Назар Эшонқул жавоблари:
1. Сиз айтган авлодлар бўлиниши кўпроқ поэзияга хос. Назм – дунёвий анъаналар, усуллар, синовлар ва шаклларни ўзида синаб кўрди, тараққиёт босқичига чиқиб олди. Наср ҳақида мен бундай деб айтолмайман. Назаримда, насрга нисбатан жараён бир мунча бошқачароқ кечгандай. Қодирий ва Чўлпон бошлаб берган насрий изланишлар, хусусан, миллий наср, уни дунё адабиёти билан бўйлаштириш ҳақидаги орзулар ўзини тўлақонли маънода сиз айтган “70-йиллар авлоди”га келибгина амалга ошди. Шу сабабли, Қодирийдан бошланган бу жараённи ёш нуқтаи назаридан бир авлодга мансуб деб ҳисобламаган бўлардим. Бу даврда, гарчи наср бизнинг адабиётда азалдан бўлган деган қараш тарафдори бўлсам ҳам, аммо профессионал наср, айнан ана шу 50 йилда шаклланди, профессионал миллий наср, миллий жанр тусини олди. Мавзулар, одамга муносабат, воқеликни акс эттириш, айтадиган гапи, танлаган шакллари, услубий ранг-баранглигига кўра, ўтган 50 йиллик насрни бир авлод насри деб баҳолаган бўлардим. Гарчи бу насрда сиз санаган авлодларга хос тамойиллар бўлса ҳам. Аммо фундаментал наср жанрини ана шу 50 йиллик авлод биргаликда яратди, бу давр насрининг услублари, айтар гаплари, мақсадлари, концепциялари бир-бирига яқин. Чўлпоннинг насрдаги шаклий изланишлари, ҳатто миллий менталитетга хос бўлмаган (Мирёқуб характери, унинг аёлларга муносабати) воқеликни қамраб олишга, услубий кенгликка чиқишга уринишлари, ҳаммаси 70-йиллар насрига келиб, ўзини тўла оқлай бошлади. Аслида, авлодлар, менимча, адабий концепцияларига қараб фарқланиши муҳимроққа ўхшайди. Биз ана шу 50 йил ичида насрни елкасида кўтарган авлоддан (Қодирий, Чўлпон, Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миркарим Осим, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Аҳмад Аъзам, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов) миннатдор ҳолда, бугун “ўзбек насри” ҳақида бемалол фикр юритаяпмиз. Насримиз 50 йиллик изланишдан сўнг, 80-йиллар ва бугунги авлод олдига уни энди янги босқичга, янги поғонага кўтариш вазифасини қўйди. Бу – шаклда, ифодада, метафораларда, образларда, тилда, услубда кўриниши керак. Тўғри айтдингиз, янги авлоднинг юзи кўринаяптими? Кўринаяпти. Мен “Фано ва бақо”, “Тўп ўйин”, “Озодлик”, “Ҳайкал”, “Дашту далаларда”, “Ўзим билан ўзим”, “Қоғоз гуллар”, “Жажман”, “Адашвой” ҳикоялари, “Бозор”, “Рўё”, “Озод”, “Боқий дарбадар” романлари каби асарларда (рўйхатни кенг қилиш мумкин) ана шу янги авлоднинг қиёфасини, услубини кўраман. Албатта, бу асарларнинг муаллифлари турли ёшда. Лекин улар асарларини услубига ва концепциясига кўра, янги авлод насрига тегишли деб баҳолаш мумкин. Шунинг учун ёшига қараб эмас, адабий авлодни асарларнинг мазмуни, услуби, концепциясига қараб белгилаш тарафдориман. Эҳтимол, шунда биз адабий жараёндаги авлод ўзгаришини маълум бир 10-20 йилга эмас, авлод ўз миссиясини қай тариқа бажараолганига қараб баҳо беришимиз осонлашар! Шу маънода янги наср авлоди рўйхати Асқад Мухтор номи билан бирга, бугун Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдамдан кейин ёши ҳали ўттизга кирмаган ёшларимизга бориб тақалаётгани кишини хурсанд қилади. Яқинда Мурод Човушнинг “Ҳеч” деган қиссасини ўқиб қолдим. Мени хурсанд қилган нарса, Мурод Човуш айтадиган гапига ўзига хос янги шакл топа олган. Шу билан бирга, олмошлар ўртасидаги тўсиқни, бошқача айтганда, анъанавий баён усулини осонгина енгиб ўтади. Мен ҳам бир воқеликни “Мен”, “Сен”, “У” тилидан ва нуқтаи назаридан ҳикоя қилишга уринганман. Аммо, барибир, мени меъёрлар ушлаб турган. Мурод Човуш эса ҳеч иккиланмай, дадиллик билан бу меъёрни бузади. Бузганда ҳам осон, табиий бузиб ўтади, бунга изоҳ ҳам бермайди. “Мен” қолади, аммо қаҳрамонлар ўзгариб туради. Бу адабий приёмни табиийликка анча яқинлашдирган. “Поток сознания” – онг оқими усули бу қиссада яққол ўз ифодасини топган. Аммо қисса тили анча ҳафсаласиз, ишлов берилмаган, пала-партишликка мойил, поэтик унсурлардан кўра, шаклга берилиб кетилган. Лекин, барибир, адабий жараённинг бир намунаси сифатида таҳлил қилишга арзийди. Оз бўлса-да, ёшлар янги наср авлодга мансубликларини исботлашга уринишаяпти. Янги насрга хос ифода усуллари Баҳодир Абдураззоқ, Умид Ёқуб изланишларида ҳам батафсилроқ кўринаяпти.
2. Ижод эркинлиги мавзуси йигирма йил муқаддам долзарб эди. Бугун, назаримда, у кам эсланаяпти. Сабаби шундаки, бугун ким нимани хоҳласа ёзиб ётибди, ҳеч ким, ҳеч нарса тўсиқ бўлаётгани йўқ. Ҳатто шу даражада эркинлашиб кетдикки, адабиётга, эстетик нормаларга, этик тамойилларга зид бўлган, ота-боболаримиз бизни миллат, халқ қилиш учун мисқоллаб йиғган ва бизга шу йўллардан бошқасида юриш инсоният таназзули эканини қатъий қилиб белгилаб кетган қоидалардан воз кечилган, инсоннинг ҳайвоний қиёфасини акс эттирадиган, ҳирс, эҳтирос жараёнлари батафсил тасвирланаётган, демак, тарғиб қилинаётган олди-қочди, тижорат, фисқ-фасод чўпчакларни ҳам газеталаримиз, ҳам нашриётларимиз янги адабий воқелик сифатида эътироф этишаяпти, бунақа асар ёзаётганлардан янги давр Де Садини яратишаяпти. Ҳатто шу даражага боришаяптики, яқинда бир хусусий ношир бир машваратда уялмай-нетмай: “Фалончи ҳирсни бадиий воқелик даражасига кўтариб, адабий кашфиёт қилди” деган гап билан мақтанибди ҳам. Ношир назарда тутган “асарлар” ёзаётган “кашфиётчи” адибнинг китоблари бугун китоб савдосида бозори чаққон. Мен ўйлаб қоламан, шундай “ҳирсли кашфиёт” қилаётган ҳам, шундай китобни нашр этаётган ҳам шу асарларни ўз фарзандлари, ўз набиралари ўқишини, ана шу “батафсил тасвирланган”, “адабий воқеликка айлантирилган” “ҳирс” тасвирлари фарзандларининг одоб ва ахлоқига таъсир қилиши, ўзгартириши мумкинлигини ўйлармикин?! Ё фарзандлари билан ҳам бу мавзуда худди асарларидаги тасвирлар каби бемалол гаплашаверармикин?! Агар шундай бўлса, унда бу ҳолатни адабий танқидчилик эмас, тиббиёт ходимлари муҳокама қилиши керак. Менимча, қўлига қалам олувчи ҳар бир одам олдин ёзганларини фарзандларига ўқиб бераоладиган ва келажак олдида ахлоқий нуқтаи назардан уялмайдиган қилиб ёзиши керак. Мабодо, ўз асарларини фарзандларига ўқиб беришга уялса, унда нега уни бутун миллатга тақдим қилиши керак? Мақсад нима? Миллат ахлоқига путур етказишми? Биз ҳар ёзганимиз учун болаларимиз олдида жавоб берамиз. Уларнинг ахлоқи, инсонгарчилиги, дунёқараши олдида ёзган ҳар бир сўзимиз билан жавобгармиз. Адабиёт, қалам бизга ана шундай масъулият юклайди.
Қайсидир газетада ўқиб қолдим. Бир “ёзувчи” укамиз ҳар куни бир босма тобоқдан икки босма тобоққача “асар” ёзар экан. Шунинг учун унинг ёзганлари газеталарда тинимсиз босилади, уни ҳатто “давримизнинг таниқли ва истеъдодли ёзувчиси” деб таништиришади. Лекин бу укамиз оддий адабий жумла тузишни билмайди. Эга-кесим ва уюшиқ бўлакларидан бошқа поэтик оҳордан дарак йўқ. Шундай пайтда, “истеъдод” деган сўздан ҳам, ёзувчиликдан ҳам одамнинг кўнгли қолиб кетади. Бошқа бир тоифа, бугунги эркинликдан фойдаланиб, адабиётимизга Де Сад анъаналарини олиб кираяптики, бундай эркинлик ота-боболаримиз қарши курашиб келган иллатларнинг кенг илдиз отишига замин яратаяпти. Умуман, масалага қайтадиган бўлсак, эркинлик ижодкорга сув билан ҳаводай зарур. Мустақиллик бу эркинликни берди. Худога шукур. Балиқ сувсиз яшай олмагани каби, ижодкор эркинликсиз яшай олмайди. Бу исботланган. Аммо эркинликни ота-боболаримиз биз учун мисқоллаб йиғиб қолдирган гуманизм ва ахлоқдан воз кечиш, анъана ва қадриятларни менсимаслик, уни вайрон қилиш, фаҳш ва тубан манзараларни тавсифлаш деб тушуниш вулгаризм ва варваризмдан бошқа нарса эмас. Бундай эркинлик охир-оқибат миллатни ҳам, инсониятни ҳам таназзул ёқасига олиб боради. Инсоният жуда кўплаб цивилизацияларни бошидан кечирган. Ана шулардан энг буюги, ҳатто оловнинг кашф этилишидан ҳам аҳамиятлироғи – бу уятли жойини ёпиб юришни ўрганган, ўргатган цивилизациядир. Иккинчи буюк ютуқ гуманизм, ана шу гуманизмга боғлиқ равишда шаклланган, инсонни улуғлашга, уни ахлоқий ва маънан гўзаллаштиришга хизмат қилувчи ахлоқдир. Бу икки ютуқсиз инсоннинг ҳайвондан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бугун Де Сад каби жинсий ва ахлоқий эркинликни адабиётга олиб кириш билан, бу буюк ютуқларга зарар келтираётганлар ўзлари билиб-билмай инсониятнинг, миллатнинг таназзулига хизмат қилишаётганини англашаётгани йўқ. Ғарб адабиёти ахлоқсиз Де Сад ва унинг издошлари туфайли эмас, адабий истеъдодлар ва улуғ гуманизм ғояларини тараннум этгани ҳисобига тараққий этган. Адабиёт ҳамиша ҳур фикр, ҳур тараққиёт, ҳур иймон, виждон учун курашиб келган. У истибдоднинг, зулмнинг, зўравонликнинг, ёвузликнинг ҳар қандай кўриниши билан келиша олмайди, уларга қарши курашади, уларга қарши курашиб туриб, эркинлик тарафида туради, аммо инсоният мисқоллаб йиғган ахлоқ ва гуманистик фазилатлардан ҳеч қачон воз кечмайди, гарчи бу гуманизм ва ахлоқ кимларгадир ва қайсидир хатти-ҳаракатларга таъқиқ, эркинликни бўғиш бўлса ҳам, у булардан воз кечолмайди. Чунки айни шу нарсалар инсонни ҳайвондан ажратиб, уни санъат ва маданият сари бошлаб келган. Инсон авратини ёпган кунидан бошлаб санъатни ҳис қилиб, нафосат сари юксала бошлаган. Энди бу авратни очиб кўрсатиш одамни ҳайвон каби яланғоч юришга ундовдан бошқа нарса эмас. Ахлоқсиз ва инсонпарварликсиз санъат бўлмайди. Ҳирс ва жунбишни шавқ билан батафсил тасвирлаш – уни тарғиб қилишдан бошқа нарса эмас. Мабодо, тарғиб қилинаётган экан, унга соғлом ақл кўзи ва қонун кўзи билан қараш зарур бўлади. (Бу менинг шахсий фикрим: кимки ҳирс ва жунбишни ўқувчида рағбат ва ҳавас уйғотадиган, унинг онг ости туйғуларига таъсир қиладиган даражадаги тафсилот билан ёзаётган экан, бу ерда нимадир, хусусан, қандайдир миссионерлик ғояси бордай туюлади. Бугунги ғаразли дунёда оммавий маданиятнинг тазйиқига сабот билан дош бериб келаётган Шарқни моддий ва маънавий синдириш учун, аввал, унинг ахлоқ, қадриятлари, оила ва жамият ҳақидаги тушунчаларига путур етказишга, йўққа чиқаришга уриниб ётган кучлар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди).
Иккинчи томондан, ижодкорнинг эркинлиги унинг матонати билан, иродаси билан, иймони билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкорнинг балиғи сувсиз ҳам яшайолади. Агар у қуруқликда судралиб юришни ўрганса… Бу истеҳзо эмас. Балки ижодкорнинг тақдири эканини эслатиш учун келтирдим. Чунки ижодкор эркинлик бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ёзишга маҳкум. У Худонинг одамлар орасидаги, бизнинг кўнглимиздаги, адашган манзилимиздаги нигоҳи. У ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда ёзиши шарт. Дўзахий шароитда ҳам у ижод қилишга, инсонни матонатга ундашга, унинг кўнглидан дўзах куллари ичида ҳам бир чимдим чўғ топишга, ана шу чўғ орқали уни халос қилишга, етаклашга мажбур. У шуниси билан ижодкор. Шарт бўлса, зарур бўлса, сувдан чиқиб, судралиб, ўрмалаб, тирмалаб юриб ёзиши шарт. Чинакам истеъдодлар, чинакам ижодкорлар ана шундай қилишади. Ана шуни қисмат деб билганлар ҳақиқий ижодкорлардир.
