Шароф Бошбеков: “Саводсизликдан ўртамиёналик туғилади” (2018)

http://n.ziyouz.com/images/sharof_boshbekov.jpg

1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?

2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?

3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари ­нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига ­навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

1. Бутун ўзбек адабиёти ҳақида қатъий фикр айтишга ҳаққим йўқдир-ку, лекин адабиётнинг бир шаҳобчаси – драматургия (шунингдек, кинодраматургия) тўғрисида шахсий фикр­ларимни билдиришим мумкин. Очиғини айтадиган бўлсам, сўнгги пайтларда театрларга кам тушяпман. Бунга бетоблигимни баҳона қилиб, ўзимни оқлашим ҳам мумкин-ку, лекин ундан-да жиддий сабаби ҳам бор. Мен театрга боришим учун ювиниб-таранишим, кийинишим (бировнинг ёрдамида), транспортга ўтиришим, театр зиналаридан қийналиб чиқишим керак – шунча оворагарчиликка арзийдиган спектакль эса… йўқ. Бунинг ўрнига ўша томоша ҳақида телевизорда бериладиган маълумотлар билан қаноатланаман. Агар асар муаллифи, саҳналаштирган режиссёрини шахсан танисам, спектакль ҳақида маълум тасаввурга бориб қўя қоламан. Шунинг ўзи – кифоя.

Кейинги пайтларда тўй можаролари, қайнона-келин муносабатлари, севишганлар (кўпинча бахтсиз) қисматига қурилган сийқа сюжет одамларнинг жонига тегиб кетди. Ҳа, айтгандай, театр маъмурияти “дадил” ҳисоблаган гиёҳвандлик, одам савдоси, диний экстремизм, терроризм каби мавзулардаги асарлар ҳам бор, лекин бу тоифа спектакллар чин сабаблар бир ёқда қолиб, ислом динига билиб-билмай тош отиш эвазига бўлаётир. Хуллас, кўпдан бери “Эҳ, анови спектаклни кўролмай қолдим-да”, деб афсусланмаяпман.

Кинодраматургия масаласида ҳам аҳвол шу. Фақат сал баттарроқ. ­Кинодаги бош фожиа – моддият етакчилик қилаётган жойда маънавият ­чекинишидир.

2. Мени ташвишга солаётган ­муаммолар кўп, қай бирини айтай? Энг ачинарлиси, адабий муаммолар ижтимоий муаммолар билан чатишиб кетгани! Эртаю кеч тинимсиз қийнаётган масала – саводсизлик. Бу иллат илдизи анча чуқурлаб кетди. Лекин муаммони ёритишда аксар матбуот – соқов, радио-телевидение – гунг! Мен тахминан беш мингта одамни шахсан танисам, шундан йигирматача одамнинг саводига тан бераман. (Ҳатто ўзим ҳам бу рўйхатда йигирма биринчи бўлиб турибман.) Бу – жуда кам. Чидаб бўлмас даражада кам!

Оддий механизатор, ҳайдовчи, қассобни қўя турайлик, ижодкор зиёлилар ва илм аҳлининг саводи ҳам кўнгил тўладиган даражада эмас. Мен оддийгина грамматик саводни назарда тутяпман. Шундай бир шароитда китоб ўқишга ундамоқ, китобни тар­ғиб қилмоқ бинойидек самара берармикан? Кўчага чиқиб исталган мактабнинг юқори синф ўқувчисига исталган матнни бериб кўринг – ўқиёлмайди! Хоҳ лотинда бўлсин, хоҳ кириллда. Мен ўқиш деганда нуқта, вергулини жойига қўйиб, ифодали ўқишни назарда тутяпман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Коллежни битирган болаларимиз ишга кириш учун ариза ҳам ёзолмаяпти”, деб бекорга куйиб-пишаётгани йўқ. Коллеж, мактабни қўяверинг, олий ўқув юртини битирганларнинг саводини кўриб ҳам ёқа ушлайсан киши. Мен “Шифо-инфо” деган тиббий газетага раҳбарлик қиламан. Таҳририятимизга, асосан, университетнинг филология ёки журналистика бўлимларини битирган ёш йигит-қизлар иш қидириб келади. Диктант ёздириб кўраман. Айтсам ишонмассиз, битта сўзни ўнтадан саккизтаси нотўғри ёзади! (Бошқа бош муҳаррирларга ҳам тавсия қиламан – ишончли усул.)

Саводсизлик ўртамиёналикка олиб келади. Ўртамиёна муаллим, ўртамиёна инженер, ўртамиёна архитектор, ўртамиёна врач, ўртамиёна бошлиқ, ҳамма ёқ – ўртамиёна!

Минг таассуфки, лотин алифбосига ўтиш масаласи ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Қолаверса, мактабда ўқитилаётган лотин алифбоси номукаммал – мутахассислар қайта ишлаб, ислоҳ қилиши лозим. Яқинда мактабни лотинда битираётганларнинг салкам икки авлоди етишиб чиқади. Газета-журнал ўқимайдиганлар авлоди! Негаки, мамлакатимизда лотин алифбосида чиқадиган газета-журнал йўқ ҳисоби (“ўунча”га ўхшаш бир-икки нашрдан ташқари, албатта). Тилчи олимларимиз нега томошабин бўлиб турибди?! Ахир, бундай салбий аҳвол учун, аввало, улар жавобгар-ку!

Менингча, зудлик билан лотин ёзувига ўтишимиз керак. Муддат қисқа бўлиши керак, масалан, олти ой. ­Нашриёт, босмахона, таҳририят ва бошқа идоралар лотин ёзувига мўжалланган дастур билан бепул таъминлансин.

Бу ишларни бугун, ҳозир қилиш керак! Эртага кеч бўлиши мумкин…

3. Биласизми, умрнинг ҳар бир фаслида маълум бир ёзувчиларнинг асарларига эҳтиёж сезади киши. ­Болаликда – эртакларга, ўсмирликда – Жюль Верн, Жонатан Свифтларнинг саргузашт ва фантастик романларига, балоғат ёшида – Ги де Мопаcсан ва сиз ҳам кўнглингизда санаб турган бошқа ёзувчилар асарларига. Қариликда – турли луғат, справочник ва атласларга кўпроқ эҳтиёж сезаркансан киши…

Шароф Бошбеков

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 48-сон