Улуғбек Ҳамдам: “Юракни сўзларга кўчирайлик” (2014)

Ёзувчи ва адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам билан суҳбатимиз таржимашуносликнинг бугунги кундаги муаммо ва ютуқлари хусусида бўлди.

— Яқинда “Жаҳон адабиёти” журналида “Таржима — миллатлараро кўнгил мулоқоти” сарлавҳали мақолангизни ўқиб қолдим. Мутолаа жараёнида бир неча саволлар туғилди. Сизнингча, руҳият таржиманинг бош мезоними?

— Ҳа, фикримча, таржимада, энг аввало, асар руҳини тўлақонли бера олиш бирламчидир. Қолган барчаси безаклардек гап. Безаклар ҳам лозим, лекин асарнинг мазмун-руҳи иморатнинг пойдевори, деворлари ва томига ўхшайди. Мана шулар рисоладагидек бўлган тақдирдагина безаклар ярашади.

Бадиий таржимага, айниқса, талабим ҳамиша катта. Ҳужжат ва шу каби ­бошқа матнлар, яна тарихий, расмий, адабий-танқидий мазмундаги асарлар таржимаси — иш, қора меҳнат, лекин бадиий таржима ишдангина иборат эмас, у айни пайтда, илҳомга йўғрилган ижоддир. Чинакам бадиий таржима — юксак ижодий иш. Менга қолса, таржимон ҳам худди ижодкор янглиғ мудом изланишда яшамоғи керак. Яъники, у таржима этиладиган асарни қидириб юрса, уни топганда эса ботинига ижод изтироби иниб, ҳаловатини йўқотиб қўйса, шундан кейингина уни ўгиришга тутинса, дейман. Айрим ёшларимиз эса тилга тезроқ тушиш илинжида бу ишга қўл ураётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Ҳозир мамлакатимизда таржимага катта аҳамият берилаяпти. Лекин кўпчилик ҳавасмандлар таржима деган ижодий иш моҳиятига етарлича кириб боролмаётгандек, таржима масъулиятини теран ҳис қилмаётгандек туюлади менга. Айниқса, жаҳон шеъриятидан босилаётган кўпгина таржималарнинг даражасидан қаноат ҳосил қилмайман. Чунки, бундай таржималарнинг аксари фақат қора меҳнатнинг натижаси бўлиб қолаяпти. Ваҳоланки, юқорида айтилганидек, улар илҳом ва ижоднинг ҳам маҳсули бўлсагина ўқувчига юқади.

— Асарнинг руҳиятига киролмай қилинган биргина таржима ёзувчини ҳам, таржимонни ҳам маломатга қўйиши мумкин. Бу жарёнда, аввало, китобхон азият чекади. Мазкур ҳодисага фикрингиз қандай?

— Бу ишнинг ғоят муҳимлиги шундаки, янги йўллар изланаётган даврларда дунё босиб ўтган тажрибага эҳтиёж сезилади. Бу тажрибадан бохабар бўлишнинг энг қисқа ва энг унумдор йўли — таржима! Узоққа бормасдан, ўз тарихимизга эътибор берайлик: ХХ аср аввали миллий уйғониш йилларида кўпгина ижодкорларимиз таржимага қўл уришган. Мустақилликка эришганимиздан кейин яна худди шундай эҳтиёж билан юзма-юз келиб турибмиз. Бошқача айтганда, бугун дунё адабиёти, санъати ва маданиятига доир ҳамда бизнинг олға кетишимизга қайсидир маънода ёрдам берадиган дурдоналарнинг имкон қадар ҳаммасини таржима қилиб, ўз мулкимизга айлантиришимиз жудаям муҳим.

