Ботирхон Акрам. “Сўзум мартабаси…” (Навоий ижодхонаси ҳақида суҳбатлар…)

Алишер Навоий

Ҳар кимсаки сўз демак шиорида дурур,
 Маъни гули нутқининг баҳорида дурур…
Алишер Навоий.

Алишер Навоий муножотлари ­ моҳияти эътибори-ла муқаддас “ояти карима”лар билан муштарак маъно ва оҳангда бўлиб, унинг жанр (Навоийда “синф”) хусусияти ҳам Каломи Мажид руҳини ­ хос пафосини эслатиб туради…

“Муножот”ларнинг илоҳий-фалсафий, ҳуқуқий-шаърий, ахлоқий-маънавий жиҳатлари ­ махсус тадқиқотларни тақозо этувчи катта ва жиддий мавзулардан. Биз “илми бадеъ”, “илми балоға”, “илми саноеъ” ­ мумтоз бадиият қонунлари мажмуи ­ миллий шеъриятимиз поэтикаси нуқтаи назаридан Навоийнинг Сўз даҳосини унинг “муножот”лари мезони ­ меъёри доирасида, қай тарзда, қайси тартибда зуҳур этиши, қандай жиҳатлари билан улуғ мураббий шоир ижодхонаси ҳақида муайян даражада тасаввур беради, деган умидда, шартли равишда етти банд (бўлим)дан иборат “суҳбат”лар шаклини танладик.

СУҲБАТИМИЗ ИБТИДОСИ

Мавзуимиз унвони ­ сарлавҳаси хусусида. Мен шахсан буни Навоий дунёси учун энг мақбул ва матлуб истилоҳ деб ҳисоблайман. Бу даъвонинг мўътабар далолати, мантиқий асоси шуки, жаноби Муҳаммад Расулиллоҳ(с.а.в.)нинг муборак ҳаёт ва фаолиятларида “асҳоб”, “мусоҳиб”, “саҳобий” каби мукаррам каломлар замирида илоҳий мазмун, фалсафий маъно ­ ўзгача ҳикмат зуҳур этиб туради: жамики “аҳли зоҳир” ва “аҳли ботин” ­ фазлу камол эгалари (ҳазрат Навоийда “аҳли маъни”)… бир-бирларини ҳабибу анис ­ яқин суҳбатдош, матлаб-маслакдош деб билганлар: бу кўнгилнинг табиий ҳолати ­ руҳоний эҳтиёжига, умрнинг хайрли, ғанимат дамлари мезонига, яна-да аниқроқ ва оддийроғи, кундалик ҳаёт тарзига, мулоқотлар меъёрига айланган. Бунинг мўътабар далолати, бевосита жонли шаҳодатини Навоий тазкираларидан “Мажолисун-нафоис”да (унинг сарлавҳаси беихтиёр ўзига тортади) ёки “Насоимул-муҳаббат”да; сўнгра, “Хамсатул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” ёдномаларида, деярли ҳар бир фасл-боб ва табаррук саҳифада кузатишимиз мумкин. Чунончи: “Фақир анинг бирла ҳамиша мусоҳиб эрдим”; “…ул асҳоби жовидоний била суҳбат тутубтур”; “асҳобидин сўрдиларки”; “Дебтурларки, биров била суҳбат тутмангизки, сиз – Ҳақ дегайсиз, ул ўзга нима дегай”; “кўнгил майли анинг суҳбатиға кўп бўлди…”; “…анинг суҳбатида ғаройиб нималар мушоҳада бўлур эрди…”. Ва хусусан, Баҳоуддин Нақшбандда: ”Бизнинг тариқимиз – суҳбатдур… Ҳайрият – жамиятда, жамият-суҳбатда… Бир-бири била суҳбат тутсалар, анда – кўп хайру баракот…” Шунингдек, хоҳ “Насоимул муҳаббат” тазкирасида, хоҳ “Хамсатул мутаҳаййирин” ёдномасида бўлсин: “деган эрмишлар…”; “сўрди…”, “деди…” “дедим”, “дебтурки, бу сўрмоқ анинг фани (касби)дур ­ билур ва сўрар…” “Кўрди ва сўрди…”, “суҳбат иттифоқи…” сингари савол-жавоб заминига қурилган суҳбатлар, давомли, қизғин мулоқоту унутилмас хотирот лавҳаларида зикр этилган орифона ­ ҳикматли ҳикоятлар гоҳо: “асҳоб ҳозир эрдилар…”, гоҳо: “ҳар навъ сўз ўтадур эрди…” тарзидаги вобаста ибораларда ифодаланади…

Ниҳоят, бу улуғ, чиндан-да маърифий ва бадиий манбалари ҳадсиз-ҳисобсиз, ижодхонага бевосита ё билвосита алоқадор шеърий (маснавий) сатрлар, асосан терма байтлар ё рубоий бандлар ила музайян насрий лавҳалар, даставвал, лирик куллиёт “Дебоча”ларида, сўнгра, буюк маснавиёт ­ достонлар муқаддимотида, боблар таркибидаги лирик чекиниш, лирик ибтидо ва лирик хотималарда; насрий асарлардан: “Муҳокаматул-луғатайн”, “Маҳбубул-қулуб”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Мезонул-авзон”, “Муншаот” бобларида, айрим саҳифаларида афсонавий-тарихий ва ҳаётий тамсил-далиллар ё ҳикматли байтлар тарзида ўрин олгандирки, уларни маълум тартиб-тизим, изчил-давомли робита асосида ўрганиш, ҳеч шак-шубҳасиз, илмий қимматга эгадир.

Шунчалар катта миқёс, кўпқиррали кўламдорлик, айниқса, фалсафий моҳият теранлиги, бадиий рангинлик, бетакрор тимсоллар эътибори-ла Навоий ижодхонасини ­ унинг Сўз даҳосини фақат бадиият қонунлари доирасига сиғдириб бўлмаса керак. Зотан, бу сирли-мўъжиз, том маънода илоҳий Қалам ­ “килки Сунъ” қудрати-ла инкишоф этилган “сўз гуҳари”нинг бутун жозиба сирри, аввало, руҳий-илоҳий таҳқиқ, фалсафий талқинни тақозо этади. Шу маънода бу қутлуғ ва улуғ, поёнсизу бардавом мавзуни бирмунча чегаралаш, кузатилган аниқ мақсадга монанд ва матлуб тамсиллар эътибори-ла, масалан, улуғ устози Жомий вафотига битган таърихида абадий мунаққаш этилган қуйидаги: “гуҳари кони Ҳақиқат, дурри баҳри Маърифат, кошифи сирри Илоҳ” сўз-тимсолларни, ҳеч муболағасиз, Навоийнинг ўзига, дунёда тенги йўқ Шахсиятига нисбат беришимиз мумкин ва вожибдур…

