Шароф Бошбеков: “Драматургияда ёш драматург бўлмайди” (2009)

http://n.ziyouz.com/images/sharof_boshbekov.jpgБугун биз халқимиз неча асрлардан буён орзу қилган ҳуррият замонида яшаяпмиз. Озодлик туйғуси қалбларни нурафшон этса-да, лекин инсоний муаммолардан ҳалигача холи бўлолганимиз йўқ. Хўш, бугунги эркин одам ўз ҳурлигини еб-ичиш, мол-мулкка ружў қўйиб яшаш деб биладими ёхуд ўз келажаги, халқининг камолоти йўлида сарф қиладими, деган азалий муаммолар адабиёт ва санъат олдига ҳам юксак вазифалар қўймоқда. Чунончи, ҳар қандай даврда ҳам ижодкорлар ва санъаткорлар миллат тақдирини ўйловчи маърифат фидойилари бўлишгани барчамизга аён. Шундай экан, бугун драматургия соҳасида яратилаётган саҳна асарлари инсонга қандай маънавий озуқа бермоқда, деган табиий савол туғилади.

Таниқли драматург Шароф Бошбеков билан бўлиб ўтган суҳбатимиз мавзуси ҳам асосан, бугунги кун драматургиясининг аҳволи, ижоднинг машаққатли ва эзгу вазифалари, энг асосийси, маънавий ҳурлик ҳақида бўлди.

– Шароф ака, адабиётнинг асосий таъсир майдони – кўнгил ҳисобланади. Маълумки, мустабидлик тузуми даврида кўнгил тили билан сўзлашган, кўнглидагини қоғозга туширган ижодкорларга осон бўлмаган. Қаламингизга мансуб «Темир хотин» асарини олайлик, гарчи у ҳазил-мутойибага бой бўлса-да, «ҳамманинг бошидан кечирилган дард»га ўхшайди. Шодликдан туғилган, кадардан яралган бу асар болалигингиз билан боғлиқ хотираларни ҳам эслатиб турса керак…

— Аввало, адабиётнинг ўткинчи қонуниятларга буйсунмаслиги ҳар қандай ижодкорга чексиз қониқиш бағишлайди. Дунёда фақат адабиётгина кўнгилдан тўкилган соф туйғуларни мангуликка муҳрлайди. Қалбимга ижод завқини солган болалигим Булунғур туманидаги гўзал қишлоқларнинг бирида кечган. Туғилган жойимни жуда яхши кўраман. Мустақиллик шарофати туфайли барча қишлоқларимиз шаҳардан қолишмайдиган даражада ўзгараётган бўлса-да, болалигимизда елиб-югурган қинғир-қийшиқ, чанг-тўзон кўчалар, баъзи ҳовлиларнинг пахса деворлари ҳалигача кўз ўнгимдан кетмайди. Мен ҳам Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва темурийлар даврида бунёд этилган кўҳна иморатларга боқиб, неча кун хаёл оғушига чўмганман. Буюк астраномик олим Мирзо Улуғбек қурган расадхона қаршисида туриб, самодаги юлдузларни кузатганман. Шунда бу заминнинг бебаҳо таровати ва самимий, содда одамларининг бетакрор хислатларини ҳис этиб, улуғ амирлар, олим-у, фозилларнинг бу юртга ўзгача меҳр қўйгани бежиз эмаслигини англаганман. Ўзган асарларимдаги кўпгина воқеалар ва қаҳрамонларни ҳам ана шу қишлоқда рўй берган ҳодисалардан, дилга яқин суҳбатдошларнинг феъл-атворидан олганман. «Темир хотин» драмасини ёзишимга ана шундай болаликда бошдан кечирган хотираларим сабаб бўлган.

Кечагидек ёдимда… У пайтлари эркинликка мойил бўлган ҳар бир одамнинг ҳар қадами кузатилган, қалбидаги гапларни очиқ-ойдин айтган ватандошларимизнинг кўпчилигини сургун қилиб юборишган. Ўшанда ҳокимият ҳамма жойда ҳозир-у, нозирлигини амалдорларнинг назорати ёрдамида билдириб турарди. Халқ ўз юртида қўрқув ва таҳликада яшаган пайтда пахта қайғуси ҳаёт-мамот масаласидан ҳам муҳим бўлган. Агар онам далага бир кун чиқмаса, тонг саҳардан уйимизга колхознинг оддий бригадири келиб, от устидан тушмай, онамга дўқ-пўписа қилгани, пахта иши жонига теккан волидам унинг кечиришини сўраб, оёғига тиз чўккан пайтлари бўлган. Шунда отам бундай хўрликларга чидолмай, бригадирни отиб ташлайман, дея неча бор қўлига милтиқ олгани ҳанузгача кўз ўнгимдан кетмайди. Ўшанда бундай камситилишлар ва хўрликларга чидолмай, қанча ўзбек хотин-қизлари ўзига ўт қўйишди.

