Носир Фозилов: “Мен сизга айтсам…” (2016)

Моҳир таржимон, синчков муҳаррир, ардоқли ёзувчи Носир Фозиловни сўлим “Дўрмон” ижод уйидалигини эшитиб, беш-олти тенгқур ижодкор йўлга отландик. Бордик, учрашдик, гурунглашдик. Устознинг ҳаёт ҳақидаги самимий суҳбати биз учун ҳам мактаб, ҳам тажриба экани учрашув давомида билиниб турарди. Адиб халқ ичидан топган қизиқ-қизиқ ўхшатиш­ларни, бетакрор ибораларни, устозларидан ўрганган ўгитларни, ёзувчилик, муҳаррирлик тажрибасини, тил ва адабиётимиз ривожи йўлидаги хайрли ишларга муносабатию бу борада бажарилиши керак бўлган ишлар юзасидан таклифларини биз билан ўртоқлашди. Гурунг тор даврада қолиб кетишини истамадик. Таассуротларимизни сиз билан бўлишгимиз келди.

“Ингичка ва йўғон, Анжанда бўғон”

Ёзувчини қушга ўхшатаман. Қуш буғдойи ўриб олинган жой – анғизга боради, бошоқ териб, донини боласига олиб келади, ўзи ҳам ейди, шунинг эвазига яшайди. Ёзувчи ҳам ўша қушлардай жойма-жой кезиб, халқни кузатиши, одамлар оғзидаги теша тегмаган сўзларни, гапларни, ибораларни топиши, сайқаллаши ва ёзилажак асарларида ишлатиб, уларни яна эгасига қайтариб бериши керак.
Ёзувчилик ҳақида ўйлай бошласам, бундан қирқ-эллик йил олдинги воқеалар кинотасмадай кўз олдимга кела бошлайди. Масалан, Ўлмас Умарбековнинг “Севгим, севгилим” номли биринчи қиссасини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қиладиган бўлдик. Санасак, ёзувчи қиссасининг ўн уч жойида “ингичка қош” деган иборани ишлатибди. Қизларга нисбатан. У пайтларда деталма-детал, ҳатто вергулигача муҳокамага тортиларди. Мажлисни Туроб Тўла олиб боряпти. Ёнида Асқад Мухтор ўтирибди. Азиз Абдураз­зоқ билан қитмирлигимиз тутди-да, қошлари кўзининг устини қоплаб турадиган Толиб Йўлдошни аския қилмоқчи бўлиб, президиумга хат ёздик:

“Ўн учта ингичка қош
Бўлар бир Толиб Йўлдош.
Уни ёзди Азиз Абдураззоқ
Ва Носир Қозоқ”.

Туроб ака хатни ўқиди-да, шарақлаб кулиб юборди ва Асқад акага суриб қўйди. Асқад ака кулмайди, хатни жиддий туриб ўқиди ва чўнтагидан ручка чиқарди-да, қоғознинг орқасига нимадир ёзди. Кейин хатни Туроб акага қайтариб берди. Туроб ака уни чўнтагига солиб қўйди. Хуллас, йиғилишдан чиқиб, Азиз Абдураззоқ билан Чилонзорга – уй-уйимизга етиб олиш учун Туроб аканинг машинасига чиққанимизда: “Асқад ака нима деди”, деб сўрадик. Туроб ака чўнтагидаги хатни олди-да, яна шарақлаб кулиб юборди. Ўшанда Асқад ака хатнинг орқасига: “Ингичка ва йўғон, Анжанда бўғон”, деб ёзиб қўйган экан. Қаранг, адабийчадаги “бўлган” деган сўзимизни андижонликлар “бўғон” тарзида талаффуз этар экан.