Шу мақсадда биз, биринчи навбатда буюк маснавиёт ­ “Хамса”ни, хусусан, “Ҳайратул-аброр”, “Сабъаи сайёра”, “Садди Искандарий” достонларини Навоий ижодхонаси учун асосий, “таянч нуқта” сифатида танладик. Бундайин комил эътиқод ва эътимодимизнинг энг муҳим икки омили бор: биринчидан, “дину иймон” ­ комил мусулмонлик бобида, аниқроғи: “низомул-миллати вад-дин Алишер” (Жомий баҳоси) мақомидаги шахсий сифатлари ­ покдоман хилқати; ҳиммат-саховат, “нафърасонлик” бобида ­ эл-улусга, миллати ва Ватанига (тили ва давлатига), кенг маънода, жаҳон маданиятига, башарият манфаатларига қилган беадад буюк хизматлари эътибори-ла, иккинчидан, “фалак кўрмаган нодир” сўзи, қудратда тенгсиз қалами билан ­ фасоҳат, бадиият, маърифат мактаби-ла Машриқу Мағрибнинг ўлмас сиймолари каҳкашонида энг нурафшон юлдузларнинг бири ва балким, ягонаси эканлиги, аввалан шу ижодхона лавҳаларида ўз акси ­ тажаллисини топганлиги аён “намудор” бўлиб (кўриниб) турадики, бу фақат анъанавий шавқу ҳайрат ифодаси ­ камоли васф сўзлари эмас…

Шу тариқа, юқорида қайд этиб ўтганимиздай, мушоҳада ва мулоҳазаларимизни гоҳ кутилмаган ­ ғаройиб, гоҳ ҳаётий ­ табиий, гоҳо ҳар икки жиҳат муштарак бўлмиш “Алишерий” (Бобур) хос суҳбатлар тарзида, муайян тартибда баён этиб, шарҳлаб борамиз. Даставвал, улуғ шоиримизга мўъжизакор “хомаи тақдир” (“килки Сунъ”) эҳсон этган “алимул-азим” Яратувчи Ҳақ ила мажозий қаҳрамон (ориф-мутафаккир, шоир-“қаламзан”) ораларидаги ғойибона-сирли суҳбат гувоҳи бўламиз. Бунда сирли-сеҳрли парда ортидаги фасоҳат мулкининг маъбуди ­ Аторуд йўллаган “мунҳийи роз” ­ сирлар даракчиси, илк илоҳий мужда ­ сўз фариштасининг нур ила йўғрилган шарпаси, руҳоний суврати ­ тасвири… хаёл кўзгусида жилваланиб туради. Бу ­ ўз меъёр-мароми ва аниқ назаргоҳдан холий миқёс ­ ҳудуди-ла ғаройиб бир ҳолатда воқеъ бўладиган, том маънода руҳий-илоҳий суҳбат… яна-да аниқроғи, бу ­ Навоий қаҳрамонининг ғайришуурий тарзда, бевосита Ҳақ таолога муножоти бўлиб (“­ Қодиро!..”, “Раббано!..” “Ёраб!…” калималари, воситаси-ла), уни биз тасаввур қилган дунёвий меъёр ­ таомил доирасига сиғдиришимиз имконсиз… Сониян (иккинчи суҳбат): ўша мажозий қаҳрамон ­ мутафаккир шоир тимсоли бу гал энди фазовий (самовий-руҳий) ҳолатнинг мужассам тимсоли бўлмиш “толеъи саъд” (ё “кавкаби иқбол” ­ бахт юлдузи) ила ўзаро мулоқот асносида содир этилган ғаройиб суҳбат шоҳидига айланамиз (яъни ҳамон ўша сирли парда ортидан Аторуд элчиси ­ иқбол фариштаси шоир қаҳрамони билан макон ­ замон мезонларидан холий, ғойиб мулоқот ҳолатини кечиради… Ниҳоят, учинчи суҳбат жараёнида ижодхона жонли-вужудий муносабат ­ тўла-тўкис инсоний салоҳият касб этади: бу мутафаккир шогирд билан улуғ пир (биринчи навбатда, Маҳдуми Нуран ­ Жомий, сўнгра, бошқа увайс устозлар: Румий, Ҳофиз, Низомий, Деҳлавийлар, ҳатто Саййид Ҳасан Ардашер, Баҳоуддин Нақшбанд каби вали зотлар) ораларида ўтган юзма-юз мулоқот тусига киради, бу суҳбат ғаройиб туш фонида берилади. Тўртинчи-бешинчи суҳбатлар бевосита ижодхона доирасида ўтади: бу ҳудуд ҳажман кичик “Ҳужра” (моҳиятда “икки жаҳон”га очилган дарича-кўзгу) ё аксинча, поёнсиз кенгликлар, чунончи, сафобахш “тоғ этаклари”, олис йўлнинг бошқа манзиллари бўлиши мумкин.. Ва ниҳоят, бой ҳаётий тажриба, азалий ва ногиҳоний зиддиятларга тўла давр воқелиги ва саноғи номаълум китобий маърифат ­ тарихий ҳақиқат сабоқлари ­ олтинчи-еттинчи суҳбатлар учун бебаҳо манба ­ маърифий, маънавий-руҳий ва бадиий заминга айланиши мумкин…

БИРИНЧИ СУҲБАТ

Бу ­ юқорида қайд этиб ўтганимиздай, биз одатланган аниқ назаргоҳ ­ макон ва замон меъзонларига сиғдириб бўлмас, ғайришуурий тарзда, руҳоний хилқатда содир этиладиган, том маънода илоҳиёна-фазовий мулоқотдир. Бундай ғаройиб жараён, не ажабки, улуғ шоир-мутафаккир тимсоли мужассами (образи) нинг кутилмаган бир вазиятдаги, шунчалар “ҳақиру фақир”, ғояти шикаста ҳол-аҳволи руҳияси ­ биринчи қутб бўлса, иккинчи қутб, аксинча, мислсиз ва ададсиз раббоний қудрат: “алимул-азим” Зулжалол (улуғлар улуғи), имкониятлари ниҳоясиз, дахлсиз мутлақият оламини тасарруф этадики, бу ҳақда ўйлаганда “ақл боши айланади” (Навоий). Бу икки қутб мулоқотини зоҳиран, шартли равишда фақат мавжвар уммону ­ нажотсиз қатра ёхуд сарҳадларсиз коиноту фоний-ўткинчи лаҳза (муҳлат) ичида бор-йўқлиги нотайин ­ омонат зарра билан муқояса қилиш мумкин… Бундайин улуғ тафовутли суҳбат-мулоқот асносида “барчани йўқдан бор” қилгувчи Холиқу қодир ­ бирламчи омил ­ “таянч нуқта” бўлса, унинг мажозий суҳбатдоши ­ шоир “мен”и (гарчанд бизнинг субъектив тасаввуримиз бўйича, бу зоти киромнинг руҳий хилқатида мислсиз даҳолик мўъжизаси, сўз сеҳргарига хос фавқулодда салоҳият) зимдан сезилиб турса-да, на чораки, ўз мусоҳиби қаршисида зоҳиран қиёслаб бўлмас даражада ожизу нотавондир… Шунга қарамай, ҳазрат Алишер ўзини фидо қилишга тайёр “улуғ муддао” олдида ўртадаги ўзаро нисбатлаб бўлмас тафовутни шундай муқобил тимсоллар орқали ифодалашга журъат топади:

