Юлдузлар, нурини ўзида акс эттирадиган ва шу туфайлигина ёруғ бўлиб кўринадиган сайёралар ва уларнинг йўлдошларидан фарқли ўлароқ, ўзидан нур тарқатадиган катта газ шарларидир. Масалан, Ой шуъласи Қуёш нурининг аксидан бошқа нарса эмас. Яна бир фарқ шундаки, бизга юлдузлар милтиллаётганга ўхшаб кўринади, аммо сайёралар ёруғлиги милтилламайди. Юлдузлар милтиллашига сабаб бўлган нарса Ер атмосферасида турли моддаларнинг мавжудлигидир.
Қуёш ҳам, унчалик катта ёки ёрқин бўлмасада, юлдуздир. Бошқа юлдузлар билан таққослаганда, у ўртача катталикдадир. Миллионлаб юлдузлар Қуёшдан кичик бўлиши баробарида яна шунчаси ундан анча каттадир. Шундай юлдузлар ҳам борки, улар Қуёш ўрнида бўлганида Ер, Марс, ҳатто, Юпитер орбитасини ҳам ўз ичига қамраб олиши мумкин эди. Аммо улар биздан жуда олисда жойлашгани учун кўзимизга кичик бир нуқта бўлиб кўринади.
Қадимги юнон мунажжимлари замонидан бери юлдузлар катталигига қараб, бир неча гуруҳларга булинади. «Катталик» деганда, юлдузларнинг катта-кичиклиги эмас, аксинча, уларнинг ёрқинлиги кўзда тутилади. Бундан ташқари, юлдузлар уз спектрларига кўра ҳам, бошқача айтганда, ўз ёруғлик тўлқинлари узунлиги билан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Мунажжимлар у ёки бу юлдузнинг спектрини ўрганаётганда, ўша юлдузнинг узига хос хусусияти, температураси ва ҳатто кимёвий таркиби тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар йиғишади.