— Мақолангизда иккиламчи тилдан қилинган таржималар ҳам муваффақиятли чиқишини айтгансиз. Бироқ, шу нарса ҳам ҳақиқатки, жаҳонда иккиламчи тилдан қилинган таржималарга асл таржима сифатида қаралмайди. Бугунги адабий жараёнда иккиламчи тилдан қилинаётган таржималар аслият тилини билмаслик натижасими ёки турли тиллардан бевосита ўгирадиган таржимонлар етишмаслик оқибатими? Бу жараён ҳали узоқ давом этади, деб ўйлайсизми?

— Назарияда бундай: аввало аслият, кейин ундан тўғридан тўғри қилинган таржима муҳим. Аммо бирламчи тилни пухта биладиган таржимонлар кам бўлсаю асарга сув ва ҳаводек эҳтиёж бўлса, нима қиламиз? Қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди-ку! Аслият тилини ўрганишга эса узоқ йиллар, баъзан ҳатто умрлар сарф бўлади. Мана шундай пайтларда иккиламчи тилдан ўгирмалар ҳам ўша катта эҳтиёжга бир қадар дармон бўлади. Менинг қарашим шу маънода. Вақти келадики, яхши таржимани бирламчи тилдан амалга ошириш мумкин бўлади ва шунда сиз айтаётган босқичга кўтариламиз. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳамиша сақланиб қолаверади. Яъники, бирламчи ва иккиламчи тил таржимонлари катта истеъдод соҳиблари бўлса ва улар ўгираётган асар ҳар иккисининг руҳиятига мувофиқ тушса, демак, бундай таржималар ҳам яшашда давом этаверади. Масалан, хитой тилидан русчага, сўнгра эса русчадан ўзбекчага ўгирилган бир асарни олайлик. Бу ўринда рус ва ўзбек таржимонлари хитойча асар мазмун-моҳиятига кира билиб, уни юксак савияда илҳом билан рўёбга чиқарсалар, демак, бундай таржима хитойчадан тўғридан-тўғри ўзбекчалаштирилган ўртамиёна таржимадан баланд туриши мумкин. Лекин бу камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса бўлгани учун уни мутлақлаштиришдан йироқман ва зарурат туғилмаса, аслиятга мурожаат қилавериш керак, деб ҳисоблайман. Мисол учун, яқинда Нобель мукофотини олган хитой ёзувчиси Мо Янь асарларини олайлик. Унга нега, қандай хизматлари учун мукофот берилди, деган саволга тезроқ жавоб топгимиз келади. Жаҳон ОАВнинг шов-шувлари ўз йўлига, биз ўз кўзимиз билан ўқиб, ўз ақлимиз билан мушоҳада қилиб кўришни истаймиз Лекин хитой тилини мукаммал биладиган ва уни шундай даражада ўзбекчалаштира оладиган бирон моҳир таржимонни, масалан, мен билмайман.

Масалани икки таржимон воситасида ҳам ечиш мумкин. Бунинг учун эса хитойча ва ўзбекчани яхши биладиган биринчи (таглама) ва уни ўзбекча бадиий таржимага айлантирадиган иккинчи (бадиий таржима) — таржимонлар тандемини уюштириш, моддий-маънавий рағбатлантириш талаб этилади.

— Ўзингиз ҳам ижодий фаолиятингиз давомида таржима билан шуғуллангансиз. Бадиий асар таржимасида бирламчи аҳамият касб этадиган талаблар нималардан иборат, деб ўйлайсиз? Тил билиш ўз йўлига. Бирор-бир хорижий тилни қонун-қоидалари билан пухта биладиган мутахассис бир шеър ёки ҳикояни аслиятдан пухта-пишиқ қилиб ўгиролмаслиги мумкин. Таржимон учун энг муҳим хусусиятлар нималардан иборат?

