Дарахтлар неча йил яшаши мумкин?

Бу саволга жавоб бериш қийин. Аксарият ҳолларда бу саволга, дарахт қанча яшай олса, шунча яшайди, деб жавоб берилади. Дарҳақиҳат, кўпинча дарахтлар кесилиши ёки ташқи муҳитнинг таъсири оқибатида ёшини яшай олмайди.

Аслида турли дарахтлар турлича яшайди. Эман бир ярим-икки минг йил, оқ қайин ва қарағай 250 йилгача яшаши мумкин.

Ҳозирги шароитда инсоннинг ёрдамисиз дарахтлар ўз табиий ёшини яшаши қийин. Шунинг учун ҳам экологлар бир асрдан ошиқ яшаб қўйган эман, оқ қайин ва жўка сингари манзарали дарахтларни сақлаб қолиш учун ўз саъй-ҳаракатларини аямайди.

Шимолий Америкада кўплаб кўҳна дарахтлар сақланиб қолган. У ерда уч минг йилдан ошиқ умр кўрган улкан секвойя дарахтларини ҳам кўриш мумкин.

Дарахтнинг ёши бир жойда кўкаргани ёки инсон кўчириб ўтқазгани билан ҳам боғлиқ.

Табиий ҳолда ўсадиган дарахтлар инсон ниҳолни парваришлаб, кейинчалик кўчириши натижасида кўкарадиган дарахтлардан анча узоқ яшайди. Бу жўка, эман ва оқ қайинга ҳамда қарағай, тилоғоч ва қорақарағайнинг айрим турларига тегишли. Улар шаҳарлардаги боғларга ўрмондан кўчириб ўтқазилади.

Бугунги кунда шаҳарларда бошқа юртлардан келтирилган секвойя ва Дуглас қарағайи сингари дарахтлар ҳам кўкартирилади. Улар жуда узун ва маҳобатли дарахтлардир. Аммо бу дарахтларнинг тупроқдан намликни шимиб олиши жуда қийин. Бундан ташқари, бу дарахтлар қишки шамолларга ҳам унчалик мослашмаган. Шунинг учун ҳам улар 40 — 50 йилдан ошиқ яшамайди.