Биз вақти-вақти билан Ерга тегишли бўлган, аммо жавоб топилмай, жумбоқлигича қолиб келаётган айрим муаммоларга дуч келиб турамиз. Масалан, океан суви таркибидаги тузни олайлик. У қаердан пайдо бўлган?
Биз океан сувига туз қаердан тушиб қолганини билмаймиз. Албатта, тузнинг сувда эриши, у океанларга ёмғир суви билан тушишини ҳаммамиз биламиз. Ер юзасидаги тузлар эриб, океанга тушади.
Аммо бу океан суви таркибидаги шу қадар кўп тузнинг қаердан пайдо бўлганига жавоб бўла олмайди. Агар барча океанларни қуритиш имкони бўлганда эди, уларнинг суви таркибидаги туздан баландлиги 230 км, қалинлиги 2 км бўлган девор ҳосил қилиш мумкин эди. Бундай девор билан Ер шарини экватор бўйлаб ўраб олиш мумкин. Ёки бошқа бир қиёсни олиб кўрайлик. Барча қуриган океанларнинг тузи бир жойга йиғилса, Европа қитъасидан 15 марта катта жойни эгаллайди.
Сиз билан биз истеъмол қиладиган оддий туз денгиз сувидан, туз манбаларидан ёки Ер юзасидаги тош туз конларини қазиш йўли билан олинади. Денгиз суви таркибида 3—3,5% туз бор. Ўрта Ер денгизи, Қизил денгиз каби ички денгизлар суви очиқ денгизлар сувидан шўрроқ. 728 кв.км майдонни эгаллайдиган Ўлик денгиз суви таркибида 10 523 000 000 тонна туз бор.
Ўртача ҳар бир литр денгиз суви таркибида 30 г туз бор. Ернинг кўпгина минтақаларидаги тош туз конлари денгиз сувининг буғланиб кетиши натижасида ҳосил бўлган. Тош туз ҳосил бўлиши учун денгиз суви ҳажмининг 9/10 қисми буғланиб кетиши керак бўлади; тахминларга қараганда, ҳозирги туз конлари ўрнида бир замонлар ички денгизлар бўлган. Улар янги денгиз суви етиб келгунга қадар буғланиб кетган ва тош туз конлари ҳосил бўлган.
Ош тузи, асосан, тош туздан олинади. Одатда, туз конларига шахта ёрдамида йўл очилади. Сўнгра қувур билан конга тоза сув юборилади. Иккинчи бир қувурдан эса эритма юқорига тортиб олинади.