­ Қодиро!… Ул заифи осиймен ­
Ки, бошимдин оёқ маосиймен…
Улки, сендек бошимда Холиқдур,
“Мен” демаклик… не беҳаёлиқдур!?..

Беихтиёр савол туғилади: нега энди “шоирлар шоири, мутафаккирлар мутафаккири, валилар валиси” қилган муножотда бу қадар мужримона узрхоҳликлар (“бошдин-оёқ маосиймен” ­ гуноҳлар мажмуидирман), ҳаминқадар тўзимсиз оҳу фарёд, руҳий изтироб бор?.. Зиддиятлар шиддатини кўринг: “барчадин шариф” инсонни яратгувчи, алалхусус, унинг азизу мукаррамлиги ҳаққи ­ мўъжизалар мўъжизаси ­ Сўзни кашф этгувчи (“Сўз келиб аввал, жаҳон сўнгра…” ­ “Ҳайратул-аброр”дан) ул Холиқул қудрат олдида ўзи бунёд этган мўъжизоту ажойибот олами ­ уммон қаъридан асл “дурри самин” ­ “маъни гуҳари”, “сўз гуҳари”ни ахтариб топишга журъат этиш, шу хайрли ҳиммат – жасорат самари ўлароқ, дунёда тенги, нисбати топилмас шеърий девонлар, улуғ маснавиёт ­ достонлар яратишдек комронлик муроди… ­ ҳаммаси “маломат булбули”, ҳақиру бенаво Навоий кўнглида, унинг “замон ва аҳли замон” жабру андуҳи, вафосизлиги олдида… чиндан ҳам беҳуда ­ абас бир ҳолдир, балким?!.. Бундайин пурдард зиддиятли хаёллар замзамасини, иштибоҳ-изтироб туйғулари туғёни ва поёнини бир қадар умумий тарзда тасаввур қилиш ўзи осон эмас. Зотан, Ҳақ таоло билан ориф инсоннинг ғойибона-руҳоний мулоқоти… фақат набиуллоҳу валиуллоҳ зотларга мушарраф, ноёб бир бахтдир. Не ажабки, ҳазрат Навоий кечирган бундайин ширин изтироб ­ азобли ўйлар бизга сирли, номаълум руҳий ришталар ­ илоҳий робиталар орқали боғланмаганмикин?!..

…Нафси аммораға ё бўлдум асир?!
Мен нетай, гар сендин будур тақдир…
Сен ёмон айласанг, мени, не ҳад,
Айламак сендин ўлғон амрни рад?..

Магар охир-оқибат, мудом ўша ададсиз нолавор муножотдан, зоҳиран нажотсиздай туюлган руҳий илтижодан, ҳар қалай, навмидлик туйғуси улуғ зотларга шоён эмас…

Яхшилик қилки, нотавонингмен,
Ямон ўлсам, Сенинг ёмонинг ­ мен.
Менга не ҳад демак, Сенгаки: “Не қил”,
Неки бўлғай санга ризо ­ они қил!…

Бу янглиғ, моддий назаргоҳ ­ “олти жиҳат” чегараларини енгиб ўтган, ғайришуурий ҳолатдаги суҳбат-мулоқот тарзидан қатъи назар, аслида “ўз вужудига тафаккур айлаган” (яъни мустақил инсон қиёфаси ­ ўзлиги, шахсиятига эга бўлган) шоир қаҳрамони ­ ориф-мутафаккир дунёсига йўл топиш, унинг ҳасрат-надомат сўзлари моҳияти нимада эканини идрок этишга уриниб кўриш мумкин-ку. Масалан, шайтони лаъин дағдағаси ­ “нафси аммора”ға асир бўлган нажотсиз навмидлик ростмикин?!. Бу ­ Навоий қаҳрамонининг покдоман хилқатига, ўзлигига, улуғ шахсиятига мантиқан зид эмасми?.. Унинг шунчалар парҳезкор-валиёна ҳаётига, поклар ичра пок руҳий-ботиний дунёсига шайтон тажовуз қилиши мумкинлигига, унинг шу қадар сарбаланд иймон-эътиқоди зиддига, шу қадар сабр-қаноат, тийиқлилик қудрати зиддига, “нотавону” ёмон отлиғ бўлиши мумкинми?.. Бунга Навоийни бир қадар англаган одам ишонадими?!.. Навоий англаб кетган мушкилдан мушкил зиддият, тугуни, ечими имконсиздай туюлган, мураккабдан мураккаб муаммо бу! Жаҳоннинг не-не даҳоларини қийноқли ўйларга толдирмаган дейсиз?!. Хусусан, Тангри билан, майли, унинг энг расо, комил бир бандаси ­ инсоннинг юзма-юз мулоқоти, ҳар қандай, хаёл-тасаввурдан ташқари суҳбати!.. Оврўпо ­ мағриб даҳолари таҳқиқ этишга уринган фавқулодда жумбоқли савол: “парадокс” шу эмасмикин?.. Асли қадимий Юнон заминида дунё юзини кўрган ва жаҳон миқёсида муштарак маъно касб этган бу пурдон истилоҳ ҳам Навоий англаган ҳақиқат сиррини ифшо этишга ожизлик қилар, балким?.. Не ажаб ва не ҳайратки, Амир Низомиддин Навоий бундай қийин жумбоқ – саволга энг мухтасар, мантиқан энг кучли жавоб ­ ечим топади: “Мен нетай гар сендин будур тақдир?!..” Чиндан ҳам бу ­ ҳазрат ботиний идрок этган комил иймон, исломий эътиқод тасарруфидаги яна бир хайрли неъмат ­ улуғ инояту мағфират инъикоси ­ тажаллиси эмасми? Ҳа, зоҳиран бир бандаи ғофилнинг (аслида даҳо сиймолардан бирининг!) бутун гуноҳи азмини, бори саҳву хатоларини кечиргувчи ва эҳтимолки, Навоийдек беназир улуғ зотлар мушарраф бўлган жаҳоний шуҳрат ­ “нангу ном” фахрия мутаассирлиги зўриданми ­ “мен” демаклик… не беҳаёликдур” (узрхоҳликнинг ортиқ даражада муболағали ­ ифрот усулидаги “Алишерий” ифодаси эмасми бу?..) шоҳ сатри руҳига сингдирилган “тавбаи комил” ­ тазарру туйғусини ҳам илоҳий меҳр-шафқат, карам ила қабул этгувчи Аллоҳнинг инсонга кўрсатган улуғ илтифоти эмасми бу?!. Зотан:

Караминг ганжи ­ юз жаҳон чоғлиқ,
Баҳри фазлинг ­ минг осмон чоғлиқ…
Ёраб! Ошуфтамен, фиғонима ет,
Карам айлаб, хатоларим афв эт!..