“Ранг-баранглик”, “авлод”, “изм”лар бир-бирини инкор этадиган тушунчалар эмас. Авлод ранг-баранг, шунингдек, қайсидир “изм”га дахлдор бўлиши мумкин. Гап “изм”да эмас. Гап истеъдодда. Истеъдодсиз “измлар” сувсиз кўлга ўхшайди. “Изм”га дахлдорлик истеъдодларга ярашади. “Изм”лар истеъдодсизликни яшириб турадиган қўрғон эмас. Афсуски, бугун баъзилар ўзларининг нўноқлигини, истеъдодсизлигини ана шу “изм”лар остига яшириб олишга уринишаяпти. Ҳатто биттаси ўзини “мен символизмда ижод қиламан”деб даъво қилди. Гаплашиб кўрсанг, ўзи символизмнинг “с” ҳарфини ҳам билмайди. “Символизмда ижод қиламан” деса, ёзган тутуриқсиз нарсаларига маъно киради, гўё. Бунақа ўзларига “изм”лардан уя, ин ясаб олаётганларнинг на авлодга, на ранг-барангликка, на “изм”ларга алоқаси йўқ. Улар шунчаки адабий олифталар. Бунақаларни вақт, барибир, бир кун адабий жараёндан суриб-чиқариб ташлайди. Авлод ҳам, адабий жараён ҳам истеъдодларга қараб баҳоланади, эътироф этилади.
3. Адабиёт инсон моҳиятини ўрганар экан, у бевосита фалсафа ва илоҳиёт билан бирлашиб кетади. Адабиётнинг дарди, изтироби, оғриғи фалсафий оғриқ, илоҳий оғриқ. Чунки инсоннинг моҳиятини унинг кўнгли ва руҳиятини моддий тараққиётлар тўла қондира олмайди. Мана, XXI асрда инсоният ақл бовар қилмас тараққиётга эришди, унинг қулайликларидан, тараққиётнинг барча маҳсулларидан фойдаланаяпмиз, космосга учаяпмиз, олис юлдузларнинг тити-питисини чиқариб, текшириб ётибмиз, нигоҳларимиз телескоплар орқали галактикаларнинг узоқ нуқталарига бориб етаяпти, аммо инсон муаммоси Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий, Машраб давридагидан нари силжигани йўқ. Бу муаммо ҳали ҳам шундай турибди. Хусусан, сиз келтирган Румий ҳазратлари инсоншунослик масаласида нима деган бўлса, бугун ҳам ўша ҳикмат, ўша таҳлиллар долзарблигича турибди. Демак, инсон моҳиятини моддий жиҳат, моддий равнақ тўла очиб беролмайди. Инсон ҳали-ҳануз жумбоқлигича қолмоқда, ҳалигача у ўзи излаганини тополгани йўқ. Излагани четда эмас, унинг ўз ичида бўлса, не тонг?! Эҳтимол, одамзод бу дунёга ўз ичидагини ўзгалардан излаб, ўзи билан ўзи курашиб, ўзи тузаб, ўзи вайрон қилиб, ўзи таназзулга бориб, ўзи тиклаб умр кечиришга маҳкум этилгандир?! Эҳтимол, тириклик моҳияти мана шу қутблар орасидаги изланишда ва ўзини топишдадир. Эҳтимол, инсон қачонлардир ўз ичидагини топиб, ўзини-ўзи маҳкумликдан халос қилар. Лекин ҳозирча халос қилгани йўқ. Инсон ҳалигача ўзига-ўзи жумбоқ. Бу жумбоқнинг илдизини илоҳиётдан, руҳиятдан, коинотдан, ана шу оламни бирлаштирадиган ўзидан излаш керак, чамамда. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси, Румий ҳазратлари айтгандай, инсоннинг ичидадир. Инсон ичи коинот каби кенг, илоҳият каби қувватли, руҳият каби сирлидир. Барча саволга жавоб унинг ичида, унинг ўзида, унинг моҳиятида. “Ҳар икки олам” таҳлили – бу инсоннинг ўзини таҳлил қилишдир.
4. Сиз биз гаплашаётган адабиёт Навоий даврида кимнинг ёнида турган бўлса, бугун ҳам ўшанинг ёнида турибди. Шакллар, манзаралар, чегаралар, мезонлар, жанрлар, ифода усуллари ўзгарди, аммо адабиётнинг азалий ва абадий мавзуси эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш тўхтагани йўқ. Инсоният ибтидосидаги Шайтон ва Раҳмон кураши ҳали ҳам давом этаяпти. Тўғри, бугунги воқеликда бирданига ёвузлик ва эзгуликни англаш жуда мушкул. Худди эртаклардаги каби уларни бирдан оқ-қорага ажаратиб олиш жуда қийин. Аммо кураш кетаяпти. Икки қутб ўзларининг шакллари ва усулларини ўзгартирди, қиёфаларини ҳам таниб бўлмаяпти. Чунки кураш энди ботиний тус олди. Бу кураш инсоннинг кўнглига кўчди. Бугун ҳар қачонги даврдан ҳам кўра, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги фарқни аниқлаш ўта мушкуллашган давр. Чунки Шайтон ва Раҳмон инсон ботинига яширинди. Бугун Шайтон ҳам, Раҳмон унинг ичида, Шайтон ва Раҳмон маркази инсоннинг ўзи бўлиб қолди. Жамики ёвуз кучлар худди эзгу кучлар каби инсон қалбини забт этишга киришдилар, уни ўзига бўйсундиришга ўтдилар. Шу сабабли Шайтон ҳам ўзининг қиёфасини эзгулик ниқоблари остига яшириб олмоқда. Инсон учун кураш бугун барча мафкураларнинг, шунингдек, санъатнинг бош вазифаси бўлиб қолди. Инсон бўлмаса, бу курашнинг моҳияти қолмайди. Шу сабабли, инсон қанчалик чуқур таҳлил қилинса, у ерда бу кураш шунча кўп юзага чиқиб, эзгулик ва ёвузликнинг қиёфаси аниқлаша боради. Инсон мураккаблашгани сабабли, эзгулик ва ёвузлик кураши ҳам мураккаблашди, адабиётнинг ифода этиш усули ҳам мураккаблашиб бормоқда. Бу мураккабликдан келиб чиқиб, санъат гуманизмдан чекинолмайди. Адабиёт инсоннинг ёнида, инсонпарварликнинг ёнида турмоғи шарт.
5. Аслида, “измлар” инсонни таҳлил қилишнинг турли усулларини таклиф қилаётган ҳаракатлар, уринишлардир. Постмодернизм ҳам ана шундай уринишлардан бири. Менга адабиётнинг бош вазифасини, унинг асл миссиясини унутиб қўйиб, шакл ва фикр изидан қувган оқимлар, унинг қандай номланишидан қатъий назар ёқмайди. Харуки Муракамини ўқий олмайман. Менга сунъий туюлади. Аммо Кавабата ёки модернистлар отаси Кафкани ёхуд Беккетни ҳамиша қайта-қайта ўқийман. Мураками адабиётдаги замонавий фокусга, жимжимага ўхшайди. Адабиётнинг пойдевори бўлган инсон ҳақидаги қайғудан кўра, ўзининг кийим-бошини, машинасини, компьютерини, мобилини, жаргонини муҳокама қилаётгандай туюлади. Мен бугун шов-шув бўлаётган постмодернистлар ҳақида фикр айтишдан тийиламан. Кафка, Камю, Жойсда ва бошқа модернист даб аталган ёзувчиларда инсон изтироби ва поэзия, нафосат бор эди. Ҳозирги давр оқимлари ҳақида бундай дея олмайман. “Ҳаёт маънисиз, маънисизликка онгли муносабатда бўлиш керак” деган фикрни оҳорсиз шаклларга солиб бераётгандай. Бундай жимжимадор оқимларга чалғиш керак эмас.
6. Бу савол олдинги саволнинг бошқачароқ шакли. Аслида, санъат инсоннинг ҳис-туйғуларини қитиқлайди, тасаввурини ўйнайди, фикр қилишга, ўйланишга мажбур қилади. Бугун ўқувчининг тасаввур қила олиш даражасини синашга қаратилган асарлар анчагина… Шаклий, услубий изланишлар, бошқотирмалар, гарчи у адабиётнинг асосий талаби ва мезонига мос бўлса, ҳеч қандай хавфли жойи йўқ. Гессенинг “Игра в бисер”, Кортасарнинг “Игра в классики”, “62. Модел қурилмаси” (“62. Модель для сборки”) романлари ҳам сиз айтгандай ўйинга, бошқотирмага қурилган. Аммо улар адабиётнинг барча талабларига мослаштирилган, бўйсундирилган. Нафосат ва эстетика мезонларидан четга чиққан ҳар қандай шакл ва мазмуннинг санъатга алоқаси йўқ. Санъат ана шу мезонларда ўйин қилиш учун яратилган. Бу мезонларда туриб ўйин қилган Бодлер, Пикассо, Жойс, Кафка, Пруст, Беккет, Вульф, Музил, Камю, Сартр, Салвадор Дали, Кортасар ва бошқалар бугунги оқимларнинг отаси эди. Улар санъатнинг ифода чегараларини қанчалик кенгайтиришмасин, ана шу мезонлар доирасидан чиққанлари йўқ, улар тасаввурни кенгайтирдилар, ҳис-туйғуларни қитиқлашди, фикрни кучайтиришди, аммо эстетикага зид ишлар қилишгани йўқ. Мен адабиётнинг, унинг тасвири, акс эттиришининг чегараси йўқ деган гапга қўшилмайман. “Изм”ларнинг ва изланишнинг ҳам чегараси бор, у тасаввур, эстетика, ахлоқ ва гуманизм чегараларидир. Ана шуларга ёт нарсаларни мен асар сифатида, санъат сифатида қабул қилолмайман.
7. Адабий танқид масаласи бугун ўта долзарб муаммога айлангани рост. Адабий танқид китобхондан бир қадам олдинда юриши керак. Илғор хориж мамлакатларида ўқувчилар дидини тарбиялайдган махсус тўгараклар бор, газеталар бор, махсус адабий дид билан шуғулланадиган гуруҳлар бор. Бизда бу иш адабий танқиднинг ихтиёрига ташлаб қўйилган. Адабий танқид эса бугунги ўртача ўқувчи даражасидан ўсиб чиқолгани йўқ. Адабиётшуносларимиз хафа бўлишмасин. Адабий танқид дегани фақат адабиётшунослик эмас, ёзувчи, шоир, файласуф, социолог, умуман, зиёли қатламнинг ҳаммаси шу доирага киради. Бу дард ҳаммамизники. Масала шундаки, адабий дид кундан-кунга майдалашиб, хиралашиб бораяпти. Унинг хиралашишида оммавий маданият билан бирга, ёзувчиларнинг, танқидчиларнинг ўзлари ҳам хизмат қилишмоқда. Кўча чўпчакбозлигининг танқидчилари пайдо бўлди. Улар ана шу чўпчакбозликни бевосита адабиётга дахлдор қилишга тер тўкиб меҳнат қилишаяпти. Туппа-тузук ёзувчилар кўча чўпчакбозлигига ўтиб кетишди. Ҳа, майли, тирикчилик-да (косибчилик қўлидан келмаганларнинг бунақа тирикчилик қилиши гуноҳ ҳам, айб ҳам эмас, аксинча, сўз оҳорини билмайдиган кўча ёзувчиларидан афзалроқ), деб юрган эдик, аммо улар энди бу чўпчакбозликни адабий асар сифатида даво қилишаяптики, бу адабий жараёнимизда хавотирли ҳолат пайдо бўлганини билдиради. Йўлдош Солижоновнинг айнан шу масалада куйиниб ёзган мақоласига бошқа бир адабиётшунос эътироз билдирди, гўё бу билан адабиётшуносликда фикрлар хилма-хиллигини намойиш қилди. Аслида, бу эътироз моҳиятан олганда, чўпчакбозликни адабиётга тиқиштиришдан, адабиётда пайдо бўлаётган майда манфаатларнинг намойишидан бошқа нарса эмас эди. Яқинда бир туппа-тузук адабиётшуноснинг эстетика талабларига жавоб бермайдиган бир ҳикояни оғзидан бол томиб мақтаганини эшитгач, адабий дидимиз анча хатарли вазиятга тушиб қолганини ҳис қилдим. Танқидчи ёзувчи, шоирлар билан бирга адабий дид учун масъуллардан бири. Унинг бу дидни туширишга, соя солишга ҳаққи йўқ. Бугунги адабий танқид ўзининг фаолиятсизлик даврини бошдан кечираяпти. Уларнинг айримлари назарияпарастлик билан, айримлари чўпчакбозликни адабиётбозликка айлантириш билан машғул бўлишаяптики, бундан хавотирланмай бўлмайди. Илгари ҳам ёзгандим. Миллий дид, жумладан, адабий дид ҳам худди давлат чегаралари каби қўриқланиши шарт. Фақат бу ерда “чегарачилар” ёзувчилар, танқидчилар, олимлар, зиёлилар бўлиши керак. Агар биз шу пайтгача шаклланган адабий дидни бой берсак, адабиёт яшаб қолиш имкониятини бой берган бўлади, ўрнини оммавий маданият намуналари бўлган тижорат асарларига бўшатиб беради. Тижорат адабиёти эса ҳеч қачон миллатни тарбия қилмайди, уни глобаллашув даврида пайт пойлаб турган бошқа мафкураларга ем бўлишга, ютиб юборишига замин тайёрлайди. Ана шунинг учун ҳам бу хавотирли ҳолат.
8. Санъат ижодкорнинг ўзини намоён этиш усулидир. “Ўзини” деганда, кўп нарса назарда тутилади. Бу ерда ўзлик, давр, замон, жамият, қарашлар, тушунчалар жамулжам бўлади. Ҳар бир ижодкор ўзини ўзига хос ифода этгиси, шунга мос услуб, шакл танлагиси келади. Худди бармоқларимиз каби ижодкорнинг дунёни қабул қилиш тарзи ҳам бир-бирига ўхшамайди. Тўғри, услубий яқинликлар бўлиши мумкин, лекин айнан такрори бўлмайди. Қодирий билан Чўлпоннинг маънавий қарашлари бир-бирларига яқин бўлса ҳам услублари бир-бирларига ўхшамайди. Бу воқеликни кўриш, ёндашиш ва акс эттиришнинг ўзига хослигидан дарак беради. Ҳа, бармоқ излари каби, агар ижодкор шахс бўлса, улар бир-бирларига ҳеч қачон ўхшамайди. Бир-бирига ўхшамагани учун ҳам биз адабиётнинг майдони, чегараси, усули кўп ва кенг деймиз. Адабий хилма-хиллик – шахслар хилма-хиллигидир. Шахс бўлмаган ижодкорнинг асарлари худди инкубаторнинг тухумлари каби бир-бирининг ё у жиҳати, ё бу жиҳатининг такрори бўлади, холос. Шахс бўлиб шаклланган ижодкорнинг асарларигина ранг-баранг бўлади, бундай ижодкорлар адабиёт учун воқеа бўлаолади. Қоғоз қоралаш, ёзув устида тер тўкиш, жилд-жилд китоблар чиқариш, тил қонуниятларига амал қилиб жумлалар тузиш, эга-кесимни жойига қўйиш, “ижодкор” деган номга сазовор бўлиш, кўпчиликнинг қўлидан келади, аммо камдан-кам ижодкорлар шахс бўлиб шаклланади. Шахс бўлиб шаклланмаган ижодкор эса адабиёт учун шунчаки ўткинчи ҳодиса. Бугун бор, эртага йўқ. Адабиётнинг шафқатсизлиги ҳам шу ерда. Минглаб одам асар ёзади, адабиёт эса фақат битта-иккитасини эртанги кунга етказади. Қолганлари шу замоннинг йилномалари каби ўз даврида қолиб кетаверади. Шунинг учун шахслар яратган услубларгина адабий жараёнга ҳам, адабиётга ҳам “қувват”, янгиланиш, тоза ҳаво беради. Ранг-баранглик – шахслар ранг-баранглигидир.
