Қайси гул Япониянинг рамзи ҳисобланади?

Сакура бутоғи Япония рамзидир. Сакура баъзан япон олчаси деб ҳам аталади. Бу дарахтнинг бўйи 5 — 8 метр, шох-шаббалари кулранг-малла тусдадир. Япроқлари чўзинчоқ тухумсимондир, дарахтнинг тепа қисмидаги барглар янада чўзилган бўлади ва гилос баргларини эслатади. Гуллари пушти-қизил ёки очиқ пушти рангда 2 — 5 донадан тўп-тўп бўлиб очилади.

Сакура гуллаганда етти ёшдан етмиш ёшгача барча кишилар оиласи ёки ёру биродарлари билан тўпланиб, боғ ва паркларда нозик оқ-пушти гулбаргларни томоша қилишади. Бу японларнинг энг кўҳна анъаналаридан биридир.

Гулларни тизишдай мураккаб икебана санъатини ҳар ким ҳам эплайвермагани билан гуллаётган дарахтни томоша қилиш ҳар кимнинг қўлидан келади. Японлар бу томошага анча вақт ҳозирлик кўришади. Яхшироқ жойни эгаллаш учун боққа бир кун олдин келиш лозим.

Японлар, одатда, олчанинг гуллашини икки марта: ишда ҳамкасблари ҳамда уйда оила аъзолари даврасида нишонлашади. Байрамни ҳамкасблар даврасида нишонлаш ҳеч кимнинг бузишга ҳаққи йўқ муқаддас бурчдир, оила даврасида нишонлаш эса кишига лаззат бағишлайди. Дарахт томоша қилган кишига ижобий таъсир кўрсатади.

Сакура, шунингдек, Марказий Осиё, Болтиқбўйи, Молдавия, Кавказ, Қрим ва Закарпатьеда ҳам ўсади.