Ураган билан қуюн ўртасида нима фарқ бор?

Бўроннинг турлари кўп бўлса-да, улар бир хил йўсинда, яъни ҳавонинг бир жойдан иккинчи бир жойга тез суръатлар билан кўчиши натижасида ҳосил бўлади.

Ёмғир ёғиб, чақин чақиб, яшин турган вақтдаги бўрон момақалдироқ деб ёки момақалдироқ бўрони деб аталади. Агар шамол йўл-йўлакай кўп миқдордаги чангни ҳавога кўтарса, бу чанг тўзони ёки бўрони деб аталади. Денгиздаги бўрон шторм (тўфон) деб аталади. Бўроннинг энг хавфли ва ҳалокатли турлари довул (ураган) ва қуюндир.

Довул тропик кенгликларида бошланадиган бўрондир. Масалан, улар Шимолий Америкада, Мексика кўрфазида содир бўлади, сўнгра қитъанинг шарқий қирғоғи бўйлаб ҳаракатланади. Худди шундай бўронлар Узоқ Шарқдаги соҳилларда ва Хитой денгизида ҳам қўзғалади, бироқ улар тайфун деб аталади. Икки хил бўроннинг умумий номи тропик бўронидир.

Одатда, довул 150—600 км диаметрли ҳудудни қамраб олади. Довул турганда шамолнинг тезлиги соатига 120-200 км.гача етади. Довулнинг ўзига хос хусусияти довул кўзи деб аталадиган марказда сокин бир зона бўлади. Унинг диаметри 5—20 км.ни ташкил этади. Мабодо, одам шу зонага тушиб қолса, у довул тўхтади, деб ўйлаши ҳам мумкин. Аммо довулнинг «кўзи» нарироққа силжиши билан кучли шамол туради ва у олдингисига тескари бўлган йўналишда эса бошлайди. Негаки, довул ҳалқасимон бўрондир. Довул олдга силжиб боргани сайин шамол айлана бўйлаб эса бошлайди.

Ҳалқасимон бўроннинг яна бир тури қуюндир. Унинг довулдан дастлабки фарқи диаметрининг ҳеч қачон 2,5 км.дан ошмаслигидир. Одатда, қуюн момақалдироқ гумбурлаётган, булут эса қуюқ ва воронкасимон (суйри) бўлган ҳудудда бошланади. Қуюн узунлиги бир неча километр ва кенглиги бир неча юз метр бўлган майдонни босиб ўтиши мумкин. Аммо у йўлида учраган неки бўлса, ҳаммасини ер билан битта қилиб, текислаб ўтиб кетади.