— Фикрингизга тўла қўшиламан. Тил билиш — бу ҳали ҳаммаси эмас. Аввало, асар моҳиятини-руҳини яхши уқиш лозим, кейин эса таржимада шу мазмун-руҳни гўзал шаклларда (албатта, аслият шаклига уйғун равишда) ифода қилиш керак. Муҳими, мана шу. Лекин бу ғоят умумий бир жавоб. Майдалаб қарайдиган бўлсак, ишни, асарнинг бугунги кун ўқувчиси маънавий-руҳоний эҳтиёжларига қай даражада жавоб беришидан бошламоқ керак. Ҳатто буюк ижодкорларнинг асрлар давомида мақталган асарлари ҳам замондошларимиз учун унчалик қизиқарли бўлмаслиги мумкин. Битта мисол келтирай: яқинда бир дўстим жаҳонда узоқ ўн йилликлар мобайнида машҳур бўлиб келган романни Тошкентга кўтариб келди-да, бир ҳафталар давомида ўқиб юрди. Катта ҳажмли романнинг ярмига борганда эса “бас, ўқимайман!” деб қолди. Сабабини сўрасам, “асардан ўзимни тополмадим” деди. Бу тўғри жавоб эди. Чунки бугун дунё тамомила ўзга шароит ва ­кайфиятда нафас олаяпти. Романда акс этган воқелик ва одамларнинг дунёқарашлари эса муайян мамлакат кишиларининг қисқа бир вақт оралиғигагина (ХIХ асар адоғи ва ХХ аср аввалига) тегишли бўлиб, ҳозир у ерда ҳам бутунлай ўзга ҳол ҳукм сурмоқда. (Тўғри, чуқур гуманизм ғоялари билан суғорилган, айни пайтда, бадиий жиҳатдан пишиқ-пухта асарлар, агар рамзий-мажозий тилда битилган бўлса, замон танламайди. Лекин дўстим “ҳазм қилолмаган” романнинг қай бир тарафи, назаримда, ана шу талабларга жавоб бермас эди). Ундай романлар энди асосан мутахассислар ёки жудаям тор ўқувчилар гуруҳи учунгина қизиқарли бўлиши мумкин. Нима демоқчиман? Таржима учун танланаётган асар етарли миқдордаги ўқувчилар гуруҳининг қизиқиш ва эҳтиёжларига жавоб берсин, уни фикрлашга, эзгулик ва ёвузлик курашида биринчисининг ёнида туришга ундасин, қалбида ёруғлик ва ҳаётга муҳаббат туйғуларини уйғотсин! Мана шу танловдан кейин эса таржима маҳоратига келамиз. Яна шуки, ҳар қандай мутаржим исталган асарнинг таржимасига тутинмаслиги жоиз деб биламан. Ҳар бир таржимон “ўз асари”ни, ботиний оламида акс садо бергувчи “матни”ни топсин!

Таржимада нафақат сўз, айни пайтда, маъно, афоризм, вазият ва турли хил ҳолатлар муқобилини ҳам топиш муҳим ҳисобланади.

— Хабарингиз бор, бугунги кунда ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга таржима қилишни ташкиллаштириш борасида фаол иш олиб борилмоқда. Бундай таржима асарлар китоб ҳолида чоп этилаётир ҳам. Шулар ҳақида фикрингиз қандай? Бу таржималарнинг савияси ҳақида нима дея оласиз?

— Албатта, ўзбек адабиётининг сара намуналарини дунё ҳам ўқиши керак. Бунинг учун эса таржима лозим. Лекин қандай таржима? Ўз асарларим бошидан ўтганлардан хулоса қилиб айтсам, бу иш биз ўйлаганчалик осон эмас экан. Чунки битта роман, бир қисса ва бир неча ҳикояларимни рус тилига таржима қилдириб, мутахассислар эътиборига ҳавола қилиб кўрдим: қиссада ўзбек ва рус таржимонларининг дуэти иштирок этгани учун яхши баҳо олди, лекин айрим ҳикояларимнинг таржимаси бўйича айтилган мулоҳазалар танқидий руҳда бўлди. Ўзим ҳам солиштириб қарадим: мутахассисларнинг ҳақли чиққан ўринлари талай. Инглизча таржималар борасида эса умуман гапирмаса ҳам бўлади. Ҳаётий тажриба ва мушоҳадалардан кейин шундай хулосага келдимки, таржимон, аввало, ижодкор бўлиши ва иккала тилни пухта билиши, айниқса, таржима этилаётган тилда ҳар куни гаплашиши, унинг бутун нозикликларини, маъно товланишларини ўз вужудида ҳис қилиб юрган бўлиши зарур экан. Яъни луғат орқали у ёки бу тилни билиш, бу тилда онда-сонда гурунглашиб юриш билан ҳақиқий бадиий таржимонлик ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини аччиқ тажрибалар исбот қилди. Демак, ўзбекчадан хорижий тилга ўгирилган асарлар, ўша чет тил эгаси бўлмиш, бунинг устига руҳдош, замондош ижодкор нигоҳидан ўтиши шарт.