«Темур хотин»даги Қумри образи дунёга келиб, фақат дала-дашт, рўзғор, бола-чақам деб умрини ўтказган онамнинг тимсоли бўлса, Қўчқор эса фарзанд­лари кўп, оғир меҳнатдан эзилган, ташвиши кўп бўлса-да, беғам қишлоқдошларимнинг ёрқин қиёфаси эди. Олимжон образи халқнинг бошидан кечираётган қийинчиликларини кўриб, бепарво яшолмаган, ҳеч бўлмаса ўзининг ихтироси билан одамларни ташвишга солаётган муаммоларни енгиллатишга уринган маърифатли ўзбек зиёлиларининг ҳаётидан олинган. Асардаги бош­қа қаҳрамонлар – Салтанат ва Аломатхоннинг ҳам ўз ўтмиши бор.

– «Eшик қоққан ким бўлди?» ёки «Тақдир эшиги» асарларингиз ҳам кулгили, лекин ўринли ибораларга бой ва ўзига хос характерга эга. Кейинги ёзган ссенарийларингизда эса комедиядан кўра жиддийлик ҳукмрондек кўринади. Бунинг боиси нимада?

– Одам ёшликда муҳаббатни эҳтирос билан куйласа, ёши улғайгач, она-Ватан, меҳр-оқибат ҳақида куйлайдиган бўлиб қоларкан. Ўш ўтган сари эса бу дунёнинг сир-синоатини англаш учун Яратганнинг чексиз меҳр-муҳаббати ҳақида ўйлаб ёзаркан. Мени ҳам бугун руҳиятимда ва давр остонасида туғилаётган жиддий муаммолар қийнайди. Кўпинча режиссёрлар менга кассабоп, яхши комедиялар ёзиб беринг, дея қисташади. Лекин уларнинг дарди бошқа, менинг дардим бошқа. Бугун ёзганларимни яна бир назардан ўтказсам, аввал сезмаган ёки тан олмаган камчиликларим энди кўзга ташланади. Бунинг боиси шўро даврида бизни институтда рус тилида ўқитишган. У пайтда Навоий, Фузулий, Румий каби улуғ ижодкорларнинг ижодини эмас, рус адиб ва шоирларининг ки­тобларини ўқиган киши даврнинг энг зиёлиси ҳисобланарди. Кўпчилик русча гаплашар, русча фикрлаб ёзарди. Ўзим ҳам биринчи асарим «Тақдир эшиги»ни русча фикрлаб, ўзбек тилида ёзганман. Ҳозир ўша қўлёзмага назар ташласам, асарда ўзбекона лутфга, ҳикматларга бой иборалар ва нақллар ишлатилмагани сабаб жумлалардаги ғализликларни кўриб, уялиб кетаман. Лекин «Eшик қоққан ким бўлди?» асарининг бадиий савияси ўзимни қонтиқтиради. Унда даврнинг гапи ва муаммоларини жиддий очиб беришга ҳаракат қилганимдан хурсанд бўламан.

Ижодий фаолиятимда Машраб Бобоевнинг ижоди катта роль ўйнаган. Ўзганларимни устознинг қўлига тутсам, эринмасдан ўқиб, менга фақат камчиликларини айтарди. Ютуқларини эса ортимдан бошқа давраларда гапириб, орамиздан яхши драматург чиқаяпти, уни қўллаб-қувватлаш керак, деган фикрларни ҳам билдириб қўяркан. Ўша пайтда ижод эркинлиги ҳақида гапиришнинг иложи бўлмаса-да, лекин ижодкорларнинг виждони уйғоқ эди. Қаҳрамонларининг ҳаёти ва қисматига ҳеч ким лоқайд бўлмаган. Ўзим ҳам ижодга шўнғиганимда, қалам билан эмас қалбим билан ёзишга ҳаракат қиламан. Чунки саҳнага кўчган асардаги ҳар бир сўз маълум вақт томошабинларнинг қалбида ўз ҳаётини, тақдирини, хизматини ўтайди.

