Биз Қуёш системаси нега айнан шундай кўринишга эга эканидан бехабармиз. У Коинотдаги мутлақо бошқа кўринишга эга бўлган қуёш системалари каби бошқача ҳам бўлиши мумкин эди. Бу уларнинг қандай пайдо бўлгани билан боғлиқ. Лекин инсон кашф этган табиат қонунлари Қуёш системасининг нега айнан ҳозиргидай жойлашувини тушунтириш имконини беради.
Бошқа сайёралар қатори Ер ҳам Қуёш атрофидаги орбита бўйлаб айланади. Ернинг Қуёш атрофида бир марта айланиб чиқиш вақти йил деб аталади. Бошқа сайёралар орбитаси Ерникидан катта ёки кичикдир.
Қуёш системаси қандай пайдо бўлган? Нега сайёралар бундай ўлчамга эга? Нега улар ўз орбитаси бўйлаб ҳаракат қилади? Мунажжимлар ҳалигача бу саволга жавоб топиша олгани йўқ. Улар икки хил назарияни илгари суришади. Биринчи назарияга кўра, Қуёш ва сайёралар айланаётган улкан иссиқ газлар булутидан пайдо бўлган. Айланаётган улкан газ ва чанг булути ўсимталаридан сайёралар бунёдга келган.
Бошқа бир назария муаллифлари эса Қуёш ўтмишда бошқа бир юлдуз билан яқинлашган, деб ҳисоблашади. Натижада катта «бўлаклар» ажралиб чиқиб, унинг атрофида айлана бошлаган ва Қуёшнинг ушбу бўлаклари сайёраларга айланган.
Биз учун қайси назария тўғри экани муҳим эмас. Нима бўлганда ҳам, Қуёш системасининг ҳозирги шакли тасодифан юзага келган. Нега бу шакл ўзгармаяпти? Кеплернинг сайёраларнинг ҳаракати қонунига кўра, барча сайёралар Қуёш атрофида эллипс (чўзинчоқ) орбита бўйлаб айланади; сайёралар Қуёшга қанчалик яқин борса, уларнинг тезлиги шунчалик ортади; тўла айланиб чиқиш вақти Қуёшгача бўлган масофага боғлиқ. Ньютоннинг тортиш қонунида айтилганидек (Кеплернинг уч қонуни унинг таркибий қисмларидир), иккита предмет ўзаро тортишади. Қуёш системасининг ҳозирги шакли муҳимлигига сабаб, бир қанча табиат қонунларига асосан, Қуёш ва сайёралар ўртасида ўзаро ҳаракат боғлиқлиги бор.