— Ўзбек таржима тарихи бой тажрибага эга. Жаҳон адабиётининг жуда кўплаб дурдоналари кейинги бир, бир ярим аср мобайнида она тилимизга ўгирилди. Бундан ўттиз-эллик, ҳатто етмиш йил олдин қилинган таржималар эскирмадимикан? Улардаги кўплаб сўз ва иборалар истеъмолдан чиқиб кетган… Шу маънода, ўша асарларни қайта таржима қилиш зарур деб ўйлайсизми?

— Тил — ҳаракатдаги ҳодиса. Шундай экан, чиндан-да маълум даврлар ўтгач, асарнинг янги таржималарига эҳтиёж сезилаверади. Лекин янги таржима олдингисининг соясида қолиб кетмаслиги, аксинча, ундан ҳар жиҳатдан баландда турмоғи тақозо этилади. Шундай бўлган тақдирдагина янги таржимага қўл уриш ўзини оқлайди. Шу билан бирга, аввалги таржима ўта муваффақиятли амалга оширилган бўлса, бундай таржима шу эл ва унинг тилидаги лексик ва грамматик пойдевор бор бўлган муддатча яшаб қолиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим.

— Ўзингизнинг асарларингиз ҳам хорижий тилларга таржима қилинганидан хабардормиз. Чунончи, таниқли олим ва таржимон Нинель Владимирова “Исён ва итоат” романингизни рус тилига ўгирган. Сўрамоқчи бўлганим, асарингиз таржимасидан қониқиш ҳосил ­қилдингизми?

— Албатта, “Исён ва итоат”нинг таржимаси учун устоз таржимон, профессор Нинель Васильевнадан бир умр миннатдорман. Айрим мутахассислар таржимада жузъий камчиликлар мавжуд деганига ва ўзим ҳам улардан кўз юммаганимга қарамай, назаримда, бу ишнинг забардаст тажрибали таржимон томонидан амалга оширилгани қимматли факт бўлиб қолаверади. Лекин, чамаси, эндиги гап бошқа нарса ҳақида бориши керак. Яқинда асарнинг янги нашри босилиб чиқди ва мен унда анча-мунча жиддий таҳрирларни амалга оширдим. Демак, таржимани ҳам қайта кўриб, таҳрирдан ўтказиш тақозо этилмоқда.

— Сўнгги савол: бўлғуси ва ёш ижодкорларга қисқа маслаҳат ва тилагингиз?

— Рухсатингиз билан айтадиганимни назмий йўсинда изҳор этсам:

Юракни сўзларга кўчиринг,
Ғўр бўлса, аяманг, ўчиринг.
Зўр бўлса, тузатиб-кузатиб,
Эллардан элларга учиринг,
Юракни сўзларга кўчиринг!

Чунки ижодда энг муҳими, юракдаги ўз гапингни, яъни дардингни оқ қоғоз юзига эсон-омон олиб чиқишдир. “Эсон-омон” деганимиз, ботиндаги ҳақиқатга хиёнат қилмай, айни дамда, санъатнинг юксак талабларига жавоб бера оладиган асарлар бита олиш деганимиз бўлади.

Санжар Турсунов суҳбатлашди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 20-сон