«Сариқ аждар» ҳамласи

Бу ўлка сайёҳларни ўзига энг кўп жалб этаётган мамлакатлар рўйхатида у қадар муҳим ўринга эга эмас. Унинг халқини дунёнинг энг фаровон яшаётган одамлари деб айтсак ҳам муболаға бўлади. Лекин бугун «сариқ аждар» болалари* тез орада барча жабҳаларда дунё рўйхатида пешқадам бўлишга даъво қилишмоқда. Уларнинг бу даъволари қанчалик ҳақиқатга яқин?

Университетда ўқиб юрган кезларим факультетимизга маданий алмашинув дастури бўйича хитойлик бир гуруҳ талабалар ташриф буюришди. Улар билан бир ой мобайнида Хитой ва Ўзбекистон халқлари урф-одатлари, турмуш тарзи, бугунги куни ҳақида фикр алмашдик. Меҳмонлар орасидан шанхайлик бир талаба йигит Хитойнинг яқин ўтмиши ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берганди: «Болалигимда бир куни уйимизга отам янги телевизор олиб келди. Шу куни қўшниларимизнинг аксарияти чиқиб, биз билан алламаҳалгача телевизор кўришгани эсимда. Чунки у пайтлар камдан-кам оилада телевизор бўларди…»

Бу воқеа содир бўлганига ҳам ўн йилдан ошди. Кеча телевизор кўриш учун қўшнисиникига чиққан хитойлик бугун уни ўзи ишлаб чиқариб, жаҳон бозорида энг харидоргир нархда сотмоқда. Хитойнинг энг катта шаҳри бўлган Шанхай эса бугун нафақат мамлакатнинг, балки бутун жаҳон молия бозорининг маркази бўлишга даъвогар.

Хитой ХХ аср сўнгида коммунист режими ва иқтисоднинг социалистик йўналишини ўзгартирмаган ҳолда мамлакат бозорини либераллаштириш йўлига ўтди. Натижада, бир неча ўн йил ичида мамлакат иқтисоди катта ривожланиш палласига кириб, ҳар жабҳада аввал Шарқий Осиёнинг, сўнг Осиё ва бутун жаҳоннинг катта таъсир кучига эга сиёсий ва иқтисодий марказларидан бирига айланди.

Бугун айни шу гуркираб ривожланиш дунё сиёсий доираларида, Хитой дунёнинг биринчи рақамли кучли давлати бўла оладими, деган турли кайфиятдаги қарашларни юзага келтирмоқда.

Кўплаб мамлакатларда ўтказилган сўровларга қараганда, Хитойнинг бу номга даъвогарлиги аллақачон бошланган. Пю тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, Японияда 67 фоиз аҳоли Хитой тез орада АҚШ ўрнини эгаллаб, дунёнинг энг қудратли давлатига айланади, деган фикрда. Хитойнинг ўзида 53 фоиз одам Чин диёри дунёда энг катта куч бўла олишига ишонади.

«Германия, Испания, Франция, Буюк Британия ва Австралияда сўроқ қилинганларнинг аксарияти, Хитой аллақачон АҚШни кучлиликда ортда қолдирган ёки тез орада шунга эришади, деб ҳисоблайди», деб ёзилади Пю тадқиқотида. АҚШда эса аҳолининг 53 фоизи Хитойнинг пойгада ғолиб чиқишига шубҳа қилади.

Дунё миқёсида экспертларнинг бу борадаги фикри хилма-хил. Лекин Хитойнинг етакчиликка қараб жиддий илдамлаб бораётганини ҳеч ким инкор этмайди.

Бир фаразга кўра, Хитой АҚШни иккинчи жаҳон урушидан бери эгаллаб келаётган дунё иқтисодиёти лидерлигидан тушириш арафасида. Мазкур қарашни олға сурган Жоржия технология институти тадқиқотчилари илм-фан ривожига катта сармоя сарфлаётган Хитойнинг тез орада дунёда 1-рақамли технологик кучга айланишига шубҳа қилишмаяпти. Ўтган йили ўтказилган яна бир тадқиқотга кўра, Хитойнинг беҳисоб аҳолиси унинг тараққиётини тезлатаётган энг катта «Энергия манбаи»дир. Бу жараён, айни пайтда, турли иқтисодий-сиёсий доираларда ташвиш уйғотмоқда.

