Шароф Бошбеков: “Йиғлаб келамиз, йиғлатиб кетамиз – кулиб яшамоқдан ўзга чора йўқ” (2019)

Устоз, «Шундай бир асар ёзишни орзу қиламан – уни кўрган томошабин қаҳ-қаҳ уриб кулмаса, бироз ҳавас, бир қадар маъюслик билан жилмайса ва жилмайиб ўтирганини ўзи ҳам сезмаса», – дегансиз. Шахсан менда шундай ҳодиса рўй берди. «Ёзув­чилик ҳақида» ва «Уйланганим ҳақида» автобиографик ҳажвияла­рингиз жудаям самимий ёзилган. Буларни ўқиганда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Хондамирга айтган бетакаллуф ёзиш ҳақидаги гаплари ёдимга тушди. Яъниким, қандай бўлса шундайлигича, ортиқча кўпиртирмай, борини ёзиш. «Ғурур» ҳикоянгиз, айниқса, ёқди. Ҳақиқий жилмайиш бўлди ўқиганимда. «Кино»да барча роллар ўйнаб бўлингани, ҳамма нарса ёзилганини тушу­ниб етдим. «Буюк қўрқоқлик», «Буюк мақтанчоқ­лик»ни ўқигач ўзимдан уялиб кетдим, рости.
Институтда, устоз Маъмур Умаров дарсида «Темир хотин»ни бир семестр таҳлил қилганимиз ва ҳар сафар пьесани ўзимиз учун янгидан кашф этганимиз ҳам эсимда. Ростини айтсам, ижодингиз ҳақида узоқ сўзлашим мумкин, аммо ўзингиздан сўрайдиганларим ҳам йиғилиб қолган…

– Ҳар йили «Сени куйлаймиз, замондош» фестивали спектаклларидан замон қаҳрамонини қидирамиз. Нима деб ўйлайсиз, «Темир хотин» бугун ёзилганда замон қаҳрамони деб тан олинармиди?

– Келинг, аввал замон қаҳрамони ким, деган саволга таъриф берайлик. Менимча, «замон қаҳрамони» деб томошабин (ўқувчи)ни ижтимоий фаолликка ундайдиган қаҳрамонга айтилади.
Минг фаришта бўлса ҳам, қолган фазилату сифатлари бир пул. Шу нуқтаи назардан қараганда Қўчқор талабга жавоб бермайди, «турмушимиз яхши, зўр яшаяпмиз» дейди. Чиндан ҳам қўйдай ювош, қўйдай беозор! Ҳатто «қўйнинг эркаги» бўлса ҳам, замон қаҳрамони бўлолмайди! Қумри ҳам шундай – ҳаётидан рози. Шу ғурбатхонага яна қайтиб келади. Аломат бошқа гап. У Қўчқорга ачинади, куйинади. Унда адо­латсизликка ички бир қаршилик, норозилик бор. «Мен одам эмасман, ичим тўла темир-терсак, лекин сизнинг хор бўлишингизга қараб туриб, ичимдаги мурватларим қизиб кетяпти!» деб исён қилади! Ана сизга замон қаҳрамони.

– Ижодда сиз дуч келган ҳақиқатлар…

– Одам умр бўйи ўқиб-ўрганади. У ижодкор бўлсаку, сўнгги нафасигача билим олиши керак. Энг муҳими, кўрган-билганингиздан хулоса ясай билишдир. 1969 йил. Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият) институтининг биринчи курс та­лабасимиз. Хонага юзи дум-думалоқ, сочи силлиқ таралган, ёқимтойгина бир йигит кириб келди. Биринчи сўзлари ҳозиргидай ёдимда:
– Исми-шарифим Шермат Ёрматов. «Шермат ака» десаларинг ҳам бўлаверади. Мен сизларга хор фанидан дарс бераман. Хўш, хор ўзи қандай санъат? Минг овозингиз зўр бўлса ҳам, олдинга чиқиб бақираверганингиз билан хор бўлмайди. Хор – ашула айтиш санъати эмас, эшитиш санъати.
Шермат ака кўп йиллардан бери «Булбулча» болалар ашула ва рақс дастасига раҳбарлик қилиб келадилар. Умрлари узоқ бўлсин. Кейинчалик Муқимий номидаги мусиқали театри­нинг хор труппасида ишлаб юрган пайтларимда ҳам устознинг бу ўгитлари қўл келди. Наинки саҳнада, балки ҳаётда ҳам «эшитиш санъати»ни қўллайман, яъни суҳбатдошим­нинг гапи – тўғрими-нотўғрими, менга ёқадими-ёқ­майдими – охи­ригача эшитаман. Бундан фақат ютганман, сира ютқазмаганман.
Ҳаётда ибратомуз воқеа-ҳо­дисаларга кўп бора дуч кела­мизу, аммо ҳар доим ҳам ўзимиз учун хулоса ясай олмаймиз…

– Бир интервьюда «Кўпчилик ўз йўлига тушгани йўқ: этикдўз артист бўп юрибди, ўқитувчиликни қойиллатадиган одам ўртамиёна актёр…” дегансиз. Жамиятда касблар ўз эгасини топиши учун қанча кутиш керак?