Носир оғанинг “чангюткич”и

Миртемир аканинг 100 йиллигини нишонлаш учун Тошкентдан Туркистонга бордик. Машинадан тушаётиб, шимимга чангми, лойми теккизибман. Хотин киши барибир хотин киши-да – рафиқам рўмолчасини олиб, ўша жойни дарров артишга тушди. Бизни кузатиб турган икки қозоқ қардошимиз “Носир оғам Тошкентдан ўзи билан “пилесос”ини ҳам опкепти”, деса бўладими! Қаранг, қандай чиройли ўхшатиш.
Яна бир йили Шаҳрихонга бордик. Пичоқ олай деб бозорга тушдим. Икки чолнинг гурунгига қулоқ тутдим: “Бизнинг ерлар жуда яхши-да, шудгорга оёғингни тиқиб турсанг, қулоғингдан барг чиқиб кетади”.
Мана, ёзувчи сўзни қаердан олиши керак! Бунақа ноёб топилмаларни, бетакрор ўхшатишларни ёзув столи олдида минг йил ўтириб ўйласангиз ҳам тополмайсиз. Бу сингари сўзлар буғдой бошоғига ўхшаб битта-битталаб терилади, ён дафтарга қайд қилинади ва керак маҳали сайқал берилиб, ишлатилади.

Қўлёзманинг йигирма еттинчи нусхаси

Абдулла Қаҳҳор қўлёзмаларини қайта-қайта ёзишдан ҳеч эринмасди. Дала ҳовлисидан бир ариқ сув айқириб ўтарди. Ўша ариқ устида сўриси бўларди. Сўри устидаги хонтахта ёнида ўтириб ёзарди. Бир бет ёзиб, ўқиб кўриб, ёқмаса, ғижимлаб отиб юборарди, яна ёзаверарди. Кўп қўлёзмалар шу сингари сувга оқиб кетган. Бир гал асарининг уч бетини йигирма етти марта кўчирибди. Ўша уч бетлик йигирма еттинчи нусхани Саид Аҳмад акага берган. Бу ёзувчининг “Асарларингни яхшилаб ишла, тилга эътибор бер”, дегани эди.

Сўз талашган Абдулла Қаҳҳор

Абдулла Қаҳҳор “Зилзила” деган қисса ёзди. Илгарироқ ёзиб ташлаб қўйган экан, мен бориб журналда босиш учун ундириб келдим. Ўн саккиз-йигирма бетлик қўлёзма эди. Асарни нашрга тайёрладик. Корректурасини ёзувчига бериб юборсак, касал ҳолига қарамасдан машинага ўтириб таҳририятга келибди. “Ваҳобжон, буни сиз кўрдингизми?” деди Абдулла Қаҳҳор. Ваҳоб Рўзиматов “ҳа”, деб жавоб берди. “Мана бу ерда “Машина гур этиб ўт олиб, тутун чиқариб кетди”, деган жойим бор экан. Сиз “дуд” деб ўзгартирибсиз. Нега ундай қилдингиз?” деди ёзувчи. Ваҳоб ака “Дуд” менга яхшироқ кўринди”, деди. Абдулла Қаҳҳор “Яхшироқ кўринса кўрингандир, лекин мен “тутун” дея ўзбекча ёзганман. Тилимизни мана шунақа қилиб расво қиламиз”, деб ўз қўли билан матндаги ўша сўзни тузатиб кетган эди. Ёзувчи шуни телефонда айтиб, тузаттириб қўйса ҳам бўларди. Лекин кексайиб қолганига қарамасдан, битта сўзнинг орқасидан ўзи келди. Қаранг, ёзувчининг сўзга ҳурматини! У киши шундай – тилнинг заргари эди-да! Мана булар эсдан чиқмайди.

