Балиқ қандай нафас олади?

Одам пайдо бўлишидан юз минглаб йил илгари балиқлар океанларда сузиб юрган. Ўша пайтларда у энг мукаммал мавжудот бўлган.

Шундан бери улар турли йўсинларда ривожландилар, мавжуд балиқларнинг айрим турларигина ибтидоий океан балиқларига сал-пал ўхшаб кетади.

Табиийки, балиқлар узунчоқ ва охирига томон торайиб борувчи шаклга эга бўлади. Одамлар кемалар ва сув ости кемаларини яратганларида айнан унинг шаклини асос қилиб олганлар, чунки у сувда жуда яхши сузади.

Балиқлар ўз думидан мотор сифатида фойдаланади. Улар ўзини сузгичлари ёрдамида бошқаради. Бир турини истисно этсак, балиқларнинг ҳаммаси ойқулоғи билан нафас олади. Балиқ оғзи билан сувни ютади, сув ойқулоғи орқали ўтиб, махсус тешиклардан чиқиб кетади. Сув таркибида кислород мавжуд, у одам қонига ҳаво ўпкаси орқали тарқагани сингари балиқнинг ойқулоғи орқали қонига тарқайди.

Ифлос сувларда балиқлар сув сатҳига яқинроқ сузиб, нафас олишга ҳаракат қилади, аммо уларнинг ойқулоғи ҳаводан кислород ютишга мослашмаган.

Балиқнинг қони совуқ, аммо асаб системаси бошқа ҳайвонларники сингари оғриққа сезгирдир. Уларнинг сезгиси жуда кучли, таъмни бутун териси орқали ҳис этади.

Балиқлар ҳидлай олади. Уларнинг иккита кичкина ҳид сезувчи аъзоси бошидаги бурун кавакларида жойлашган. Балиқларнинг қулоғи бор, аммо улар бошининг ички томонида жойлашган, шу сабабли улар «ички қулоқлар» деб айтилади.

Балиқларнинг уст томони қора ва қуйи томони кулранг тусдалиги уларнинг душманларидан қутулиб қолишига ёрдам беради. Чунки душманлари тепадан қараганда, океан ёки дарё сувига уйғунлашиб кетган қора рангни кўради. Пастдан қараганда, сувнинг ёрқин сатҳи бўлиб кўринади. Минглаб турдаги балиқлар бор, аммо ҳар бирининг ҳаёти бетакрор экани хаёлга сиғмайди!