Ер ўқи нима?

Ернинг андозаси бўлмиш глобусни ҳаммангиз кўргансиз. Глобусда Ер шари қия ҳолда тасвирланади. Ернинг ўқи ҳақиқатан ҳам қия ва бу биз учун катта аҳамиятга эга. Фақат Ернинг ўқи глобус ёки велосипед ғилдирагига ўхшар экан, деб ўйламанг. Ернинг ўқи тўғри чизиқдир, уни хаёлан Шимолий ва Жанубий қутблар ўртасидан ўтказиш мумкин.

Ернинг ўқи қиялиги туфайли ҳам биз яшаб турган жойда фасллар алмашади, ёз ўрнига куз, куз ўрнига қиш, қиш ўрнига баҳор ва баҳор ўрнига ёз келади.

Бунга ишонч ҳосил қилиш учун қуйидагича тажриба ўтказинг: битта глобус ва стол чироғи олинг. Унда Ерни глобус, стол чироғини эса Қуёш деб фараз қилинг. Агар сиз глобус ушлаган қўлингизни чироқ атрофида айлантирсангиз, Қуёш Жанубий ва Шимолий ярим шарларни бир хил ёритмаётганини кўрасиз. Шимолий ярим шарга кўпроқ ёруғлик тушганда, у ерда ёз, Жанубий ярим шарда қиш бўлади. Жанубий ярим шарда ёз бўлганда, Шимолий ярим шарда қиш бўлади.

Глобус ва чироқ тун ва кун алмашинувини тасаввур қилишингизда ҳам ёрдам беради. Энди глобусдан ўзингиз яшайдиган жойни топинг-да, у ерга тўғноғични қадаб қўйинг. Глобусни чироқ атрофида айлантирганингизда, сиз яшаётган жойда гоҳ тун, гоҳ кундузи бўлганини кўрасиз. 360 градус бурилиши бу Ернинг ўз ўқи атрофида тўлиқ бир марта айланиб чиқиши учун 23 соат 56 минут 4,091 секунд вақт кетади.

Минг йиллар давомида Ернинг айланиш тезлиги ҳеч қачон ўзгармаган, доимийдир, деган қараш мавжуд эди. Аммо, бир оз бўлса-да, оғиш, барибир, кузатилган. Денгиз сувининг кўтарилиши билан боғлиқ ишқаланиш ва Ер қобиғида рўй бераётган ўзгаришлар натижасида кун ҳар юз йилда секунднинг мингдан бир улушига узайиб бормоқда. Олимлар бу ўта оз ўзгаришларни ҳам кузатиб, ўлчаб туришибди.

Ер, шунингдек, Қуёш атрофида ҳам айланади. У ўз орбитасининг айрим нуқталарида бошқа сайёраларга нисбатан Қуёшга яқинроқ боради. Унинг Қуёшга энг яқин борган ҳолати «перигей», ундан энг узоқлашган ҳолати эса «апогей» деб аталади. Ер ҳам бошқа сайёралар каби маълум орбита бўйлаб Қуёшдан узоқ-яқинлигига боғлиқ тезлик билан ҳаракат қилади. Сайёралар Қуёшга яқин келганида тезроқ ҳаракат қилишади. Шундай қилиб, улар перигейда тезроқ, апогейда секинроқ айланишади. Ер билан Қуёш орасидаги масофа ҳар вақт ҳар хил бўлгани учун ҳам орбита тезлиги доимо ўзгариб туради.

Перигейда Ер ўз орбитаси бўйлаб секундига 30,2 километр, апогейда эса 29,7 километр тезлик билан ҳаракат қилади.