Ер, асосан, қаттиқ тоғ жинсларидан таркиб топган улкан шар ёки сферадир. Ернинг ядроси ҳам қаттиқдир, чунки ички жинслар жуда катта босим остида туради.
Буни батафсилроқ кўриб чиқайлик. Замонавий космогоник тасаввурларга кўра, Ер бундан, тахминан, 5 миллиард йил муқаддам бирламчи Қуёш системасидаги тарқоқ газ — чанг моддасидан пайдо бўлган. Ернинг гравитацион майдони таъсирида унинг геосфераси — ядро (марказда), мантия, Ер қобиғи, гидросфера, атмосфера — ташкил бўлди. Ер қобиғи, мантия ва ядронинг ички қисми қаттиқдир (ядронинг ташқи қисми суюқдир). Ер юзаси, яъни қобиқнинг қалинлиги 18—50 километрдир, у тоғ жинсларидан таркиб топган. У «литосфера» ҳам деб аталади. Қобиқнинг устки қисми қитъалардир. Ундаги чуқурликлар денгиз ва океанлар, қуруқлик ичкарисидаги денгиз ва кўллар суви билан тўлиб қолган. Ер юзасидаги барча сувлар «гидросфера» деб аталади.
Инсон шу вақтгача Ер қобиғининг фақат энг устки қисмини ўрганишга муваффақ бўлди, шунинг учун ҳам унинг ички қисми қандай эканини айтолмаймиз.
Қудуқ ва шахталар қазилганда, пастга энган сайин температура ҳам ортиб бориши маълум бўлди. Температура, тахминан, ҳар 40 метрда бир даража юқорилаб боради. Чуқурлик Ер юзасидан 3,5 км.га етганда, температура сувни қайнатадиган даражага кўтарилади.
Зилзилаларни тадқиқ қилиш олимларга Ернинг тузилишини ўрганишда қўл келди. Уларнинг фикрича, катта чуқурликда температура Ер қобиғидагига ўхшаш тез кўтарилиб бормайди. Шунинг учун ҳам улар Ернинг ядросидаги иссиқлик Цельсий шкаласи бўйича 5000—6000 даражадан ошмайди, деб ҳисоблашади. Бу жуда баланд температура эканлиги шубҳасиз, чунки Цельсий шкаласи бўйича 1200 даража иссиқликда тоғ жинслари эриб кетади.
Ер қобиғи икки қатламдан иборат. Қитъаларга асос бўлиб хизмат қиладиган устки қатлам гранитдан таркиб топган. Гранит қатлами остида «базальт» деб аталувчи ўта қаттиқ жинсдан иборат кенг қатлам бор. Олимларнинг фикрича, Ер марказида диаметри, тахминан, 6370 км бўлган улкан ядро жойлашган. Марказий ядро билан қобиқ ўртасида қалинлиги 3,5 минг км.га яқин бўлган «мантия» деб аталувчи қатлам жойлашган. Мантия таркибида қояларга ўхшаш «оливинлар» (сарғиш яшил ёки сариқ рангли минерал) деб аталувчи жинслар бор.