«Агар Хитой дунё ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсир қила олувчи кучга айланса, бошқаларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмай қўяди, деган ҳадик АҚШ, Европа, Яқин Шарқ ҳамда Хитойнинг ён қўшнилари Жанубий Корея, Япония ва Австралияда кенг ёйилган», деб ёзади Пю таҳлилчилари.

Одамлар Хитойнинг дунёга эгалик қилишини Наполеон давридан бери башорат қилиб келишади. Хўш, дунёнинг энг қудратли давлати бўлиш ўзи нима дегани? Бу саволга бериладиган жавоб билан аниқланадиган Хитой тақдири Пекин осмони каби ғуборли ва ноаниқдир.

Қудратли бўлишнинг тўрт шарти

Қудратли давлат «этакчи куч ва дунёнинг исталган бурчагига ёки бир пайтда Ер шарининг бирдан ортиқ ҳудудига таъсир қила олиш салоҳиятига эга мамлакатдир», деб ёзади Стендфорд университети тадқиқотчиси Алиса Миллер. Унга кўра, давлат қудратли бўлиши учун тўрт шарт бажарилиши керак. Яъни, мамлакат ҳарбий, иқтисодий, сиёсий ва маданий жиҳатдан бошқалардан устун бўлмоғи лозим.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШ дунёда ягона ана шундай давлатга айланди ва кўп йиллар жаҳон савдосининг 40 фоизини ўз назорати остида тутди, дейди Миллер. Кўп мамлакатлар миллий валюталари қийматини доллар асосига қуришди. Инглиз тили глобал сиёсат ва бизнес тилига айланиб, Америка маданияти ва яшаш тарзи бутун дунёни эгаллади. Собиқ Иттифоқ қулагандан сўнг эса АҚШ шак-шубҳасиз дунёнинг 1-рақамли энг кучли давлатига айланди.

Мазкур биринчиликнинг муҳим белгиси бу гегемонликдир. Гегемония (Ҳегемонй) юнонча сўз бўлиб, етакчилик (лидерлик) маъносини англатади. Гегемонлик бошқа давлатларга ўз сиёсатини ўтказиш демакдир. Бу нарса Рим ва Буюк Британия империялари даврида ёки ўтган асрнинг 30-йилларидаги Германия ҳаракатларида кўринганидек, очиқ зўравонлик йўли билан ёки бугунги нео-империализм даврида мамлакатларни маданий ва иқтисодий йўл билан эгаллаш орқали амалга оширилиши мумкин. Тарихчилар Россиянинг кўп бор дунё сиёсий саҳнасида гегемонлик қилишга уринганини, лекин бу борада муваффақият қозонмаганини ёзишади. Хитой эса, кўпинча, Шарқий Осиёнинг ҳудудий гегемон давлати сифатида тилга олинади.

Дунё иқтисодий-сиёсий ҳаётида АҚШ устунлигини таъминлаётган яна бир муҳим омил – бу доллар гегемониясидир. АҚШ Президенти номзодлигига даъвогар Рон Паул икки йил бурун, «АҚШ етакчилигини таъминлаётган муҳим омил бу долларнинг кучи ва жозибасидир, лекин доллар гегемонияси ўз ниҳоясига етмоқда», деб ёзган эди.

Хитой қудратли бўла оладими?

Ўтган икки ўн йилликда ўзига хос катта кучга айланган бўлсада, «Хитой ҳали қудратли давлат бўла олгани йўқ ва яқин орада ҳам бундай бўлиши кутилмаяпти», деб ёзади Миллер.