Луғатда йўқ дегани тилда йўқ дегани эмас

Асар ёзиш жараёнида эски ўзбек тилидаги “жиги”, “мурт”, “урт”, “йулун” сингари сўзлардан фойдаланишга тўғри келади. Шундай пайтлар баъзан аёлим билан тортишамиз. У “Бу сўз адабий тилда, изоҳли луғатларимизда йўқ”, дейди. Энди, қанақа қилиб исбот қиласиз. Лекин гарчи одамларнинг ёдидан кўтарилган эски ўзбек тилидаги ўшандай сўзлар ҳозирги адабий тилимизда, янги луғатларимизда бўлмаса-да, уларни қўрқмасдан, дадиллик билан адабиётга, адабий асарларга киритавериш керак. Бу сўзлар луғатларимизда, адабий тилимизда йўқ деб муомаладан чиқариб ташлайверсак, тилимиз камбағал бўлиб қолади. Бу сўзлар секин-секин луғатларга ҳам киради. Тил мана шулар орқали бойийди-да. Ваҳоланки, бизнинг тил бойлигимиз ортиқ бўлса бордир, ҳеч қайси халқникидан кам эмас. Масалан, тилимизда “опа”, “хола”, “эгачи”, “амма” каби сўзларимизни олайлик. Тожик биродарларимиз буларни ёппасига “Хоҳар” деб қўя қолади. Руслар эса “жиян”, “амакивачча”, “бўла”ни “племянник” дейди-қўяди.

Тошпўлат Ҳамиднинг “дўлоп”и

Тилни шева сўзлари ҳисобига ҳам бойитиш мумкин. Масалан, Сурхондарё элининг ўз шеваси бор, ўз атамалари бор. Дейлик, ўша ерлик ёзувчи асарида шевасидаги гўзал сўзлардан фойдаланди. Танқидчилар “Сен тушунарсиз сўздан фойдаландинг, бу сўз адабий тилда йўқ”, дея “уришиши” керак эмас. Агар ўша сўз фойдали бўлса, изоҳ бериш керак. Натижада адабий тил яна битта янги сўз билан бойийди. Ҳеч бўлмаганда, тилимиздаги бор сўзнинг бошқа маънодоши пайдо бўлади.
Бухорода Тошпўлат Ҳамид деган яхши шоир ўртоғим бор эди. У “Ҳа, дўлоп қилиб юрибсанми?” дерди. Мен эса “Дўлоп”инг нимаси?” дейман. Кейин билсам, бу сўз Бухорода “тўполон” маъносида ишлатиларкан. “Дўлоп” сўзи “Тўполон”нинг яна бир маънодоши бўлиб адабий тилимизга, имло ва изоҳли луғатларимизга кирса, бунинг нимаси ёмон!?
Мен ҳам баъзида туғилган жойим – Туркистонимдаги сўзлардан фойдаланаман. Буни кимдир қабул қилса, бошқа биров инкор этади. Баҳсда ҳақиқат туғилади.

Тилнинг нозик жиҳатлари

Қардош халқларда баъзи сўзлар икки хил маънода ишлатилиши мумкин Таржимон бунга эътиборли бўлиши керак. Чимкентга бордим. Ўша ерлик ўзбек ёш шоирлари келиб, менга: “Ҳафталик тўгарагимиз бор. Шунга “Сайқал” деб ном қўйгандик. Қозоқ дўстларимиз бунга монелик қилиб, тўгарак номини бу сўз билан атамасликни илтимос қиляпти”, дейишди. Мен шоирларга: “Қардошларимиз тўғри айтибди”, деб жавоб бердим. Негаки “сайқал” сўзини ўзбеклар “жило” маъносида ишлатишса, қозоқ дўстларимиз бу сўзни ўзига оро бергувчи танноз аёлларга нисбатан қўллайди.
Яна бир мисол. “Мажлисда фалончи одам фистончи одамга “ноз” айтди”, деймиз биз ўзбеклар. Бу сўз қозоқ дўстларимизда “гина” маъносида келади. Қозоқлар даврасида: “Мажлисда фалончи одам фистончи одамга “ноз” айтди”, деёлмаймиз. Негаки, сўзнинг маъноси ўзгариб кетади.
Фош деган сўзимизни олайлик, бизда бу сўз бирор ишни, бирор нарсани ошкор қилди деб ишлатилади. Лекин қозоқ адабиётшунослари “маҳорат билан очиб берди, таърифлади” деган жумлани “фош” қилди тарзида қўллайди.

