Шукур Холмирзаев: «Жаҳонбоп асар ёза оламан, лекин» (2002)

Мазкур суҳбатни қоғозга тушириш учун ёзув столига ўтирар эканман, хонанинг нақадар ёруғлиги диққатимни тортди. Ўгирилиб тепага — электр лампага қарадим: ўткир нурдан кўзим қамашди. Сўнгра қоғозга юзландим. Негадир кўз олдим қоронғилашди. Барибир нур манбаига меҳрим ортди.
Қизиқ, инсон ўзи яратган нарсага ўхшайди. Баъзи электр чироқлар кичкина хонани базўр ёритади, пешонангни деворга уриб олмаганингга шукр қиласан.

Худди шу ҳажмдаги бошқа бир электр чироқ эса ҳайҳотдай хонанинг истаган бурчагида игнага ип ўтказишга имкон яратиб беради. Сабаби оддий: вольтининг оз ёки кўплигида, яъни қувватида! Одамлар ҳам шундай-да! Биров ўз саводини аранг чиқаради, яна биров маънавий олами билан бутун бир авлод учун йўлчи юлдуз бўла олади. Албатта, Худо берган қобилият билан. Аммо бу қобилиятни тарбиялаб, камол топтириб бориш кўпроқ соҳибга боғлиқ эканлигини инобатга олсак, унга ҳам осон эмас. Зеро, бир нарсага эришиш учун бошқа бир нарсадан воз кечиш керак-ку, ахир.
Шукур ака ҳам бадиий ижод учун ҳаётнинг фароғатли жилваларига қўл силтаган фидойилардан. Ҳатто сал бўлмаса соғлигидан айрилиб қолаёзган экан. «Бир ўлимдан қолдим» дейди ўзи. Қайта-қайта жарроҳи бўлибди. Кўп қон йўқотибди. Касалхона атрофидаги дорихоналарда ҳамма дори бору битта доимий зарурат — инсоф йўқлигидан норозилигини яширмади. «Айрим дориларни қизим 14-15 минг сўмдан олибди, бир кўча нарида шу дори 7 минг сўм экан, зарилдан олади деб икки баробар қиммат қилиб қўйиш яхшими?», — дейди куюниб.
Алқисса, ҳол-аҳвол, у-бу гаплар билан Шукур аканинг анча вақтини олишга тўғри келди. Қулай фурсат келгач, газетамизга мусоҳаба ёзиш ниятим борлигини айтдим. Яхшиямки, йўқ демади.
— Шукур ака, Сизнинг адабий муҳит ва ундаги турли жараёнлар хусусида ўртага ташлаган фикр-мулоҳазаларингиз ҳамиша адабий жамоатчиликни қизиқтириб келган. Бу борада бугунги қарашларингиз, кузатувларингиз қандай?
— Бир нарсага амин бўлдимки, ижодкорларни маънавий-моддий қўллаб-қуватлаш янада жонлантирилиши лозим. Бугунги кунда адабиётга содиқ қолаётган ёзувчилар кам қолаётганининг асл сабабларидан бири шунда. Мустақилликни, унинг ғоясини, инсонлар тақдирини тўлақонли акс эттириш лозим. Буни журналистлар бажаришга ҳаракат қиляпти. Лекин улар юзаки ёндошади. Журналист ҳарқанча мақтаган одамни ёзувчига беришса, шу қадар қаҳрамон ҳаётига кириб кетадики, унинг кўп қирраларини очиб ташлайди. Натижада ўша мақтовнинг ўттиз фоизи ҳам қолмайди.
Ижодкорга моддий манфаат бўлмаса бекор. Мен сизга бир мисол айтаман. Бир куни нашриётдан Эркин Маликов телефон қилди. Янги авлод тарбияси учун миллий ўйинлар ҳам катта аҳамиятга эга. Сизнинг бир қатор ҳикояларингизда миллий ўйинларимиз моҳияти очиб берилган. Шуларни жамлаб берсангиз, биз шуни китоб қилиб чиқарамиз, деди. Бу гап менга маъқул бўлди. Мен бир тўплам қилиб, олиб бордим. Эркин қўлёзмамни кўриб чиқиб, машинкалатиб келсангиз, деди. Менда бундай имконият йўқ, агар ўзларингда машинисткалар бўлса, кўчириб беришсин, пулини бераман, дедим. «Хўп» деб қўлёзмамни кўтариб чиқиб кетди-да бироздан сўнг қайтиб келиб, тўққиз минг сўм бўларкан, деди. Энди тўғрисини айтинглар, китоб бўлиб чиқса, қанча гонорар берасизлар, дедим. Шартта калкуляторга солишди-да, саккиз минг сўм берамиз, деди…
— Мана, сиз моҳир ҳикоянависсиз, нега ҳикоя ёзмай қўйдингиз?