Ташқи алоқалар консуллигида Хитой масалалари бўйича тадқиқотчи Адам Сигелнинг айтишича, ХХ асрнинг 90-йиллари ўрталаридан бери Хитойнинг халқаро муносабатларда ўзини тутиши намунали бўлиб келяпти. Мамлакатнинг такрор-такрор айтаётган ибораси, «Хитой учун яхши бўлган нарса бошқалар учун ҳам яхшидир». Яъни, уларга кўра, Хитой иқтисодининг кўтарилиб, нафақат Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда таъсирчан кучга айланиши дунёнинг барча халқлари учун бирдай манфаатлидир.

«Хитой қўшнилари билан тинч ва тенг асосларда ҳамкорлик қилиб келмоқда», дейди Сигел. Шунга асосан унинг айтишича, Хитой қудратли давлатга айланган тақдирда ҳам бошқа мамлакатлар манфаати учун хавфли бўлган сиёсат юритмайди.

Кўплаб мутахассисларнинг фикрига кўра эса, бугунги глобал сиёсий жараён шундай янги босқичга кўтариляптики, эндиликда суперкучли давлат тушунчаси илгаригидек бўлмайди. «Совуқ уруш» якунидан шу кунгача бўлган даврда бир қутбли тизим амал қилган бўлса, бундан буён келажакда бир неча кучли давлатлар мавжуд кўп қутбли дунёга айланиши мумкин. Бунда АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон каби йирик ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий қувватга эга мамлакатлар дунё ҳаётида тенг таъсирли кучга айланишади. Улар орасида Хитойнинг муҳим ўринга эга бўлиши аниқ. Аммо муаммо шундаки, Хитой етакчилик лавозимини намунали бажарадими ёки гегемонликка ўтиб оладими, бунга ҳали жавоб топилгани йўқ.

АҚШ ўрнини эгаллай оладими?

«Хитой АҚШ билан зиддиятларга киришмаслик учун бор имкониятини ишга солади», деб ёзади Калифорния Университетининг Глобал зиддиятлар ва ҳамкорлик институти директори Сюзен Шерк. (Сюзен АҚШ Давлат котибининг Хитой масалалари бўйича собиқ ўринбосари бўлган). «Халқаро масалаларда Хитой биз билан зиддиятга киришишдан кўра кўпроқ ҳамфикр бўлишни маъқул деб топмоқда,-дейди у.- Бошқа давлатлар билан солиштирилганда, Хитой бизнинг Ироқдаги амалиётимизни камроқ танқид қилган мамлакатдир».

АҚШ иккинчи жаҳон урушидан бери дунё иқтисодини назорат қилиб келмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири таълим ва технологияга ажратилган катта маблағ бўлди. Хитой ҳам айни шу йўлдан бугун бормоқда.

Америкалик олимларнинг фикрича, мамлакатда бу соҳани ушлаб турган федерал маблағларнинг ажратилмай қўйгани сўнгги йилларда АҚШнинг илм-фан ва технологиядаги лидерлигини ниҳоясига етказмоқда.

Шу йил Жоржия технология институти эълон қилган тадқиқотнинг кўрсатишича, тез орада Хитой технологик ва саноат молларини экспорт қилишда АҚШни ортда қолдиради. «ХХ аср бошидан бери биринчи марта тадқиқот ва унинг натижаси бўлган саноат молларини ишлаб чиқариш соҳасида АҚШ лидерликни бой бериш арафасида экани кузатилмоқда,»-дейди тадқиқот муаллифларидан бири Нилс Нюмен.

«Хитой, дарҳақиқат, технология соҳасида дунё иқтисодини ўзгартириб юборди.-деб ёзади яна бир тадқиқотчи Ален Портер.- Бу юртнинг камхарж ва арзон саноат моллари бошқа мамлакатларни рақобатда осонликча ортда қолдирмоқда».

Халқаро илмий журналларда саноатнинг сўнгги йўналишларига оид энг кўп илмий мақолаларни чоп этаётган олимлар ҳам бугун хитойликлардир, дейди Портер. Хитой яна фазони кенг тадқиқ этаётган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Технология соҳасидаги бақувват иқтисодий кўрсаткич қудратли давлат бўлишнинг ягони ўлчови бўлмасада, лекин энг муҳими экани шубҳасиз. Бу борада АҚШ етук тажрибага эга, Хитой эса даврага энди кириб келаётган ёш ва навқирон мамлакатдир.