Муҳаррир – тилнинг қўриқчиси

Тилни сақлашда муҳаррирларнинг ўрни катта. Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Ваҳоб Рўзиматов, Низом Комилов, Иброҳим Ғафуров кабиларни ўшандай муҳаррирлар сирасига қўшиш мумкин. Биз ҳам улардан озми-кўпми ўргандик, ўрганганларимизни амалда қўлладик, қўллаяпмиз.
Яқинда Ҳусниддин Шарипов ҳақида бир нарса қоралаб, матбуотга бердим. “Домла Шарипов” деб сарлавҳа қўйгандим. Чунки у кишини таҳририятда шундай атардик. Сарлавҳани “Кўнгил ҳусни” дейишибди. Кўнгилнинг оқлигини эшитганмиз, кўнгилнинг қоралиги ҳақида ҳам гап бор. Кўнгил қолади, юксакларга кўтарилади, деймиз. Лекин унинг ҳусни бўлишини энди эшитишим. Бирор нарсани билса-билмаса, таваккалига қўллайвериш керак эмас. Бу ўринда муҳаррир тузатаман деб аслида бузган. Бу – сўзни ҳис қилмасликдан. Ўша мақолада бугунга келиб оқ еми чиқиб кетган: “Имонингиз саломат бўлсин, жойингиз жаннатдан бўлсин!” деган сўзлардан қочиб, оддийгина қилиб: “Биз сизни соғиндик, домла Шарипов”, дея якунлагандим. Газета муҳаррирлари “Ўлган одамни ҳам соғинадими?” деган хаёлга борган, шекилли, сўнгсўзимни олиб ташлабди. Лекин шуниси қувонарли бўлдики, мақола Ҳусниддин Шарипов ҳақидаги китобда кўнглимдагидай бўлиб чоп этилди.
Яна бир гап. Таҳририятга унча-мунча одам қўлёзма кўтариб келавермайди. Астойдил ёзувчи бўламан деган одам қўлёзма олиб келса, сиз уни ўқиб кўрсангиз, таҳрир қилсангиз, муаллифга маслаҳатлар берсангиз, бу, аввало, хайрли ва савобли иш. Муаллифни таҳририятдан хафа қилиб чиқариб юборишдан осони йўқ. Чин муҳаррир бундай қилмайди.

Матннинг пойдевори бўлади

Ҳар бир ёзилган нарсада матнни ушлаб турадиган таянч, пойдевор бўлади, яъни бу – ёзувчининг айтмоқчи бўлган гапи, хулосаси. Агар мана шу таянч бўлмаса, матн қулаб тушади. Журналга ёзувчилар ҳақида бир даста ҳангома берсам, таҳририятдагилар қўлёзманинг саҳифага сиғмай қолган жойларини шартта олиб ташлабди. Оқибатда журналда босилиб чиққан материал пати юлинган товуққа ўхшаб қолибди – хулоса қирқиб ташланибди. Бундай ишлар ҳар қандай одамнинг таъбини хира қилади. Уларни муҳаррир деб бўлмас. Агар ўшалар муҳаррир бўлганида саҳифага сиғмаётган хулосани қайчилашдан аввал сал бош қотиришган бўларди. Бу муаллиф матнига ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас!
Матнни қисқартириш керак бўлса, биз гапни, абзацни эмас, сўзларни қисқартирардик. Шунда муаллифнинг фикри қоларди, матннинг сопи ўзидан чиқарди. Асарнинг умумий руҳи ҳам бузилмасди.

