Ерда нечта океан бор?

Глобус ёки Ер харитасига назар ташлаганингизда улкан сув ҳавзаларига кўзингиз тушади. Улар океанлардир. Мавжуд тўртта океандан энг каттаси Тинч океанидир. Одамлар уни катталиги учун Буюк океан деб аташган. Катталиги бўйича Атлантика океани иккинчи, Ҳинд океани учинчи, Шимолий Муз океани эса охирги ўринда туради. Тўрт океан суви Ер юзидаги жами сув заҳирларининг 9/10 қисмини, ички денгизлар ва турли давлатларнинг соҳил бўйларидаги денгизлар эса 1/3 қисмини ташкил қилади.

Ички денгизлар дегани нима? Улар бир вақтлар океаннинг ундан ороллар ёки қуруқлик билан ажратилган бўлакларидир.

Европа қитъасидаги Ўрта Ер денгизи ва Қора денгиз ички денгизларга мисол бўла олади. Улар Атлантика океанидан Гибралтар бўғози билан ажратилган. Яна бир мисол тариқасида Балтика денгизини келтириш мумкин. У Атлантика океанидан Скагеррак ва Каттегат бўғозлари билан ажратилган. Материкларни ўраб турадиган денгизлар аслида улкан кўрфазлардир. Оқ, Сариқ ва Охота денгизлари бунга мисол бўла олади.

Каспий ва Орол сингари улкан кўллар ҳам денгиз деб аталади.

Харитада океан денгизлари ҳам бор. Улар океанларнинг ороллар билан чегараланган бўлакларидир. Ҳинд океанидаги Андаман денгизи, Атлантика океанидаги Саргасс денгизи шулар жумласидандир.

Атлантика океани Европа ва Африканинг ғарбий соҳилларидан Американинг шарқий соҳилларигача бўлган ҳудудда ястаниб ётади.

Тинч океани Шимолий ва Жанубий Американинг ғарбий соҳилларидан Осиё соҳилларигача бўлган майдонни эгаллайди.

Ҳинд океани Африканинг шарқий, Австралиянинг ғарбий ва Осиёнинг жанубий қирғоқлари орасида жойлашган.

Америка ва Европанинг шимолий соҳилларида Шимолий Муз океани бор.

Агар глобусга синчиклаб қарасангиз, барча океанларни кўрасиз.