Калтакесаклар нима?

Калтакесаклар тимсоҳлар, тошбақалар ва илонлар каби рептилиялар, судралиб юрувчилар синфига мансубдир. Калтакесакларнинг 3 мингдан зиёд тури мавжуд.

Калтакесакнинг панжаси тўртта, танаси ингичка ва думи узун бўлади. Калтакесакларнинг ҳаммаси бир йилда бир неча марта ўзларининг тангачали терисини алмаштиради. Улар қутб минтақаларидан ташқари, дунёнинг қолган ҳамма бурчагида яшайди. Тропик воҳалар улар учун энг қулай маскандир, аммо улар мўътадил иқлимда ҳам яшай олади. Калтакесаклар қишни ухлаб ўтказади.

Калтакесаклар асосан калта бўлади: одатда уларнинг бўйи ярим метрдан ошмайди. Энг катта калтакесаклар Индонезиянинг Комодо оролида яшовчи варанлардир; уларнинг бўйи уч метргача бўлади, оғирлиги эса 140 килограммдан ошиқ келади. Улар кўринишидан афсоналардаги аждарҳоларни эслатади.

Одатда, калтакесаклар узоқ яшамайди. Айримларигина икки-уч йил яшаши мумкин. Энг узоқ умр кўрган калтакесак тутқунликда ўсиб, 25 йил яшаган.

Калтакесаклар, одатда, учиб бораётган ҳашаротларни узун тили билан тутиб овқатланади. Улар улжасини чайнамасдан ютадилар. Улар тутган ўлжасини тиши билан ушлаб турса-да, улардан камдан-кам ҳолларда фойдаланади.

Айрим калтакесаклар ўзига хос «парҳез» қилади. Масалан, мугузли калтакесаклар, асосан чумолилар билан овқатланади. Бошқа калтакесаклар ўт ёки мевалар билан озиқланади. Катта варанлар айрим турдаги эти заҳарли тимсоҳларни еб кун кечиради. Улар ўлаксалар, гоҳида кичик ёввойи чўчқаларни тутиб, бутунлай ютадилар.

Кўпчилик калтакесаклар тухумдан очиб чиқади, аммо болалайдиганлари ҳам бор. Урғочиси тухумини ерга ёки чириб йиқилган дарахтлар пойига қўйиб бекитади. Улар, кўпинча, тухумларини бошқа мазахўрак ҳайвонлардан муҳофаза қилади. Тухумдаги калтакесакларнинг ўзига хос «тухум тишлари» жағининг устки қисмидан ўсиб чиқади. Бу тишлардан тухумдан чиқиш пайти етиб келганда, тухум қобиғини синдиришда фойдаланилади. Кейинроқ бу тишлар йўқолиб кетади.

Калтакесакларнинг кўп тури саҳроларда яшайди. Улар аксарият ҳайвонлар бардош беролмайдиган иссиғу қурғоқчиликка чидамлидир.