Сиз бирор марта тарантелла (итальянларнинг шўх рақси ва мусиқаси)га тушганмисиз ёки бирор кишининг бу ўйинга тушганини кўрганмисиз? Бу рақснинг пайдо бўлиши бийларга алоқадорлигидан хабарингиз борми?
Бий — йирик ҳаракатчан сертук ўргимчак. Ўрта асрларда бий чақиб олган одамни «тарантизм» билан касалланади, деб ҳисобланган. Бу иллатга чалинганлар бадқовоқ ва маъюс аҳволга тушиб қоладилар, деб ўйлашган. Уларни бу иллатдан фориғ этишнинг бирдан бир йўли ҳолсизликдан йиқилиб қолгунча мусиқа остида рақс тушиш, деб билишган. Шундан кейингина улар соғайиб кетади, деган хулоса чиқаришган.
Мана шу хурофот туфайли «тарантелла» деган рақс юзага келган. Бу шўх итальянча рақс бошдан-охир изчил ўсиб боради. Бий чақиши ҳашаротлар ва майда ҳайвонлар учун хавфли, лекин инсон ҳаётига хавф солиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Одамлар эса бийни кўрганларида барибир ҳайиқишади.
Росмана бийларни Европа жанубида учратиш мумкин ва номини ҳам Таранто шаҳри номидан олгани бежиз эмас. Уларнинг сертук танаси узунлиги 3,5 сантиметргача бўлади. Улар айрим турдаги ўргимчаклар каби тўр тўқимайди. Улар чуқур инлар қазийди ва унга ажратиб чиқарадиган моддасини тўшайди. Қишда улар ўз уйларига кириб, ўргимчак уяси ўралган ўтларни пана қилиб, баҳорга қадар ухлайдилар.
Бийлар йўлбарс каби ўз ўлжаларини пойлайдилар. Улар барглар, ахлат ораларида ва инларида бекиниб ётадилар. Яқин атрофида бирорта ҳашарот пайдо бўлса, қувиб етади, тишлаб олади ва инига келтиради. Тишлаганда ҳашарот ё ўлади ё жонсизланиб қолади.
Ўргимчак уни бўш вақт топганида ейди. Бийлар ўлжасини на чайнайди, на ютади. Улар қон ва ҳаётий шарбатларини сўриб олади. Бироқ улар наслларига ғоят ғамхўрдир: пилласини ўз уяларида сақлайди ва ташқарига чиққанида ўзлари билан бирга олиб юради. Жажжи бийлар дунёга келганда улар бир ҳафтача онасининг елкасида юради.