Сарлавҳа топиш осон эмас

Таҳририятнинг проза бўлимида ишлаган кезларим, кўплаб асарларнинг номларини ўзгартиришга тўғри келган. Масалан, наманганлик Турғун Пўлат деган ёзувчимиз “Курортда” деган бир асар олиб келди. Мен унга “Ичкуёв” деб ном қўйдим. Муаллиф роса тортишди, ёқа бўғишиш даражасигача борди. Охири: “Бор, нашриётда хоҳлаган номингни қўйиб чиқаравер! Лекин журналда асаринг “Ичкуёв” бўлиб босилади”, дедим. Бир кун қарасам, асар “Ичкуёв” номи билан китоб бўлиб чиқибди. Гап шундаки, бой-бадавлат оилага бир журналист ичкуёв бўлиб киради. Муросаси келишмай қолиб, оиладаги қинғирликларни фельетон қилади. Бу “ички ёв” бўлмай, нима бўлсин? Журналист ҳам “ички ёв”, ҳам “ичкуёв”.

Қутлуғ фармон

Президентимизнинг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Университет таркибида учта факультет – ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетларининг ташкил этилиши, қолаверса, Ўзбек тили ва адабиёти илмий тадқиқот институти ва Ўзбек тили ва адабиёти музе­йининг университет таркибига олиниши тил ва адабиёт борасида яхлит, мукаммал тизим яратилганини билдиради. Бу тилимизга, маданиятимизга ҳукуматимизнинг юксак эътиборини кўрсатувчи факт. Бу тилимиз ва адабиётимизга эътибор давлат сиёсати даражасида дегани.
Қутлуғ фармон тил ва адабиётга дахлдор кўплаб масалаларга ечим топишга имкон беради. Жумладан, тилимиз грамматикаси, фонетикаси, орфографиясидаги баъзи бир нуқсонларни тузатиш тилчи олимларимизнинг асосий вазифаларидан бирига айланса, нур устига нур бўлар эди.

Ҳали бажарадиган ишларимиз кўп

Мана, мустақиллик туфайли, худога шукр, нашриётларимиз кўпайди. Лекин бу дегани ҳай дейдиган хўжа йўқ, дегани эмас. Ҳамма ўз билганича қоралаган қўлёзмасини китоб қилиб чиқаравериши керак, дегани эмас. Лекин, афсуски, бугун шундай қораламалар бу нашриёт босмаса, унисида чиқиб кетяпти. Ёзувчиларимиз нашриётга келиб, ноширнинг столига пулни қўяди, мана, флешка, дейди. Ношир флешкани оладию тугмачани босади. Қарабсизки, китоб тайёр.
Йигирматалаб “роман” ёзган ёшларимиз пайдо бўляпти. Бу нима деган гап? Уларда қандай мавзулар бор? Нималар ёритилган? Энди шуларни назоратга олишнинг вақти келмадимикан?
Адабиёт инсонни тарбиялаши, тарбиялаганда ҳам миллий руҳда тарбиялаши керак. Асарнинг арқоғи – асл мақсади, бизнингча, шундай бўлиши керак. Ҳар қандай асарни миллий руҳда ёзсангиз, халқ ўқийди. Лекин қаҳрамонингизнинг устидаги либоси ўзбекча-ю, ўзи бошқа миллат одами бўлса, ўқувчи асарингизни бир четга суриб қўяди. Русга дўппи кийдирган билан у ўзбек бўлиб қолмайди, ё бўлмаса, ўзбекка шапка кийдириб қўйган билан у русга айланиб қолмайди.
Аввало, адабиётнинг йўлини тўғри белгилаб олиш керак. Ахлоқсизликни, зўравонликни тарғиб қиладиган китоб­ларнинг йўлини тўсмоқ лозим. Ёшларимизнинг ўша асарларни ўқиб, “Ҳаёт шу экан-да” деб нотўғри тушунишларига йўл қўймаслигимиз керак.
Ўзимизнинг минг йиллардан бери асраб-авайлаб келаётган миллий руҳимиз, миллий одоб-ахлоқимиз, миллий удумларимиз бор. Ёзажак асарларимизда шулар акс этиши энг мақбул иш. Бизга мумтоз ёзувчиларимиз, мумтоз устозларимиз нафис адабиётни мерос қолдирган. Нафосатни куйлашни ўргатган. Уни булғашга, унга доғ туширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Гурунгни Фозил Жабборов қоғозга туширди.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 7-сон