Ниманинг қони кўк?

Ҳаммага маълумки, одамлар томирида қизил қон оқади, кўк қон эса фақат эртаклардаги аслзодаларда бўлади. Буни қарангки, кўк қон фақат эртакларда бўлиб қолмас экан. Табиат ўргимчак, чаён ва краб (денгиз қисқичбақалари)ни кўк қонда яратган экан. Кўк қон оддий қондан нимаси билан фарқланади? Оддий қонга қизил рангни таркибида протеин аралаш темир моддаси бўлган қизил пигмент-гемоглобин беради. Кўк қонни гемоглобин эмас, балки таркибида мис бўлган кўк модда — гемоцианин ишлаб чиқаради.

Кўк қоннинг жумбоқлиги олимларни анчадан бери қизиқтириб қўйган. Табиат нима сабабдан гемоглобинни гемоцианинга алмаштириб қўйган экан? Тадқиқотлар кўрсатишича, ўргимчаклар гемоцианинсиз яшай олмайди. Чунки уларнинг танасида одамларнинг бутун танасига кислород юбориб турадиган қизилқон томирлари ва кўкқон томирлари йўқ.

Организмни томирларсиз қандай қилиб кислород билан таъминлаш мумкин? Бу вазифани ўзининг мураккаб тузилишига эга бўлган гемоцианин бажаради. У ҳаракатларни тартибга солиб турувчи регулятор каби зарур миқдордаги кислородни ажратиб беради. Айни чоғда у тана ҳароратини ташқи шароитга мослаб туради.