Биргина охирги мисрада зуҳур этган: “Карам айлаб, хатоларим афв эт!”… муножот сўзларининг ахлоқий ибратини, биринчи навбатда, аҳли табъ-фузалою зурафо, зиёли зотлар, жумладан, бугун эл-юрт ардоғидаги шоир-адиб, олиму мунаққидлар “ўз вужудларига тафаккур айлаб” кўрсалар эди! Қанийди?!. Юқоридаги банд шарҳига қайтамиз: ҳа, пири комил Нуриддин Абдураҳмон Жомий ифтихор ила таъриф қилганидай, ҳазрат Алишернинг исломий эътиқод-эътимоди шунчалар юксак мақомда эдики, Аллоҳнинг “карами ганжи”, “баҳри фазли” баробарида, унинг марҳамат ва мағфират нури ҳам ҳадсиз-ададсизлигини бор вужуди, қалби, руҳияти-ла англаб етган, идрок этган эди… Шунинг учун ҳам биз Сўз даҳосининг иғроқ каби махсус муболаға усулидан самарали фойдаланганидан ҳеч ажабланмаймиз:

Юз жаҳон журмум (гуноҳим) ўлса ҳам ­ не бок?
Баҳри афвинг қошиндадур ­ хошок.
Хаста кўнглум ишиға сомон (чора) эт,
Талабинг дардини анга дармон эт!..

Шу тариқа, Ҳақ марҳаматидан умид ва нажот топган, сувратда шикаста ҳол, нотавону бесомон, сийратда мислсиз ирода соҳиби ­ улуғ мутафаккир кўнглидаги, эҳтимолки, бизга зоҳиран иштибоҳли туюладиган маҳзуну ҳазин кайфият ўша руҳий-самовий мулоқот жараёнининг аввалги ҳолатидан аста-аста кўтарила, тарқала бориб, яна “тенгри эҳсони” бўлмиш ­ яратиш дарди, рағбати самари ­ “буюк муддао” изланишлари уни батамом банд этади…

Манга Тенгридин бўлди рўзи ком ­
Ки, ҳар ишгаким айладим эҳтимом (киришмоқ),
Кўруб Тенгри лутфин фалак чоғлиқ,
Нечук қилмай ўтруда туфроғлиқ?!.

Бунингдай қутлуғ ва улуғ бахт ­ “рўзи ком”, “ҳар ишга” кушойиш бахш этувчи илоҳий Қудрат ўзи ёр, малоикаю фаришталар, руҳлар ­ увайс (ўтган) мудом ҳамнафас пирлар мададкор бўлгани учун ҳам бамисли “кунда юз байти ҳалво” бўлган, шавқу рағбат жўш урган ижодий жасорат кайфияти-ла ҳазрат Алишер (унинг мажозий қаҳрамони ­ мутафаккир – шоир тимсоли) энди ортиқ хоксорлик ­ “туфроғлиқ” ҳолатини кечирса не ажаб?..

…Неча шукрига сажда қилсам нажанд (қуйи) ­
 Мени чунки, (Ҳақ) айлар фалакдин баланд!..
 Улуғ комлардин эдим бахтиёр ­
 Ки, йўқ эрди анда манга ихтиёр!…

Ва ниҳоят, ўша беҳад шукрона туйғулари мантиқан изҳори ифтихор ­ фахрия заминига айланади, айни чоғда, бу яна зиёдроқ илҳомий ҳолатга бадал бўлади ­ янги ижодий изланишларга ундайди. Шу тарзда аста-аста “улуғ муддао” ­ шоҳ асарлар бунёд этиш истак-иштиёқи шоирнинг борлиғини банд этади:

Не майдон аро сурсам эрди саманд,
Ҳавосин кўнглум қилмас эрди писанд.
Бу андешадин эрди кўнглумда шайн (ғашлик) ­
Ки бўлди кўнглум мойили ­ “Хамсатайн”…

Илло, устоз салафларнинг улуғ “Хамса”лари (“Хамсатайн”) фақат мазмун-маъно ва қадр-баҳода нисбати йўқ достонларгина эмас, балки ўзининг ҳудудий миқёси-ла “икки жаҳон” моҳияти ва сабабиятидан баҳс қилувчи тақдир китоблари, беназир бадиий солномалар эдики, улар кўтарилган улуғ мартаба мақомидан туриб, Навоийнинг “Алишерий” тахаййул ва таҳаййур кўзгусида янги мўъжизоту ғаройибот оламини, жумладан, дунёвий ажойибот мулкини кашф этди:

Чу машғул ўлдум тамошосиға,
Ўтиб води-ю тоғу дарёсиға…
Жаҳоне кўрунди кўзума ниҳон,
Ниҳон, балки, ҳар байти ичра ­ жаҳон,
Қаю гўшаким нозир ўлдум даме,
Назарға эди жилвагар оламе…

На хуш ва не ҳайратки, Ҳақ насиб айлаган ўша “рўзи ком ­ улуғ муддао”, эзгу мурод ҳосил бўлмоғи энди ортиқ шубҳага ўрин қолдирмайдиган нафақат самарадор, айни равнақ босқичига кўтарилган, балки мавжвару пурвиқор паллага кирган ғаройиб дамларда ҳам, табиийки, яратиш дардию шавқи ­ фақат улуғ шоир ўзи биладиган нурли азоблари, изтиробли сурури ҳазратни бир нафас тарк этмаган:

Қилиб бу даъвою лофимни ҳам,
Соғиниб бурун дер газофим (беҳуда ўйлар)ни ҳам,
Уятға солиб бўйла ҳолат мени,
Ҳалок айлабон ҳижолат мени…
Гаҳе дебки: “Йўқ даҳли имкон мунга,
Тасарруф қила олмоқ инсон мунга,
Ўзимдин ишим яъси (навмидлик) жовид ўлуб,
Ишимдин кўнгул доғи навмид ўлуб…