«Бу худди 40 ёшли одамнинг 12 ёшли, лекин бўйи ўзи билан тенглашиб қолган ёш ўйинчига қарши баскетбол ўйнашига ўхшайди, – дейди Нюмен. – Сенинг ёшинг улуғ, тажрибанг етарли, лекин бу устунликни доим ўзингда сақлаб туришинг имконсиз. 12 ёшли болакай эса кундан-кун улғайиб боряпти. Келажак АҚШ учун унчалик ҳам порлоқ эмас».

Ўтган йили Ла Сиерра университети бизнес мактаби тадқиқот ўтказди. Унинг хулосасига кўра, Хитой аср ўртасигача халқаро иқтисодиётни ўз назорати остига олиб, қудратли супердавлатга айланади. Унда, шунингдек, Ҳиндистон ҳам Хитой кўрсаткичларига яқин мавқеда бўлиши айтилган. Ҳозирда АҚШ аҳолиси 305 миллион бўлса, Хитойники 1,3 млрд., Ҳиндистон эса 1,1 млрд.лик халққа эга. Тез ўсаётган ва ёш аҳоли давлат тараққиётига ижобий таъсир кўрсатадиган катта потенциал ҳисобланади.

«Мазкур ўсиб келаётган янги супердавлатлар киши бошига ялпи миллий маҳсулот кўрсаткичи бўйича ривожланган давлатларга ета олмаса ҳам, лекин улкан миқдордаги аҳолиси ҳамда таълим ва технологияга бераётган катта эътибори орқали дунё раҳнамолигига ҳақли даъвогарлик мавқеига эриша оладилар», деб ёзади тадқиқот муаллифлари.

АҚШ ва Хитой муҳорабаси: ким ғолиб чиқади?

Хитой ва АҚШ ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви бориб-бориб ҳарбий низога ва очиқ урушга айланиб кетиши мумкинлигини ҳеч ким инкор этмайди. Муаммо шундаки, анъанавий қурол-аслаҳа ва ядро ракеталари билан тўла қуролланган бу икки мамлакат ўртасидаги уруш нафақат ўзлари учун, балки бутун дунё учун катта вайронагарчилик келтириши табиий. Бугунги глобаллашган ва интеграциялашган дунёда икки қудратли давлатнинг уруши 3-жаҳон муҳорабасини келтириб чиқариши эҳтимолдан узоқ эмас.

Самуэл Ҳантингтон ўзининг машҳур «Тамаддунлар тўқнашуви» китобида АҚШ ва Хитой ўртасида ҳарбий зиддият юзага келса, унинг оқибати нима билан тугаши мумкинлигини қуйидагича тасаввур қилиб кўради:

“Фараз қилинг, 2010 йил. АҚШ аскарлари Кореяни тарк этган. Япониядаги қўшинлари сони ҳам анчага камайган. Тайван ва Хитой ўзаро келишувга эришган бўлиб, унга кўра, Тайван расмий мустақилликни сақлаб қолган бўлсада, амалда Хитой суверенитетини тан олган.

