Атмосфера босимлари ўртасидаги фарқ шамол туришига сабаб бўлади. Шамол юқори босимли минтақадан паст босимли минтақа томон ҳаракат қилади. Босимлар ўртасидаги фарқ қанча юқори бўлса, шамол шунча кучли бўлади.
Шамолнинг кучи Бофорт шкаласи бўйича ўлчанади. Бу шкала 12 балликдир. Дорга осилган кирларни зўрға қимирлатадиган эпкиннинг кучи 1—2 баллдир.
Байроқни ёйиш қувватига эга бўлган шамолнинг кучи 3—4 баллдир. 5—6 баллик шамол турганда дарахтларнинг япроғи шитирлаб, байроқ ҳилпирай бошлайди. 7—8 баллик шамол ингичка дарахтларни букиб, қуруқ шохларни синдиради.
9—10 баллик шамол денгизда тўфон қўзғайди ва дарахтларнинг танасини синдиради. Кучли тўфоннинг кучи 10 баллдир. Тўфон вақтида шамолнинг тезлиги секундига 20 метрдан ошиши мумкин.
Агар шамолнинг кучи 11 баллдан ошиқ бўлса, ўта кучли тўфон қўзғайди ва у шамолнинг кучи 12 баллга етганда, ураган — довулга айланади. Довул уйларнинг томини ва машиналарни ағдариб юборади.
Довул дунёнинг кўпгина мамлакатларига катта зиён келтиради, одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади. Довул вақтида ҳаво айланиб ҳаракат қила бошлайди. Бундай гирдоб қуруқликда торнадо, денгизда эса тайфун деб аталади. Баъзан у осмонга сув ва қумни кўтариб олиб чиқиб кета олади.
Қуюн шундан ҳосил бўлади. У секин кўчиб юради ва йўлида учраган неки бўлса, барчасини вайрон қилади.
Бундай бўронлар Арктиканинг жанубга томон ҳаракат қилаётган совуқ ҳаво массаси билан тропиклардан шимол томонга йўналган иссиқ ва нам ҳаво тўқнашган жойларда туради. Айрим жойларда катта иссиқ ҳаво оқими совуқ ҳавонинг ичига ёриб киради. Бу оқимнинг юқори қисмида паст босимли зона ҳосил бўлади. Шамоллар ҳам шу томонга интилади ва унинг атрофида бўрон қўзғалади. Иссиқ ва совуқ ҳаво ўзаро тўқнашганда, улар бир оз бирлашади. Нисбатан енгилроқ иссиқ ҳаво совуқ ҳаво устидан кўтарилиб, совийди ва қуюқлашади. Ундан булут пайдо бўлади ва натижада қор ёки ёмғир ёғади.
Шимолий ярим шарда Ернинг айланиши натижасида ҳаво ҳаракати ўнгга кўчади, шунинг учун гирдобларда ҳаво оқими соат стрелкаси бўйлаб ҳаракат қила бошлайди. У жуда катта ўлчамдаги қуюнни эслатади.
Тропикнинг илиқ сувларидан ҳосил бўладиган тайфун ва ураганлар экваторнинг шимол томонида ёзнинг охирлари ёки кузда тезлашиб қолади. Улар ғарб ва шимоли-ғарб йўналишида ҳаракат қилиб, аста-секин ўнг томонга оғиб боради. Торнадо ўта кучли қуюндир. Ундан воронка шаклидаги ва момоқалдироқли булутлар дарак беради. Воронканинг диаметри, бор-йўғи, бир неча юз метр бўлса-да, йўлида учраган нарсаларнинг ҳаммасини вайрон қилиб кетади. Катта кучга эга шамол ва босимнинг кескин тушиб кетиши ҳам вайрон этувчи қувватга эга. Уларнинг кучи билан уйларнинг деворлари қулаб тушади, бинолар чилпарчин бўлиб кетади. Торнадо шундай вайрон этувчилик қувватига эгаки, у тез-тез рўй бериб турадиган жойларнинг аҳолиси ундан яшириниш учун махсус пана жойлар қуриб олишади.
Ураган Мексика кўрфази атрофида, АҚШда, шунингдек, Япония соҳилларида Камчатка ва Узоқ Шарқ қирғоқларида тез-тез содир бўлиб туради.
Кучли шторм ҳаво транспорти учун, замонавий лайнерлар энг яхши асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани ва парвозининг тезлиги юқорилигига қарамасдан, ўта хавфлидир. Замонавий кемалар конструкцияси тайфун зарбаси дош беришга имкони берса ҳам, у билан тўқнаш келишдан қочишади.
Шторм кичик қайиқлар, балиқчиларнинг кўп эшкакли катта қайиғи, сайрга мўлжалланган яхталар учун ўта хавфлидир. Шунинг учун метеорологлар штормнинг илк аломатлари пайдо бўлиши биланоқ ҳаммани огоҳлантиришади. Кемалар бу ҳақдаги хабарни олиши билан хавфсиз жойларга йўл олади ёки ундан ҳимояланган порт — бандаргоҳларга киришади.