Кўплар бу саволга: «Йўқ!» деб жавоб берадилар. Ҳатто: «Балиқдай гунг», деган матал пайдо бўлган. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Кунларнинг бирида олимлар сувосити микрофонларининг янги хилини — гидрофонларни синовдан ўтказдилар. Бу балиқлар гапира олишини билиш учун эмас, балки бутунлай бошқа мақсадларни кўзда тутган эди. Тадқиқотлар пайтида олимларни сув ҳайвонлари гунг эмаслиги шубҳага солиб қўйди.
Асбоблар океан тубига туширилиши ҳамоно қулоқчинларга чийиллаган ва ириллаган, хурхур этган ва ғувиллаган, қағ-қағ ва ғач-ғуч этган ва аллақандай фавқулодда товушлар йиғиндиси эшитилди. Бу товушлар қаердан келаётганига ҳамма ҳайрон қолди ва ҳеч ким жўяли тушунтира олмасди. Қайта тадқиқотлар ҳаммасини равшан этди. Маълум бўлишича, бу балиқлар овози экан. Олимлар ҳатто сув ҳайвонларидан қайсиниси қандай гапиришини билиб олишга эришдилар.
Маълум булдики, Қора денгиз ставридаси ит каби вовуллар экан, кефалнинг овози от туёқлари тақиллашига ўхшайди. Денгиз елимбалиғи қулдирайди ва хур-хур қилади, товонбалиқ, зоғорабалиқ ва сазанлар овқат еяётганга ўхшаб чалп-чўлп овоз чиқаради. Денгиз тойчаси тақиллатади. Илонбалиқ ва угорь чийиллайди. Азов бичоги ўкиради. Африка тангачадор балиғи мушук мисоли миёвлайди.
Энг гапдон балиқ тригла бўлса ажаб эмас. У тўхтовсиз ғингшийди ва вақ-вақ қилади.
Ўзича гапирмайдиган ҳеч бир балиқ ёки сув ҳайвони йўқ экани маълум бўлди. Балиқларнинг ҳам одамлар каби гапдонлари ва камгаплари бор. Ҳатто гунгдай туюлганлари ҳам гаплашар, инсон қулоғи илғамайдиган юқори частоталарда товуш чиқарар экан.
Ана шундан кейин: «Балиқдай гунг», деб айтиш ноўрин, аксинча: «Оқбакрадай бақироқ», деган гап асослидир. Каспий балиқчиларининг айтишича, оқбакранинг чуқур нафас олиши бўкираётгандек туюлар экан. Онбакралар ҳуштак чалади ва виш-виш қилади.
Денгиз тубларида яшайдиган беҳисоб краблар, креветка ва турли моллюскалар ўзлари тушунадаган тилда гаплашади. Масалан, бинафша креветка чириллайди, омарлар муйловларини зирҳига ишқаб, гарч-гурч овоз чиқаради. Альфеус креветкасининг овози шишадан отилиб кетган тиқин товушига ўхшайди.
Сув ҳайвонлари бир-бирлари билан нимани гаплашади? Олимларнинг тасдиқлашича, балиқлар асосан бешта катта муаммони ўзаро «муҳокама» этадилар: овқат қаерда борлиги ҳақида бир-бирига сигнал беради; хавфдан огоҳ этади; ҳозир турган жойи аҳволи хусусида хабар узатади; йўналишини баён этади. Бунда ташқари нар ва модалари увулдириқ сочиш пайти бир-бирига ўзига хос равишда сигнал беради.