Дарахтларга қобиқ нима учун керак?

Дарахт танаси ёки илдизининг қобиғи пўстлоқ деб аталади. Аммо уни пўстлоқ деб аташ нотўғри, чунки у тана ёки илдизнинг ташқи томонидир. Айрим ҳолларда унинг қалинлигини аниқлаш ҳам қийин. Негаки, пальма каби дарахтларнинг пўстлоғи ва ёғочи ўртасида аниқ чегаранинг ўзи йўқ.

Дарахтларга пўстлоқ нима учун керак? Унинг асосий вазифаларидан бири дарахтнинг ички, нозик қисмини ҳимоя қилишдир. Пўстлоқ дарахтни қуриб қолишдан асраши билан бирга ҳар хил ташқи шикастлардан ҳам сақлайди. Айрим дарахтларнинг пўстлоғи оловга қаршилик кўрсатиш хусусиятига ҳам эга. Америкада қалин ва толасимон пўстлоғида ёнғин излари бор, аммо ёғочи соппа-соғ мамонт дарахтлари топилган.

Пўстлоқнинг ҳосил бўлиш жараёни бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкин. Масалан, заранг ниҳолининг қаттиқ пўстлоғи йўқ, унинг шохчалари сирти ҳам силлиқдир. Шунинг учун бундай ниҳолнинг ёғоч қатлами ўса бошлаганда, ташқи пўстлоқнинг у ёки бу ери ёрилиши мумкин. Аммо бундай шикаст дарахт учун зарарли эмас ва дарахт уни ичидан даволай олади.

Ниҳол пўстлоғининг айрим жойлари аста-секин, бирин-кетин қурийди ва ўлик аъзога айланади; бу қуруқ қопламалар пўстлоққа қўпол тус беради. Уларнинг бир қисми дарахт ўсиши ва пўст ташлаши оқибатида тушиб кетади.

Одамлар кўпгина дарахтлар пўстлоғидан ўз эҳтиёжлари йўлида фойдаланишни ўрганиб олишган. Масалан, барча ёғоч пўкаклар пўк эман пўстлоғидан тайёрланади. Сассиқалаф пўстлоғи эса терини ошлашда ишлатилади. Овқат тайёрлашда ишлатиладиган зираворлардан долчин Жануби-шарқий Осиёда ўсадиган дарахт пўстлоғининг кукунидир. Безгакка қарши дори хинин эса хин дарахтининг пўстлоғидан олинади. Тиббиётда кўпгина дарахтларнинг шохлари ва илдизлари пўстлоғидан олинган экстрактлар ишлатилади.