Грузия: Фош этилган фитна

Грузияда амалдаги ҳукуматга мухолифатда бўлган сиёсий кучларга қарши кенг миқёсда операциялар амалга оширилгани Кавказдаги мўъжазгина давлат номини яна жаҳон матбуотининг бош саҳифасига олиб чиқди. Мухолифат вакилларининг оммавий равишда ҳибсга олиниши «Атиргуллар инқилоби» билан Грузия ҳокимияти тепасига келган ва ўзини демократия раҳнамоси деб эълон қилган президент Михаил Саакашвили маъмуриятига нисбатан жиддий эътироз ва гумонли саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Кичик мамлакатда катта операция

6 сентябр куни Грузия махсус кучлари мамлакат миқёсида улкан операция ўтказишди. 500 дан зиёд махсус хизмат ходими иштирок этган амалиёт давомида Грузия сиёсий мухолифати етакчиси, собиқ давлат хавфсизлиги вазири Игор Гиоргадзенинг «Адолат» (Справедливост) партияси фаоллари ва оппозиция лидери тарафдори бўлган шахслар ҳибсга олинди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига қараганда, махсус хизмат давлат тўнтариши қилишга уринган 29 нафар мухолифат етакчисини қамоққа олган. «Рустави-2» телеканали эса ҳибс қилинганлар сони 90 дан ошиши тўғрисида хабар тар­қатган.

Михаил Саакашвили ҳукуматига очиқ қарши бўлган «Антисорос» ҳаракати раҳбари Майя Николеишвили ўз дала-ҳовлисида қамоққа олинган. Грузия монархия партияси етакчиси Темур Жоржолиани эса идорасидан олиб кетилган. Ҳибс қилинган мухолифат вакиллари орасида «Адолат» партияси ёшлар қаноти раҳбари Майя Топурия, «Грузин ҳаракати» ташкилоти раиси Вахтанг Талахадзе ва Игор Гиоргадзе тарафдори бўлган яна бошқа ўнлаб сиёсий етакчилар бор.

Игор Гиоргадзе Эдуард Шевернадзе даврида хавфсизлик вазири лавозимида ишлаган. Кейинроқ президент­га қарши суиқасдга алоқадорликда айбланган Гиоргадзе чет элга қочиб кетишга мажбур бўлган. Игор Гиоргадзе сиёсий дастурида Россия билан дўстона алоқаларни тиклаш асосий ўрин тутади. Шу боис ҳам, муҳожирликдаги грузин сиёсатчиси Кремл томонидан қўллаб-қувватланади. Айни пайтда Интерпол томонидан жиноятчи сифатида қидирилаётган сиёсий етакчининг Россияда бемалол яшаётгани ҳам балки шундандир.

Оммавий ҳибслар пайтида оппозициядаги партияларнинг барча идоралари тинтув қилинди. Тинтув пайтида эса жуда жиддий айбловларга «тортадиган» далиллар топилди. Грузия телеканаллари мухолифат вакилларини ҳибсга олиш ва тинтув жараёнлари ёзилган тасвирларни бир неча бор эфирга узатди. (Эътиборли жиҳати, тонгги соат бешда бошланган амалиёт­ларни тасвирга олиш учун барча давлат телеканаллари вакиллари ҳозир бўлишган!)

Тинтув пайтида «Адолат» партияси ёшлар қаноти раҳбари Майя Топуриянинг уйидан бир неча минг доллар пул чиққан. Ички ишлар вазирлиги тахминига кўра, пуллар Москвадан — Гиоргадзе томонидан Грузияда давлат тўнтариши уюштириш учун юборилган.

«Адолат» партияси фаолларидан бири Кахабер Кантариянинг уйидан эса гранатомётлар чиққан. Грузия Ички ишлар вазири Вано Мерабишвили амалдаги тузумни қуролли йўл билан ағдаришга тайёргарлик кўраётган сиёсий фитна фош этилгани ва жиноятчилар ҳибсга олингани тўғрисида шошилинч баёнот берди. Вазирнинг тахминига кўра, 2006 йилнинг майидан буён давлат тўнтаришини амалга ошириш учун тайёргарлик кўриб келган мухолифат мамлакатда оммавий норозиликлар уюштириш орқали президент Михаил Саакашвилини ҳокимиятдан кетказиб, Игор Гиоргадзени давлат раҳбарлигига олиб келишни мақсад қилган. Мухолифат ижросидаги фитна бошида Россия махсус кучлари турганлиги гумон қилинмоқда.