— Бир-икки йил илгари бир ойлар уйдан чиқмай битта ҳикоя ёздим, газетада босилди, қалам ҳақига, ишонасизми-йўқми, бир килогина гўшт олиб, уйга қайтдим. Мана шу даражада бўлиб қолган, бир ҳикоянинг қадр-қиммати бир мақолага тенглашиб қолган. Ваҳоланки, мақолани бир ўтиришда ёзиш мумкин. Ҳикоя қанча машаққат билан ёзилади!? Бу — битта сабаби.
Яна бир сабаби, ҳаётий муносабатларнинг инсон қисматидаги аксини туйғу орқали ифодалай олиш маҳоратининг етишмаслигида. Ҳали айниб кетишлар, модерн-подерн деганлари ҳам шундан келиб чиққан.
— Модернизмга умумий нуқтаи наза- рингиз қанақа?
— «Модерн» дегани асли «янгилик» дегани. Шу ўринда бир гап. Бир пайтлар Абдулла Қодирийнинг Сотти Ҳусайн билан савол-жавоби газетада босилган. Шунда Сотти Ҳусайн Қодирийга асарингиз, хусусан, «Ўткан кунлар» анча жўн дейди ва исботлаб беради. Қодирий буни бўйнига олади ва мен бу асарни достон, эртак эшитиб юрган халқ учун ёзганман, аммо Оврўпа модерн услубида ёзиш ҳам қўлимдан келади, дейди.
— Кейинги пайтда ҳикоячилик сезиларли даражада оқсаяпти. Масалан, газетамизнинг наср бўлимига яхши ҳикоя жуда кам келади. Ёзувчилардан сўрасак, ёзолмаяпман — ҳали у, ҳали бу сабаб, дейишади… Ваҳоланки, замон қаҳрамони, деган масалалар бор. Сиз шу жараёнга қандай қарайсиз?
— Ўзим ҳам ўшаларнинг биттаси сифатида айтишим мумкин. Биламан, мен ёза оламан. Мен ёзганимни «кўтаролмайди» адабиётчилар.
— Қайси маънода?
— Худди ўша қаҳрамон образи масаласида. Мисол учун, сайрга чиққан аёл: чиройли кийиниб, хурсанд бўлиб, болалари билан томоша қилиб юрди, қайтишда эса автобусга пули қолмади… Ана шу ерда очилади қаҳрамон қиёфаси! Президентимиз айтаяпти: ростини айтинглар, ростини ёзинглар, деб. Ҳеч ким ёзмаяпти ростини. Илгариям ўзи ҳикоянавислар жуда кам эди, бармоқ билан санарли даражада. “Ҳикояни шундай бир жойда тўхтатки, қаҳрамоннинг ўлими маълум бўлсин ёки яшаб кетиши муқаррар бўлсин» — дейди Жек Лондон. Ўша нуқтани топа билишимиз керак.
— Сизнингча, қаҳрамонни қайси соҳадан кўпроқ излаш керак?
— Замон қаҳрамони — яхши масала. Замон қаҳрамони ҳақида ёзадиган ёзувчининг ўзи тўғри, тўлиқ бўлиши керак. Хемингуэйнинг бир гапи бор: яхши одамдан яхши ёзувчи чиқади, дейди у. Демак, ёмон одамдан ҳеч қачон яхши ёзувчи чиқмайди. Шундайки, хаёли бўлинган ёзувчида ижобий қаҳрамон бўлмайди. Ким ўзгани ўзичалик тасаввур этади?! У ўзини, ўзлигини асарида акс эттиради. Ўзи, ўзлиги чатоқ бўлгандан кейин ижобий қаҳрамон қаердан пайдо бўлсин. Шукур акам мақтанаяпти, деманг. Мен ўзимни уриб, тадқиқ этиб, «Динозавр»даги қаҳрамонимни яратганман.
— Қайси ёзувчиларни шундай талаблар билан ёза олиши мумкин деб ҳисоблайсиз?
— Ўткир яхши ёзиши мумкин, Мурод яхши ёзади — Мурод Муҳаммад Дўст. Негадир ёзмаяпти. Эркин, жуда бағри кенг ёзувчи у. Кейин… Эслатинг бошқаларини…
— Назар Эшонқул…
— Ҳа, Назар Эшонқул ёзиши мумкин. Лекин у модерн-подерндан кечиши керак. Бир гал айтдим унга: сиз Японияда туғилганмисиз, ё Европада? Қачон ўзбекка қайтасиз… Аммо энг яхши ёзувчи шу — Назар Эшонқул. Қўлидан ҳар бало келади. Истаган мавзуда ёза олади. Асосим бор шундай дейишга. Чунки бир сўзли, адабиётга фидойи бир инсон у. Яна ким бор эди, эслатинг.
