Африкадаги катта дарё Нилнинг жумбоғи тўғрисида эшитган бўлсангиз керак. Ҳар ҳолда дарё билан боғлиқ бир ҳол одамларни минг йиллар давомида ташвишга солиб келган.
Ҳар йилнинг июлидан бошлаб, Нилнинг сатҳи кўтарила боради ва октябрь ойига бориб, сув сатҳи май ойидагига нисбатан 7,5 метр юқори бўлади. Тошқин вақтида Нил тошиб, далаларга энг яхши ўғит вазифасини ўтайдиган лойқа олиб келади. Мисрда деярли ёмғир ёғмагани учун ҳам сувнинг бу даражада баланд кўтарилиши ҳодисаси кутилмаган ҳолдир. Шу сабабдан унинг атрофида яшайдиган аҳолининг бу тошқин сиридан воқиф бўлолмай, боши қотган. Бу жумбоққа XIX асрга келибгина жавоб топилди.
Нил дунёдаги энг узун дарёдир. Унинг жанубдан шимолгача бўлган узунлиги — 6 670 км. Дарё, асосан, Африка қитъасининг шимоли-ғарбида жойлашган Судан ва Миср давлатлари ҳудудидан оқиб ўтади. Нил ҳар йили тошиши натижасида жазирама, қуруқ ва тақир чўл билан ўралган соҳиллари атрофида узун, энсиз ҳосилдор ерлардан иборат водий ҳосил қилган. Илк одамлар бу ерга бир неча минг йил муқаддам кўчиб келиб ўрнашишган. Нил дарёси икки асосий манба: Оқ Нил ва Мовий Нилдан сув олади. Оқ Нил Угандадаги Виктория кўлидан оқиб чиқади. Унинг оқими равон ва секин бўлиб, Нилнинг сув сатҳи ўзгаришига таъсир этмайди. Апрель ва май ойларида Нилнинг сув сатҳи паст даражага тушади, ўша вақтда сувнинг 85% Оқ Нилдан келади.
Мовий Нил-чи? У Эфиопиядаги жалалар ёғадиган, қорлар эрийдиган тоғликлардан бошланади. Ёмғир мавсуми бошланиши билан Мовий Нилнинг суви кескин кўтарилиб кетади ва тошқинга сабаб бўлади. Минг йиллар давомида одамларнинг бошини қотирган бу жумбоқнинг осонгина жавоби мана шу.