Крабларни илк бор қачон ейишган?

Краблар (ёки омарлар)ни биринчи бўлиб еган одам кимлигидан қатъи назар ё жуда жасур, ё жуда оч бўлган ёки униси ҳам, буниси ҳам биргаликда бўлган. Агар сиз крабларни кўрмаган бўлмасангиз, уни ейиш мумкинлигини тасаввур ҳам этолмайсиз.

Краблар дунёга шу қадар кенг тарқалган ва одамга шу қадар қадимдан маълумки, биз ҳеч қачон уларни ким ва қачон биринчи бўлиб тановул этганини билолмаймиз. Крабларни минг йиллар бурун денгиз бўйларида яшаган одамлар истеъмол қилган бўлса ажаб эмас. Денгиз қисқичбақалари Европа, Шимолий Америка, Жанубий Америка, Ҳиндистон, Япония, Тинч океанидаги кўпгина ороллар, Аляска ва бошқа соҳилларда учрайди.

Крабнинг устида қаттиқ зирҳи бор, қисгичлари унга қурол вазифасини ўтайди. Крабларнинг мингдан ортиқ тури мавжуд ва улар бир-биридан сал-пал фарқ қилади. Тансиқ таом ҳисобланадиган нўхотли крабнинг катталиги 25 миллиметрдан кам бўлмайди ва уни кўпинча тирик устрицалар чиғаноғи ичидан топишади. Улкан япон краби эса унинг бутунлай акси: унинг эни 30 сантиметр келади, агар оёқлари билан ҳисобланса, унинг ўлчами 3,5 метр атрофида чиқади.

Крабларнинг аксарияти шўр сувларда ҳаёт кечиради, аммо чучук сувда яшайдиган турлари ҳам мавжуд. Қуруқликда яшайдиганлари ҳам бор, аммо улар тухумини доимо сувга қўяди.

Крабнинг ғадир-будур кичик ошқозони танасининг ост қисмида жойлашган. Унинг кўзи ўзи истагандек чўзадиган ва бурадиган, пояга ўхшаш оёқ-қўллари учида жойлашган. Денгиз қисқичбақасининг олти жуфт жағи бор ва улар ҳамма вақт банд бўлади, негаки, улар ҳар хил ахлат, умуман, дуч келган нарсани ейди. Тропик пальмаларни ўғирлайдиган краблар ҳам бор, улар ҳатто ёнғоқларидан маззахўрак бўлиш учун кокос пальмаларига чиқишади.

Барча крабларнинг беш жуфт оёғи бўлади. Олдинги жуфти қисгич билан таъминланган. Орқа жуфт оёқлари учи, одатда, ялпоқ бўлади ва сувда сузишида эшкак вазифасини ўтайди. Краблар қуруқликда ёнбоши билан ҳаракатланади ва анча тез югуради.

Айтганча, лазиз таом саналган «юмшоқ зирҳли краблар» алоҳида юмшоқ зирҳли бир тур бўлмай, балки улар эски зирҳини ташлаган ва янгиси ҳали қотмаган краблардир.