Узоқ муддат балиқ чуқурликдан сув сатҳига сузиб чиқиш учун ўзининг сузгич пуфакларини шиширади, ана шунда унинг тана ҳажми каттаради, сиқиб чиқариладиган сув ўз вазнидан ортиб кетади, сузиш қонуниятига биноан балиқ юқорига кўтарилади, деб ҳисоблаб келинди. Юқорига кўтарилиши ёки пастга тушишини тўхтатиш учун балиқ, аксинча, сузгич пуфакларини шиширади. Танаси, шунинг баробарида сиқиб чиқариладиган сув ҳажми қисқаради ва балиқ пастга шўнғийди. Сузгич пуфаклар ҳақидаги бундай юзаки тасаввур бу назариянинг батамом нотўғрилиги исботланмагунча, узоқ давр яшаб келди.
Пуфак, шубҳасиз, балиқларнинг сузиши билан узвий боғланган, чунки тажрибалар чоғи айрим балиқларнинг пуфаги сунъий равишда олиб ташланди ва улар сузгичларини жон-жаҳд билан ишлатиб сувда тура олди, тўхтатишлари билан сув тубига тушиб кетди. Унинг ҳақиқий ўрни нимада? Ҳарҳолда чегараланган: у балиқнинг маълум чуқурликда, айнан балиқ сиқиб чиқарадиган сув ўз оғирлигига тенг келган жойдагина туришига ёрдам беради. Балиқ сузгичлари ёрдамида бу даражадан пастга тушганда унинг танаси сувнинг ташқи юқори босимига бардош беролмайди, айни вақтда пуфаклари шишиб сиқилади; сиқиб чиқарилаётган сув ҳажми балиқ вазнидан камаяди ва балиқ шитоб билан чуқурликка тушиб кетади. У қанчалик пастга шўнғиса, сув босими шунчалик юқорилашади, балиқ танаси янада қисилиб, пастга тушиб кетаверади.
Балиқ мувозанат сақлаб турган жойдаги қатламдан сузгичлари ёрдамида янада юқорироқ кўтарилганда унинг акси бўлади. Унинг танаси ташқи босимдан халос бўлади, ички томонда шишиб турган сузгич пуфаклари (ундаги газ оосими бунга қадар атрофдаги сув босими билан мувозанат сақлаб турган эди) ҳажми каттариб бораверади ва пировардида юқорига кўтарилиб боради. Балиқ қанчалик юқори кўтарилса, унинг танаси шунчалик шишиб боради, тўғрироғи, юқорига сузиш ҳаракати жадаллашади.
Балиқ пуфагини «шишириб» унга қаршилик қилолмайди, чунки сузгич пуфакларининг пардаларида ҳажмини фаол ўзгартирадиган мушак толалари йўқ.
Шундай қилиб, илгари мавжуд фикрлар чипакка чиқди, балиқ ўзининг сузгич пуфакларини ўз хоҳиши билан шишира ва кичрайтира олмайди. Ҳажмининг ўзгариш жараёни ташқи босимнинг кучайиши ёки камайиши таъсири остида суст кечади. Ҳажмининг ўзгариши балиқ учун нафақат фойдали, аксинча, зарарли ҳамдир, чунки бу ҳолда ё чуқурликка тушиш, еки юзага кўтарилиш тезлигини тийиб бўлолмайди. Бир сўз билан айтганда, пуфак балиққа ҳаракатсиз ҳолатда мувозанат сақлаб туришга ёрдам беради, мувозанат эса омонатдир.