9. Ёзувчини миллат виждони дейишади. “Миллатга виждон” бўлиш масъулиятли ва шарафли мақом. Ижодкорнинг бурчи ана шу мақомга содиқ қолиш ва ҳалол бўлишдир. Тўғри, барча замонларда ёзувчилар ўткинчи масалаларга, давр билан боғлиқ муаммоларга муносабат масаласида ҳар хил қарашларда бўлганлар. Ўткинчи курашларга боғланиб қолиб, адабиётнинг бош вазифаси унутилган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, мен Солжиницинга ҳурмат билдирган ҳолда, унинг рус адабиёти учун жуда кам асари эртанги кунга қолади, деб ўйлайман. Асосий асарлари шўро тузумини фош қилишга қаратилди. Бугун эса бу асарларнинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Давр билан бирга Солжинициннинг довруғи ҳам сўнди. Лекин мен, барибир, фаол фуқаролик тарафдориман. Ёзувчи учун ўткинчи муаммо йўқ. Агар у муаммо миллат, Ватан, инсон тақдирига дахл қилаётган бўлса, бу масалага ёзувчи аралашиши ва ҳал бўлишида ўз ҳиссасини қўшиши керак, деб биламан. Рус тафаккури ХIХ асрда Белинский, Герцен, Добролюбов, Чернешевский, кейинчалик Толстойнинг фаол фуқаролик позицияси маҳсули бўлган фикрлар билан равнақ топганини ҳеч ким инкор қилолмайди. Абадий мавзулар билан бирга инсонга, унинг келажагига, гуманизм ва эркинликка дахл қилаётган масалаларга ўз муносабатини билдириш ижодкорнинг бурчи ва вазифасидир. “Санъат санъат учун” қараш тарафдори бўлган Томас Манн, Стефан Цвейглар фашизм билан келишмай, юртини ташлаб кетишди ва умрларининг охиригача антифашист (коммунист эмас) бўлиб қолишди. “Санъат санъат учун” деган қараш ижодкорни майда-чуйда масалаларга ўралашиб қолувчи публицист бўлиб қолишдан асраш учун айтилган… Ҳамма гап шундаки, ёзувчи Худо берган истеъдодини ўткинчи курашларга бағишламаслиги, “атомни ўтин ёриш учун” ишлатмаслиги керак. Унинг буюк миссияси инсон қалбини поклантириш, инсонни бани олам уйғунлиги йўлида руҳлантириш, унга матонат бағишлаш, инсонни олий ҳидоят сари ундаш, инсоннинг хаёли ва тафаккурига қудрат, куч ато этишдан иборат. Ана шу йўлда у ҳар сония, ҳар куни ва ҳар доим ёниб яшаши шарт бўлади.
10. Бу масала ҳақида кейинги йилларда кўп гапирилаяпти. Албатта, хавотир ўринли. Кўча чўпчаги билан, адабиёт бошқа-бошқа нарса. Адабиёт ва маданиятни теран тушунадиганлар ҳатто АҚШда ҳам Фолькнер, Хемингуэй, Вульф, Торнтон Уайлдер қаторига ҳеч қачон Артур Хейли ёки бошқа бестселлер ёзувчиларнинг номини қўшиб санашмайди. “Бестселлер” инглизча “best seller” сўзларидан олинган бўлиб, “энг кўп сотиладиган” деган маънони билдиради. Бу ерда китобнинг сифати, адабий қиммати эмас, унинг тижорат қиймати биринчи ўринда туради. Шу сабабли, кўча чўпчакларини “адабиёт” деб эмас, оддий “тижорий асарлар” ёки “бестселлер” деб аташ керак. Ана шунда адабиёт билан кўчанинг енгил олди-қочдилари ўқувчиларни чалғитмайди. Бироқ бу ерда ҳам, энг аввало, танқидчилар ва ёзувчиларнинг муросасиз нигоҳи, кузатуви ҳамда муносабати керак бўлади. Адабий дид миллий бойлик ҳисобланади. У асрлар оша сайқалланиб, ривожланиб келади. Уни туширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу дидни саёзлаштиришга қилинган ҳар қандай ҳаракатга қарши аёвсиз курашиш керак. Асарлар билан, муносабат билан, танқидшунослик ва адабиётшунослик билан. Бу – бизнинг адабиётшунослигимизнинг бурчи. Агар жиловни кўча асарларига бериб қўйган эканмиз, бу ерда адабиёт учун масъуллардан бошқа ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Тасаввур қилайлик, уйимизга болаларимизнинг соғлигига, ахлоқ ва ўлчамларга зарар берадиган одатми, вирусми, ҳашаротми кирса, дарров бу нарсалардан қутулишга ҳаракат қиламиз, уйни тозалаймиз, тарбия билан жиддий шуғулланамиз, ташвишга тушамиз, токи ана шу хатар йўқолмагунча тинчимаймиз, ҳаловат билмаймиз. Адабий дид борасида ҳам худди шундай бўлишимиз керак. Адабиёт ёзувчиларнинг “уйи”, меҳроби, унга гард юқтирмаслик ҳаммамизнинг бурчимиз. Адабиёт “энг кўп сотилишга” эмас, энг юксак дидни, нафосатни ва инсонпарварликни тарбиялашга, уни ўстиришга хизмат қилади. Диди баланд миллат эса улуғ эврилишлар қилишга қодир миллатдир. Чунки дид – бу маданият, тафаккур тарзидир, ҳам иқтисодда, ҳам руҳониятда, ҳам фикрда, ҳам маданиятда эртанги кунга ёқилган маёқдир. Бугун биз қандай маёқ ёқсак, эртанги авлод ўша маёқ нури билан ҳаётга назар солади, ўша маёқ нури билан аждодларимиз ва бани башар қолдирган меросга, қадриятларга муносабат билдиради, ўша маёқ нури билан баҳо беради, яшайди. Бугунги адабий жараён ана шу масъулиятни унутмаслиги керак, деб ҳисоблайман.
Дилмурод Қуронов жавоблари:
1. Сирасини айтсам, мен кўпроқ “70-йиллар авлодидан кейин бизда адабий авлод шаклланмади” дегувчилар фикрига қўшиламан. Бироқ бу фикрни ёзғириқ оҳангида ёки адабиётимизга 70-йиллар авлодидан кейин кириб келганларни камситиш маъносида айтиш тўғри эмас, деб биламан. Назаримда, саволда ХХ аср ўзбек адабиётидаги адабий авлодлар жуда тўғри санаб ўтилган, ҳар бирининг ғоявий-эстетик мавқеи, ижодий кредосини белгилаган асосий омил – давр доминант ижтимоий кайфияти моҳияти ҳам лўнда ифодаланган. Ҳақиқатан ҳам саналган авлодлар ғоявий ва адабий-эстетик қарашлари жиҳатидан бир-биридан аниқ-тиниқ фарқланади. Савол туғилади: мумтоз адабиётимизда ҳозир биз назарда тутаётган маънодаги “адабий авлод”лар борми? Ўйлайманки, агарда йўқ десам, биров эътироз қилмаса керак. Демак, адабий авлод дегани муайян давр, шу давр юзага келтирган маълум шарт-шароитлар маҳсули экан-да! Фикримча, шундай: у шахс ижтимоийлашган, ўзининг моҳиятию тақдирини жамият билан бирликдагина идрок қилиб, ижтимоийликни шахсийликдан устун қўйган давр маҳсули. Ҳозирги инсон эса, буни хоҳ Ғарб таъсири денг ва хоҳ бошқа, тамомила бошқа олам: у турмушини яхшилаш, ўзи ва яқинларида мавжуд имконларни намоён этишу фаровон яшаш учун зарур шароитлар яратиш… каби оддий, кундалик ташвишлар билан андармон. Илож қанча, яқин-яқинларгача адабиётимиз “мешчанча” дея қоралаб келган турмуш ва тафаккур тарзи энди одатий нормага айланиб улгурганини тан олишга тўғри келади. Айтмоқчиманки, “янги даврга хос бўлган кайфият”, менимча, шунинг ўзидир. Тўғри, ич-ичимизда бу билан келишолмай турганимиз бор гап: ижтимоий фикрга кенг миқёсда таъсир қила оладиган адабиётни, нафақат бадиий, балки ижтимоий тафаккурнинг ҳам илғорида борадиган ижодкорларни – шу куннинг гапини айтадиган “адабий авлодни” ҳануз соғинаётганимиз шундан. Ҳолбуки, “янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган”, фақат ундан энди салафларидаги белгиларни излаш бефойда. Негаки, энди ижод аҳлининг барини бирдек ўртовчи умуммиллий дард йўқ, яъни бугун санъаткорнинг ижтимоий дардни шахсийлаштира олиши кифоя эмас, аксинча, шахсий дардни ижтимоий аҳамиятга молик даражада бадиий талқин қила олиш салоҳияти зарур. Энди бир ўйланг, бугунги санъаткор – умумнинг дардини эмас, аввало, ўзини ифодалаётган одам ҳамманинг дилига бирдек йўл топиши, ҳамманинг дилидагини айта олиши мумкинми? Фикримча, йўқ, унинг айтганлари фақат бир қисмнинг кўнглидагина акс-садо беради, чунки оммадаги бадиий дид турфа, маънавий-руҳий эҳтиёжлар ҳам хилма-хил. Иккинчи томони, ижодкор бугун, аввало, ўзини ифодалаётган экан, демак, асарларда воқеланаётган шахсиятнинг даражаси, маънавий-руҳий имконлари-да турфа: бирида оламий муаммоларнинг ташвишли талқини, бошқасида кўнгилнинг олис пучмоқларида ботин – шаҳвоний ва ё ваҳшиёна майллар муҳри… Ижодкорларнинг кимиси атрофидаги нарса-ҳодиса ва ё воқеадан ҳикмат излайди, бошқаси тамом янги воқелик яратиш пайида, тағин бириси учун айтаридан кўра айтиш жараёнининг ўзи муҳимроқ – сўзларни, рамзу тимсолларни ўйнатиш билан овора.
2. Аввало, агар хилма-хиллик бебаҳо бойлик дея эътироф этиларкан, бугун ўзининг ғоявий-эстетик мавқеига эга адабий авлод шаклланмаяпти, дея койишимиз ўринсиз. Ижод эркинлиги масаласига келсак, у бугуннинг кун тартибидан олинган десак бўлаверади. Бироқ, назаримда, бошқа бир масала – эркинликнинг ҳадлари борми ё чек-чегарасизми деган масала долзарблаша бошлади. Сираси, ижод эркинлиги ҳам демократияга ўхшаш нарса: демократия ҳуқуқ ва бурч бирлигини назарда тутади, агар бурчлар инкор қилинса, анархия юзага келади. Шунга ўхшаш, ижодкор ҳам эркин, лекин у бурчини – миллий маданият вакили эканини, қадриятлар, урф-одат ва анъаналарга ҳурмат билан қарашга бурчли эканини ич-ичидан ҳис қилмоғи керак.
Ҳа, бугунги ранг-баранглик ижодда ижтимоийлик устувор бўлган ХХ аср адабиёти билан боғлиқ шаклланган “адабий авлод” тушунчасини инкор қилади. Энди адабиётимизнинг қиёфаси мозаикасимон эканига кўнишимиз, кўникишимиз лозим. Зеро, бу табиий ва қонуний бир ҳолдир. Шунақа экан, аввало, бугунги адабий жараёндаги ҳодисаларга муносабатни шунга мослаш, уни дунёни бадиий идрок қилиш бобидаги ҳар қандай ғоявий, бадиий-услубий изланиш – яшашга ҳақли деган тамойилга қуриш керак бўлади. Яъни турли “изм”лар ҳақида баланддан туриб, бурун жийириб гапириш тўғри эмас. Аксинча, адабиёт ривожи эндиликда ўша “изм”лар орасидаги соғлом рақобат муҳитини тақозо этади. Майли-да, ахир, бир-бирига яқин ижодкорлар ўз клублари, адабий мактабларини ташкил қилсинлар, ижодий-эстетик дастурларини ишлаб чиқсинлар, ўзларининг матбуот ва интернет нашрларини таъсис этсинлар… Равшанки, мавжуд шароит ижодий уюшмаларда ҳам шунга мос таркибий ўзгаришлар қилиш, уларнинг фаолиятини уюшмалар уюшмаси тарзида йўлга қўйишни заруратга айлантиради.
3. Саволнинг ўзида ички зиддият кўряпман: агарки адабиёт “мен”имиз экан, у “беш кунлик дунё”дан айро тушолмайди, негаки, “мен”имиз дунё билан муносабатдагина мавжуд. Бас, адабиёт ўша “мен”ни дунё билан узвий алоқада, яъни дунёдаги “мен”ни ёки “мен” орқали дунёни ўрганади. Шунақа экан, уларни бир-бирига бу қадар кескин қарши қўймаган маъқул кўринади. Ахир, бизга шу беш кунлик дунёнигина қисман билиш имкони берилган, буни Румийдан келтирилган фикр ҳам тасдиқлаб турибди. Тўғри, адабиётнинг воқеликка бадиий иллюстрация бўлиши ҳам, мафкура хизматчиси бўлиши ҳам нораво, лекин улардан буткул холи ҳам бўлолмайди. Зеро, ижодкор воқеликни бадиий идрок этаркан, у ҳақдаги муайян фикр-қарашларини ифода этади. Бас, жамиятда яшаб турган шахс сифатида ижодкорнинг фикр-қарашлари мавжуд мафкуралардан бирига яқин бўлиши ажабланарли эмас. Ҳа, биз шўроча андозадаги адабиёт ва мафкура муносабатидан задамиз, шунинг таъсирида иккисини бир-биридан тамом айиришга ҳаракат қиламиз. Ҳолбуки, бир томони онг соҳаси бўлмиш адабиётнинг ички моҳиятидан келиб чиқувчи мафкуравийликни инкор қилиш зўрликнинг бошқача кўринишидир.
