Кулгили савол, дейишингиз мумкин. Иккига кирган бола ҳам скрипкачи скрипка чалаётган одам эканини билади. Бу, албатта, тўғри. Бироқ скрипка тугул ўйинчоқ гармонни чала олмайдиган скрипкачилар бўлар экан: улар жимитдай краблардир.
Нар скрипкачилар феруза-қизғиш ранг, урғочилари анчайин оддий: оч жигарранг бўлади. Нарлари калта қисгичларининг биридан фақат овқат бўлагини, бошқа — каттасидан эса крабнинг ўзидай келадиган овқатни ейишда фойдаланади. Зурёдлари сув пасайиб кетган сербалчиқ жойда сайру сайрон қилишни хуш кўради. Балчиқда сайр этаркан, краблар улкан қисгичларини тўхтовсиз юқорига-пастга, скрипка камонини хаёлда жонлантираётгандай кўтариб-туширади. Унинг номи ҳам шундан олинган.
Скрипкачи кўп сонли имлаб чақирувчи краблар оиласига киради. Уларнинг ҳаммаси урғочиларини қисгичларини имлаб чақиради. Юзаки қараганда, краб қисгичларини тўхтовсиз силтаётгандай туюлади. Аслида эса, у панжаларида тик туриб, урғочисини кўрган заҳоти имлаб чорлайди. Агар саботли хуштор ўзининг латиф ҳаракати билан жуфтини асир этса, жуфти унга жажжи чиройли қисгичларини очиб-ёпиб пешвоз чиқади.
Нарининг имо-ишораси тагида икки хил маъно ётади. Имлаш фақат урғочисига қаратилган бўлади. Бошқалари учун бу ҳаракат: «Ҳудуд банд, менинг уйимга яқинлашма, яқинлашсанг ўзингдан кўр», деган маънони англатади. Ҳақиқатан ҳам ин атрофига аллақандай безбет краб яқинлашса, нарлари ўртасида росмана жанжал чиқади. Рақиблар катта қисгичларини ишга солиб, бир-бирини лойдан чиқариб ўзидан йироқ отиб юборишга тиришади. Ютиб чиққан краб қувонганидан рақсга тушиб кетади.
Бордию бирор урғочиси урушаётганлар ёнидан ўтиб қолса, у тўхтаб, жанг натижасини кутиб туради ва жасоратли жанжалкаш, раққос билан бирга яшашга рози бўлади. Бошқача бўлиши мумкинми? Ғолибнинг рақси — бу урғочисига қаратилган узун, оташин ва ишончли сўздир.