— Омон Мухтор.
— Омон Мухторнинг ижодий йўли менга кўп тушунарли эмас. У қаёққа кетаётганини билмайман. Ёки, масалан, Зоҳир Аълам. Яхши ҳикоянавис. Кейинги вақтда уям ёзмай қўйди. Балки ёзаётгандир.
— Эшқобил Шукурнинг вақтли матбуотда эълон қилинган ҳикоялари қизиқиш билан ўқиляпти.
— Ҳа-а, Эшқобил Шукурнинг айрим ҳикоялари чиқяпти. Мен Эшқобил билан учрашдим. Ҳикояларингни жамлаб кел, бир ўқиб чиқай, деб сўрадим. Йўқ, Шукур ака, мен шеърга сиғмаган пайтда ёзяпман, деди. «Сизга олиб келмайман» дегандай бўлди. У жуда вазмин, яхши ёзади. Зоҳир ҳам шунақа: дўстларига вафодор, ҳалол, миллатсевар.
Шойим яхши ёзяпти. Ражаббой ёзмаяпти. Энг ёмони, Нортўхта Қилич ёзмай қўйди.
— Шодиқул Ҳамронинг «Қора кун» асари анча шов-шув бўлувди. Унинг ижодини кузатганмисиз?
— Шодиқул ҳам мана шу кейинги авлоднинг ишонарли вакилларидан. Жуда яхши эслатдингиз-да Шодиқулни. У юракдан қайнаб-жўшиб ёзади, яхши ёзувчи.
— Ёш ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи анча тилга тушиб қолди.
— Бир жойда ўқидим бир парчасини. У ҳали жилва қилаётган сувга ўхшайди. Лекин самимий ёзибди.
— Қўчқор Норқобил ҳам қиссалар ёзяпти изма-из.
— Адабиётда ҳам мол эгасига ўхшайди. Қўчқор табиатан тезкор, баъзан пала-партиш. Шу жиҳатлар асарларигаям кўчган. Ўрта баландликда ёзади. Мен унинг қиссаларининг айримларига сўз ҳам ёзганман. Бир нарсаси ёқмади менга: бир қисса ёзганди, ихчам, маънолигина. Шуни роман деб эълон қилибди кейин. У ростмана қисса эди. Романнинг юки йўқ эди унда… Айтмоқчи, Андижон томонда Жалолиддин деган ёзувчи йигит бор.
— Наби Жалолиддинми?
— Ҳа, ўша йигитнинг ҳикоялари анча маъқул менга. Яна, Сотиболди Ражабов деган ёзувчи бор. Яхши ёзарди. Тошкентдан кетдию ижоди кўринмай қолди.
— Мустақиллик туфайли спортимиз, санъатимиз жаҳон майдонига чиқди. Адабиётимиз қачон дунё билан юзлашади?
— Дунё адабиётининг машҳур асарлари билан бўйлашадиган асарларни кўзда тутяпсиз, шекилли. Сафаржон, масалан, дунёга донғи кетган, Нобель мукофотини олган ёзувчиларнинг ҳам асарларини бундай салмоқлаб кўрсангиз ўн-ўн бешта яхши ҳикоя чиқади, холос. Хемингуэйдан ҳам шунча ҳикоя чиқади. Шу маънода ишонч билан айта оламанки, жаҳонбоп асар ёза оламан лекин… Дунёга татийдиган ҳикоялар ўзимиздан, дейлик, Ўткир Ҳошимовдан ҳам, Учқун Назаровдан ҳам, Мурод Муҳаммад Дўст ва Эркин Аъзамовлардан ҳам чиқади. Ҳикоячилигимизга таъмал тошини қўйган Абдулла Қаҳҳорнинг, лоф бўлса ҳам, эллик фоиз ҳикояси дунёга машҳур ҳикоялар билан бўйлашади.
— Демак, бизда фақат аслиятдан — ўзбекчадан бевосита жаҳон тилларига таржима суст, ҳатто йўқ даражада. Тўғрими, асосий сабаб шу-да?
— Албатта. Булар четга таржима орқали чиқади. Илгари рус тили орқали чиқарди ва ташвишлари кўп бўларди. Деярли ҳар бир асарнинг таржима жараёнига хушомадгўйлик аралашган бўларди. Мана ўзимдан қиёс: битта асаримни Москвада таржима қилишмоқчи бўлишди. Сўзма-сўз таржимасини юбордим. «Молодая гвардия» нашриётидан Шивелев деган ношир Темур Пўлатов билан келди.
— Бу воқеа қачон бўлган?