Фақат даҳо санъаткорлар ўзларича кечириб ёхуд нуктадон билимдонликда мураттабу ҳассос тадқиқотчилар ўзларича мушоҳада ва идрок эта оладиган бундоқ ғаройиб ҳол: дам-ижодий юксакликлар сари кўтарилиш, дам гўёки унумсиз-тушкун кайфият; гоҳ улуғ зафарларга мушарраф бўлмоққа комил ишонч туйғуси, гоҳ, аксинча, ўзига ишончсизлик, иккиланиш ­ иштибоҳ зиддига, нафақат миллий тафаккур жавлонгоҳининг марди майдони, туркий “тил лашкарининг паҳлавони”, балки “фасоҳат мулкининг соҳибқирони”, тиниму ором нималигини билмаган буюк заҳматкашнинг азалий ва ногаҳоний зиддиятлардан холий бўлмаган шахсий ҳаёти ва ижтимоий фаолиятида… ўзига ҳар дам, ҳар жойда ёлғиз Аллоҳни ёру нажоткор, Қалам маъбуди Аторудни ва барча пири комил зотларни руҳий мададкор билиб, мудом ижод, яратиш дарди, шавқи ­ рағбатига содиқ қолди…

Мана ҳамишалик таомил деб билгани ­ холисона ҳаққонийлик, халқона зиддиятли ҳикмат (“яхши-ёмон”) ила жозиб, андеша ва самимият жавҳари-ла йўғрилган бошқа бир банд:

 … Ҳам ёмоним лутф ила яхши қил,
 Бўлди чу ул яхши ­ қабул айлагил.
 Яхши гар ўлмаса, ёмон ҳам эмас,
 Ёмонин ким яхши бўлса… демас?

Истеъдод қудрати, ижодкор шахсининг улуғлиги шундаки, у ижодда ҳамиша ҳалолликни, холисона ҳукмни дастурил-амал деб билади, содир этиладиган хато ­ нуқсонларни кўриб-билиб тургувчи олий Ҳакам, энг улуғ мунаққид ҳам Аллоҳнинг ўзидир; бас, Навоийнинг ижодий эътиқоди ва эътимоди ­ Ҳақнинг иноят ва ҳидоят йўлидир:

… “Ҳар не килким вараққа ёзди бу кун ­
“Килки тақдир” ёзмиш эрди бурун…
Сен не ёздинг ­ ани рақам қилдим,
Шак эмасдурки, саҳв ҳам қилдим…

Айни шу холисанлилло муносабат ­ ҳақиқат ва самимият пардасида мусулмони комил (“одамийлар одамийси”)нинг, майли, иштибоҳли иқрори ­ саҳв ҳам қилгани”… мантиқан ҳазрат Навоийнинг ҳали навқирон йигитлик йилларидаёқ кўнглига битган “улуғ муддао” йўлида янги музаффар манзиллар шукуҳи, том маънода юксак мукофот ­ шоир “сўзи”нинг “овоза”си яна-да баравж, “юз”ининг яна-да ёруғ бўлишига умидворлик, комил ишонч омилига айланади:

Илоҳий!.. Боқмағил ­ мажнунлиғимға,
Карамдин чора қил маҳзунлиғимға..
Иноят айнидин хомам сари боқ,
Қизил айла юзум, номамни ҳам оқ;
Юзум лутфинг суйидин тоза қилғил,
Сўзум кўсин баланд овоза қилғил…
Майи нутқум тарабхез айла, ё раб,
Найи килким шакаррез айла, ё раб!

Бу ­ “муножот” шакли ­ андозасида зуҳур этган, аслида улуғ ижодхонага ўзгача файзу виқор, илоҳий моҳият, чинакам руҳий-руҳоний салоҳият, пурмаъно фалсафий қиммат, Навоийнинг бадиият, санъат ­ Сўз хазинасига бирламчи жозиба ­ мантиқий қувват бахш этади.

ИККИНЧИ СУҲБАТ

Маълумки, жаҳон поэтикасида (чунончи, улуғ олмон шоирлари Гёте ва Шиллер замонидан эътиборан) русум бўлиб, қарор топган истилоҳ – шоирнинг умумлашма – универсал характердаги лирик қаҳрамони бир неча қиррага эга: шоир – сўз санъаткорининг ўзи; ориф – мутафаккир – файласуф; ошиқ – шайдои вола; сойир – қаландар, ринд воиз – носиҳ в.ҳ. Аниқ таъриф – Гётега мансуб: “Шеърларим қаҳрамони… бу менинг субъектив оламим билан “коллектив даҳо”нинг синтези”. (“Шеърият ва ҳақиқат” рисоласи). Бизнинг суҳбат-мулоқотимизда асосий қаҳрамон: ориф-мутафаккир ё шоир-санъаткор қиёфасида намоён бўлади. Демак, ҳазрат Навоийда лирик қаҳрамон тимсоли (образи) билан “толеъи саъд” ё “кавкаби иқбол”– бахт юлдузи (аниқроғи, иқбол фариштаси)нинг ўзаро ғойиб-сирли мулоқоти орқали бевосита ё билвосита ижодхонага дохил аломатлар ҳар гал “янги навъ ашкол” (Навоий)да ўзгача бадиий усуллар тамсил-ташбеҳлар тарзида инъикос этади.

Дастлаб (албатта, бу тартиб-сира шартлидир) шоир-мутафаккир санъатхонаси унинг хос “ҳужра”сида, Тангри илоҳий марҳамати-ла Қалам ва аҳли қалам маъбуди – Аторуд йўллаган элчи, ғойиб суврат, руҳий сийрат соҳибаси – фаришта… на хушки, ўша мўъжизакор илҳомий мулоқот асносида гўё атайлаб, йўқ, қалб амри-ла тун оромини тарк этган мислсиз заҳматкаш шоир ҳузурида “кулиб” пайдо бўлади:

Дедиким: “Эй, улусда нодири фард,
Бўлмасун хотиринг алампарвард…
Ўзни меҳнатқа солғон эмишсан,
Булъажаб ғамға қолғон эмишсан…
Бу – не андешаи хато бўлғай?
Сену мундоғ хато – раво бўлғай?

