Энг майда гулли ўсимлик қайси?

Энг майда гулли ўсимлик томирсиз вольфия саналади. Бу ўсимликнинг эни бир миллиметрдан ошадигани ҳам аҳён-аҳён учрайди. Бақатўнлар оиласига мансуб вольфиянинг томири йўқ, у ҳовузлардаги сув юзини кофе қуйқумига ўхшаш жигарранг юпқа пардаси билан тўсиб, кун кечиради.

Вольфиянинг япроқлари ҳам бўлмайди. У учи сал кавак калтагина ёлғиз «поябарг»дан таркиб топган, ана шу поясидан бир кеча-кундузда янги куртак униб чиқади.

Томирсиз вольфия шу қадар тез кўпаядики, бир кеча-кундуз ичида уларнинг сони икки бараварга ортади. Гарчи гуллайдиган вольфия камдан-кам учраса-да, бу ўсимлик баъзан гуллайди ҳам. Унинг гули сувдан чиқиб турадиган пояси учида жуда хира очилади, ўйиқчасига битта уруғчи ва битта чангчи жойлашади.

Кичкиналигига қарамай, бу ўсимлик шолизорларга анча-мунча зарар келтириши мумкин ва у хавфли бегона ўт ҳисобланади. Баъзан вольфияни молларга яшил озуқа сифатида атай парвариш қиладилар ҳам. Бу ўсимлик оқсил ва углеводга бой бўлиб, устига устак тез кўпаяди ва махсус қаровни талаб этмайди.