Учинчи уриниш

Аслида Грузия ҳукуматининг Россия хавфсизлик кучларини мамлакатга қарши фитнада айблаши Ироқда навбатдаги қўпорувчилик амалга оширилгани каби янгилик ҳам бўлмай қолди. Биргина жорий йилда Грузия ҳукумати Москва томонини уч бора давлат тўнтариши уюштиришда айблади. Даст­лаб Грузия қамоқхоналарида март ойида рўй берган маҳбуслар исёни қўшни давлат махсус хизматига боғланди. Кейин эса Кодор раёнида президент вакили бўлиб ишлаган Эмзара Квициани исмли шахс томонидан амалга оширилган ва бостирилган қуролли қаршилик ҳаракати ортида ҳам Москва тургани тахмин қилинди. Мухолифат иштирокида давлат тўнтариши тўғрисидаги даъволар эса учинчи уриниш…

Расмий Тбилиси тахминига кўра, Давлат девонхонаси олдидаги намо­йиш пайтида махсус тайинланган киши гранатомётдан йиғилганларни ўққа тутиши керак бўлган. Бу воқеадан эса ҳукуматнинг тинч аҳолига қурол кўтариши сифатида фойдаланиб, мамлакат миқёсида норозилик ҳаракатларини авж олдириш режалаштирилган. Расмий тахминга кўра, фитнада иштирок этган ҳар бир кишига 3000 доллардан мукофот ваъда қилинган.

Бироқ буларнинг бари Грузия ҳукумати, расмий шахслар илгари сураётган тахминлар, иддаолар. Улар ҳақиқий айблов бўлиши, ҳозирча гумондор бўлган мухолиф вакиллари жиноятчи деб топилиши учун тергов-суд жараёнида тахминлар ўз исботини топиши керак.

Ҳозирча ҳибсга олинган мухолифат фаолларининг 14 тасига, жумладан, «Антисорос» ҳаракати раҳбари Майя Николеишвили, монархия партияси етакчиси Темур Жоржолиани, «Адолат» партияси ёшлар қаноти раҳбари Майя Топурияга давлат тузумини зўрлик йўли билан ўзгартириш ва ватанга хиёнат айбловлари қўйилган.

Айбланувчилардан фақатгина «Антисорос» ҳаракати раҳбари Майя Николеишвили ўз айбини тан олган ва мамлакат қонунларига кўра узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилиши кўзда тутилган жиноят билан айбланаётган сиёсатчи хоним… судгача қўйиб юборилган.

«Умид» (Надежда) сиёсий партияси раҳбари Ирина Саришвили мухолифат вакилларига қўйилаётган айбловлар ёлғон, келтирилаётган далиллар сохта эканини таъкидламоқда. Бир вақтнинг ўзида Гиоргадзе хайрия фонди раҳбари ҳам бўлган, бироқ бир бор сўроқ қилиниб, негадир ҳибсга олинмаган Саришвилининг айтишича, расмий ҳукумат фитна тўғрисида келишув бўлган дея иддао қилаётган

26 май куни мухолифат вакиллари турли шаҳарларда бўлган. Айрим шахслар ҳатто Грузиядан ҳам ташқарида бўлган. «Умид» партияси етакчиси «Антисорос» раҳбари Майя Николеишвилининг айбига иқрор бўлгани ҳолатига изоҳ бераркан, қаттиқ босим остида шундай қилишга мажбур бўлганини билдирган.

«Сайловолди чигал ёзиш машқи»

Воқеаларнинг асосий қаҳрамони Игор Гиоргадзе эса Грузия расмийларини мухолифатнинг фаол сиёсий иштироки ва тобора ошиб бораётган нуфузига тоқатсизликда айблаган. Шунингдек, оппозиция етакчиси Михаил Саакашвили ҳукумати сиёсий қатағонларга киришганидан хавотир билдирган. «Адолат» партияси етакчисининг фикрича, оммавий ҳибслардан кўзланган мақсад битта — аҳолини қўрқувга солиш ва аллақачон йўқотилган обрў-эътиборни қатағонлар ҳисобига қайтариш.

