Олтин балиқча қай тариқа пайдо бўлган?

Олтин балиқчанинг аждоди карпдир. Яшилтоб-кулранг карплар Хитой ва Япония дарё ва кўлларида жуда кўп учрайди ва олтин балиқча ҳам айнан шу ерда пайдо бўлган.

Хитойликлар олтин балиқчани бир неча асрдан буён парваришлайди, японлар эса 400 йилдан бери! Европаликлар олтин балиқча ҳақида ҳеч нарса билишмасди. 200 йил бурун бу ерга уларнинг бир нечтаси олиб келинди. Тўғрироғи, улар қирол Людовик ХVнинг ўйнаши хоним Помпадурга инъом этилган эди. У ўз замонида модаларни расм қилувчи эди, унга бошқалар ҳам балиқлар олиб келадиган бўлди.

Олтин балиқчаларнинг ўлчами 4—30 сантиметр атрофида бўлади. Олтин балиқчаларнинг веер, комета, нимфа турлари Ғарбда кенг тарқалган. Оддий олтин балиқчанинг танаси кичкина бўлиб, сузгичлари калта ва қаттиқдир.

Веер олтин балиқчанинг танаси кичкина, ёғли, қўш думи ва сузгичи бўлади. Америкада парваришланган кометанинг гавдаси кичик, эркин биланглайдиган думи узун, бир қаватли, ич-ичидан иккйга бўлинган. Нимфа кометага ўхшаб кетади, аммо унинг танаси калта ва доирасимон.

Ҳар уч турни ҳам аквариумда сақлаш ва миллионлаб одамларнинг хонадонида кўриш мумкин. Мабода сиз олтин балиқчаларни парваришламоқчи бўлсангиз, бу ҳақда нимадир билиб қўйишингизга тўғри келади.

Балиқчанинг орқа сузгичлари осилиб қолган бўлса, бу унинг касаллиги аломати. Улар кўпинча ўсимлик-паразитлардан юқадиган замбуруғли касалликларга чалинади. Мана шунда балиқчанинг сузгичларида оқиш қатлам пайдо бўлиб, бутун танасига ёйилади. Бу тошма ойқулоғигача етиб борса, балиқ нафас ололмайди ва у нобуд бўлади.

Балиқчани шўр сувга ювиб, бу касалликни даволаш мумкин. Сузгичлари осилиб қолган пайти бир ош қошиқ туз олиниб, аквариум ҳароратига тенг ҳароратдаги сувга солинади. Ҳар куни ярим соатдан ванна қилинади. Балиқча ўша аралашма солинган тайпоқ идишга ўтказилади ва ним ёруғликда қолдирилади. Сўнг аквариум ва сув ўтларини тўрт соат мобайнида перманганат калий аралашмасининг кучсиз аралашмасида ҳўллаб туриш керак. Шундан кейин аквариумни ювиб, янги тоза сув билан тўлдириш лозим. Икки-уч кундан сўнг унга балиқчаларни қўйиб юбориш мумкин.