Тўсатдан Жанубий Хитой денгизида янги нефть заҳираларининг топилиши Хитойнинг бу ҳудудга тўла эгалик қилиши ҳақидаги эски даъвосини яна қўзғаб юборади. Денгизнинг Ветнам қўл остидаги ҳудудида Америка компанияларининг ишлаётгани Хитойга ёқмайди. Хитой денгизнинг тўла ўзига қарашли эканини рўкач қилиб, Ветнам билан қуролли тўқнашувга бориб етади. Натижада Хитой Ветнамга қўшин киритади. Ветнам ҳукумати АҚШга ёрдам сўраб мурожаат этади. Хитой АҚШни ўзининг ички ишларига аралашмаслигини сўраб огоҳлантиради. Япония ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари иккиланиб қолади. АҚШ Ветнамнинг босиб олинишини қабул қилиб бўлмас деб баҳолайди ва Хитойга қарши иқтисодий жазо чораларини татбиқ этади ҳамда ҳудудда қолган оз сонли ҳарбий флотини Жанубий Хитой денгизига киритади. Хитой буни ўз ҳудудига қилинган дахл деб қабул қилади ҳамда АҚШ кемаларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштиради. БМТ Бош Котиби ҳамда Япония бош вазирининг тинчлик ўрнатиш борасида қилган музокаралари муваффақиятсиз якунланади ва уруш Шарқий Осиё бўйлаб кенгайиб боради. Япония АҚШга ўз ҳудудидаги ҳарбий базалардан Хитойга қарши фойдаланишини тақиқлайди ва ўзининг бетарафлигини эълон қилади. Хитой ҳарбий флоти ва ҳаво ҳужумлари АҚШ кемаларига ҳамда унинг Шарқий Осиёдаги бошқа базаларига жиддий зарар етказади. Бу орада Хитой қўшинлари Ханойга кириб боради ва Ветнамнинг катта қисмини ўз назорати остига олади.

Урушаётган ҳар икки тарафда ядро қуролларини ташишга қодир ракеталар бўлгани ҳолда урушнинг дастлабки даврида улар ишга солинмайди. Лекин қарши томон ядро қуролини ишлатиши мумкинлиги ҳақидаги ташвиш ҳар икки томонни, айниқса, АҚШни кўпроқ безовта қилади. Бу нарса АҚШ жамоатчилиги орасида урушга қарши норозилик кайфиятини кучайтиради. Олис ҳудуддаги арзимас манфаат учун мамлакатни ядро ҳужуми хавфи остига қўйиш шартми, деган қарашлар юзага келади. Натижада АҚШ 1942 йили Япония бошидан ўтказган вазиятга тушади: «Бу улкан давлатни [Хитойни] енгиш қимматга тушади. Ундан кўра муроса йўлини топганимиз маъқул».

Бу орада мазкур уруш бошқа тсивилизацияларнинг етакчи давлатларига ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлайди. Хитойнинг Шарқий Осиёда банд бўлиб қолганидан фойдаланган Ҳиндистон азалий душмани Покистонга унинг анъанавий ва ядро қуролларини яксон қилиш учун уруш очади. Покистонга ёрдам учун иттифоқдошлари Хитой ва Эрон етиб келади.

Хитойнинг АҚШ устидан қозонган дастлабки ғалабалари аксилғарбий кайфиятдаги мусулмон ўлкаларда АҚШга қарши ғалаёнларнинг бошланишига туртки беради. Аста-секин Араб мамлакатлари ва Туркияда Ғарб билан муроса қилувчи ҳукуматлар исломчи ҳаракатлар томонидан ағдарилиб, улар ўрнига диний бошқарув ўрнатилади. Сўнг араб давлатлари биргаликда Исроил давлатига қақшатқич ҳужум уюштиришади. АҚШнинг миқдори камайтирилган 6-флоти ҳам Исроилни сақлаб қололмайди.

АҚШ ва Хитойнинг ўз атрофига иттифоқчилар йиғиши давом этади. Вазиятни эҳтиёткорлик билан кузатаётган Япония ва ниҳоят бетарафликдан Хитойга ён босиш йўлига ўтиб олади. Бу АҚШнинг Япония билан муносабатларини уруш ҳолига келтиради. Япония АҚШнинг ўз ҳудудидаги ҳарбий базаларини эгаллаб олади. Ғарбий Тинч океанида АҚШ ва Япония ҳарбий флотлари ўзаро жангга киришади.

Хитойнинг Шарқий Осиёда тўла ҳукмронликни қўлга киритгани Москвани жиддий саросимага солади. Россия Узоқ Шарққа қўшинларини жойлаштириб, у ердаги хитойликларни суриб чиқаради. Хитой ўз ватандошларини ҳимоя қилиш учун қўшин жўнатади ва натижада Владивостокни эгаллаб олади.”