Бунингдай “фарруҳсуруш” – малоиксифат ҳамдарду ҳамрозлик сўровлари, айни яратиш дардига малҳам, шоён-дилхоҳ сўзлари шоир қаҳрамонининг баъзан иштибоҳли – навмид, “хотири алампарвард” кайфиятини кўтариб, умидбахшлик туҳфа этиб, ҳатто шоир қурбига ғойибдан яна қувват бериб, ўзига ишончини зиёда қилади:

Толеъи саъд ёрлиқ қилди,
Қаламим – дурнисорлиқ қилди…

Иқбол фариштасининг муборак илтифоти – ғойибона мадади билан улуғ шоир руҳиятида шундай мўъжиза – илҳомий ҳолат пайдо бўладики, кутилмаган тарзда янгидан-янги “сўз гуҳари” намуналари яратилиши гўё азалий хилқатнинг ҳар субҳидам нисор этадиган инъомидай, оддий ҳодисалардай туюлади:

Мен неча фикр айладим ўзума,
Ул жавоҳир (ноёб тимсоллар) кўрунмади кўзума;
Гуҳари обдори – жолача ҳам,
Лаълу ёқути – барги лолача ҳам…

Асл шеър дурдоналарининг яратилиш жараёнига дахлдор бундай “тарҳи тоза ва беандоза” (Навоий) муқояса-нисбатлар – ҳаққоний, самимий иқрор сўзларини машриқу мағрибнинг барча даҳолари шеъриятида кузатиш мумкинки, буни қонуний ифтихор туйғуси ё ноҳақ маломатларга жавобан исёнкор қалб нидоси – мағрур янграгувчи фахриядан кам бўлмаган шикаста дил изҳори деб англамоқ лозим бўлади; мана даъвомиз далилининг насрий баёни: мен неча бор ўзимча фикрлаб қиёслаб кўрмайин, яратган сара, хўб-аъло байтларимнинг ҳар бир “гуҳари обдори” (тонг шабнамидай тиниқ, тоза дурдонаси… баҳор ҳавосининг офати – жола қадарли, ҳар бир “лаълу ёқути” (ноёб конларнинг асл ва камёб қизил тошларига бергувсиз маъни дурлари, пурмаъно, дақиқу нуктадон тимсоллари) қир-адирларда бир муддат очилиб, баҳорий елларга дош беролмай, сочилиб кетган қадрсиз лола баргича ҳам туюлмади… Мана даҳоларнинг ўзгача дақиқ баҳо мезони!!..

Навоий каби Сўз даҳолари аҳён-аҳёнда тин олган, нафас ростлаган кезларида ҳам, шоир қалби, шуури, тафаккури хаёлот, хотирот олами, унинг ўзгача мавжвар ҳиссиёти, ҳайратлари, чегара, муҳофаза, қарор, қўним билмас – бундайин дунёвий мезонларга итоатсиз руҳий хилқати… қизғин фаолиятда, изланишда, ижодий жараённинг сирли-сеҳрли оғушида бўлади. Бундай ғойиб-ғаройиб, том маънода мўъжиз ҳолатни ҳассос сўз даҳоси шундай тавсифлайди:

…Айладим ҳужра азми тинмоқ учун,
Кўзларим уйқудин… исинмоқ учун,
Жилва қилди назар фазосинда,
Навм (уйқу)-у уйғоқлик аросинда!
Мутаҳаййирки: не мисол эркин?..
Мана бу – тушму ё хаёл эркин?..

Ҳа, бизлар ҳам, лоақал бир неча дақиқа буюк заҳматкаш шоиримиз кечирган бундайин руҳоний-мўъжиз ҳолатларни шахсан (вужудан) кечиролмасак-да, фақат баҳоли имкон – ожизона тасаввур этиб кўрсак!.. Қалам ва бори аҳли қалам маъбуди – Аторуд илтифот ва шафқат кўрсатиб, фақат бир неча дақиқа “тинмоқ учун… ҳужра азми айлаган”, шунчалар улуғлиги билан чунонам “ҳақиру фақир” Навоий кечирган ажабдан булъажаброқ ҳолатни аниқроқ шарҳлашга қаламимиз ожиз. Чунончи, биргина: “назар фазосинда… жилва қилган” мўъжизакор руҳий ҳолатнинг ўзи… ўша шеър яратиш жараёнига дахлдор, яъниким – “сўз гуҳари”, маъни гуҳари”дан ноёб намуналар даракчиси эмасмикин? Не ажабу не ҳайратки: “бу тушми ё хаёл” дея ўзи “мутаҳаййир” ҳолатини кечирган пурзавқу пурдард шоиримиз, эҳтимол, фақат закий табъ мунаққидлар, йўқ, мураттаб руҳшунос, мураббий устозлар бир қадар аниқроқ изоҳлаб, тушунтириб беришлари мумкин бўлган, ҳар қалай, раббоний “мўъжиз” ҳодиса (аниқроғи, бу – ҳолат) мақомига етмаса-да, маълум маънода “сеҳр… бор”:

Тил анин васфидин эрур ожиз:
Сеҳр худ бор, агар эмас мўъжиз…

Биз айни шу байт орқали улуғ ижодхонанинг икки муҳим жиҳатини: “сеҳр” – нима-ю, “мўъжиз” ҳолат – нима, ўртадаги бор сирру синоат, оддий назар, ўзимиз кўниккан, ишонган тафаккур илғамас, илғай олмас ажаб нозик тафовутни фақат ботиний кўз – басират (“ҳавоси хамиса” – беш руҳий сезгининг аввалгиси) нигоҳи ё ўткир-пурдон фаҳм-фаросат ажрата биладиган, фасоҳат ва балоғат илми зурафолари тасарруфидаги нозик нукта, нозик хаёл маъносини англай оламиз…

Аторуд элчиси “мунҳийи роз” (сирлар даракчиси) ё “кавкаби иқбол” (толеъ фариштаси) билан Навоийнинг мажозий қаҳрамони шоир-мутафаккир ораларида кечган ғаройиб мулоқот-суҳбат давом этади:

…Мен қабул айлабон, дедим: “Де сўз!” –
Ки, оғиздин бурун очилди кўз…
Кўз очиб англадим: туш эмиш бу,
Кўз юмуб, истадим – яна уйқу…

