Сиз балиқ овига чиққан пайтингизда балиқлар ҳамма нарсани ейишига ишонч ҳосил қилган бўлсангиз керак. Аммо улар қармоққа қўйилган ҳамма нарсани ҳам еявермайди. Шаҳарлик болалар балиқни кўпинча қармоқ учига қистирилган нон ушоқлари ёрдамида тутишади. Қишлоқ болалари чувалчанглардан фойдаланишади. Шоҳбалиқ тутувчилар чивинни афзал билишади. Илмоққа қўйилган айрим балиқчалар бошқа балиқларга емиш бўлади.
Балиқларнинг минглаб тури мавжуд экан, уларнинг ҳар бири нима ейишини баён этиш иложи йўқ. Сув тагида ҳаёт учун кураш ниҳоятда кескинлигидан балиқлар овқат танлаб ўтирмайди.
Айрим балиқлар — вегетариан ва шу сабабдан ҳеч қандай тирик мавжудотни емайди, бироқ аксарият балиқлар йиртқичдир, яъни бошқа балиқлар ва сув ҳайвонларини, ҳашаротларни ейди. Кўпгина балиқларнинг майда чиғаноқсимон ёки чиғаноқли ҳайвонларни паққос тушириши кишини ажаблантиради.
Гарчи балиқлар турли-туман бўлса-да, барибир улар ўртасида бир қанча умумийликлар мавжуд. Масалан, балиқлар чўзинчоқ, қиррали шаклга эга, бу уларнинг тез ҳаракат қилишига имкон яратади.
Бир талай балиқлар думларидан ҳаракатлантирувчи восита сифатида фойдаланади, ўз ҳаракатларини эса думи ва сузгичлари ёрдамида бошқаради. Улар оғзидан келиб турадиган сувни мудом ўтказиб турадиган ойқулоғи билан нафас олади.