Нилуфар нимаси билан машҳур?

Хитойликлар учун нилуфар мусаффолик ва олижаноблик рамзидир. Балчиқ ва лойқа сувда ўсгани билан у ҳеч қачон булғанмайди. Оғир қисматга тан бермаган, ёмонлик олдида тиз чўкмаган, ўзига гард юқтирмаган одамларни нилуфарга қиёслашади.

Нилуфар сокин ҳовузларда, июль-август ойларининг энг иссиқ кунлари гуллайди. Ана шунда одамлар эртадан кечгача ҳовуз бўйларидан кетмай завқ олишади. Барглари ўзига хос тарзда шитир-шитир этиб турадиган, ўзининг тоза ва нафис гули, йирик латиф гултожлари билан нилуфар унутилмас таассурот қолдиради. Хитойликлар аёлларнинг орасталигини беҳудага нилуфарга қиёслашмайди. Мабода биз гўзалликда танҳо, тенги йўқ қандайдир гул бор десак, ана шу гул нилуфар гули бўлади.

Юзлаб йиллар олдин жанубий денгизлардан келган бу малика Хитойдаги ҳовуз ва кўлларга, боғ ва ҳовлилардаги каттакон сопол кўзаларда гуллаб, зеб бериб туради. У фақат уч кун гуллаб туради: эрталаб очилади, кечқурун ёпилади. Одамлар нилуфар гуллаб бўлгандан кейин ҳам сув ичида турган доирасимон, зонтикка ўхшаш баргларидан завқ туяверадилар.