Олимларнинг тахмин қилишича, динозаврлар 180 миллион йил бурун пайдо бўлган ва 60 миллион йиллар олдин қирилиб битган. Динозаврлар рептилиялардан тарқаган. Айтганча, рептилиялар ҳайвонларнинг алоҳида синфи бўлиб, улар иссиққон эмаслиги, ерда ҳам яшай олиши, ўзига хос юраги борлиги ва аксариятининг тангачалар билан қоплангани билан ажралиб туради.
Илк рептилиялар динозаврлардан анча олдин пайдо бўлган. Улар амфибияга ўхшайди (ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшаши мумкин). Аммо тухумини фақат қуруқликка қўйган. Зурёдларининг ўпкаси бўлиб, ҳаводан нафас олган; ҳашаротлар билан тирикчилик қилгани эҳтимолдан холи эмас.
Сўнгра рептилиялар жуссали ва кучли бўла борган. Бирлари баҳайбат калтакесак, бошқалари тошбақага ўхшаган. Уларнинг думи калта, оёғи йўғон, боши катта бўлган. Улар ўсимликлар билан озиқланган.
Илк динозаврлар ўз аждодлари — калтакесак каби орқа оёқларида юра олган рептилияларга ўхшайди. Илк динозаврлар кичкина, тахминан куркадай бўлган ва орқа оёқлари билан ҳаракат қилган. Уларнинг айрим турлари кичкиналигича қолиб кетган, бошқалари эса ўсган ва оғирлашган. Кўпчилигининг узунлиги 2,5 метр бўлган. Ҳатто филдай оғир ва 6 метр келадиганлари ҳам яшаган. Уларнинг боши кичкина, ўсимликни чайнашга ярайдиган ўтмас калта тишлари бўлган. Улар пастқамларда, ботқоқларда кун кечирган.
Кейин бошқа давр — рептилия асри бошланган. Айрим алафхўр динозаврлар шу қадар катта бўлиб кетганки, ҳатто қуруқликда ҳам ўзини тўрт оёғида тутиб тура олмаган. Улар вақтини асосан дарё ва ботқоқликларда ўтказган. Ана шундай баҳайбатларининг бирини бронтозавр дейишади, унинг бўйи 20 — 24 метр, оғирлиги қарийб 34 тонна келган.
Бу вақтга келиб динозаврлар ерда эмин-эркин юра олган, улардан бирининг номи аллозавр бўлиб, бўйи 10 метр, ўткир тиши ва тирноғи бор эди. У бронтозавр ва бошқа алафхўрлар билан озиқланган. Демак, динозаврлар рептилияларнинг авлодидир. Ерда иқлим ўзгариши билан озуқаси ва яшаш жойидан маҳрум бўлган динозаврлар қирилиб кетган.