4. Ҳа, сиртдан қараганда адабиёт ҳануз эзгулик томонида тургандек эса-да, афсуски, бу ташвишда асос йўқ эмас… Ҳаммага маълум, бадиий асардаги ошкор дидактика – насиҳатбозлик қанчалик ғашга тегса, намойишкорона эзгулик байроқдори бўлиш ҳам шунчалик эриш туюлади. Мен сариқ матбуот саҳифаларида урчигандан урчиб ётган “ибратли” ҳикояларни назарда тутяпман. Эҳтимол, ўзини шулардан фарқлаш учун чин адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялиброқ” турган бўлса бордир. Албатта, бу нотўғри, бу ўз мавқеини қўшқўллаб топшириш, жанггоҳдан ура қочишдан бошқа эмас. Умид қиламизки, чин адабиёт бу хатосини тез англайди ва яна ўз мақеини эгаллайди. Бироқ бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати муҳимроқ кўринади. Айтайлик, жангари фильмларни кўп кўрганмиз – уларда қаҳрамон ҳамиша эзгулик тарафида. Лекин эзгулик тантанаси кадр ортида қолади, томошабинни эса кадрдаги муштлашувлар, отишмалар, қон тўкишлар, фаҳш саҳналар ўзига жалб этади… Албатта, бунинг инсон психологияси билан боғлиқ асослари бор, лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, адабиётда ҳам шу ҳол бот-бот кўзга ташланиб қолаётир. Масалан, биров фоҳиша ҳаётини қаламга олади-да, унда-да аввало, бир инсонни кўрмоқни, тақдир дегани кутилмаган эврилишларга бойлигию инсон ҳаётининг у ё бу ўзандан кетишига атрофдагилар ҳам сабабчи бўлишларини кўрсатмоқчи бўлади. Ният-ку яхши, лекин шўрлик ният фаҳш саҳналар соясида кўмилиб кетади-да! Энг ёмони, аксар эпизодлар миллий руҳга озор етказади, бадиий дидга ўтиришмайди. Қизиғи, биров буни беаёв танқид қилса, бошқаси шуни ўқимасдан адабиётшуносман, деб юрганларни койийди, тағин бириси буни Чўлпон бошлаган анъаналарнинг давоми дейди. Майли, Чўлпоннинг ёзганлари ўз даври учун жудай-ла ошкора, бунга қўшилайлик ҳам. Ҳолбуки, Чўлпон тасвиридаги фоҳиша ўзи тушиб қолган ботқоқдан чиқиш умидида пул йиғиб, кун санаб юрган бир мазлума, Мирёқуб бўлса ўзидаги “итлик”дан қутулиб, одам бўлишга чоғланган инсон. Чўлпон фаҳшни таназзул сабабларидан бири сифатида талқин қилади, энг муҳими, унинг ёзганлари инсоннинг шаҳвоний майлларига эмас, онг-тафаккурига қаратилган. Афсуски, ҳозирда яратилаётган айрим асарларга нисбатан бу гапни айтиб бўлмайди. Айтмоқчиманки, ижодкорнинг ўз олдига эзгу ният қўйганининг ўзи кам, бу ниятнинг қай йўсин амалга оширилиши пировард натижани – ўқувчида қандай таассурот қолдирилишини белгилайди.
5. Назаримда, адабиётимиздаги Ғарб таъсири масаласи кўтарилсаёқ ваҳима оҳанги ўз-ўзидан баланд пардага кўтарилиб кетаверадигандек туюлаверади менга. Умуман айтаман-да, ҳозир гап келиб қолди… Ойбекни эсланг: Блок шеърияти билан танишгач, шеърият ҳақидаги фикрларим буткул ўзгариб кетди, дея эътироф этганди у. Жумладан, шоир Блокдан рус символизмига хос ва кейинча импрессионизм мутлақлаштирган “оний лаҳзани” тасвирлаш манерасини ижодий ўзлаштирдики, шунинг маҳсули ўлароқ 20-йилларнинг охирларида пейзаж лирикасининг гўзал намуналари дегулик қатор бетакрор шеърларини яратди. Лекин бу билан Ойбек символист ҳам, импрессионист ҳам бўлиб қолмади – миллий шоиримизлигича қолди. Бир пайтлар Чўлпонга Фрейд таълимоти таъсири ҳақида ёзгандим: адиб психоанализга хос ёндашувни Мирёқуб руҳияти таҳлилида қўллайди. Чўлпон ҳам бу билан фрейдчи бўлиб қолмади – бор-йўғи миллий романчилигимизни бир одим илгарилатди, холос. Бунақа мисолларни яна келтиравериш мумкин, лекин бунга зарурат йўқ, деб ўйлайман. Фақат айтмоқчиманки, миллий маданиятимиз ўзга маданиятлар билан алоқада ўзлигини йўқотар даражада ғариб эмас, аксинча, ғоятда бой ва томирлари теран маданиятдир. Бас, маданиятлараро мулоқот жараёнида у ўзига сингишадиган, ЎЗИНИКИ бўлиб кета оладиган жиҳатларнигина олиб, бошқаларини сиқиб чиқаришга қодир. Аминманки, постмодернизм ҳам бундан истисно эмас. Мазкур қонуниятнинг мудом амал қилиши учун кўп нарса талаб этилмайди – ижодкорларимиз миллий ўзлигини, қайси ва қандай маданият вакили эканларини унутмай қалам тебратсалар кифоя.
6. Йўқ, чамаси, бу масаладаги қарашим бирмунча оптимистикроқ ва у, аввало, инсоннинг, сониян, адабиётнинг табиатидан келиб чиқади. Инсон бир жиҳати ижтимоий махлуқ экан, унинг дарддан мутлақ холи бўлишига кўзим етмайди. Модомики, дард бўлар экан, инсон изҳор эҳтиёжини туяди. Изҳор воситаларидан бири адабиёт бўлса, у инсон томонидан инсон учун яратилади ва ижтимоий муносабатлар тизимида яшайди. Шуларнинг ўзиёқ, фикримча, адабиётнинг кун келиб тамом ўйин бўлиб қолмаслигига кафилдир. Ўйинга келсак, у ижод табиатига ёт эмас, ўзингиз айтгандек, ижодда ўйин моменти қадимдан бор: сўз ўйинлари, ўткир қочиримлар, турфа кўринишдаги шакл ўйинлари… Ижодкор учун булар бари – восита эди: фикр-ҳисни ўзига хос тарзда ифодалаш ва эстетик завқни кучайтириш воситаси. Вақти келдики, постмодернчилар воситани мутлақлаштирдилар, унга тугал мақсад деб қарай бошладилар: уларнинг ижодий изланишлари боис ижоддаги ўйин кўлами, имконлари бағоят кенгайди. Бироқ бу ҳол, фикримча, мангу қололмайди: қазисан, қартасан – ўз аслингга қайтасан, деганларидек, ўйин яна восита мақомига қайтади. Зеро, ўзни ифодалаш эҳтиёжисиз ижод йўқ, бас, ўйин яна ўзни ифодалашга, постмодернчилар кенгайтирган имконлари билан энди янада самаралироқ хизмат қилади. Дарвоқе, бу қадар ишонч билан гапиришим бежиз эмас: бадиий тафаккур тарихидаги фактлар шунга асос беради. Эсланг-а, шовқин-сурон билан майдонга чиққан импрессионизм, экспрессионизим, онг оқими, абсурд каби “изм”лар ўз даврида ниманидир мутлақлаштирган, ўшани асосга қўйиб, адабиёт шундай бўлур деган даъвони ўртага ташлаган эди. Эътироф этиш керак, уларнинг ҳар бири ўзи асосга қўйган нарсани юксак даражада ривожлантирди. Оқибат шу бўлдики, улар ривожлантирган нарса бадиий тафаккурга сингиб кетди – адабиёт эса аслича қолди, фақат уларнинг ижодий изланишлари ҳисобига имконлари кенгайди, холос.
7. Менга қолса, гапнинг пўсткалласини айтиб, танқидчилигимиз бир жойда депсиниб қолгани тобора равшан бўлиб боряпти, у ўз миссиясини бажаролмай қолди, деган бўлардим. Майли, жавоби қанчалар нохуш бўлса ҳам, аввал мана бу саволларни қўйиб кўрайлик: “Бугун адабий танқидий асарлар ўқиляптими? Ўқилса, кимлар ўқияпти?” Афсус, биринчи саволга дадил “ҳа!” жавобини беришимиз мушкул. Сир эмас, адабий танқидий чиқишларни, асосан, мутахассислар ҳамда матбуотни мунтазам кузатиб боришга ўрганиб қолган айрим катта ёшли ўқувчилар “тарки одат – амри маҳол” қабилида ўқийдилар. Мен бу гапларни педагогик фаолиятим давомидаги кузатишлардан келиб чиқиб айтаётирман: эртага филолог мутахассис бўлиб етишадиган талабаларни оласизми ё малака оширишга келаётган тил-адабиёт ўқитувчилариними – адабий-танқидий материаллар чоп этиб бориладиган нашрларни ўқийдиганлари юздан бирни ҳам ташкил қилмайди десам, лоф эмас. Мазкур шароитда “танқид омманинг бадиий дидини тарбиялашга масъул” дегани қуруқ гап, негаки амалда “танқид –танқид учун” тамойили ҳукм сурмоқда. Тўғри, адабий танқидий ишларни чоп этадиган нашрлар ҳам, уларнинг адади ҳам кам, боз устига, уларнинг талаблари ҳам танқидчиларни бироз чеклайди. Лекин бу асосий сабаб эмас. Фикримча, танқиднинг ўзи ўзгариши зарур. Биласиз, ҳозир танқидчи ўзини, аввало, адабиётшунос ўлароқ ҳис қилади, ёзганларида ҳам олимнинг назари устувор. Балки, адабий танқидий асарларни кўпроқ мутахассислар ўқишининг сабаби шундадир?! Ҳолбуки, танқид ўқувчи омма билан мулоқот қилиши, уни адабий асар моҳиятига яқинлаштириши, муҳими, унда ўқиш эҳтиёжи ва уқиш малакасини шакллантириши лозим. Бу эса, ўз навбатида, шу мақсадларга мос услуб ва ифода тарзини тақозо этади. Айтмоқчиманки, адабий танқидий асар илмий мақоладек эмас, адабий асар каби ўқилиши, бир сўз билан айтсак, ЎҚИШЛИ бўлиши керак. Айни чоғда, мунаққид ўз фикрларини пухта адабий-назарий асосда турган ҳолда ифодалаши лозим бўлади. Фикримча, танқидчилик шу талаблардан келиб чиқиб ўзини ўзгартирса, ундаги сиз айтган муаммолар ҳам навбати билан ҳал бўлади.
8. Ижод аҳли ботинида кечувчи “эски ва янги” кураши ҳамиша бўлган ва бўлади. Бу истеъдоднинг табиати билан боғлиқ қонуний бир ҳолдир. Зеро, истеъдод табиатан янгиликка, оригиналликка интилади, иккинчи ёқдан, унинг фитратида аждодлар тўплаган тажрибанинг генлар орқали ўтиб келган қаймоғи мужассамдир. Яъни чин истеъдод миссияси тафаккур имконидаги барча фикрлар айтилиб, кўнгилдан кечиши мумкин барча ҳислар ифодаланиб бўлган бир шароитда “ўз гапи”ни айтмоқдирки, “эски ва янги” курашининг бардавомлиги шундан. Айни ҳол ҳатто бизга (ё ижодкорга) мутлақ янгилик туюлаётган нарса ҳам асли анъана заминида туришини таъминлайди. Демак, масала бизнинг ўша заминни кўра олаётганимиз ё кўра олмаётганимиз, ижодкорнинг буни эътироф этаётгани ё этмаётганида, холос. Сираси, бизга ёқиш ё ёқмаслигидан қатъи назар, ўз “ижодий мени”ни юксак баҳолаш чин истеъдодга хос хусусият: ундаги шу ҳис ва ўз сўзини айтиш эҳтиёжи бадиий тафаккурни ривожлантирувчи асосий омиллардир. Ўзи яратаётган янгилик шавқида истеъдод анъана заминида турганини иқрор қилмаслиги ажаб эмас, зеро, ижодий изланишларига ўзини анъанага қарши қўйишдан қувват олади. Бундай қарши қўйиш, ботинда кечувчи “эски ва янги” кураши истеъдод ижодий ўзлигини қарор топтиргачгина барҳам топади. Зеро, энди унинг ижодий изланишлари маҳсули – янгилик воқеланиб улгурган, анъанага бир зарра мисоли қўшилиб кетган бўлади… Ижодкор ботинида кечувчи “эски ва янги” курашини шундай тушунганим учун саволда тилга олинган бонгни эшитадиган қулоқларимиз том битмаслигига ишонгим келади.
9. Фуқаролик ва санъаткорлик бурчи деган тушунчаларни бир-биридан бу тарз ажратишда, назаримда, бироз сунъийлик бордек. Зеро, адабиёт ўзни ифодалаш шакли экан, асар ўзида яратувчисининг шахсини акс эттиради. Шахс дегани эса – бир бутун, унинг бу қисми фуқаро, буниси санъаткор дея ажратиб бўлмайди. Ҳа, шеърларидан бирида Ш.Раҳмон “рубобий шеър”лар ёзиш ўрнига курашиб ўтгани учун ўкингани бор. Лекин бу, менимча, оний бир кайфият. Ҳақиқатда шоир қаршисида “рубобий шеърлар ёзсамми ва ё курашчан шеърлар?” тарзидаги танлов зарурати турган эмас. Йўқ, у атиги ўзи тўғри деб билган равишда тўлақонли яшаган ва даврини кўнглида яшатгани ҳолда дилидагини изҳор қилган – қаламидан ўша сизу биз билган курашчан шеърлар тўкилган. Яъни шундай яшаш унинг бандалик тақдирига, шундай ёзиш шоирлик қисматига битилгандир… Савол ўзи ғоят мураккаб, бунинг устига муайян йўриқ-тавсия беришни талаб қилаётгандек: жавоб беришга журъат етишмайди, бермасликка ҳам кўнгил бўлмайди. Фикримча, ижодкор инсоний комилликка интилиб, атрофидагиларни ҳам баркамолу жамиятни мукаммал кўриш истаги билан яшаса, айни шу ҳаётий мавқеи билан воқелик муносабатидан туғилган ўй-ҳисларини рўй-рост ва гўзал тарзда ифодаласа, бас – фуқаролик бурчини ҳам, санъаткорлик бурчини ҳам ўтаган бўлади.
