш патларининг ранги пигментларни ҳосил қиладиган моддаларга боғлиқ. Айрим ранглар патлар юзасининг нурни синдиришидан ҳосил бўлади. Қушларнинг туси ҳам улар ейдиган овқатга боғлиқ. Масалан, тухумдан чиққан пайти айрим канарейкалар овқатига озроқ қизил қалампир қўшиб берилса, сариқ ўрнига оч пушти патлар билан ўралади.
Қушлар ҳар йили ўз патларини янгилайди. Туллаш деб аталадиган даврда кўпгина қушлар бир мартанинг ўзидаёқ анчагина патларини тўкиб юборади. Улар яна тезда ўсиб чиқади.
Патларнинг икки тури мавжуд. Тананинг ташқи кўринишини шакллантирган патлар «ташқи шакли патлари», қуйи қисмидаги момиқлари «пар» дейилади. Қушча тухумдан очиб чиққанда унинг танаси пар билан қопланган бўлади. Тез орада у доимий патларга ўрин бўшатиб беради, у ҳам пар ўсиб чиққан ҳужайра тешикларидан ўсиб чиқади.
Патларнинг тузилиши ва ўлчами қушларнинг турмуш тарзи билан узвий боғлиқ. Бойўғлининг патлари, масалан, юмшоқ ва момиқдир, бу унинг сас чиқармасдан, аммо секин учишига имкон яратган. Бошқа томонлама, қарчиғайнинг патлари калта ва танасига ёпишиб туради, натижада ҳаво кам қаршилик кўрсатади ва у катта тезлик билан парвоз қилади. Сувда сузувчиларнинг патлари ёғсимон суюқлик туфайли юмшаб туради, шу боис уларга сув юқмайди.