Воажаб! Улуғ ижодхонанинг биз учун бениҳоя табаррук ва муборак “ҳужра”сида даҳо шоир шахсан кечирган ва баногоҳ: “кўз очиб англаган” яна-да сирли ҳолатда: “кўз юмуб истаган, ғаройибдан-ғаройиб ҳол – туш аралаш уйқу, бу – фақат даҳолар кечирадиган ва уларнинг ўзлари биладиган, ўзлари шарҳлаб, таҳқиқ этиб беришлари мумкин бўлган мўъжиз бир ҳол!.. (бундай уйқу истагидан улуғ мутафаккир-шоир нималарни кутган, унинг қандай муборак таманно-ю умид-армонлари бўлган экан, афсус-надоматлар бўлсинки, бу ҳақда умумий тарзда ҳам тасаввур қилолмаймиз…). Фақат ўзимиз билганча, қурбимиз етганча бу туш аралаш уйқу асносини тахминан шундай фараз қилиб, хаёл кўзгусида тиклашга ожизона уриниб кўрамиз: ҳа, Сўз даҳосида ўша мўъжизакор кеча қаърида ёлғиз ҳамнафас – шамчироқ неъмати ва раҳматидан файзиёб “ҳужра”нинг зоҳиран мўъжазгина дунёси (микромири) ҳудудида, моҳиятда эса “икки жаҳон” хаёлоти ва мўъжизотини мужассам эта олган (бунга салгина шубҳа-иштибоҳ бўлиши мумкин эмас, бунга Навоий дунёси асос бермайди!) бу муборак даргоҳ – ижодхонада ҳазратнинг кўнгил уммонида, қалб “Каъбаси”да покзодлар ичра покдоман руҳий хилқатида нафақат исломий-илоҳий эътиқод-эътимод тақозоси бўлган муқаддас “маъни”лар ҳикмати, айни чоғда дунёвий масалалар, мавзулар: қадрдон, жафокаш, балокаш эл-улус, Ватан, давлат-салтанат ғамида, қайғусида, замон ва аҳли замон ташвишида, башарият тинчлиги, омонлиги, авлодлар тақдири, маърифат, фасоҳат равнақи йўлида чеккан хайрли азоб-изтироблари, нурли, “навобахш” риёзатлари… ҳайратомуз тарзда муносиб ўрин, қадр, эътибор топганига шубҳа қилиб бўлмайди. О, бу “умри азиз” яна бир неча муддатга вафо қилганидами, айтайлик: Саъдий, Лутфийлар, лоақал Жомийларнинг улуғ ёшлари… ул зоти шарифга ҳам рўзи насиб этганида борми… эҳ-ҳе, яна қанча янги достонлар, рисолалар, ёдномалар, ғазаллару қасидалар, балки солномалар битилар эди (“Вақфия”дан, “Муншаот”дан, “Хамса”дан ҳам бундай орзу-армон сатрларини кузатишимиз мумкин-ку…).

Яна “кавкаби иқбол” (толеъ юлдузи)нинг шоир қаҳрамонига ғойибона йўллаган хитобига қайтамиз:

“–Эй булбули зори илҳонсаро,
Вале сўз риёзида дастонсаро!
Наво ичра минг лаҳнсозинг қани?
Дасотини хотирнавозинг қани?”…

(банд шарҳи аввалида ”лаҳнсозинг” – навосозлигинг эканини, ”дасотини хотирнавоз” изофали бирикма: улуғ достонларга монанд-муносиб кўнгил ва хаёлот мулкинг, руҳий-маънавий бисотинг каби маъноларни англатишини изоҳлаб ўтиш эҳтиёжи бор…) Балким, айтиш жойиздир: Алишернинг Самарқанддан Ҳиротга, пири бузруквори Саййид Ҳасан Ардашерга йўллаган машҳур мактубида зуҳур этган улуғ армонлар яна шоир хаёлидан ўтган бўлиши мумкин. Ўша хатда, жумладан, “Шоҳнома” мақомидаги улуғ достонлар яратиш истаги, умиди аён сезилиб, барқ уриб турарди…

Ўша сирли-сеҳрли фаришта – “фаррухсуруш” элчи мутафаккир-шоир қаҳрамонини яна-да зиёдроқ муждалар билан сийлайди:

“… Санга онча Ҳақ лутфи воқеъдурур –
Ки то турк алфози (тили) шоеъ (шариф) дурур.
Бу тил била то назм эрур халқ иши,
Яқин қилмамиш халқ сендек – киши…
Қаю ишқи бўлмиш муяссар сенга,
Бўлурму бу андеша бовар сенга?..
Кўнгулдин таваҳҳум (хавотир)ни айлаб адам,
Илик ишга ур – йўлға қўйғил қадам!
Сенга турк ақолимин айлаб рақам,
Азалда насиб айламиш якқалам!”

Навоийдек беназиру бенисбат Сўз даҳоси ижодхонасининг, аввало, ҳудудий-иқлимий (“турк ақолими” доирасида) бепоён Туронннинг (Олтой–Сибир ерларидан Қрим хонлигигача, Шарқий Туркистондан Кавказ ортигача – бениҳоя улуғ миқёси, демографик кўламдорлик жиҳатидан халқаро-байналмилал мақом, мартабага, жаҳоний қадр-қиммат, олий баҳога мушарраф бўлмоғи учун (“… Агар бир қавм, гар юз, йўқса, мингдур, Муайян турк улуси худ менингдур. Олибмен тахти фармонимға осон, Черик чекмай Хитодин то Хуросон…”) лоақал, минтақавий тиллар, эл-элатлар сарҳадидан ўтиш, қанча солномалар, тазкираю рисолалар, баёзлар жилдини синчков назар билан мушоҳада қилиш, хулласи калом, Низомиддин Алишер Навоий кўтарилган тафаккур чўққисини забт этмоқ, теран заковат, фасоҳат – бадиият қонунларини ўрганмоқ тақозо этилади. Эҳ-ҳе!..

Бас, Навоий англаб етган Ҳақиқат биз, ҳар қалай, умумий тарзда тасаввур этганимизга нисбатан анчайин мураккаб, моҳиятда эса азалий ва ногиҳоний зиддиятлардан фориғ эмас. Шунинг учун улуғ мутафаккир реал ҳақиқат билан юзма-юз туриб, холисанлилло мулоҳаза-мубоҳаса юритиб, очиқ-ошкор ҳукм чиқарадики, бу, шубҳасиз, шоир ижодхонаси ҳақида ўзгача салоҳият, саъжия (характер) фавқулодда тафовутли қиёфа-аломатли манзара яратади:

Ё раб! Агар бўлди каломим узун,
Мундин ҳам журм (гуноҳ)им фузун…
Ҳиммат – учуб равзаи жаннат сори!
Нафс – чекиб чоҳи жаҳаннам сори…

Ва ҳолбуки, биз ҳазратнинг муборак ҳаёти, табаррук меросидан фақат зоҳиран бохабар бўла туриб (шубҳасиз, моҳият бу зотнинг боқий руҳиятига ва ёлғиз Аллоҳга аён!…), Навоий англаган ўша… “жаннат боғи” томон учган “ҳиммат” қуши ўзи нима-ю, покдоману парҳезкор ориф-шоир умри бўйи (маъсум болалик чоғидан то “Фаноия” хилватгоҳида кечган, ўй-хаёли “Ансория” зиёратгоҳини супуриб–сидириб ўтказмоқ ниятидан иборат, – фақат танҳоликни қўмсаган хизрсифат кексаликкача) ўзини, ўзлигини олам ва муҳит ғавғоларидан имкон қадар маҳфуз этиб, ниҳоят, “нафс” (шайтони лаъин васвасаси)нинг бори кирдикори, оқибат-асоратлари нималигини биз ҳам бир қадар тушуниб етган ё етмаганимиз ҳолда, башарият даҳолари орасида яктоси… Навоий хаёлан кечирган сафобахш “таманно”лар, тортган алам-андуҳлар поёнини, барибир, билолмаймиз!..