10. Парадокс шундаки: бадиий тафаккур жиҳатидан адабиётимизда ўсиш бўлгани ҳолда китобхонлик даражаси тушиб боряпти. Афсуски, бу гап фақат “жиддий адабиёт”га нисбатан тўғри, чунки турфа номдаги оммавий нашрлар ҳам, уларнинг адади ҳам, демак, ўқувчилари ҳам ортиб бормоқда. Бу эса ўша “жиддий адабиёт” билан ўқувчи омма орасида жарлик каттариб бораётганидан даракдир. Албатта, бунинг кўплаб сабаблари бор, бу ҳақда кўп айтилди ва яна айтилади. Мен бу ўринда “жамият миқёсида жиддий адабиёт ҳақида қайғурмоғимиз керак” деган фикрни қувватлайман. Мавжуд аҳволни ўнглаш учун эса бир неча йўналишда иш олиб боришга тўғри келадики, шулардан энг муҳими, фикримча, адабий таълимдир. Менга қолса, илгари ҳам ёзганимдек, адабий таълимнинг пировард мақсадини аниқ ва лўнда қилиб қуйидагича белгилаган бўлардим: ўқувчи таълим муассасасини адабий асарни ўқиш, уқиш, ҳис қилиш, ундан завқлана билиш малакаларини эгаллаган, адабиёт ўқишни ўзи учун зарурат мақомидаги табиий эҳтиёжга айлантирган ҳолда тарк этмоғи керак. Бу эса адабий таълимни шулардан келиб чиққан ҳолда ислоҳ қилиш, шуларни назарда тутиб ўқув дастур ва режалари тузиш, дарсликлар, методик ишланмалар яратиш ва, муҳими, ҳар бир машғулотни шу мақсадларга мос ҳолда ташкил этишни талаб қилади.
Раҳимжон Раҳмат жавоблари:
1. Ростини айтсам, ўтган йигирманчи асрда, жаҳон адабиёти мезонлари билан ўлчайдиган бўлсак, ўзбек насрида адабий-эстетик қимматга эга бўлган асарлар кўп яратилмади. Бунга сабаб узоқ йиллар адабиётимизда “соцреализм” деган сохта ва ўта зарарли методнинг ҳукмрон бўлишидир. Бу метод ёзувчини энг асосий қуроли – кўнгилдан кечадиган рост кечинмаларни тасвирлаш имкониятидан маҳрум қилди. Албатта, истеъдодли ёзувчи “соцреализм” деган метод қўйган чегараларни жуда осонлик билан бузиб ўтиб, кўнгли буюрган ва ўзи ҳақ деб билган фикр-туйғу ва ғояларни қоғозга тушириши мумкин. Аммо бу каби асар, биринчидан, ёруғлик юзини кўрмас эди. Иккинчидан эса, эркин фикрли ёзувчининг тақдири хавф остида қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бир нарса тўғрисида чуқурроқ ва инсонларга хос фикр юритиб кўрайлик. Ўтган асрнинг 30-йиллар авлоди деб атайдиганимиз Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода ва бошқалар 20-йиллардаги эркин фикрли ёзувчилар – Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Фитратларни айнан эркин фикрли ёзувчи бўлганлиги учун жисмоний ўлимга маҳкум этилганлигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу нарса уларнинг кўнглида жуда катта қўрқув ва эҳтиёткорлик пайдо қилиши шубҳасиздир. Биз 30-йиллар ёзувчиларининг қалби тубида қандай қўрқув, ваҳима ва ҳадиклар пинҳонлигини фақат тасаввур қилишимиз мумкин, холос. Иккинчидан эса, коммунистлар адабиёт ва санъатнинг жон томири бўлган дин ва фалсафани жамиятдан бутунлай қувиб чиқардилар. Ижод аҳли учун партия съездларидаги қарорлар илҳом манбаи қилиб белгиланди. Бу деганимиз шуки, қушни кенг ва озод осмондан маҳрум қилишди, у фақат қафаснинг ичида калта-калта парвоз қилиши мумкин эди, холос. Шундай шароитда ҳам, адибларимиз эътиборга лойиқ асарлар ёза билдилар. Ғафур Ғулом ва Абдулла Қаҳҳор прозаси ўзбек насрининг яхшигина намунасидир. Ўтмишни ўзгартириб бўлмайди. Ҳар қанча эътироз билдирсак-да, Абдулла Қаҳҳор ёки Ғафур Ғулом қабрдан тирилиб келиб, бошқача асарлар ёза олмайдилар. Демак, ҳар қандай ижодкор ижодига баҳо бераётганда, у яшаган даврни ҳам алоҳида ҳисобга олиш керак. “Сароб” романи бадиий жиҳатдан жуда ҳам пишиқ, пухта. Асарнинг образлилиги жуда юксак. Аммо романнинг ғояси анчайин суст, бўш. Ёзувчи ўз эрки билан эмас, балки ташқаридан бўладиган босим ва давр тақозосига кўра асар ғоясини белгилаган.
Жангга кираётган аскарнинг қўлида сифатли ва замонавий қуроллар бўлиши лозим. Қуролсиз аскар душман учун тирик нишондир. Демак, ўтган асрнинг 30-йилларида адабиётга кириб келган истеъдодлар мавжуд шароитга кўра ўз истеъдодларидаги бир қатор сифатларни амалда ишлатишдан маҳрум этилган эди. Бир нарсага эътибор қаратиш керакки, бу даврда ёзувчиларимиз оддий севги изтиробини ҳам асарга айлантира олмас эди. Ўша давр – киши кўнглида кечадиган ишқий-интим кечинмаларни ҳам тан олмаган. Бир сўз билан айтсак, коммунистик мафкура инсоннинг ботиний оламига ҳам хўжайинчилик қилган. Шунингдек, оддий одамнинг сиёсий ғояга алоқаси бўлмаган маиший турмушидаги икир-чикир ҳодисалар тўғрисида ҳам ёзиш мумкин бўлмаган бу даврда.
Кейинги давр – 60-йиллар ўзбек носирлари ижодида коммунистик мафкуранинг сезилар-сезилмас соясида бўлса ҳам, оддий инсоннинг маиший ҳаёти ва инсоний севгилар тасвири кўзга ташлана бошлади. Ўзбек ўқувчиси ўзининг оддий турмуш тарзи акс этган, севгиси тилга олинган асарларни ростдан ҳам соғинган эди.
70-йилларга келиб, гарчи ўзбек бадиий тафаккурида инқилоблар содир бўлмаган бўлса-да, ёзувчилар ижодида коммунистик мафкура сояси бутунлай ғойиб бўлди. Адибларимиз асар ёзаётиб даврнинг ҳукмрон мафкурасини тасодифан ёддан чиқариб қўйгандек эди. Ўзбек ҳаётининг маиший ҳаёти, ишқ-муҳаббати, изтироблари, меҳр-оқибат, инсоф-диёнат каби мавзулар кенг кўламда қаламга олинди. Адабиётимизда турли қатлам вакилларининг образлари – янги персонажлар пайдо бўлди. Ҳатто шу даражага бориб етдики, айрим ёзувчилар ижодида коммунистик мафкура, хусусан, бу мафкуранинг посбонларига нисбатан беозор киноялар пайдо бўлди. Айрим ёзувчиларимиз эса, шакл ва мазмунда кескин ўзгаришлар ясашга ҳам уриниб кўришди. Хуллас, 70-йилларда узоқ вақт асоратда ушлаб турилган, қафасга қамаб қўйилган ўзбек бадиий тафаккурида эркинлик, жонланиш тамойиллари сезилди.
Мустақиллик юз бергандан кейинги ўзбек насри эса самарали изланишлар жараёнини бошдан кечираётир. Янги авлод ёзувчилари йўқ ердан ёки бутунлай Европа адабиёти заминида пайдо бўлди, дея олмайман. Аксинча, уларнинг ижоди ўзбек насри замирида узоқ йиллардан буён кечаётган ижобий ўзгаришларнинг ёрқин намунаси, мантиқли давоми, кўнгилни умидлантирадиган бир босқичидир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, кейинги қарийб юз йилликда ўзбек носирлари ўз даври берган имконият ва мавжуд эҳтиёжга яраша истеъдодларини намоён қилишди. Бир даврнинг адиблари бошқа бир даврнинг носирларидан кўра истеъдодлироқ эди, деган фикрга умуман қўшилмайман. Ўзингиз такрорлаб юрибсиз-ку: “ҳамма замонларда Навоий каби буюк истеъдод соҳиблари туғилади. Лекин бу истеъдодларнинг Навоий ёки Биноий бўлиб қолишини давр белгилайди”, деб. Худди шундай.
Юқорида айтдикки, кейинги юз йилда, ҳар ўн-йигирма йилда ижодий эркинлик кенгайиб, ёзувчини ўз имкониятларини тўлароқ намоён қилишга шароит яралиб келган. Бугунги даврдаги ижодий эркинликни 70-йиллардаги ижодий эркинлик билан асло қиёслаб бўлмайди. Ҳозирги кунда ёзувчиларимиз жаҳон адабиёти тарихидаги мавжуд барча усул ва шакллардан фойдалаши, инсониятнинг барча жабҳадаги тарихларини чуқур ўрганиб, барча фанларни ўқиб ўз истеъдодларини тўла намоён қилишлари мумкин.
2. Ижодий эркинлик – иқтисодий эринлик меваси эканлигини англаб етиш зарур. Йигирманчи асрда ўзбек адиблари иқтисодий жиҳатдан сиёсий ҳокимиятга тўла қарам эди. Қарам ёзувчи эса ўзи яшаб турган ҳаётга холис ёндашиб асарлар ёзишга бироз қийналади. Айтишадики, иқтисодий эркинлик шароитида бадиий тафаккур ривожланади деб. Ҳозир бизлар иқтисодий либерализм даврида яшаяпмиз. Давр демократик тараққиёт йўлини танлаган. Бу демак, ижодий эркинликдан биринчи навбатда жамиятнинг ўзи манфаатдор.
Ҳар ҳолда, ҳозирги даврда ўзбек адабиётида жиддий асарлар юзага келиши учун объектив вазият мавжуд. Яъни, биринчидан, сиёсат адабиётни мажбуран ўз измига солишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Чунки эркин фикрлиликдан манфаатдор жамият ижод аҳлининг тафаккур тарзига аралашмайди. Ва шундай бўляпти ҳам. Иккинчидан, бугунги ижодкор, давлатга иқтисодий қарамликдан қутилиб, яшаши учун керак бўлаётган неъматларни ўз меҳнати билан топяпти. Бу нарса ҳам унинг эркин фикрли ижодкор бўлишига катта бир имкониятдир. Бугунги кунда яратилаётган асарлар биринчи навбатда ҳеч қайси жиҳатдан бирон-бир кучга қарам бўлмаган, тафаккури эркин ва озод ижодкорнинг қалбида кечаётган тирик ҳодиса, жараён сифатида қимматга эгадир. Масалан, Назар Эшонқулнинг “Баҳовиддиннинг ити”, Исажон Султоннинг “Қисмат”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув“ ҳикояларини ўқиётиб, бу асарларни қалби ва тафаккури тўла эркин ижодкор ёзганини ҳис қиласан. Икки йил бурун Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли” романи қўлёзмасини ўқиб чиққандим. Асарда асли тирик одам жамиятда ўзининг тирик эканлигини исбот қиламан, деб роса уринади. Лекин унинг ҳар бир уринишидан кейин жамият унинг тирик эканлигини баттар тан олмайди. Менда жуда катта таассурот қолдирди бу асар. Инсон ўта мантиқсиз, ёвуз ва чигал ғояларнинг қурбони бўлиб кетиши мумкинлигини тушунгандек бўлгандим. Назар, аслида, бу романини ўтган асрнинг 90-йилларида ёзган эди.
Улуғбекнинг 1996 йилда ёзиб улгурган “Ёлғизлик” қиссасига мен сўзбоши ёзгандим. Бу асарда инсон ботинида сезилар-сезилмас кечадиган, ҳеч қачон тилга чиқмайдиган фикр-туйғулар акс этганлиги менга маъқул келган эди. Аслида, кўнглимизнинг туб-тубида содир бўладиган ҳиссий жараёнларни ўзимиз ҳам тўла-тўкис идрок эта олмаймиз. “Билмайман, қийнайди қайси хотира” дейди Абдулла Орипов.
Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли” ва Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романининг мазмун-ғоясида бир-бирига яқинлик сезаман. “Гўрўғли”да асар қаҳрамони ўзининг тирик эканлигини исботлай олмай ҳалак, “Боқий дарбадар” романида эса ёзувчи инсон қисматининг моҳияти дарбадарлик эканлигини урғулайди. Муштарак маъно шуки, дарбадарлик ҳам тириклик эмас. “Ёлғизлик” қиссаси қаҳрамони ҳис-туйғуларида ҳам дарбадарлик, ўзининг тирик эканлигига шубҳалар сезилади.
Шу ўринда бир узримни айтиб ўтишим жоизки, ҳозирги кунда турли йўналиш ва жанрларда асар ёзаётган адибларимиз жуда кўпайиб кетди. Беш-олтитадан китоб нашр қилиб улгурган бир қатор ёзувчиларнинг номини ҳам эшитмаганман. Баъзан китоб дўконига бош суққанимда, адабиётимизда жуда кўп янги номлар пайдо бўлганлигини кўраман, холос. Яъниким, адабиётимизда пайдо бўлаётган ҳамма асарларни бир бошдан ўқиб, таҳлил қилиш имкониятим йўқ ҳисоби.
Бир нарсани таъкидлаш керакки, денгиз кўпиксиз бўлмаганидек, бугунги кунда бачкана истеъдодсизлик модернизм деган жиддий ҳодисани ўз айбини яшириш учун ниқоб қилишга ҳаракат қиляпти. Бир тикувчидан : “Ҳар хил кўйлаклардан чиққан қийқимларни нима қиласан?“ деб сўраганимда у: “Ташлаб юбораман“ деб айтганди. Шунга ўхшаган гаплар-да… Яна нима дейиш мумкин модернизмни ўйинчоқ қилмоқчи бўлаётганлар ҳақида. Европа модернизми жамиятда содир бўлган улкан фожиалар, йўқотишлар, хўрлик ва хақоратлар таъсирида пайдо бўлганлигини ҳам унутмайлик. Европа модернист ёзувчилари аввал биринчи жаҳон урушида, кейинроқ иккинчи жаҳон урушида инсоният қони дарё-дарё бўлиб оққанини ўз кўзлари билан кўрганлар. Уларнинг аксари бу фожиалардан шахсан жабр ҳам чеккан. Йигирманчи аср бошларида аҳвол шу даражага бориб етганки, инсон зотини ҳаддан зиёд хўрланишини ўз кўзлари билан кўрган файласуф ва ёзувчилар “Худо ўлди” деб инсон тафаккурига қўйилган азалий ва муқаддас чегарани бузишга уринишган. Худо ўлди дегани, бу аслида, инсониятнинг руҳий ва маънавий қадриятлари сариқ чақалик қимматга эга эмас дегани.