Мухолифатнинг амалдаги тузумга қарши жиноятга ҳозирлик кўргани ёки бу айблов сохта ва уюштирилган эканини аниқлаш журналист ваколатига кирмайди. Бироқ мухолифатга қарши амалиётлар айнан шу кунларда амалга оширилганини тасодиф эмаслигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Гап шундаки, келгуси ойда — октябрнинг 5 куни Грузияда маҳаллий кенгашлар учун сайлов бўлиб ўтади. Сайлов борасида эса мухолифат ва амалдаги ҳукумат ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар юзага келган. Дастлаб сайлов вақти жорий йилнинг декабрьига белгиланди. Мухолифатнинг тоғли ҳудудларда қиш мавсумида аҳолининг сайловда қатнашишга имкони йўқлиги тўғрисидаги эътирозлари ҳукуматни ўйлашга мажбур қилди. Пировардида, «Атиргуллар инқилоби» етакчиси Михаил Саакашвили сайлов муддатини 5 октябрга кўчириб гўёки мухолифатга ён босганини намойиш қилди. Амалда эса… Амалда сайлов вақти ўзгаргани тўғрисида президент фармони эълон қилиниши билан мухолиф партияларга рўйхатдан ўтиш учун бор-йўғи бир неча кун муддат берилди. Президентнинг «Миллий ҳаракат» партияси эса устун имкониятга эга бўлиб қолаверди.

Сталин даври қайтмоқдами?

Грузиядаги ҳибслар охирги пайтда шундоқ ҳам боши берк кўчага кириб қолган Москва-Тбилиси муносабатларини янада чигаллаштириб юборди. Боиси, фитна деб даъво қилинаётган воқеалар фош этилиши билан Грузия раҳбариятининг етакчи раҳбарлари қуролли давлат тўнтаришида Россия хавфсизлик кучларини очиқ-ошкора айблашди.

Грузия парламенти раисининг ўринбосари Михаил Мачавариани “Бизда «Адолат» партияси ва унинг тарафдорлари Россия махсус хизмати томонидан молиявий таъминланаётгани тўғрисида маълумотлар бор”, дея даҳанаки кимўзар мунозарани бошлаб берди. «Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари олдиндан режалаштирилган фитнани фош этиб, Россия махсус хизматига кучли зарба беришди», деган яна бир депутат оловга мой пуркагандай бўлди. Президент Михаил Саакашвилининг баёноти Россияга қўйилаётган айбловлар фақатгина тор доирадаги сиёсий гуруҳлар фикри эмаслигини кўрсатгандай бўлди. 36 ёшида Грузия раҳбарлигига сайланган мамлакат раҳбари Россиядаги маълум кучлар Грузияни тор-мор этиш учун режали ҳаракат қилгани, бироқ барча ғаразли мақсадлар олди олингани, рақиблар бармоқ тишлаб қолганини маълум қилди.

Дарвоқе, Грузия махсус хизмати ана шундай вазифаларни уддалаган ўша 6 сентябр куни Михаил Саакашвили Полшадаги халқаро форумда бўлган. Учрашувда унга «Марказий-шарқий Европа одами» унвони берилган…

Ўз навбатида Россия томонидан Грузия хавфсизлик кучларининг мухолифатга қарши ҳаракатлари кескин қораланди. «Саакашвили ҳукуматга ноқонуний йўл билан келди ва энди айни шу йўл билан ҳокимиятдан маҳрум этилишидан қўрқмоқда». Бу аксарият рус сиёсатдонлари билдирган муносабат. Россия Давлат думаси МДҲ масалалари қўмитаси раиси Андрей Кокошиннинг фикрлари эса янада оғирроқ бўлди: «Бу воқеа грузин тупроғида сталинизм руҳи тикланаётганидан далолат бермоқда».

Жанубий Осетия ва Абхазия масаласида Кремл билан Тбилиси бир тўхтамга келолмаётган бир пайтда мухолифатга боғлиқ сиёсий можаронинг келиб чиққани яхши бўлмади. Боз устига, айрим кузатувчилар Грузиядан мустақил эканини даъво қилаётган, бироқ ҳали тан олинмаган Жанубий Осетия ва Абхазия ҳудудида ҳарбий тўқнашувлар юзага келиши мумкинлигидан ҳам хавотир билдиришмоқда.

Сўнгги пайтларда Грузияда кузатилаётган ҳолат ҳарбий ҳаракатлар олдидан тайёргарликни эслатади. Ўтган ҳафта Грузия парламенти янги миллий хавфсизлик концептсиясини тасдиқлади. Бунга кўра, эндиликда ҳарбий хизмат мудофаа хизматчилари билан бирга 20 дан 50 ёшгача бўлган заҳирадаги фуқароларга ҳам мажбурийдир. Мудофаа вазири ўринбосари Мамука Кудаванинг: «Мамлакат юқори ташқи таҳдид қаршисида турибди», дея баёнот бергани эса юқоридаги фикрларни тасдиқлаётгандек…

Собиржон Ёқубов,
«Ҳуррият» газетасидан олинди.