Ҳар не алар солса – таманно манга,
Турфа буким, барча – муҳайё манга…

Не ажабки, ҳазрат кечирган шунчалар тафовут-зиддиятли ўй-хаёллар шиддатини биз ҳам озми-кўпми тасаввур этганимиз ҳолда (майли, “ҳиммат” туфайли ҳосил бўлган бори савоб амаллар ва билъакс, бу вализот доимий иштибоҳли-эҳтиёткор одатига биноан “нафс” отлиғ офатдан содир этилган ғайриихтиёрий гуноҳларнинг (қайси бир “гуноҳ”?!) – “барчаси муҳайё эканига қарамай), ҳамма-ҳаммасини билиб, кўриб тургувчи ул Алимул-азим Ҳақ таолонинг муборак мағфирати – “баҳри афви”дан нажот топган шоир қаҳрамони (ориф-мутафаккир)га умид фариштаси яна ўша… ғойиб хилқатдан мададга келади:

…Шеър ҳам чун кишиғадур фарзанд,
Кўнглига қуту бағрига пайванд.
Чун ўғил айбини ато кўрмас,
Кўрса ҳам, қилғонин – хато кўрмас…

Биз шарҳлашда давом этиб, шартли равишда тугалламоқчи бўлган ушбу “Иккинчи суҳбат”га оид шеърий тамсиллар – улуғ ижодхона лавҳаларида аввалги мулоқот таркибидаги ажаб зиддиятли ҳолатни такроран кузатишимиз мумкин: улуғ мутафаккир: “тенгри эҳсони”, “тенгри лутфи”, “Ҳақ инояти”, “тақдир хомаси”, “килки Сунъ” шаънига, “улуғ комлардин… бахтиёр”лиги, бу борада “улусда нодири фард” эканлиги хусусида, хоҳ ғойиб суҳбатдошларнинг бири – шоир қаҳрамони (ориф-мутафаккир) номидан, хоҳ Қалам ва қаламзан аҳлининг маъбуди Аторуд йўллаган малоика-фаришта – илоҳий даракчилар (“мунҳийи роз”, “толеъи саъд”, “кавкаби иқбол”) тилидан қанча фахрия – васф сўзлари айтмасин, ҳам улуғлардан улуғ, ҳам “ҳақиру фақир” шоиримизни доимо “дину иймон”, “нангу ном” (номус, шаън), “ҳаё”, “вафо”, “андеша” ҳаками, комил инсон тимсолидаги посбон-соқчилар зимдан муҳофаза этиб, кузатиб туради…

…Тенгри учун, эй кўнгил, инсоф бер!
Диндан агар нафс чиқармас, не дер?..
Менки, бу нафс илкида афгормен –
Мунча балоларга гирифтормен…
Зоҳирим авқоти (вақтлари) ёмондин-ёмон,
Ботиним аҳволи ондин ёмон!..

Ҳа, тенги, нисбати йўқ улуғ ижодхонанинг соҳиб-мутасаррифи кечирган, яқин мусоҳиб, муҳибу мухлис замондошлар учун гўё шахсий ҳаёт дамлари (“зоҳирим авқоти”), ҳар қалай, аён (”ёмондин-ёмон”) эмиш-да, руҳий-ботиний маънода, сирли-мўъжиз жиҳатлари қанчалик сафобахш ва навобахш, айни чоғда (ҳатто шу қутлуғ ижодхона ҳам тафовутдан фориғ эмаски, бу – ”Алишерий” рўйиростлик шаҳодати!) ”нафс илкида афгор” вали зотнинг ”ботиний аҳволи”… ондин ёмон”роқ эмиш!.. (беихтиёр равишда: ”наҳотки бу иқрор рост бўлса?!” деб хитоб қиламиз ва яна ўйланиб қоламиз: ”эҳтимол, бу фақат Навоийдек наби сийратсиймоларга мушарраф бўладиган айбсиз айбдорлик – Аллоҳ олдида ”асру осийлик, мужрим маосийлик” – журм-гуноҳлар мажмуи деб ҳисобланса, бундай ”тавбаи комил” – улуғ тазарру туйғуси олдида лолу ҳайрон бўлмай иложимиз қанча… демак, биз Навоийни теран англашда мудом адашамиз…).

Бундай ўйчан-зиддиятли, сувратдан сийрат томон тобора кучайиб, чуқурлашиб борувчи ҳукм-хулоса, бизнинг Навоий ижодхонаси ҳақидаги кузатишларимиз нисбий ҳақиқат ифодаси эканидан далолат бермайдими?.. Зотан, бу улуғ ижодхонага (ҳали жудаям кам, нисбий-мўъжаз тамсиллар заминига қурилган), умуман, даҳо шоир-мутафаккир дунёсига дахлдор ҳақиқатлар, тафовутли ҳолатлар, жараёнлар, сирли-сеҳрли жиҳатлар – “Алишерий” ҳақиқатлар сабоғини қуйидаги шоҳбайтдан ўтказиб ифодалаш осон бўлмаса керак:

…Чу Ҳақдин эди ул саодат менга,
Бу душвор иш ичра жалодат (жасорат) менга…

Менинг назаримда, бу пурҳикмат байт “Иккинчи суҳбат”ни якунлаш учун, барибир, камлик қилаётгандай туюлди. Илло: Алишер Навоий ҳазратлари учун ҳар қандай мушкил вазъиятда ҳам фақат умидбахш руҳ муносиб – шойистадир:

…Надомат кўзини ашкнок айлабон,
Ҳам ул сув била ғусли пок айлабон…
Солиб кўнглума Сўз демак ниятин,
Кийиб эгнима доғи сўз кисватин,
Суханварлиғ асбобини соз этиб,
Дурри назм сочмоғлиқ оғоз (киришмак) этиб,
Тузай назм мулкида шоҳона базм,
Ҳамул базм сари қилай ёна азм!..

Ал-қисса: танлаб олинган мазкур банднинг, лоақал аввалги байтини мухтасар шарҳлаб ўтиш ўзи кифоя: муборак исломий тоат-ибодат русумини… фасоҳат оламининг қутлуғ даргоҳи – ижодхона жараёнига бунчалар мавзуну асосли тарзда нисбат бериш бобида қанчалик пурдону нуктадон маъно-мантиқ, теран руҳий-ботиний эҳтиёж тажассуми – бетакрор ифодасини кузатиб, боз ҳайратланамиз.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!