3. Учинчи саволга нима деб жавоб беришни билмай бошим қотиб қолди. Илоҳий китобларнинг барида биз яшаб турган дунё ҳақиқий, боқий дунёнинг сояси эканлиги тўғрисида очиқ-ошкор далил, ҳужжатлар келтирилган. Пайғамбарлар, азиз-авлиёлар, донишманд ва файласуфлар, шоиру ёзувчиларнинг бари, аслида, идеал олам ҳақида мушоҳада қилишади. Тафаккурни ҳаракатга келтирадиган куч ҳам илоҳий оламга ишончдан бошқа нарса эмас. Бу оламнинг омонат ва ўткинчи эканлигини ҳаммамиз биламиз. Ҳаёт ҳақиқати шуки, бу оламда бугун борсан, эртага йўқсан. Ҳақиқий адабиётда инсон, барибир, бу дунёда эмас, нариги дунёда ҳақиқий саодатга эришади, деган ғоя тараннум қилинади. Совет адабиёти эса бу ҳақиқатни инкор этди, ўз навбатида ҳақиқат ҳам уларнинг ёзганларини инкор этиб боряпти. Шу пайтгача бирорта ижодкор “мен бахтлиман“ деган сезгини ҳатто шивирлаб айтмаган. Аксинча, Навоий ва Машраб, Пушкин ва Байрон ҳам кўпроқ инсон бахтсизлигини мушоҳада қилишган.
Мен бадиий асарлардан чуқур, кенг кўламли, боқий дунё нафаси сезилиб турадиган, инсоннинг олижаноб сифатлари улуғланган, руҳ ва тафаккур эркинлиги тараннум қилинган маъноларни излайман. Бадиий асарда кўриниб қоладиган яланғоч ахлоқсизлик ғашимни келтиради. Алоҳида бир сиёсий ғоя бадиий воситаларда акс эттирилган китобларни ҳам унчалик ёқтирмайман. Бир одамнинг бармоқ излари бошқа бир одамнинг бармоқ изларига ўхшамаганидек, ҳар бир ёзувчида бошқаларникига умуман ўхшамаган ўз услубларини кўргим келади. Тақлидий асарлар жаҳлимни чиқаради. Ахир, дейман тақлидчи ёзувчига, ўз қалбингда бировникига ўхшамаган қувонч ва қайғуларинг, армону ғуссаларинг бор, ана ўшаларни китоб қилиб ёзсанг бўлмайдими?! Сен бўлсанг, ўз қалбингни инкор этиб, бировнинг қайғу ва қувончини кўчириб асар қораламоқчи бўласан.
4. Эзгулик ва ёвузлик орасидаги кураш ҳамиша бўлган ва бундан кейин – қиёматгача давом этади. Инсоннинг биологик ва руҳоний табиати орасидаги зиддиятдан пайдо бўлади эзгулик ва ёвузлик орасидаги зиддият. Ажабки, ҳайвонлар орасида бу икки тушунча аҳамиятга эга эмас. Бўри гўшт емаса, очдан ўлади. Катта балиқлар кичик балиқларни ютиб турмаса, қорни тўймайди. Дарахтлар ҳам кенглик ва нур талашиб бир-бирини қуритишга қасд қилади. Кишилик жамиятида эса барча давр ва халқлар учун ўзгармас бўлган муқаддас қонун – чекловлар бор. Аёллар, болалар, ногиронлар ва кексаларга шафқатли бўл, дейилади инсонлар жамиятида. Ҳатто бу нарсалар қонун йўли билан ҳимоя қилинади. Дейлик, автобус ҳайдовчиси балоғатга етмаган болани ярим кечаси пулинг йўқ экан, деб автобусдан тушириб юборса, жиноят содир қилган ҳисобланади. Яъни у вояга етмаган болани мазмунан хавфда қолдириб кетаётган бўлади. Инсонни инсон қилиб турган миллионта руҳий-маънавий қадриятлар бор, уларнинг бари умумлашма ном билан эзгулик дейилади. Кейин эса, инсон табиатида уни ҳайвонга айланишга мажбурлаб турадиган миллионта иллатлар бор, булар эса бир сўз билан ёвузлик дейилади.
Ёзувчи деганлари, ўз-ўзидан эзгулик, юксак инсоний қадриятлар куйчиси, ҳимоячисидир. Унутмайлик, Яратган, шайтонни ҳам бадиий истеъдоддан қисмаган… Яъниким, боши бузуқ одамга ҳам Худо ёзувчилик ёки шоирлик истеъдоди ато этиши мумкин. Лекин боши бузуқ ижодкорнинг асарлари умуминсоний қадриятлар сафидан жой ола билмайди.
5. Мен азалдан “изм”ларга унчалик қизиқмайман. Лекин дўстимиз Дилмурод Қуроновнинг адабиётшуносликка оид китобларидан барча измлар тўғрисидаги таърифларни ўқиб, билиб олганман. Модернизм ва постмодернизм тўғрисида рус ва Европа адабиётшуносларининг бир қатор тадқиқотларини ҳам кўздан кечирганман. Хосе Ортега-и- Гассетнинг модернизм эстетикасига оид ажойиб тадқиқоти билан ҳам танишман. Лекин, барибир, адабий асарларни ўз ақлу тажрибам билан “изм”ларга ажратишга қийналаман. Бизда адабиёт намуналарини “изм”ларга ажратиш унчалик урф бўлмаган. Шунингдек, ватанимизда адабий ўй-хаёлларнинг эркин бўлганига эндигина йигирма йилдан жиндай ошди. Эски тузум пайти “соцреализм” деган сохта ва зарарли методдан хорижда ижод қилиш ҳақида ҳатто орзу қилиб бўлмасди. Битта рост гапни айтиш лозимки, ўзбек прозасида “соцреализм”нинг асоратидан тўла-тўкис қутилиб улгурган бир неча ҳикоя пайдо бўлди, холос. Шунинг учун прозамизда алоҳида бир йўналиш пайдо бўлди, деб айтиш жуда қийин ҳали. “Соцреализм” асоратларидан халос бўлганимиз билан миллий менталитетимизда соф бадиий тафаккурга ёт бўлган бошқа иллатлар ҳам бор… Масалан, бизлар ёзувчи сифатида реал ҳаётга яқинроқ келишдан чўчиймиз. Бизлар учун реал ҳаёт жаҳлдор бир ит, ёнига яқинлашгани қўрқамиз; нарса ва ҳодисаларни анча узоқдан кузатиб қўя қоламиз. Аслида, реал ҳаётга яқинлашиш учун ишончли бир восита зарур. Ҳозирги кунда ёзувчиларимиз реал ҳаётга қўрқмай жуда яқин бориш учун ишончли восита топгандек бўляпти. Бу воситанинг номини символизм деймизми, метафора деймизми, хуллас, реал ҳаётга яқин келиш учун бир восита зарур. Реал ҳаёт деганимда, муайян даврдаги ижтимоий вазиятни назарда тутаётганим йўқ, албатта. Инсоннинг тириклик-ҳаёти моҳиятини реаллик, деб атаяпман. Масалан, сюреалистлар инсон онги остидаги фикр-туйғуларни инсон табиатига хос ҳақиқий реаллик деб билишган. Аслида ҳам, гапираётган гапингиз, қилаётган хатти-ҳаракатингиз эмас, балки кўнглингизда пинҳон фикрлар реал фикрлар эмасми? Қизиғи шуки, инсон ўз онги остида нималар пинҳонлигини ўзи ҳам тузук-қуруқ идрок эта олмайди. Фрейднинг онг ости жараёнлари тўғрисидаги назарияга таянган ҳолда юз йиллик адабиётимизни таҳлил қилиб чиқсак, бениҳоя қизиқарли ва кутилмаган таҳлиллар қилиш мумкин. Бу усулда асар билан бирга, ёзувчи психологияси ҳам тенгма-тенг таҳлилга тортилади. Масалан, бундай усулда ўзбек совет ёзувчилари асарларидаги ижобий қаҳрамонларнинг, аслида, салбий қаҳрамонлар эканлигини фош қилиш мумкин.
6. Адабиёт, биринчи навбатда, бадиий санъатдир. Тўғри, дард ва изтиробсиз шеър ёки ҳикоя ёзишнинг иложи йўқ. Айниқса, ғам-аламсиз бир мисра ҳам шеър ёзиб бўлмайди. Лекин биргина дарднинг ўзи билан ижодкор бўлиб, ўқувчига манзур асар яратолмайсиз. Дейлик, ҳикояда ўқувчига айтадиган гапингиз нақадар муҳим бўлса-да, лекин айтадиганларингизга чиройли бадиий либос кийдирмасангиз, ёзганларингизнинг бари – бир пул. Дардсиз асар пайдо бўлмаганидек, асарда санъатсиз дард ҳам беқадрдир.
Яна бир гапки, бизда адабиётнинг ўйинга айланишига ҳали анча вақт бор. Керак бўлса, жиддий мавзуларга энди-энди қўл ура бошладик. Қачонки, мавзулар тугаса, ҳамма дардларимизни айтиб бўлсак, ана ундагина сўзларни бир-бирига уриштириб ўйин ўйнашимиз мумкин. Лекин “ўйин” ўйнашга имкон йўқ ҳали.
7. Бизда холис адабий танқид ҳозирча шаклланиб улгургани йўқ. Мен йигирма йилдан буён, нақадар зерикарли бўлса-да, адабий танқидни кузатиб келаман. Бу соҳамиз холислик ва самимиятдан анча узоқ ҳали. Адабий танқидимизда ақл ва руҳ сезилмайди. Кўплаб отахон устозларимизнинг кўп йиллик меҳнатини бир оғиз гап билан йўққа чиқармоқчи эмасман, албатта.
Ҳозирги кунда адабий танқидда истеъдодлар ғойиб бўлди. Ўтган асрнинг 90-йилларида ёш ва умидли олимларимиз жуда кўп эди. Афсуски, уларнинг барини турмуш деган аждарҳо ютиб юборди. Умуман, бизда адабий танқидда танқид йўқлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Бизлар адабий танқид воситасида бир-биримизнинг кўнглимизни кўтариб, дўстона муносабатимизни билдириб қўямиз, холос. Адабий танқид билан шуғулланиш жуда ҳам ноқулай эканлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Менинг ўзим бундан икки йил бурун ўзим тенги ёзувчиларнинг қатор ҳикояларини асосли танқид қилиб, битта мақола ёзгандим. Бу мақоламни матбуотда эълон қилишдан ҳалиям чўчийман. Чунки мақолам эълон қилинса, унда номи тилга олиниб, асарлари танқид қилинган ёзувчилар бирданига мени ёмон кўриб қолади. Айримлари қайсидир шаклда менга зарар етказишга ҳам уриниб кўриши мумкин, деб тахмин қиламан. Жасорат етишмайдими менда?.. Билмадим.
Узоқ вақт машҳур адабиётчи олимларнинг ёнида юрган одамман. Устозларимиз росмана адабиётчи олим эмас, балки адабиётдаги дипломатлар эканлигини яхши биламан. Ҳаммамиз сентименталмиз, ҳали танқидга дуч келмай, кўзларимиз ёшланиб, овозларимиз ингичкалашиб қолган.
Лекин танқидчи учун адабиётимизда иш жуда кўп. Ҳозирги кунда шоирман, ёзувчиман, бешта, ўнта китоб чиқардим дегувчи сохта ижодкорлар армияси пайдо бўлди. Бу армия ўзининг кучи ва қуроли билан омма дидини бениҳоя пасайтириб юборяпти, керак бўлса, миллатимиз ахлоқига тажовуз қиляпти. Замонавий қўшиқчилар айтаётган ашуланинг матнига бир диққат қилиб кўринг. Хонандалар одамнинг асабини қўзғаб, кўнглини айнитар даражадаги сўз қоришмаларини қўшиқ қилиб айтаётганини кўрасиз. Айниқса, замонавий қўшиқчиликда матннинг ўрни нолга тушиб қолди. Уялмайдиям-а, ҳеч қайсиси? Адабиётчи мутахассислар томонидан ижоди эътироф этилмаган, ҳатто тилга тушмаган ҳаваскор шоирлар байрамларда тўпланадиган санъат элитаси орасида кўриниб қоляпти. Айрим хонандалар ўта мантиқсиз, ўта саёз, бемаъни алжирашларни катта давраларда қўшиқ қилиб куйлашмоқда. “Ҳой, адабий танқид, нега жимсан? Ярамас ва сурбет истеъдодсизлик тўрга чиқиб, ялпайиб ўтириб олибди, ҳам ақл бўлиб бир нарсаларни гапиряпти. Бир ҳамла билан уни пойгакка тушириб юборсанг бўлмайдими?”. Адабиётимизда уятсиз ҳаваскорлар кўпайиб кетди. Адабиётдан узоқ кимсалар фақатгина пул ишлаб олиш мақсадида русча дедектив асарлардан кўчирмачилик қилиб ёстиқдек романлар яратиб ташлаяпти. Ҳамма нарсадан кўнгилхушлик излайдиган кимсалар жиддий фикрдан чўчийдиган, қочадиган бўлиб қолди. Мумтоз меросимизни қизиқиб ўқийдиган ўқувчилар бутунлай йўқолиб кетди. Гарчи тўртта-бешта шеърий китоб чоп этиб улгурган бўлса-да, Абдулла Қодирий билан Чўлпонни адаштириб юборадиган “шоирбачча”лар урчиди. “Танқид саралашдир”, дейилади. Лекин бугунги кунда танқид сараламаяпти. Танқиднинг ўзи йўқ бугун. Лекин жуда керакли нарса танқид…
8. Эски билан янги орасида ҳамма замонларда ва ҳамма жабҳада кураш тинмайди ва тўхтамайди. Хўш, бу нарса адабиётимизда қандай кўринишда намоён бўляпти? Масалан, прозамизда маиший ҳаётни қизиқарли йўсинда баён қилиб ҳикоя қоралашни эски усул, деб биламан. Янги асарларда эса маънолар қатлами сезилиб туради. Бундай асарлар учун маиший турмушдаги бирор ҳодиса мақсад эмас, балки воситадир. Баёнчилик услубида эса маиший ҳаёт мақсад ўлароқ кўрилади.
“Эски” деган сўз билан атаётганимиз ўзбек насрида ёзувчи, иложи борича, макон ва замонга яқин келишга чиранарди. Янги прозамизда эса макон ва замон мавҳумлашиб кетяпти, яъни ёзувчи ўзи мансуб бўлган макон ва замондан қочишга уриняпти. Эски давр прозамизда адибларимиз тип ва характер яратишни ўз олдиларига катта мақсад қилиб олишар эди. Ҳозирда “янги” деб атаётганимиз ижод намуналарида бу нарса, яъни алоҳида бир персонажнинг қилиқ ва одатларига урғу бериб, характер ва тип яратиш одати сезилмайди.