— Шўро даврида. Кейин у асарим ёзилган жойларни кўраман, деди. Сурхондарёга бормоқчи бўлдик. Сўнг Темур уни қўрқитибди, у ер тоғлардан иборат, айиқлар, йиртқич ҳайвонлар кўп, деб. Бормайман, деди. Нима дейман. Бўлмаса Хоразмга бораман, деди. Хоразм бутунлай бошқа иқлим, у ерда тоғ йўқ, дедим. Майли, олиб бор мени, деди. Зоҳир Аълам деган ёзувчи укамиз бор, шу билан Хоразмга бордик. У ерда Омон Матжоннинг отасининг худойиси бўлаётган экан, шунга кириб ўтдик. Ҳаво совуқ эди, эшик олдида ёшуллилар чиройли-чиройли чопон кийиб туришган экан. Шивелев шундан олиб бер, деди. Суриштирсам, икки минг сўм тураркан, ўша пайтда тўрт мингга машина берарди,менда бунча пул йўқ, дедим. Хафа бўлди, гаплашмай қўйди. Эртасига меҳмонхонада Темур менга бир рўйхат тутқазди. Қарасам ёнғоқ, майиз, писта ва ҳоказо ноз-неъмат, ҳаммаси ўн килодан ёзилган. Мен ҳайрон қолдим. Бу нимаси, дедим. Ҳамма шунақа қилади, деди Темур. Биров туркман гилам, биров пўстин — ким асарини таржима қилдирса чекига тушаркан. Мен қилмайман буни, бор, кетавер, дедим. Шундан кейин асарларим таржимасига қизиқмадим.
Бугунги кунда таржима бўлиб четга чиқаётган асарларимиз йўқ эмас. Хусусан, туркчага таржима бўлаяпти. Бу тилда бир неча романлар, ҳикоялар тўпламлари чиқди. Аммо туркчадан нарига ўтолмай турибди. Бу ишлар қай тарзда амалга оширилаяпти, мен бехабарман. Менимча, бу ишга ўзбек-турк дўстлик жамияти, Туркия элчихонасидан ҳайрихоҳ одамларнинг ҳиссаси катта, деб ўйлайман. Аммо яна бир нарсани биламан. Ана шу даргоҳларга яқин бўлган ёзувчиларимиз борми, шоирларимиз борми, «нимани таржима қилайлик» деб сўралса, марҳамат деб ўзларининг ўртамиёна асарларини ҳам уларнинг қўлларига тутқазишади. Эй, биродар, ўзбек адабиётида мана бундай қиссалар, ҳикоялар бор, шуларни таржима қилинглар, булар ўзбек адабиётининг қиёфасини кўрсатади, дейдиган валломат йўқ.
Қизиқ-да, бир замонлар Горькийни академияга аъзоликка олишмаганди. Чехов, Короленко ва бошқа ёзувчилар залдан чиқиб кетишган экан. Академияга байкот эълон қилишган экан. Ана шундай қадрлашган адиблар бир-бирини.
— Шукур ака, нима учун китоблар чиқармай қўйдингиз? Ўн йиллар бўлди-ёв, чамамда.
— Ўн етти йил бўлди.
— Ўн етти йил?! Лекин барибир машҳур ёзувчи Шукур Холмирзаев бўлиб юрибсиз. Қандай эришгансиз бунга?
— Шукрки, адабиётга хиёнат қилмаган эканман. Ҳамма гап шунда. Шу ўринда мен сизни хурсанд қиладиган бир янгиликни айтишим мумкин. «Шарқ» нашриётида уч жилдлик тўпламим чиқяпти. Келгуси ҳафта биринчи жилд ҳикоялар тўпламимнинг «корректура»си чиқади. Худо ярлақагур Бобур қиляпти бу ишларни. Минг раҳмат шуларга. «Динозавр»ниям ҳеч қаерга берманг, ўзимиз босамиз, деяпти. Роса хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, кун «Шарқ»дан чиқди.
— Ҳозир қандай асар устида ишлаяпсиз?
— Фақат «Динозавр» устида. Ўртага суқулиб қолган бир-иккита асарлар ҳам бор. «От йили» деган бир ҳикоя ёзяпман.
— «Гулистон» журналида ўқидик.
— Ҳа, «Гулистон»да чиқяпти. Орада кўч-кўрон билан бўлиб, охирги йигирма беш варағи йўқолибди.
— Журналда «давоми бор» деб эълон қилинган-ку. Энди нима бўлади?
— Билмадим. Давомини қайтадан ёзсамми… Ёзсам қандай чиқаркан, тушунмай қолдим. Шу бир ғов бўлиб турибди-да. Ҳа, яна кичик-кичик тўрт-бешта ҳикоя ёзмоқчиман, мавзулари тайёр — ўйлаб қўйибман. Ҳозирча шу.
Дарвоқе, суҳбатимиз сўнгида Шукур ака газетамизга битта янги ҳикоя ваъда қилди.

Суҳбатдош Сафар Оллоёр
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 48-сонидан олинди.