Сиз ерда жуда секин ҳаракатланаётган шиллиққуртни кўрган ва ия, унинг бирорта ҳам оёғи кўринмайди, қай тариқа юраркин, дея ўйга ботган бўлсангиз керак. Гап шундаки, шиллиққурт танасининг пастки қисми фақат «оёқдан» иборат! Бу оёқлар ясси ва силлиқ бўлиб, унинг мушаклари шиллиққуртга судралиш имконини беради. Оёқларидаги суюқлик ажратадиган кичкина безлар унинг ҳаракатланишини осонлаштиради, шиллиққурт тўлқинсимон ҳаракати билан ер узра судралиб кетаверади.
Бу «оёқ» шу қадар ҳайратланарлики, шиллиққурт ўткир тиғ устидан ҳеч қандай талофатсиз ошиб ўтиши мумкин! Шиллиққурт кўп томондан диққатга сазовор мавжудот. Масалан, у ҳеч қачон адашиб кетмайди. Қанчалик узоқ йўл юрмасин, сезгилари уни барибир ўз қароргоҳига етаклаб келади. Оғирлиги 15 граммдан ошмайдиган шиллиққурт ярим кило юкни олиб келишга қодир.
Улар кўпинча икки хил — чиғаноқли ва чиғаноқсиз бўлади. Чиғаноқда яшайдиган шиллиққуртнинг танаси бўлиб, у чиғаноқнинг ҳар қандай бурамаларига жипс ёпишиб қолади, кучли мушаклари эса хавфли дақиқаларда чиғаноқ ичига бутунлай бекиниб олиш имконини беради. У яширингач, чиғаноқнинг очиқ жойларини чиғаноқ учида жойлашган мугуз лаппаги билан маҳкам ёпиб олади.
Шиллиққуртлар қуруқликда ёки чучук сувларда ҳаёт кечиради. Шиллиққуртнинг тили эговга ўхшайди. Шиллиққурт юзлаб тиши ўрнашган тили билан овқатни тилиб ейди.