Балиқларнинг юраги бўладими?

Бизга ўхшамайдиган мавжудотларнинг бизникига ўхшаш аъзолари борлиги ва уларнинг ҳам бизники каби вазифаларни бажаришини баъзан тасаввур эта олмаймиз. Кўплар балиқлар сувда яшаса, совуқ қонли бўлса, демак уларнинг турли ички ёки қандайдир сезги аъзолари бўлмаслиги керак, деб фараз қилишади.

Аслида балиқларнинг ички тузилиши олий, иссиқ қонли ҳайвонларнинг ички тузилишига жуда ўхшайди. Аксарият олимлар бу ўхшашликка суяниб, қуруқликдаги ҳаёт денгиздан пайдо бўлган, деб ҳисоблайдилар.

Балиқлар нафас олади ва овқатни ҳазм қилади. Улар оғриқ ва жисмоний ноўнғайликни сеза оладиган асаб системасига эга. Балиқларнинг сезги аъзолари жуда тараққий этган. Улар таъмни фарқлай олади, териси эса ниҳоятда сезгир. Балиқларнинг ҳид билиш аъзолари бошидаги бурун кавакларида жойлашган. Уларнинг ҳатто танаси ичида жойлашган қулоғи бор. Баликнинг ташки эшитиш аъзолари йўқ. Балиқларнинг кўзи бошқа умуртқалиларникига ўхшайди, аммо жуда содда тузилган.

Шундай қилиб, балиқларнинг бизнинг организмимиз функцияларига ўхшаш функцияларни бажарадиган «системаси» мавжуд. Шу ўринда овқатни ҳазм қилиш ва қон айланиш системасига бир қўр назар солайлик. Балиқларнинг овқати қизилўнгач орқали ошқозон безлари жойлашган ва овқат сингдириладиган қорин бўшлиғига боради. Кейин у ичакларга ўтиб, сўрилади ва қонга айланади. Балиқлар турига қараб ўсимликдан тортиб, бошқа балиқларни ҳам сингдиришга мослашган турлича овқат ҳазм қилиш системаларига эгадир.

Балиқ ҳам овқатни биз ўйлаган мақсадда — ҳаёт кечириш учун куч, ўсиш ва ҳаракатланиш манбаи сифатида ейди. Уларнинг қон айланиш системаси барча аъзоларини овқат ва кислород билан таъминлайди. Балиқларнинг қон айланишини бизники каби юрак йўналтириб туради. Балиқнинг юраги ойқулоғининг орт томонида, сал қуйироқда жойлашган. Унинг уч ёки тўртта ҳужраси бўлади ва у бизники сингари бир хил суръатда торайиб туради.

Балиқларнинг минглаб тури бўлиб, уларнинг ҳар бири муайян ҳаётий шароитларга мослашган, аммо уларнинг ички аъзолари, сезги ва системаси бизникига ўхшашдир.