Камило Хосе Села. Эчкилардан кечайлик (ҳикоя)

Музофотнинг кўҳна марказидаги кўп йиллик илмий-адабий кенгаш соат бешларда жамулжам бўлди. Адабиёт назарияси профессори, ўзининг таъбирича, Нуньес де Арсе ва дон Рамон Кампоаморнинг яқин дўсти Дон Сервандо жуссасининг тўртдан уч қисмини астагина креслонинг суянчиғига қўйди, Тронкосо нотариал идорасининг ширинсуҳан котиби дон Мануэль эса зим-зиё туннинг қора пўстини ҳақидаги ҳар кеч такрорлайдиган жимжимадор гапини тамомлади.
Жамоат – мана қанча йилдирки – мажлисни очиқ, эшикларни ёпиқ деб эълон қилиш учун ана шу сўнгги ишораларни кутарди. Кенгаш аъзолари, эҳтиёткор ва эскилик тарафдори бўлишса-да, яхши англаб етилган тараққиётни хуш кўрувчи, хулқ-атвор ва одатларига кун сайин сайқал берувчи жаноблар тамаки тутатиб, “Ла Тарде”ни варақлаб, ундаги таъзия­ларга кўз югуртиришга ва бир финжон қаҳва ичишга улгуришди. Ҳамма йиғилгунча ҳеч ким сўзга чиқмади. Йиллар давомида урфга айланган бу сукутни бузишга ҳеч ким жазм этмасди.
Одатда мажлисда мамлакатдаги жиддий сиёсий ва иқтисодий масалалар муҳокама қилинар ва баъзи-баъзида Альфонс II нинг маъшуқалари ёки торреро Маццантининг ақл бовар қилмас эпчиллиги ҳақида ҳангомалашишга изн бериларди.
Ҳар доимгидек бошловчилик мажлисга ҳамиша кечикиб келувчи дон Сервандонинг зиммасига тушди. Аммо ўша куни профессор вайсашни бошламоқчи бўлиб турганда, сочи ҳурпайган дон Даниэль қўл ишораси билан уни жимликка чорлаб, гап бошлади:
– Сеньорлар, мен ўзимга тинчлик бермаган савол устида кўп йиллар бош қотирдим. Кеча кечқурун ниҳоят масаланинг моҳиятига етдим, таъбир жоиз бўлса, жумбоқнинг калитини топдим. Ижозатингиз билан…
Дон Даниэль қартайган серсоқол врач, федералчи-республикачи эди. Айтишларича, у ёшлигида қасрда анча обрўйи бор бир герцогиня билан ошиқ-маъшуқлик қилган, герцогиня бадига ургач хонимга очиғини айтиб қўяқолган, оқибатда ўша герцогиня аламидан Дон Даниэлнинг юзига отган шиша врачнинг бўйни-ю, иягида ваҳимали чандиқ қолдирган экан. Бу миш-миш ростми-ёлғонми, билиб бўлмайди, чунки Дон Даниэлнинг соқол босган юзи ва иягини текширишнинг имкони йўқ эди. Жамоат аъзолари унга ишора қилиб, гапиришга рухсат беришгач, Дон Даниэль ҳаяжондан овози бўғилиб фикрларини баён эта бошлади:
– Сеньорлар, мамлакатимиз иқтисоди жар ёқасига келиб қолган. Анчадан бери аҳвол шу, демак, нолийвермай, муаммонинг чорасини қидириш вақти келди. Мен гапни чўзмай, биз ҳукуматдан талаб қиладиган ягона чорани сизларга икки оғиз сўз билан тушунтираман: дўстларим, Испанияда сира кечиктирмай ҳамма эчкиларни қириш керак. Ҳа, хотиржам яшашимиз учун эчкиларни қириш шарт. Сеньорлар, Испанияда турмуш даражаси паст, чунки бизда саноат йўқ. Чегара ортига эътибор қаратсак, саноати гуркираган Англия, Пруссия ва Франция фуқаролари яшаш шароитларини ақл бовар қилмас даражага кўтаришганини кўрамиз. Хўш, сизга савол, сеньорлар, Испанияда нега саноат йўқ? Жавоб ўз-ўзидан маълум: Испанияда саноат йўқлигига сабаб, испанлар ишлашга ўрганмаган. Хўш, улар эринчоқми ёки ишлашга рағбати сўнганми? Камина бу ҳақда кўп ўйладим ва ҳаммадан аввал сизларга ўзимнинг ҳали унча тартиб берилмаган қарашларимни баён қиламан. Испан кишисининг ишлагиси йўқ, негаки, очиғини айтайлик, халқ хонавайрон бўлган. Қўрқманглар, фикримни асослай оламан. Бизнинг улуғ ва қадимий халқимиз нега хонавайрон? Чунки биз гўшт емаймиз-да. Испан халқининг гўшт емаслигига сабаб эса, азиз дўстлар, Испания ҳар хил гап-сўзларга қарамай барибир чорвадорлар мамлакати эмас. Негалигини биласизми? Сабаби жуда оддий. Испания чорвадорлик мамлакати эмаслигига сабаб бу ерда яйловлар йўқ. Шимолий қирғоқдаги айрим ҳудудларни ҳисобга олмаганда Испанияда яйловлар ё куйдириб юборилган, ё бутунлай йўқ бўлиб кетган. Бу кулфатдан нажот борми? Менимча, бор. Сабабини ахтарайлик: ўлкамизда яйлов йўқлигининг боиси − ёмғир ёғмайди. Нега ёмғир ёғмайди? Заминимизга худо ярлақаган ёмғир аталмиш неъматнинг ёғилмаслигида биз испанларнинг нима айбимиз бор, деб каминадан сўрашлари мумкин. Жавоби жуда оддий: яйловларимизга ёмғир ёғмаслигининг сабаби бизда ўрмон йўқ. Ҳукуматнинг жадал аралашувисиз бу муаммонинг ечими топилмайди. Испанияда ўрмон йўқлигининг сабаби дарахтнинг новдаси офтобдан баҳра олиш учун заминдан бошини кўтарган заҳоти эчки келади-ю, киртиллатиб еб қўяди. Агар гуллаб-яшнашни, олға интилишни истасак, эчкиларни йўқотайлик! Бошқа йўл йўқ.
Дон Даниэль ҳорғин қиёфада бошини эгди. Кўп йиллик машаққатли меҳнат сарҳисоби эди бу! Ўша оқшом дўстлари унга айрича бир меҳр билан боқишди…

Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 11-сон

Ўхшаш мақолалар: