Муҳаммад Шодий. Мен зўрман (ҳикоя)

“Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақасида ғолиб аниқланди. Болакай севинганидан сакраб юборай деди. “Дадам чемпион!”
Ҳамма бугунги беллашув қандай кечганини ўзаро шарҳлаб, уй-уйларига тарқар, болакай гўё қанот чиқариб учарди. Кўнглида ифтихор туйғуси. “Ўзимдан катталар ҳам ҳавас билан қаради менга. Сиз туфайли. Раҳмат, дада!”
Қишлоқнинг энг ёши улуғи – бобоси ҳам хурсанд бўлади бу хабардан. У ҳам вақтида зўр курашчи бўлган. Ҳа, от изини той босар деганларидек, бир вақтлар бутун водийда тенги бўлмаган паҳлавоннинг ўғли бугун маҳаллада энг зўр курашчи. Чемпион!
Бобожоннинг қўли доим дуода. “Ҳазрат Али шери Худонинг руҳи қўлласин!” дерди ўғлини. Дуо ижобат бўлган кўринади.
– Паҳлавоним! – ёшига муносиб келмаган эпчиллик билан ўрнидан туриб, ўғлини қучоқлади мўйсафид.
Шу пайт дадаси, томдан тараша тушгандай, нима деб юборди денг…
– Полвон номингиз бор сизнинг ҳам. Куч синамаймизми, ота?
Болакай бўшашди. Қулоқларига ишонмасди. Отаси, “Куч синаймизми?” деб турибдими ёши бир жойга борган бобосига?
Лекин бобосининг юзида ажабланиш йўқ эди.
– Майли, – дея розилик билдирди у.
– Қани, келинг. Лекин мен зўрман!
Болакай тошдай қотди. “Дадам нима қилмоқчи? Ростдан ҳам… беллашмоқчими бобом билан? Эси жойидами ўзи?”
У бобосининг белидан қўлини ўтказаётган дадасига:
– Тўхтанг, – деди ҳаяжонли товушда.
Дадаси қўлини тортиб, унга юзланган эди, дудуқланиб:
– Аям чақиряптилар, – деб қўшиб қўйди.
– Аянг?
– Тезда чиқаркансиз.
– Хўп!
Чиқиб кета туриб янги чемпион отасига қарата:
– Мен зўрман! – деди яна.
– Биламан, – деди мўйсафид кулиб қўйиб.
Болакай “куч топиб ақлини йўқотган” дадасининг бундай муомаласидан титраб кетди.
“Бу қанақаси? Мен зўрман, деяптими даб-дурустдан?”
– Болам, сенга нима бўлди? – сўради бобоси унинг ботиний изтиробини сезиб.
Болакай зўрма-зўраки жилмайди:
– Мен, шунчаки… Лекин дадам ҳазиллашдилар. Эркаландилар, зўрман, деб. Сиз хафа бўлманг!
Мўйсафид хохолади:
– Нега хафа бўлай, болажоним? У ҳақ гапни айтди-ку? Бир пайтдаги куч-қувватим ҳозир дадангда. Бугун чемпион бўлди. Мен зўрман, дейишга у ҳақли!
– Ҳеч ҳам-да, бобо. Хонадоннинг энг зўри – ўзингиз! – болакайнинг кўнгли бузилиб, кўзларига ёш қалқиди.
Орадан ҳафталар ўтса ҳамки, дадаси: “Ота, мен зўрман!” дейишдан чарчамас, гўё атайлаб болакайнинг жаҳлини чиқариш учун шундай деб кўкрак керарди.
– Билдик, зўрсиз, – деди болакай бир куни ғашланиб.
– Зўрни зўр дейдилар-да, бола! Ота, – бобосига юзланди дадаси, – мен зўрман дейишим нега ёқмаяпти тирранчага? Кўз олайтиришини қаранг. Ўзингиз айтинг, мен зўрми ёки…
– Сен зўрсан, ўғлим, – деди бобоси, “мақтанчоқ” фарзандини елкасидан қучаркан. – Бошинг омон бўлсин. Лекин бир кун келиб манави набирагинам зўр бўлади!
Мўйсафид ётиб қолди. Кўп ўтмай оламдан ўтди. Дунё болакайнинг кўзига қоронғи. Қандай яхши кўрарди-я! Чемпион дадасида ҳам энди олдинги шашт йўқ.
Орадан йил ўтди. Яна беллашувлар бошланармиш, деган гап чиқди. Болакай дадасидан сўради:
– Майдонга чиқасизми?
– Йўқ, – маҳзун кулимсиради дадаси. – Энди… Мен энди…
– Нима бўлди? Зўр эдингиз-ку?
Бироз чуқур хаёлга чўмган дадаси хўрсинди:
– Ҳа, зўр эдим. Мен зўр эдим, болам. Энди…
У бу гапни шундай ички бир дард ва изтироб билан айтдики, болакайнинг аъзойи бадани қалтираб кетди. Хонада – оғир сукунат. Болакай дадасининг ғамгин кўзларига боқар, дадаси эса мўйсафиднинг деворда осиғлиқ суратига маҳзун термиларди: “Ота, мен нима бўлдим? Нима бўлдим мен, ота?”
Болакай унсиз фарёд қилаётган дадасининг ортидан қучди. Нотўғри тушунаркан уни. Бир вақтлар нега такрорлаб: “Мен зўрман” дея қўлларини… Йўқ, бағрига босаркан отасини. Эркаланиб… Энди у йўқ. Кимга керак энди кап-катта одамнинг эркалиги? Энг яқин дўсти энди йўқ. Қулаб тушди суянган тоғи.
Болакайнинг раҳми келиб кетди.
– Қулоқ тутинг, дада. Эшитяпсизми?
– Нимани? – дадаси ўгирилди.
– Бобожоннинг гапларини… – болакай шундай деб бобосининг суратига хаёлчан термилди. Сўнг отасига юзланиб: – Сизгамас, менга гапирдилар, – деди. – Дадангга айт, руҳини чўктирмасин, мен шу ердаман, ёнингиздаман, дедилар бобожоним.
– Наҳотки? – дадаси ҳаяжонланди.
Болакай уни қаттиқ қучоқлаб, тасалли оҳангида:
– Ҳали ҳам зўрсиз, дадажоним, – қўшиб қўйди. – Сиз зўрсиз. “Мен зўрман”, деб айтинг, илтимос! Илгаридай “Мен зўрман” денг!
– Мен зўрман, – деди дадаси кулиб.
Шу тобда у ҳақиқатан ҳам аллақандай кучнинг юрагини жунбушга келтираётганини сезар, кўзлари порлар, деворда осиқлиқ мўйсафид отасининг суратига мамнун боқарди.
“Янглишган эканман, мен тамом бўлдим, деб. Шу ерда экансиз, отажоним, мен зўрман. Мен зўрман!”

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон