Назар Эшонқул. Автопортрет (ҳикоя)

Қасос туғлари қачон кўтарилди, алам калхатлари қачон устимизда уча бошлади, кин жосуслари қачон ичимизга кирди, адоват қиличи қачон қайрала бошлади? Биз қачон бир-биримизга тоқат қилолмайдиган хунхор душманларга айландик? Кудурат қачон кўнглимиз меҳробига ўтириб олди, нафрат ҳиди бизни қачон маст қила бошлади? Эҳтимол, тириклик ҳақида ҳар биримиз ўз матлабимиз сари оғишмай кетишни танлаган пайтлардандир? Ёки ҳаётнинг чалкаш, боши берк кўчаларига кириб қолиб, ундан чиқиш йўлини излаб, ҳеч қачон бир тўхтамга келмай, бир-биримизга терслик пайдо бўлган лаҳзалардадир? Ёхуд фақат жавобсиз саволлар ўрмонида адашиб қолганимиздадир? Ёки умид мурдалари тўла кўчаларни кезган, карвонимиз кетаётган саҳро ҳеч қачон тугамаслигини англаган, босган қадамимизни пойлаб турган қисмат қопқонларига дуч келгандадир? Нима бўлганда ҳам, ҳозир тафсилотлари эсимда йўқ – эсимда қолгани шуки, иккаламиз энди қанчалик муроса қилишга уринмайлик, барибир энди аввалгидай тану жон бўлолмаслимигиз, бундан буён ҳеч қачон бир-бирига туташмайдиган икки қирғоқ каби бир-биримиздан мосуво ва айро яшашга маҳкумлигимизни алал-оқибат тушуниб етгандик. Ҳар қалай, унинг менга нисбатан шафқатсиз, муросасиз бўлиб қолганию қобоқларида ҳамиша қаҳр ва истеҳзо қўнғироқлари жаранглаб турганига қараб шундай ўйлайман. Буларни англаб етган кунимдан бошлаб қандай бўлса ҳам ундан қутулишни ўйлай бошлаганим рост, буни яширмайман, аммо буни аввал у истадими ё мен, буни билмайман, билганим, менда унга нисбатан ғайирлик уйғонган кундан эътиборан зимдан ўзимча турли режалар тузишга киришдим. Нафсиламрини айтганда, унинг зуғумлари ва у менга раво кўраётган ситамларга бошқа чидаб бўлмасди. У бор экан, мен йўқ эдим, у бор экан, мен забун эдим, у бор экан, мен хўрланаверар, шаъним топталаверар, унга тоқат қилган сайин баттар несту забун бўлаверардим. У соғлом экан, мен мажруҳ эдим. У кулол бўлса, мен лой эдим. Мен унинг хоҳиш-иродасини акс эттирган парчаланишга, бўлакланишга, титилишга, синиб, йўқ бўлишга мустаҳиқ оддий сополдан бошқа нарса эмасдим. Унинг хоҳиши бор экан, мен тупроқдан, қумдан, кесакдан бошқа нарса эмасдим; у олов бўлса, мен кул эдим, у осмон бўлса мен ер эдим, у тикланувчи бўлса, мен бузилувчи эдим. У бор экан, менинг елкамга офтоб тегмаслиги аён эди. Унинг исми менинг ёнимда турар экан, мен шунчаки шаклу шамойили, исми ва жисми йўқ бўшлиқ эдим, шамоллар-да олиб учадиган хазону хас эдим. У бор экан, мен ҳеч қачон рўшнолик кўролмаслигим кундай аён бўлганди. Мен учун чиққан қуёш унинг боғига нур сочарди. Фақат унинг инон-ихтиёри билан яшашга маҳкумлигим менинг нафсониятимни ўлдирарди, андуҳ шерларига ем қиларди. Унинг босимини ҳар лаҳза, ҳар сония ҳис қилиб турардим: унинг қуюни мени кечмишим даштида чангу ғубор қилиб учириб юрарди.
Уни деб не кунларни бошимдан ўтказмадим, не хўрликларга ва ҳақоратларга, шаънсизлик ва шарафсизликларга чидамадим? Уни деб нималардан воз кечмадим? Нималарни қурбон қилмадим? Лекин у худди қадим битиклардаги маъбуд каби мендан бетиним қурбонлик, бетиним жудолик талаб этди, ўзимни йўқ қилиб, ўрнимда ўзини пайдо қилишимни, тоғларимда қоя, денгизимда маёқ, жангларимда яловбардор бўлишимни, ҳудудларим, сарҳадларим унинг назоратига ўтишини истади. Баъзида у мени беадад қийноқларга дучор қилардики, кўз олдимдаги дунё дўзахга айланарди. Тақдир чархпалагимни фақат у айлантирарди. Қўлида менинг қўл-оёқларим боғланган ипларни ушлаб турар, бу иплар орқали у мени хоҳлаган кўйига солади, нимага тавозе қилишни, нимага муҳаббат, нимага меҳр кўрсатиш, кимдан нафратланишимни, кимдан воз кечишим, кимни топишимни, кимга суяниш, кимдан воз кечишни, нимага кўнгил қўйиш, нимадан ўзимни қутқаришимгача у белгиларди. У қанчалар зуғум қилса, менда унга нисбатан исён шаклланиб борди, ичимда нимадир унга қарши бош кўтара бошлади. У мени йўқ дегани сайин менинг мавжудлик ҳиссим кучайди. Ниҳоят тоқатим тугади: вужудимни бир савол қамраб олади: қачонгача бу хўрлик давом этади? Қачонгача унинг қўғирчоғи, қачонгача ов ити бўламан? Наҳотки унинг хоҳиш-иродасини амалга ошириш, унинг инон-ихтиёри маҳкуми ва асири бўлиб яшаб ўтиш учун бу дунёга келган бўлсам?
Энди мен учун ҳаммаси аён бўлганди: биз ҳеч қачон бир хил қарорга, бир ҳукмга келолмаймиз. Ё у мени, ё мен уни маҳв этишимиз шарт эди.
Бошқа у билан бир дақиқани ҳам бирга ўтказишга қодир эмасдим. У сабр косамни тўлдириб бўлди. Ундан қутулиш керак деган фикр бутун шуурим қадаҳини лиммо-лим тўлдирди. Ҳа, бирдан-бир йўли ундан халос бўлиш эди.
Ниҳоят узоқ иккиланишлардан сўнг мен ундан бутунлай қутулишга, ўзимни ўзим озод қилишга аҳд қилдим. Бундай уқубатда, бундай хўрликда, бундай таҳқирда юргандан кўра унинг қотили сифатида забту зиндон бўлганим афзал деган ўй мени қиличдай қайрай бошлади.
Ниятим жиддий эди. Аҳд қилиб бўлгандим. Энди мени бу йўлдан ҳеч нарса қайтаролмасди. Ғафлатда қолдириш учун уни узоқ пойлаб юрдим ва ниҳоят бир куни тин олган, менинг исёнимни кутмаган пайти ниятимни амалга оширишга киришдим. У қаршисида қандай пайдо бўлганимни илғамай ҳам қолди. Кутилмаганда нақ гирибонидан олдим. Кекирдагини омбурдай қисиб турган қўлларимни кўрдию ҳаммасини тушунди: бу чангаллар энди ўлжасини жони узилмагунча ҳеч қачон қўйиб юбормаслигини ҳис қилганини кўзлари айтиб турарди. Мени ажаблантиргани шуки, у бир куни келиб худди шундай бўлишини, бизнинг муносабатларимиз худди шундай якун топишини билгандай мен кутганчалик жон-жаҳди билан қаршилик қилмади: қисматни тан олди. Буни тиғдай ботиб, вужудимни нимталаб ташлайдиган, ичимни ҳам кўриб туришга қодир кўзлари айтиб турарди. Ҳаво етишмаслигидан хиралашаётган уфқ каби бу кўзларда айни пайтларда нималар йўқ эди? Шунча йиллар мени таъқиб остига олган, ўнлаб тазарруларимни қабул қилган, мендан ўзига содиқ ғулом чиқаришга уриниб, охир-оқибат ўзининг қотилига айлантирганидан пушмонлик, афсус, надомат акс этиб тургандек эди. Муқаррарлик содир бўлганди. Унинг бундай ожизлиги менга шунчалар завқ бағишладики, кўп йиллардан бери танамда бундай лаззатни ҳис қилмагандим. Бир пайтлар менга соҳиб бўлишни истаган нигоҳлар кўз олдимда кулга айланаётган чўғ каби сўниб борар, у қурган ҳайкаллар қулар, қоялар ўпирилар, деворлар йиқилар, қўрғонлар вайрон бўлар ва ўлжасини тутиб турган, бургут чангалидек бўйин томирларигача ботиб кетган панжаларим орасида юлқиниб, хирилларди. Нафрат ва адоват куч берган тирноқларим билан унинг вужудидаги ҳаёт нишонини бутунлай сўриб олишга уринардим.
Шу дафъада у эмас, мен ғолиб эдим. Унга берган уқубатлари, ситамлари, хўрликлари учун биратўла жазо бераётгандим. Унга шунча йиллар сабр қилдим. Шунча йиллар у бошлаган кўчаларда саргардон юрдим, шунча йиллар унинг этагини тутдим, аммо ҳеч қачон бирим икки бўлган, кўнглим истагандай кун кўрган эмасман. Ҳаётда топганим фақат несту забунлик бўлди. У бошлаб бораётган йўл мени абгор қилишини, у бор экан, мен ҳеч қачон ўзим истаган чўққиларга чиқолмаслигимни, у бор экан, мен учун ҳаёт неъматлари татимаслигини билардим. Мана, энди унинг бир пайтлар менга валинеъматларча боққан кўзларида тириклик шамлари сўниб борар, менга эса яна у ҳукми ҳозиқ пайти ташлаб кетган майлу истаклар, куч ва қувват қайтаётган, ожиз, иложсиз титрашлари менга ҳузур бағишларди. Ўз рақибинг, яна ҳамииша сени таъқибга, бу дунёнинг хўрлик ва ҳақоратига, қуртдай, қумурсқадай тирикликка мазах бўлиб яшашга мубтало қилган қаҳҳорнинг ҳалокатини кўриш қанчалар завқли эди! Қанчалар кучли бўлмасин, барибир дош беролмади: кўзлари олайди, улкан тоғ қулагандек мен аввалдан кечалари билан ундан яшириниб ясаб чиққан қатл кундасига бош қўйиб йиқилди. Энди у менинг оёқларим остида хириллаб ётар, лекин ҳамон нафас оларди. Уни ётган ерида ер билан битта қилиб бўғишга тушдим. Агар уни ҳозир гумдон қилмасам, у яна нафас олишни бошлайди, ўзини тиклаб олади, кейин оёққа туриб, мени бутунлай маҳв этади. Агар у қайта кучга кирса, менинг бу дунёда чангу ғуборим ҳам қолмайди. Шундай экан, унга бу имконни бермаслик керак. Ҳозир вазият ва зафар мен тарафда экан, бундан фойдаланиб қолиш, бир умр мени забтига олган, ҳар саволимда ўзининг ойболтасини кўтарган қасосимни охирига етказишим керак. Жазавага тушганча дуч келган ерига алам билан тепиб, танасини оёқларим остига олиб, бундан бир ўзгача роҳат-фароғат туйиб эзғилай бошладим. Ҳар тепкида менга берган азоб-уқубатлари ёдимга тушар, шунинг учун кейинги зарбам аввалгисидан ҳам кучлироқ, аниқроқ, зарблироқ бўларди. Мен уни бу дунёга келиб, несту забун бўлган кўргиликларимни эслаб тепкилардим: ҳаммаси учун, ҳаётим учун, шу кунгача ўнгланмаган насибам учун, менга раво кўрган тақдири азали учун моматалоғи чиқиб кетгунга қадар телбаларча тепкиладим, эзғиладим. Ниҳоят қуми тўкилган қопдай чарчаб, шалпайиб қолдим.
Оёқларим остида унинг совиган ва моматалоғи чиққан жасади ётарди. Ҳар эҳтимолга қарши оғзига юзимни тутиб кўрдим. Йўқ, у абадий уйқуга кетганди. Мана, ниҳоят ундан қутулгандим. Унинг бошини кундага қўйдим. Шу билан енгил тортдим. Унинг боши қатл кундасида жонсиз ётарди. «Эй юлдузлар, мен уни охири ўлдирдим, эй ҳилол, мен ундан қутулдим, эй тун, мен ғолибман, эй дунё, сен энди унинг эмас, менинг измимдасан! Эй ҳаёт, энди сен ёлғиз меникисан!»
Аммо кутганим рўй бермади. Ўзимни қанчалар музаффар сезмай, ич-ичимда музаффарликни ҳис қилмадим. Аксинча, ўзимни бўшаб, ҳувиллаб қолган қўрғондай ҳис қилдим: гўё ичимдаги ҳамма нарса у билан тўкилиб, сочилиб, парчаланиб кетгандай эди – мен шунчаки вайрона ўрнида пайдо бўлган бир уюм тупроққа айлангандай эдим. Қувончданми ёки бир умр қўрқувда, ҳадикдан қутулганимданми, билмадим, бўғзимдан бир ўкирик отилиб чиқди. Аммо кўзларимга ёш келмади.
Олдимда унинг совиган жасади ётар, мен эса ўзимнинг озодлигимни бўғзим тўла ўкирик, лабимда эса заҳарханда кулги билан нишонлардим.
Бирдан ҳушёр тортдим: биров кўриб қолмасдан жасадни бир ёқли қилишим керак эди. Жасадни судраганча қабристон томон жўнадим. Ниҳоят етиб бордим. Минглаб қабрлар бор эди бу ерда. Уфқдан шафаққа қадар бепоён замин қабрлар билан тўла эдим. Қабрни қазишга ҳожат йўқ эди. Бу ердаги гўрларнинг ярми ўз майитларини кутиб очиқ турарди. Мен қазиб қўйилган қабрларнинг бирига олиб келган жасадни жойлаштирдим. Кейин лаҳад устига ўтириб олдим. Шунда кўнглим тўлиб кетди, кўзларимдан ёш жола бўлиб қуйилди. Гўё бутун замин мен билан қўшилиб йиғлаётгандай, аза тутаётгандай эди.
Бир маҳал ортимдан қадам товушлари эшитилди. Аммо мен ўзимни йиғидан тўхтатиб, унга қарашга куч топмадим. Қадам товушлари яқинлашди, бесўнақай, лой ва тупроққа ботган оёқ излари рўпарамга келиб тўхтади. Кейин улкан, худди эртаклардаги девдай қоматли, қаримсиқ, кўримсиз, танасидан тупроқ ва мозор ҳиди анқиб турган гавда ёнимга зилдай чўкди. Кўзим учида қарадим. Бу гўрков эди. Уни кўриб, кўнглим яна тўлиб кетди. Унга қараганча худди мадад ва тасалли кутгандек йиғлай бошладим. Гўрков елкамга оталарча қоқиб қўйди, кейин сўради:
– Нега бунчалик андуҳ? Кўникиб кетасан. Салдан кейин эсламайсан ҳам.
Нимадандир айрилганга, нимадандир мосуво бўлганга ўхшардим, бўм-бўш ичим қувурга ўхшаб ҳувилларди – далани кезиб юрган шамол бўғзимга кириб олиб, мени сурнай каби чаларди, у ердан мотам куйи келарди.
– Бу лаҳадда кимим ётганини биласизми? – дедим алам ва зарда билан. – Кимнинг жасади устида йиғлаб ўтирганимни биласизми?
У қўли билан қабр тўла бепоён заминни кўрсатди.
– Биламан. Мана бу қабрларда ҳам сен олиб келганга ўхшаган жасадлар ётибди. Сен биринчи ҳам, охирги ҳам эмассан. Қолган лаҳадлар ҳам ўз эгаларини кутиб турибди.
Унинг овози фалакдан ёғилган тошлар каби гувиллаб устимга ёғилди. Гўрков билан бирга очиқ турган лаҳадни кўмдик. Дўмпайган яна бир қабр пайдо бўлди.
Мен ўзимнинг қабримга бир зум кўз ташладим-да, гўрковнинг изидан йўлга тушдим.