Қадимги пайтларда полициячилар Америкадаги саноқсиз мустақил полиция маҳкамаларига қарашли эдилар. Бугунги кунда Америкада 40 000 та полиция бўлинмаси мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ҳар хил ҳудудларда қидирув ишларини олиб борадилар. Ва ҳар бир бўлинма муайян жиноят турини очишга ихтисослашган.
Францияда бутун мамлакат полициясига бевосита ички ишлар вазирлиги раҳбарлик қилади, шунингдек, маҳаллий полиция ҳам унинг раҳнамолигида иш юритади.
Бу ташкилотнинг илдизлари олис ўтмишга бориб тақалади. Тарихнинг илк босқичларидаги қабила сардорлари ҳам ўз қабилаларини қўриқлаб, уларнинг тинч ва осойишталигини таъминлаган кишиларнинг айрим қоидаларга амал қилишини назорат қилган дружиначиларга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлганлар. Миср фиравнлари ҳам шу йўлни тутишган, яъни аскарлардан полициячилар сифатида фойдаланганлар.
Эрамизнинг бошларида Цезар Август Рим шаҳрида полициячилар отрядини ташкил этди. Мазкур отряд 350 йил яшади. Унинг асосий вазифаси — император буйруқларининг бажарилишини назорат қилишдан иборат эди.
Тахминан эрамизнинг 700—800 йиллари орасида полиция ишига тааллуқли янги ғоя пайдо булди. Кишиларга қарши бўлган буйруқ ва кўрсатмаларнинг бажарилишини назорат қилиш ўрнига энди, улар қонунни ва одамларни ҳимоя қиладиган бўлдилар! Бу ғоя Англияда ва кейинчалик АҚШда полиция ташкилотларининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди.
Англия полицияси «Ҳамиша сергак ва бедор бўл» деган тамойилга амал қиларди. Айрим туманларда кечалари махсус қоровуллар, — кундузлари эса қўриқчилар доим айланиб юрардилар. АҚШдаги колониячилар ҳам ана шу тизимни ўзларига маъқул кўрдилар. Тунги соқчилар сифатида констебллар, яъни 16 ёшдан ошган бақувват эркаклар хизмат қилардилар, шуниси қизиқки, улар бу хизматлари учун мутлақо пул олишмасди. Айрим ҳудудларда бу тизим то 19 асрга қадар ҳукм сурди. Лондонда Метрополия Полициясининг бошлиғи — комиссар ички ишлар вазирига бўйсунади, яъни ҳукумат унинг устидан доимий назорат олиб боради. Лондондан ташқарида эса ҳар бир графлик, графликдаги ҳар бир шаҳарча маҳаллий ҳокимиятга бўйсунувчи ўз полиция бўлинмаларига эга. Гарчи маҳаллий полиция маълум даражада мустақил бўлсада, барибир улар ҳам марказ олдида ҳисоб берадилар.