Мана, бир ўхшатиш: иккита тангангиз бор, бири мис, иккинчиси тилло. Мис тангага қараб ўйлайсиз: икки дона гугурт ва туз сотиб оламан. Тилло тангани қўлингизга олиб эса жуда кўп нарса ҳарид қилишингиз мумкинлиги ҳақида мушоҳада қиласиз. Ҳозирги кунда бир-бирларининг чегараларини аниқлаштираётган (делимитация ва демаркация) адабиёт намуналари орасидаги фарқ юқоридаги ўхшатишдаги ишорага ўхшайди. Хусусан, янги ҳикоячилик намуналари ўз бағридаги маъноларни ўқувчидан беркитишга, яширишга уринади. Оқила ва тарбияли қизлар дуч келган йигитнинг бағрига ўзини отмайди-ку! Улар йигитларнинг энг муносибига кўнглини очади. Янги ҳикоячилигимиз ҳам ўқувчини танлайди, саралайди. Насримизда кейинги пайтда ёзилган “Баҳовиддиннинг ити“, “Бир пиёла сув” ҳикоялари, “Озод“ романи Гассет айтмоқчи, ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб юборади: асарни тушунадиганлар ва тушунмайдиганлар. Бу асарлар жамиятимизда элитар ўқувчиларни пайдо қилади.
Назар Эшонқулнинг “Баҳовиддиннинг ити“ ҳикояси персонажи итга айланиб ёрига – саодатга эришяпти. Унинг инсон бўлиб юрган кезлардаги қалбини доимий эгаллаб юрадиган изтироб ва зерикишга диққат қилинг. Инсонликдан воз кечиб итга айлангач, қалбида минглаб илоҳий қувонч юлдузлари порлай бошлади. Инсоннинг итга айланиши жараёни жудаям қизиқарли ҳодиса. Бу ҳодиса замиридаги маъно қатламлари эса, ўқувчини мулоҳазага, мушоҳадага ундайди. Юқорида айтдикки, ёзувчининг “Гўрўғли” романи қаҳрамони тирик бўла туриб, ўзининг тирик эканлигини исботлай олмаяпти. “Баҳовиддиннинг ити” ҳикоясида эса инсон итга айланганидан кейингина ўзининг инсон эканлигини сезяпти. Инсон икки марта – биринчисида физиологик, иккинчисида психологик жиҳатдан туғилади. Жисмоний туғилишда одам она қорнини тарк этиб, алоҳида мавжудликка айланяпти. Психологик жиҳатдан қайта туғилиш эса, ўзгаларга фикрий-ҳиссий қарамликдан бутунлай халос бўлишдир. Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси қаҳрамонида психологик туғилиш содир бўлмаган. “Баҳовиддиннинг ити” ҳикояси қаҳрамони эса психологик жиҳатдан қайта туғилиш лаззати нақадар илоҳий бўлишини сезиб, саодатга эришяпти.
Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув“ ҳикоясида, аслида, аробада сув олиб кетаётган кимса катта бир қўналғага бир пиёла сув ичгани киради. То бир пиёла сув ичиб ташқарига чиққунича йиллар ўтиб кетиб, чолга айланиб қоляпти. Ундан ҳам қизиғи шуки, аробада олиб кетаётган нарсаси сув эканлигини сезиб қоляпти. Ўқувчи сифатида мен ана шундай ҳикояларни ёқтираман. Бу ҳикоялар замирига чуқурроқ тушиб, инсон тақдирининг ўта сирли, оддий кўздан пинҳон жиҳатларини илғагим келади.
Яна бир гапки, ўзбек бадиий тафаккури ривожланишини, асарлари бутун дунёга машҳур бўладиган ўзбек ёзувчилари пайдо бўлишини жуда-жуда истаймиз. Биринчидан, жиддий асарлар миллатимизнинг муҳим тарбиячиларидир. Иккинчидан эса, бадиий тафаккурдаги юксалиш охир-оқибат ватанни юксалтиришга муносиб ҳисса қўша олади.
9. Чин ижодкорнинг фуқаролик бурчи жуда ҳам буюк. Айниқса, бугунги кунда донишманд, ватанпарвар, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, моҳиятларини англайдиган адиблар жамиятимиз учун жуда зарурдир. Хусусан, ёшларимизни фитна ва фалокатлардан асраш, биринчи навбатда, адибларимизнинг муҳим вазифаларидир. Бугунги кунда маданият ниқоби остида ватанимизга ахлоқсизлик бостириб киришга ҳаракат қиляпти. Бу нарса миллатимизга зарар келтиришини идрок этиб улгурмаган айрим ёзувчилар ўз ижодлари билан ахлоқимиз сарҳадларини бузишга уринаётган ахлоқсизликка ёрдам бераётганларини сезиб улгуришгани йўқ. Ахлоқсизлик охир-оқибат инсонни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятларга етаклайди. Бу балодан ҳазар қилиш керак.
Девонасифат, ароқхўр, “ижоддан бошқа нарсани тан олмайман”, деб арзон ошхоналарда шотирлари даврасида бетамиз латифаларни айтиб юрадиган шоир ва ёзувчиларни умуман ёқтирмайман. Ижодкор шахсий ҳаёти ва ватанга муҳаббати билан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Глобализация шароитида ҳар турли номақбул ғоялар ёшларимизга зарар етказишга ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Адибнинг сўзидан, асарларидан, ҳаёт тарзидан халқнинг кўнглини илитадиган, ҳаёти дунёсини ёритадиган нур таралиб турсин. Классик шоирларимизнинг ҳеч бири ўзи яшаб турган жамиятдан ўзларини холи ҳис қилишмаган. Аксинча, улар сўзи ва фаолияти билан жамият ҳодисаларига фаол аралашиб, ватанга, халққа наф келтиришган. Ёзувчи сўзининг салмоғи катта.
Альбер Камюнинг асарлари билан бир қаторда, унинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳам менга маъқул келади. Лев Толстой ўз вақтда Руссиянинг улкан виждонига айланган эди. Достоевскийнинг кундаликларини ўқиб, унинг ҳам ўз ватанининг ватанпарвар ёзувчиси бўлганлигига қойиллар қолганман. Чўлпон ва Абдулла Қодирийлар буюк Ватан ғояси учун жонларини бериб юборишди-ку! Лекин бизлардан ҳеч ким “Фалон ғояга жонингни қурбон қил”, деяётгани йўқ! Бизлар юлдуз каби нур таратиб, ёшларимизнинг етук инсон ва ватанпарвар ўғил-қиз бўлишига ёрдам беришимиз керак, холос. Шунингдек, миллатимизнинг тиллога тенг ахлоқий қадриятларини қўриқчилари бўлишимиз лозим.
10. Кундан кунга адабиётнинг табақалашаётгани яққол сезила бошлади. Омма ўз асарлари ва адибларини танлаб улгурди. Чуқур маъноларнинг қадрига ета биладиган элитар ўқувчилар ҳам ўзларини оммадан алоҳида қилиб олишяпти.
Яна ўн-йигирма йиллардан кейин адабиётдаги табақалашиш аниқ юзага чиқади. Ҳозирги кунда ўта истеъдодли ижодкорларимизнинг омма орасида машҳур эмаслиги, адабиётчи мутахассислар томонидан ижодкор сифатида умуман эътироф этилмаган, ҳатто тилга олинмаган айрим шоирларнинг омма орасида машҳур бўлиб кетиши ҳам, адабиётимиздаги табақаланишнинг яққол белгисидир. Ортега-и-Гассет айтганидек, ҳамма жамиятларда юксак бадиий асарни чуқур тушунадиган алоҳида инсонлар мавжуд. Файласуф уларни туғма аристократлар, деб атайди. Бизнинг жамиятимизда ҳам мана шундай аристократ қатлам шакллана бошлади.
Баҳром Рўзимуҳаммад жавоблари:
1-2. Шоиру ёзувчиларнинг руҳи ўзгачалиги билан ажралиб туради. Бошқача айтсак, улар гўё ўзга сайёраликдирлар. Коинот буржларидан, юлдуз жарангларидан таралаётган хабарларни тез қабул қилишади ва хабарни ёзув сифатида акс эттиришади. Йигирманчи асрнинг етмишинчи йилларида назм майдонига байроқ кўтариб чиққан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон – шу тўрт забардаст шоир шеърларини ўқийдиган бўлсангиз, тўқсонинчи йиллардаги кескин ўзгаришлар олдиндан пайқалганига ишонгингиз келади. Кейинчалик бу улуғ шоирлар жамият ҳаётидаги бошқа йўналишларда фаолият юритишди. Бироқ уларнинг ёзувлари ила танҳо қолсангиз, Истиқлолнинг товушсиз қадамларини эшитгандек бўласиз. Зотан, жамиятдаги буюк ўзгаришлар фақатгина Шахсларга боғлиқ эмас. Шу жиҳатдан – ёзув ҳам. Фақат Оллоҳгина дунёни ўзгартиришга қодир. Ёзув – Оллоҳнинг суйган бандасига тортиқ этган неъмати. Айниқса, шоир зоти учун дунё билан чиқишиб яшаш оғир келади. Нима қилсанг ҳам чидай олмайсан. Озар шоири Рамиз Равшан ёзганидай:
Бу дунё бир қайнар қозондир, илло, сўндирмас ўтини на қор, на ёмғир. Бу дунёдан кетиш осондир, аммо дунё-ла чиқишиб яшамоқ оғир…(Озар тилидан Абдулкарим Баҳриддин таржимаси).
Қозон ҳамиша қайнаб тураверади. Ўтган асрнинг 20-, 60-70- йилларида пиқирлаган сув ҳам ўша қозоннинг ичида эди. Ҳозир ҳам шу қозон, шу қайноқлик…
Ёзув одамлари зиддиятлар аро яшайдилар. Гоҳо: “Ёзмасам, яхши бўларди. Шу ёзув ҳаётимни издан чиқарди. Математикаданми ёхуд жисмоний тарбияданми, мактабда дарс бериб, ойлик маошимни олиб кун кўраверсам, мазза қилардим. Тошкентга келмасам бўларкан…” сингари ўйу хаёллар мияда чарх уради. Шон-шуҳрат ўшанда балодек кўриниб кетади. Бироқ қишлоқда яшаганингизда, ёзувдан айро тушганингизда нелар бўлишини тасаввур этарак совуқ терга ботасиз. Ҳазрат Алишер Навоий ўзини “Маломат булбули”га қиёслаган эди. Ҳеч бир ҳаракат маломатсиз кечмаслигини ёш ўтгани сари тушунаверасиз. Бу олам юрак очиб яшайдиган, тўйиб хаёл сурадиган, яйраб севадиган олам эмаски, қаламни бор кучингиз ила ушласангиз.
Ҳар бир иқтидорли ижодкор қачонлардир идрок таназзули паллаларини бошидан кечиради. Дейлик, ботиний хафагарчилик ёхуд ичкиликка муккасидан кетиш сингари ҳолатлар ўша жараён аломатларидир. Руҳий карахтлик ҳам толиқтиради одамни. Ана ўшанда маломат тошлари остида эзилаётганингизни пайқайсиз. Асарларингиз қанчалик ардоқланаётган бўлмасин, шахсиятингизни рўкач қилиб, сизни ёмон кўра бошлайдилар. Мен бу гапларни барча авлод вакилларига дахлдор ҳисоблайман. Бинобарин, танадан энергия сарфлаб қалам тебратиш осон амал эмас.
Биз тенги авлод вакиллари (Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмедова ва бошқалар) 1985 йилларга келиб ўзлигини намоён қила бошладилар. Бу ўн йиллик ғала-ғовурга тўлалиги билан ёдда қолди. Шу ўн йилликда шеъриятимиз энг баланд нуқтага кўтарилгани чин. Саксонинчи йилларнинг биринчи ярмида овозага айланган Рауф Парфи қаламига мансуб “Қайтиш” китоби янги бир авлод шаклланишига йўл очиб берган. Шахсан мен Рауф Парфини авлодбоши сифатида қадрлаганман. Тенгқурларидан озгина кейин танилган Муҳаммад Ғаффор, Турсун Али, Ўроз Ҳайдар, Саид Мурод, Шермурод Субҳон сингари турлича услубда ёзадиган шоирлар аслида Парфининг издошларидирлар. Қаламкаш дўстларимиздан бири бу йўналишни ҳазил тариқасида “парфизм” дея номлаган эди.
Башорат қилишни унчалик хуш кўрмайман. Аммо менга шундай туюляптики, 2030 йилларга келиб назмда ҳам, насрда ҳам буюк кўтарилишлар майдонга чиқади. Реализм ва модернизм бошқача кўринишларда намоён бўлади. Халқаро адабий алоқалар гуллаб-яшнайди. Европа ҳам, Америка ҳам ўзларининг адабиётларидан толиқадилар. Худди ўзбек қовунларига ташналик каби маънавий чанқоқликларни пайқаймиз. Ислом дини фалсафаси, очиқроқ айтсам, сўфийлик қизиқишлар марказида туради. Жаҳон бўйича Алишер Навоийнинг кашф этилиши ўзбек адабиёти обрўсини янада оширади. Албатта, Оллоҳ умрини узун қилган тенгқурларимиз кўришади юксалиш фаслини…
Ҳозирги даврда шеъриятда интим лирика кўпроқ кўзга бўртиб ташланаётгандек, назаримда. Дейлик, Гўзал Бегим, Ойдиннисо, Акмал Тош, Даврон Ражаб, Бектемир Пирнафас, Ҳабиб Абдиназар, Гулбаҳор Саид Ғани, Ибодат Ражабова, Болтабой Бекматов, Нилуфар Умарова, Маҳфуза Салоҳ каби шоирлар дунёни ўта шахсий кечинмалар кўмагида англашга интиладилар. Бу шоирлар ижодида ижтимоий муаммолар кўндаланг қўйилмайди. Яқинда мен Муҳаммад Ғаффорнинг “Чўмилаётган дарё” тўпламидаги айрим шеърларни қайтадан ўқиб чиқдим. Саид Мурод тўпламини яна бир бор мутолаа қилдим. Бир-бирига ўхшамайдиган иккала шоир ижодига унчалик эътибор қаратмаганимга ич-ичимда иқрор бўлдим. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шеър таъмини илғаш жараёни йиллар ўтгач давом этиши ҳам мумкин экан.
Ҳар хил усулларда асар битадиган шоирларни бир авлодга мансуб дейиш ўринлими? Менимча, йўқ. Бир мактабга дахлдор дейиш бошқа нарса. Бизнинг аксариятимиз “парфизм” мактаби сабоқчиларимиз деган фикрдаман.[1]
3. Юксак адабиётнинг миссияси ҳақпарастликдир. Ҳазрати Алишер Навоий ижодиётининг қадр-қиммати шу боисдан ҳам баландки, ул зот назмида ҳақпарастлик мустақил кўнгил меваси мақомига чиққан. Эътибор қилинг: мутафаккир бобомиз яширин қаватларни қай зайлда тасвир этган:
Сени топмоқ басе мушкулдурур, топмаслиғ осонким, Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.Ҳақни излаётган банда маломат ўқига нишон бўлади. Айниқса, ҳиссий билиш йўли қўрқинчлироқ. Айнан худони кўп излагани боис ҳам баъзан шоир фалак қаҳрига учрайди. Умуман олганда, шоир қавми – худо “қарғаган” қавм. Ўша “қарғиш” боис ҳаёт ғаройиб, тобора ғаройиб кўриниб бораверади. Ўз навбатида шоирлар бирданига ўзгариб кетиши ҳам бор гап. Менга А.Ориповнинг ўн етти-йигирма икки ёшларида ёзган шеърлари хуш ёқади. Ўша шеърларидаги руҳ Ҳайнрих Ҳайне битиклариникидан-да баланд. Шоир шеъриятда ўз мактабини яратди. Орипов Дантенинг дурдона асарини таржима қилганидан сўнг янада ўсди. Хуллас, шоиру ёзувчиларимиз ўз саволларига жўшқинлик ила жавоб ахтарган пайтларида бетакрор асарлар яратадилар. Жавоб ахтариш мароми пасайганда эса ўзларини ўзлари такрорлашга тушадилар.