Ҳантингтон воқеалар ривожини шу тарзда башорат қилиб бориб, глобал тус олган уруш асосан АҚШ, Европа, Россия ва Ҳиндистондан иборат бир томон ҳамда Хитой, Япония ва Ислом оламининг кўп мамлакатларидан таркиб топган иккинчи томон ўртасида бўлишини айтади. Унга кўра, Хитойнинг АҚШ, Европа ёки Ҳиндистон билан зиддиятларга киришиши асосида иқтисодий манфаат ёки сиёсий тизимдаги тафовутлардан кўра кўпроқ уларнинг фарқли тсивилизация ва ҳаёт йўлига эга эканлиги ётади. Демак, келажакнинг қай даражада зиддиятли ёки тинч бўлишини якка давлатлар эмас, балки фарқли тамаддунга эга давлатлар гуруҳлари ўртасидаги муносабатлар белгилайди.

Тўсиқлар сақланиб қолади

Тадқиқотчи Адам Сигал Хитойнинг супердавлат бўлишига шубҳа қилади. Унга кўра, бу мамлакат яқин келажакда ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда етакчиликни қўлга олувчи даражага эришиши амримаҳол.

Американинг очиқ, демократик жамияти унинг супердавлат бўлишида муҳим омил вазифасини ўтаган. Хитойда эса айни шу нарса йўқ. Демак, айрим мутахассислар фикрига кўра, Хитой мавжуд бюрократик тизими билан дунёнинг энг кучли давлати бўла олмайди.

«Хитойнинг қуш тумови (гриппи) тарқалган пайтда мамлакатдаги мавжуд вазиятдан дунёни огоҳ этмагани, балки аниқ рақамларни яширгани унинг жаҳон раҳнамолигига ҳали тайёр эмаслигини кўрсатди,- дейди Сигал.- Сичуан зилзиласидан сўнг мамлакат раҳбарияти бироз ошкоралик йўлини тутган бўлсада, лекин тизим ҳануз эскича йўсинда ишлаяпти».

Хитойнинг сиёсий тизимига ҳеч бир давлат ҳавас қилмайди, дейди Миллер. Шунингдек, унга кўра, хитой тили ҳали-вери инглиз тилининг ўрнини эгаллаши амримаҳол.

Лекин кўп кузатувчиларнинг айтишича, яқинда бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари Хитой учун ўзгаришлар даврининг бошланишидир.

«Хитой яқин орада дунёнинг молиявий маркази бўла олмайди, -дейди Миллер.-Бунинг учун у ҳозирги ривожланиш тезлигини ана шундай тарзда бир неча ўн йил давомида ушлаб туриши керак. Бу эса қийин масала».

Дарҳақиқат, ҳозирча Хитой иқтисоди дунёнинг энг йирик бозорига айланиб улгурмади. Мамлакатнинг йиллик ялпи миллий маҳсулоти 7 триллион доллар. Бу борада у АҚШдан сўнг иккинчи ўринда турибди (АҚШники 13,8 триллион доллар). Лекин Хитой иқтисодининг ривожланиш тезлигига ҳали бирор мамлакат ета олганича йўқ. Унинг қудратли супердавлат бўла олиши ҳақидаги башоратлар ҳам асосан унинг шиддатли тараққиётга эга эканлиги боис айтилмоқда.

*Хитойликлар азалдан аждарни куч-қудрат рамзи сифатида эъзозлаб келишади. Тарихда ўтган буюк Хитой империялари байроқларида сариқ аждар тимсоли акс этгани ҳам шундан. Бугунгача Хитой тилга олинганда аждар рамзи унинг номи билан баробар эсга олинади. Яна афсоналарда хитойликларнинг аждар авлодлари экани ҳам айтилган. Айниқса, бугунги хитойликлар орасида аждар фарзандиман, дейиш фахр ва урфга айланиб бормоқда.

Беҳзод Мамадиев,

«Маърифат» газетасидан