– Сизни адабиёт билан баб-баравар театр ҳаётига ҳам яқинсиз, десак янглишмаймиз. Ҳозир барча театрларнинг чинакам саҳна асарларига ва томошабинга ташналиги шундоққина сезилиб турибди. Шунинг учун (замонавий ўзбек кассабоп фильмлар мисолида) ҳам мазмуни кўпроқ қизиқарли воқеаларга асосланган асарларга мурожаат қилинмоқда…

– Талант – халқ мулки, деган гап бор. Бу ҳақ гап. Халқимиз буюк талантларни суягани учун ҳам ҳурриятли кунларга эришдик. Энди бизни кундалик ташвишлар «тегирмони» янчиб, эзиб ташламаслиги учун адабиёт ва санъатнинг куч-қувватига суянишимиз керак. Яхши асарларнинг эса ҳар доим харидори топилади. Ҳақиқий китобхон ва санъатсевар ҳозир ҳам китоб ўқишни ёки театрга тушишни канда қилмайди. Аммо тан олиб айтиш керакки, бугун давримиз талабига жавоб берадиган яхши пьесалар театр саҳнасида кам кўринаяпти. Бу аҳвол театр репертуарининг шаклланишини қийинлаштирмоқда. Адабий жараённи мунтазам кузатиб бораман. Кейинги йилларда ёш драматургларнинг номи кўзга кам ташланмоқда. Театр драматургиясининг оқсаётгани ҳақида кўп гапирилаяпти. Чунки кучли характерларни кўрсатувчи спектакллар йўқ. Экранлаштирилаётган пьесаларимиз ҳаётдан тўғридан-тўғри кўчирилган воқеаларга асосланган бўлиб қолаяпти. Ахир, бадиий асар адабиётнинг барча талабларига жавоб бериши керак. Ҳамма нарсани жўн тарзда ҳаётий қабул қилаверсак, унда кино, театрнинг нима кераги бор. Дунёни дераза ортидан ҳам кўриб, томоша қилиш мумкин-ку. Аммо ҳақиқий ижод, чинакам адабиёт ва демакки, ҳақиқий кино ва театр дегани ҳам дунёни шунчаки деразадан қараб томоша қилиш дегани эмасдир. Ҳа, тўғри ижод жараёнида ёш Ёзувчи, ёш шоирлар бўлиши мумкин. Лекин драматургияда ёш драматург бўлмайди. Ижодкор пьеса ёзиш учун адабиётнинг маълум турларида тажриба орттиргандан кейин драматургияга қўл уриши лозим, деб ўйлайман. Ўзим ҳам биринчи пьесамни 30 ёшимда ёзганман. Шунинг учун асарларини театрга тақдим этишга журъат топган ижодкорларга ёш деб баҳо бермасликларини хоҳлардим. Улардан айни пайтда инсонни камолотга етказадиган пухта асарларни кутиш керак. Чунки ҳар қандай Ёзувчининг ёзганлари келажакка йўллаган мактуби бўлади. Унда орзу-умидлари мужассам.

Демоқчиманки, қуруқ гапдан кўра, масалани амалий ҳал қилишга ўтилса яхши бўларди. Масалан, Ёзувчилар уюшмасида ёш драматургларни тайёрлаш масаласига ҳар доим алоҳида эътибор бериб келинган. Уюшма атрофида ҳар доим пьеса ёза олувчи моҳир носир ва шоирларнинг йиғилиши ўтказилади. Энди бундай адабий мулоқотлар театрларда ҳам ўтказилса, режиссёрларимизнинг драма­турглар билан жиддий ва узлуксиз ишлашига имкон туғиларди. Ахир, яхши пьесалар кўпинча театрнинг ўзида драматург, режиссёр, адабий эмакдош, актёр­лар ҳамкорлигида яратилади. Очиғи, ҳозир бизни режиссура муаммоси ташвишга солаяпти. Республикамиз театрларида режиссуранинг умумий савияси пасайиб бормоқда.

– Кўпинча режиссёрлар билан суҳбатлашганимизда театрлар муносиб пьесалар олмаётганидан ташвишланишади. Аммо кўплаб Ёзувчи, журналистлар, ҳатто ижодга дахл­сиз кишиларнинг ҳам ссенарий ёзиб, «асар»ини саҳналаштиришга ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз…