4. Физикада инерция тушунчаси мавжуд. Дейлик, машина мотори ўчириб қўйилса, инерция боис кўп вақтларгача ҳаракатланаверади. Айниқса, тепаликдан тушаётганида… Бугунги кунда Сўз кишиларидан мутлақо ўзгача асарлар кутиш мақсадга мувофиқ эмас. Адабиёт кеча кимнинг ёнида турган бўлса, бугун ҳам унчалик олис масофага бош олиб кетиб улгурмади. Шу сабабдан ҳам, дейлик, модернист дея қараладиган ижодкорларга у қадар кўп ишонишмайди. Умуман олганда, бу саволингизга, Улуғбек, яна ўн-ўн беш йилдан сўнг аниқроқ жавоб қайтариш мумкин.
5. Менимча, постмодернизм модернизмдан унчалик ҳам тафовут қилмайди. Дейлик, модернизмни қизил тусга қиёсласак, постмодернизмни қип-қизил рангга ўхшатса бўлади. Адабий истилоҳларнинг кўпчилиги реклама мақсадида ишлатилади. Биз 2003 йилда ҳаммуаллифликда “Ўзбек модерн шеърияти” баёзини тузган эдик. Баёз ГФР ва АҚШ адабий доираларида ҳам довруқ қозонди. Агарда баёзга, масалан, “Кўк қарға” деб ном қўйганимизда хос давраларнинг назарига тушмас ҳам эдик.
Навоий ҳазратлари ғазалларидан сўнг энг кўп ўқиганим Нозим Ҳикмат шеърларидир. Айниқса, шу шоирнинг “Сочлари сомон сариғи, киприклари мовий” номли шеърини (Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси) ўқисам, янги бир озиқларни оламан.
Модернистларни танқид қилиб юрадиган ёзувчи оғамиз Нортўхта Қилич бундан ярим йилча муқаддам менга “Икки олам аро” номли мунаққашасини ўқишга берди. Ўқисам, асарнинг айрим жойларида постмодернизм унсурлари ярақлабгина турибди. Шу тўғридаги мулоҳазаларимни адибимизга ёзиб ҳам бердим. Хуллас, постмодернизмни хушламайдиган ижодкор ҳам шу кўчадан билиб-билмай ўтиб кетиши мумкин экан. Аммо ҳадеб оқимлар номини таъкидлайвериш аллергия қўзғаб қўйиши ҳам бор гап. Биз модернчи дейилганимиз сари халқ орасида ўқувчиларимиз камайиб бораётир. Пойтахтдан олис-олислардаги айрим қишлоқларда асарларини ўқимай туриб, модернистлардан дарғазаб бўлиб юрганларни ўзим кўрганман.
6. Бошқотирма, кроссвордни адабиётга нисбатан қўлланишига қўшилмайман. Чунки, дейлик, кроссвордни ўйлаб-ўйлаб ечадилар. Адабиётдаги ўйин бошқотирма сингари ечилмайди. Ўйинни кўриш учун ўйлаш, чуқур ўйлаш шарт эмас, шунчаки сезимларингиз ўйинларга мослаша билса… шунинг ўзи кифоя.
ДАРДни ҳар ким ҳар хил тушунади. Дард кўп, ҳамдард эса оз. Дейлик, мен ўзим чин шоирлар ёлғизликда қийналиб яшайдилар, деб ўйлайман. Ҳазрат Навоий, савияси юксак дўстлари кўп бўлишидан қатъи назар, танҳоликда оғриниб яшаган. Шунинг учун ҳам шеър ёзган.
Аслида, ҳаётнинг ўзи – ўйин. Ўйнатувчи – Оллоҳ. Мафтункор мусиқалар чалинар экан, ўйинга тушмасдан иложингиз қанча?! Ҳазрат Навоий ҳам ёзган-ку, ахир:
Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин, То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар. Тонг йўқки, кўзунг бўлса кўнгул бирла мулоиб: Мажнунға ажаб йўқ, агар оҳу била ўйнар.Сўз афсунгарининг кўп ғазаллари ўйин асосига қурилган. Ҳаттоки, жиддий туюладиган ғазалларининг баъзи жойларида муаллиф “қаҳ-қаҳ отиб” қўяди. Дейлик, “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай” матлаи ила бошланувчи ғазални олимларимиз жиддийликларини авж олдирарак шарҳлаганлар. Аслида, бу бошлама ғоятда фалсафий туюлса-да, ғазал охирида истеҳзога дуч келамиз:
Беша ичра девлар мақтули ўлсун, эй пари, Гар Навоий ёна азми Астиробод айлагай.Бу ғазални бобомиз ҳокимликдан бўшаб, Ҳиротга қайтаётганида йўлда ёзган бўлиши ҳам мумкин. Агарда шундай бўлса, илк байтда подшоҳга ташаккур изҳор қилгани тасдиқланади. Охирги байтда эса шоир ўз устидан кулмоқда. Агарда яна Астрободда қорамни кўрсатсам, мени девлар тутиб олиб, чангалзорда ўлдирсинлар, демоқда.
“Алкимёгар” асарини жаҳон миқёсида оммалашувига ҳам ўйин усули сабабчи. П.Коэло Шарқ сўфийлик адабиёти унсурларини Европага мослаб ўйин қилади. Аслини олганда, бу асарда одамни фавқулодда жунбишга келтирадиган бирор лавҳани кўрмайсиз. Демак, гоҳо ўйин усуллари асарга жозибали руҳ бағишлаб берар экан.
“Ўйин”га берилиб кетиш ҳам ярамайди. Сабаби, шоиру ёзувчиликдан муддао ўйинларнигина тасвирлаш эмас. Адабиёт маъно товланишлари кўмагида одамларни юпатиши, уларга тасалли бериши ҳам керак. Дарднинг ўзи одамни толиқтиради, чарчатади. Муттасил ижод ўйи билан яшаган кишиларда асаб зўриқиши хасталиги учрашини биламиз. Умуман олганда, адабиётга ўта жиддий назар ташласангиз, ҳорийсиз, енгил қарашлар ҳам фикр салмоғини туширади. Олтин оралиқни ахтариб топмоқ даркор.
7. Мен ўзим ҳам юздан ортиқ адабий-танқидий мақолалар ёзиб, матбуотда эълон қилдирганман. Ҳар доим ҳам ўйлаганларимни айта олганим йўқ. Чунки бировни хафа қилиб қўйишдан чўчийман. Шу нуқтаи назардан қаралганда, холис бўлиш – мушкул амал. Олимларимиз имконияти даражасида холисликка интиляптилар. Аммо адабий танқидчиликнинг назаридан четда қолиб келаётган ёзувчиларимиз ҳам бор. Булар: Олим Отахон, Темур Пўлатов, Юсуф Латиф… Негадир саксонинчи йилларда мақталган шу ёзувчилар дорулфанода борми-йўқми – ҳеч ким қизиқиб кўрмади.
8. Адабиёт майдонидаги курашда ғирромлик ишлатилмагани маъқул. Соф рақобат бўлган жойда адабиёт тараққий этади, мухлислар савиясини ўткир қилади. Ноанъанавий усулларда асар битадиган ижодкорларга қарши буюртма йўсинида мақола ёздиришга уринишларни ҳам кўрган эдик. Адабиёт майдонидан сени супуриб ташлайман, қабилидаги иддаоларни эшитганмиз.
Радиодаги чиқишида ёш олимлардан бири, мен бутун умримни модернизмга қарши курашга бағишламоқчиман, деганини эшитганман. Рақобат чоғида куч, тазйиқ ишлатилса, жоҳил кимсалардан нима фарқимиз қолади, ахир?! Агарда ҳақиқатан ҳам реализм ва модернизм оқимлари бор дея тан олинса, ушбу оқим вакилларига тенг имкониятлар яратиб берилиши жоиз, деб ҳисоблайман.
9. Менимча, ижодкорнинг ижодкорлик ва фуқаролик бурчлари – бир нарса. Яъни ижодкор ҳаётдаги ўз миссиясини бажаради. Агарда миссиясини бажармаса, лаззатлана олмайди. Миссия адо этилганидан сўнг ижодкор руҳан “ўлади”. Фуқаролик бурчи ўшанда ниҳоясига етади.
Ёзувчиларимиз қариганини тан олганида нуроний бўлиб кўринадилар. Ёзганларинг зерикарли туюлаверса, ўз-ўзингни такрорлайверсанг, одамлар сени ичида койийдилар. Қачонлардир адабиёт билан хайрлашганингни тан оласан…
10. Бугунги кунда омма адабиётининг тарғиботи кучли. Бадиий нашрларнинг аксарияти пойтахтдан минг километр наридаги қишлоқларга етиб бормаяпти. Қишлоқлардаги мактаб кутубхоналарига бориб кўрганмисиз? Айрим мактабларда кутубхона йўқ даражада… Ўн-ўн беш бадиий китоб, йигирма-ўттизта дарсликларни йиғиб, шуни кутубхона дейишади. Бугунги кунда ҳеч бўлмаса, ХХ асрнинг шеърий, насрий, мақоланавислик антологиялари ҳар битта умумтаълим мактаби кутубхонасида бўлмоғи лозим. “Ўзбек адабиёти” дарсликларини сал бошқачароқ тарзда яратиш даври келмадимикан? Масалан, умумтаълим мактабларига мўлжалланган “ХХI аср ўзбек адабиёти” қўлланмаси яратилсаю шу қўлланма қишлоқ мактабларигача етиб борса… Ҳар ҳолда, жиддий адабиётга қизиқиш мактаб партасидан бошланса, ёмон бўлмас эди.
Мен ўсмирлик чоғларимда Ўткир Ҳошимовни яхши таниганман. Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романини ўқиб, ҳаттоки унга тақлидан қисса ёзган эдим. Ҳозирги вақтда қишлоғимиз болалари, дейлик, Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ёзувчиларнинг асарларини ўқиш тугул, исм-шарифларини ҳам билишмайди. Чунки бу ёзувчиларимизнинг китоблари мактаб кутубхоналарига етиб бормайди. Бир-икки йилча муқаддам Туркманистон Республикаси чегарасида жойлашган умумтаълим мактаб кутубхонасини бориб кўрдим. Ишонасизми, Қодирий ва Чўлпоннинг бир-иккита китобидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Жамоа илтимосига кўра, шахсий кутубхонамдаги айрим насрий китобларни шу мактабга жўнатдим. Қишлоқдошларим, айниқса, ўқувчилар, уй бекалари жиддий адабиётга қизиқишар экан.
Шу ўринда қиёс сифатида ҳаётий воқеадан сўз очмоқчиман. Биринчи курсдалигимда поездга миниб, қишлоққа келаётганимда сотувчи худди совунга ўхшаган, ялтироқ қоғозларга ўралган алланарсани таклиф қила бошлади. Мен беш-олти донасини сотиб олдим. Бирини очиб, тишлаб кўрсам, таъми нордон. Уйимга олиб борсам, қавму қариндошлар нима опкелдинг, дея кулсалар керак, деб ўз-ўзимча хижолат тортдим ва харидларимни поезд деразасидан улоқтирдим. Ўша пишлоқлар саҳро юмронқозиқларига ем бўлди.
Орадан уч-тўрт йил ўтгач, дадам пойтахтга келди. Қўшжонов домланинг шогирди, қишлоқдошимиз Бахтиёр Қурбонбоев бизни меҳмонга таклиф этди. Дастурхонга худди ўша нарса қўйилган экан. Дадам индамай ея бошлади. Мен ҳам унга қўшилдим. Ана шундан бери пишлоқхўрга айланганман. Буларни ёзиш баробарида нима демоқчиман? Пойтахтимиздан минг чақиримлар нарида яшовчилар, дейлик, Кафка, Камю, Жойс асарларини таклиф этсангиз, дастлаб пешоналарини тириштиришлари мумкин. Аммо, кейинчалик, таъмини билгач, “мазахўрак” бўлишади. Китоб сотиб олиб, шахсий кутубхона ташкил этишни анъана тусига киритадиганлар топилиб қолиши ҳам мумкин. Хусусан, бизнинг қишлоқда айрим одамлар бойиб кетаётганини кўрдим. Европача усулда қурилган уйларнинг ёнидан ўтарканман, туш кўрмаяпманми, деб ҳам ўйладим. Авваллари қишлоғимизда уч-тўрт нафар киши машина минарди. Ҳозирги даврда биз тенги баъзи одамлар тасарруфида ҳаттоки иккитадан машина бор. Бироқ маънавият, маърифат тарғиботи билан астойидил шуғулланган фидойи одамларни кўпроқ кўргинг келади қишлоқларда! Бойиб бораётганлар ҳам гоҳо шундай нолийдиларки, уларга қараб юрагим орқага тортиб кетади. “Оға, буларга китоб тугул, қоғоз ҳақидаям гапирманг – жаҳллари чиқади”, деди бир гал укам.
Яқинда мен Маркс Жуманиёзов қаламига мансуб “Эсимда қолган онлар” автобиографик китобини ўқиб чиқдим. Бу одамни жиддий адабиётга қаттиқ қизиққанини ҳеч билмаган эканман. Маркс оға билан учрашганимизда ҳам адабиёт тўғрисида жиддий гаплашмаган эдик. Бу инсон бултур декабрда бандаликни бажо келтирди. Аммо шу китоби тарих бўлиб қолади. Китобда шундай тасвирлар мавжудки, худди кино кўраётган каби бўласиз.
Адабиётпарастлар мамлакатимизнинг кўп олис шаҳарларида, қишлоқларида яшаяптилар, уйларида кутубхона ташкил этяптилар. Бироқ биз буларни билмаймиз, танимаймиз-да, ҳеч ким китоб ўқимаяпти, деярак оҳ тортамиз.
Худога минг қатла шукрки, бизда зеҳнли одамлар кўп. Аммо китоб чиқариш, китобларни кутубхоналарга жўнатиш, уларни савдога қўйиш, энг асосийси, китоб тарғиботи тизимининг янгича механизмларини ишлаб чиқиш – давр талаби. Хулоса шуки, жиддий адабиёт тарғиботи аср муаммоси сифатида кун тартибига олиб чиқилмоғи лозим.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил.