Россиянинг кўпчилик аҳолиси ягона динга эътиқод қилади, яъни православ насроний динига, мазкур динни улар Қадимги Рус даврида қабул қилишган. Рус ерларининг чўқинтирилиши, яъни насронийликни қабул қилишлари 988 йилда юз берган ва ушбу воқеани Киев князи Владимир номи билан боғлайдилар. Айнан княз Владимир ўша даврда Қадимги Русда яшовчи кишиларнинг қайси динга эътиқод қилишларини белгилаб берган.
Насронийлик дини Рус заминига ўша даврда ўта кучли ва салоҳиятли давлат бўлган Византия орқали келди. Қадимги Рус турли даврларда Византия билан савдо-сотиқ алоқаларини амалга оширган, у билан урушлар қилган ва ўша даврларда барча мамлакатлараро бўладиган муносабатларда бўлган. Муносабатларнинг яхшиланишига православ динининг — яъни Византиянинг асосий диний эътиқодининг қабул қилиниши ҳам таъсир этиши мумкин эди. Бунинг устига Византияга мол олиб бориб сотувчи кўплаб рус савдогарлари, турли юришлар туфайли Константинополда бўлган рус жангчилари у ерда чўқинтирилиб, ватанига православ насронийлари бўлиб қайтишган. Ягона дин кишиларни бирлаштиришга хизмат қилганлиги боис Византия учун ҳам айнан унинг дини бошқа мамлакатларга кенг тарқалиши муҳим эди.
Қадимги солномаларда ривоят қилишларича, княз Владимир ҳузурига яҳудийлар ҳам, католиклар ҳам ўз динларининг афзалликларини айтиб, ўз динларига киришга даъват қилиб келганлар. Бироқ Владимир уларнинг ҳар бирининг фикрини қунт билан тинглаб барини ортига қайтариб жўнатган экан. Масалан, у яҳудийларга шундай савол берган экан: «Хўш, сизнинг она тупроғингиз қаерда ўзи?». — «Қуддусда!» — жавоб беришибди яҳудий руҳонийлари, аммо княз уларга унчалик ишонқирамаган экан, руҳонийлар ўз фикрларига қўшимча киритибдилар: — «Худо бизнинг ота-боболаримиздан хафа бўлиб, ҳаммамизни дунё бўйлаб бегона юртларга тарқатиб юборган». Шунда княз Владимир уларга шундай жавоб берган экан: «Ҳали Худонинг қарғишига учраган сиздек бандаи гумроҳлар, бошқаларга ҳам ақл ўргатиб йўл-йўриқ кўрсатмоққа жазм қилдингизми? Биз сизнинг кетингиздан эргашиб ватансиз қолишни истамаймиз». У шу каби жавоблар билан немис католикларини ҳам қайтариб юборган экан.
Бироқ бир куни княз Владимир ҳузурига юнонлар юборган номаълум бир файласуф ташриф буюрибди ва князга Инжил ҳақида, Худо қандай қилиб Ерни яратгани тўғрисида гапириб берибди, гапининг ниҳоясида у Қиёмат куни ифодаланган бир тасвирни кўрсатибди, унда яхши одамларнинг жаннатга кетаётганлиги ва гуноҳкорларнинг абадий азоб-уқубатларга маҳкум қилиниши тасвирланган экан. Бу ҳикоя ва тасвирдан таъсирланган княз Владимир оғир хўрсиниб, дебди: «Ҳа, яхшиларнинг бахти бор, ёмонларнинг уйи куйсин» — «Шу гапларингдан сўнг чўқинсанг» — дебди унга файласуф, сен ҳам жаннатга тушувчиларнинг илк сафларида бўласан!»
Владимир шундан сўнг файласуфни иззат-икром ва совға-саломлар билан кузатиб қўйиб, ўзи эса боярларни шаҳар қарияларини тўплаб, уларга яҳудийларнинг, мусулмонларнинг ва католиклар руҳонийларининг таклифларини айтибди ва уларга кенгаш солиб сўрабди. Хўш, Рус халқи қайси динни қабул қилса маъқул бўлади, деб ҳисоблайсизлар. «О, олий ҳукмдор, — дейишибди боярлар, модомики ҳар бир руҳоний ўз динини мадҳ этиб мақтаган экан, Сен уларнинг ҳар бирига энг ақлли ва фозил кишиларингни жўнат, кўрайликчи, уларнинг қайси бири ўз худосига кучлироқ садоқат билан сажда қилар экан? Шуни билсаккина улар орасида энг афзал динни билиб оламиз». Шундан сўнг буюк княз 10 нафар энг доно ва зукко кишиларни турли мамлакатларга йўллабди. Улар бир неча йиллар ўтиб қайтиб келишиб князга айтишибдики: «Ҳар қандай одам ҳам ширин нарсани татиб кўргач, аччиқ нарсага унинг хоҳиши бўлмайди, бизлар ҳам юнонларнинг дини билан танишганимиздан сўнг бошқа динларни ўрганишимизга ҳожат қолмади». Бу воқеаларни солномалар ана шундай ривоят қилади, яна уларда айтилишича даставвал Херсон шаҳрида княз Владимир ва унинг яқин боярлари чўқинганлар, кейинчалик 988 йилнинг ёзида эса унинг бутун халқи Днепр дарёсида чўқинтирилган.
Кейинчалик Рус православ черкови Византиядан ажралиб мустақил бўлди. 14—15 асрларда руҳонийлар Москва князларига Рус ерларини бирлаштириш борасида фаол ёрдам бердилар. Марказлашган Рус давлати ташкил топгандан сўнг Москва черков марказига ҳам айланди.
1589 йилда Рус православ черковининг раҳнамоларига Москва ва бутун Рус Патриархи унвони берилди. Патриархлар давлат ишларига аралашиш учун жуда катта таъсир кучига эга эдилар. Шу боисдан 1700 йилда Патриархлик бекор қилинди. 1918 йилда давлатнинг черковдан ажратилиши туфайли яна Патриархлик қайта тикланди.