– Бу ерда гап ҳаётда ҳар ким ўз ўрнини топиши ҳақида боряпти. Бу ниҳоятда муҳим ва долзарб масала. Эр-хотин, фарзанд­лар, бува ва бувидангина иборат кичик оилада ҳам барчанинг ўз ўрни бўлиши керак, биров бировнинг ишига бурнини тиқиши оиладан путур кетишига олиб келади. Тартиб-интизом йўқолади. Илгари пайтларда у ёки бу лавозимга ижтимоий келиб чиқишига қараб тайинланган. Ишчи-деҳқон синфидан бўлса кифоя – агрономликни битирган одам театрга бадиий раҳбар, механизатор газетага бош муҳаррир бўлиб кетаверган. Ҳозир ҳам шундай – жамиятда ҳамма нарсани пул, таниш-билиш ҳал қилса, ривожланиш бўлмайди. Шунга куйиниб айтганманда.

– Ижтимоий тармоқлардан бирида «Дунёга чинқириб келдиму, шивирлаб яшадим», дегансиз. Сизнингча, «шивирлаб яшаш» қандай бўлади?

– Маълумки, чақалоқ туғилиб киндиги кесилганда ҳаётида биринчи марта ўпкаси ҳавога тўлади. Ўпка илк марта ишлагани туфайли, табиийки, кучли оғриқ бўлади ва чақалоқ худди биров ургандай чинқириб йиғлайди. Бу тушунарли. Энди «шивирлаб яшадим» деган жумлага келсак, «ҳаётда ҳеч нимага эриша олмадим, ҳеч қандай из қолдирмадим, қўрқиб-қимтиниб, ўз ковагимдан бошимни чиқармай яшадим» деган фикр бор. Бу «Юзсиз» номли фильмимдан, бош қаҳрамон – Эгамқулнинг гапи.

– «Йиғлаб келамиз, йиғлатиб кетамиз – кулиб яшамоқдан ўзга чора йўқ». Бу Шароф Бошбековнинг ҳаётдаги шиорими ёки ижоддаги?

– Ўзбек халқининг бошидан кўп синовлар ўтган. Аввал Искандар Зулқарнайн босқини бўлди, кейин араблар, сўнгра мўғуллар ва, ниҳоят, ўрислар босқини. Ўзбекнинг тинка-мадори қуриди, ҳолдан тойди. Шунинг учун ҳам мусиқаларимиз ғамгин ва мунгли. Шу сабабдан ҳам ҳинд фильмларини томоша қила туриб ҳўнг-ҳўнг йиғлаймиз.
Йиғлаб туғиламиз, кимдир ўлса, йиғлаймиз, ҳаётнинг ўзи ғирт ғам-ташвиш, хуллас, ҳамма ёқ қоронғилик. Ўша зулматни ёриб чиқадиган бир нур ҳам бўлиши ке­ракку! Шу сабаб ёзганларимнинг аксарияти комедия. Юқорида келтирган иборангиз ижоддаги шиорим бўлса керак.

– Актёрликни тамомладингизу, лекин тақдир сизни ёзув­чи-драматург қилиб қўйди. Имконият берилганда, тағин шу йўлни танлармидингиз?

– Тепамизда «БУЮК ДРАМАТУРГ» бор. Биз ёзган асаримизда нари борса, 20-30 та персонаж бўлади. Унинг асарида салкам 8 миллиард қаҳрамон қатнашади. Ҳаммасининг ўз характери, таржимайи ҳоли, исми, касби бор. Бизнинг томошаларимиз 1,5-2 соатгина бўлар. Одам Атодан то қиёматгача миллионлаб йиллар давом этадиган томошани қандай Зот ёзган бўлиши мумкин?! Биз дунёга келишимиздан олдин – қандай одам бўламиз, касбимиз қанақа, нима мақсадда дунёга келамиз, бизга қандай вазифа юклатилган – ҳамма-ҳаммаси ёзилган бўлади. Нимаям бўлиб, қай­та туғилиш имконияти пайдо бўлса, тағин Яратганнинг ёзгани бўладида!

– Сиз учун журналистлар берадиган энг ёқимсиз савол нима?

– Қалам ҳақи (гонорар) ҳақида берила­диган савол. Илгари қалам ҳақи кўплигидан одамларнинг ҳасадини келтирмаслик учун бу саволдан қочар эдим. Ҳозир қалам ҳақининг камлигидан одамларнинг раҳмини келтирмаслик учун бу саволдан қочиб юрибман…

Муҳиба Исматуллаева суҳбатлашди

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 8-сон