– Энг аввало, саҳна асарларининг бадиий савияси юксак бўлиши керак. Аммо тўғри айтдингиз, кейинги пайтда, «тишсиз», «тирноқсиз» пьесалар кўпайиб кетаётгани сир бўлмай қолди. Баъзи ҳолларда эса соф драмага тўғри келган қўшиқларни тиқиб, музикали драмага айлантиришга уриниш ҳоллари кўп бўлаяпти. Шу боис театрда саҳналаштирилаётган айрим асарлар жанр талабига жавоб бермайди. Масалан, кино санъатида авваллари трагедия, комедия, сиёсий сатира деган турлар бўларди. Ҳозир экранлаштирилаётган фильмларнинг кўпчилигида ана шу ранг-баранг­лик етишмаяпти. Бир неча диди паст, савиясиз режиссёрлар ссенарийдан ёки ўарб киноси йўлидан бориб, бошқача усул билан фильм ишлаб, томошабинларнинг эътиборини қозонмоқчи бўлаяпти. Шунинг учун тақдим этилаётган “санъат асарлари”нинг мавзуси бир хил бўлиб қолмоқда.

Менимча, ҳар бир Ёзувчининг ўз дунёси, руҳияти бўлиши керак. Шунда ёзганларини китобхон ўз нуқтаи назари билан таҳлил қилади. Ке­йин драматурглар драматургияни, танқидчилар эса адабиётни ҳам, спектаклни ҳам таҳлил қилишса, саҳнадаги ҳар бир ижодий иш ўз баҳосини топарди.

Мени яна саҳнадаги адабий тил муаммоси жуда ташвишга солади. Актёрлар ўйнаган ролларида хоҳлаган шевада гапиришади. Ахир Тошкентда туғилган ўафур ўуломдек академик шоир ҳам адабий суҳбатларда “мен”, “сен” деб гапирарди. ЙОки Аброр Ҳидоятов, Наби Раҳимов каби улуғ санъаткорлар ҳам доимо саҳнада, интервьюларида адабий тилда сўзлашган.

Мустақиллик шарофати туфайли тилимизга алоҳида эътибор берилиб, давлат тили қабул қилинди. Энди луғатимизни қуруқ, маънавий юки йўқ, ажнабий сўзлар билан эмас, маънога бой ўзбекча сўзлар билан бойитишни ҳам ўйлашимиз керак. Лисонимизни ўзимиз мукаммал билмасак ёки ҳурмат қилмасак, қандай қилиб бошқалардан ўзбекча гапиришни талаб қиламиз. Бу борада театр драматургиясида филолог-олимларнинг иштирок этиши фойда келтиради, деб ўйлайман. Масалан, заҳматкаш олим Озод Шарафиддинов адабиётшуносликдан ташқари театр танқидчилиги билан ҳам шуғулланган.

– Авваллари театр саҳналаридан жаҳоннинг классик асарлари тушмаган бўлса, бугун ўзбек муаллифларининг асарларини саҳналаштиришга бўлган иштиёқ ортиб бормоқда. Шу маънода бугунги санъат, хусусан, драматургия асарларида замонамизнинг қайси мавзу ёки муаммоларини акс эттириш керак, деб ўйлайсиз?

– Бир пайтлар Чўлпон забун кўнглига қарата: «… ки сен ҳам ҳур туғулғонсен», деб хитоб этгани қалбимни ўртаганди. Неча асрлардан бери халқимиз бошидан қанча жаҳолат, зўравонлик ва турғунликларни кечирди. Мустақилликдан олдин яқинларимиздан бирортаси қазо қилса, боболармиз ётган жойга дафн этишга ҳам рухсат берилмасди. У даврда олти миллион «оқ олтин» учун курашганлар, бўз ерларни ўзлаштирган шахслар «қаҳрамон» деб ҳисобланган.

Бугун эса кино, театр санъатида ижод эркинлиги бор. Бу жараёнга ҳеч ким суқулиб кирмайди. Ана шундай имкониятдан унумли фойдаланиб, яхши асарларни томошабинларга тақдим этиш мумкин. Бугун драматурглар қаторига Эркин Аъзамов ва бошқа истеъдодли инсонлар кириб келмоқда. Уларнинг асарлари мустақилликнинг меваси сифатида томошабинлар ва мунаққидлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Лекин бугунги кун драматургиясининг мавзулар кўлами торайиб қолгандек туюлади. Ваҳоланки, турли мавзуларда ёзиш учун бизда манбалар кўп. Масалан, жадидчилик, мустақиллик даври қаҳрамонлари ҳали тўлалигича очиб берилмаган. Кейин мумтоз асарларга ҳам кам эътибор бераяпмиз. Хусусан, ҳазрат Навоийга мурожаат қилмай қўйдик. Халқимизнинг етук Ёзувчилари Муқимий, Ойбек, ўафур ўулом, Саид Аҳмад, Ҳамид ўулом асарларига ҳам кам эътибор бераяпмиз.

Адиба Умирова суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).