Кўзгу синиқлари ёхуд айтилмаган сўз қудрати (Узоқ Жўрақулов билан суҳбат) (2013)

– Дунё адабиёти тарихидан маълумки, ҳикоя прозанинг кенг тарқалган ва шунга мос равишда кучли тараққий этган жанрларидан биридир. Адабиёт тарихида бор маҳоратини ишга солиб, ҳикоя жанрининг энг гўзал намуналарини яратган адиблар кўп учрайди. Айтиш мумкинки, Ж.Лондон, С.Цвейг, П.Мериме, Ҳ.Ҳессе, О.Генри, Мопассан каби адибларни йирик ҳажмли асарларидан кўра ҳикоялари кўпроқ машҳур қилган. Бу ҳолат мазкур жанрнинг ички имкониятлари билан боғлиқми?

– Ҳар қандай адабий жанр асосини Яратганнинг буюк санъати – макон-замон кенгликларида айланиб турувчи воқелик ташкил этади. Аммо уни қамровлаш, бадиий акс эттиришнинг йўллари, даражалари хилма-хил ва ўзаро тубдан фарқ қилади. Бундай фарқ миллий адабиётлар, даврлар, авлодлар ва бир ижодкор ҳаётига оид турли босқичлар, кайфиятлар диопозонида кўпроқ кузатилади.

Воқеликни англаш, талқин этишнинг инсон томонидан кашф этилган минглаб усуллари бор. Буларнинг баъзилари фалсафа, баъзилари фан, баъзилари эса ҳаётий тажрибалар негизида шаклланган. Инчунун, бундай воситаларнинг барчаси ўз мақсади, имкониятлари доирасида, инсон ва инсон учун яратилган борлиқ олам(“тўққуз афлок”)ни тушуниш, англашга қаратилади. Навоий ҳазратлари “Лисон ут-тайр” дебочасида ёзадилар:

Айлагач доир тўқуз афлокни,
Қосир этди фаҳмидин идрокни…

Яъни Аллоҳ таоло “тўққуз афлок”, демакким, бутун моддият дунёсини яратди. Уни макон-замон ўлчовида ҳаракатга келтирди. Аммо борлиқ аро зарра мисол – инсон, унинг учун яратилган “тўққуз афлок”, уларда кечмиш ва кечажак воқеотлар моҳиятини, дунёнинг аввали-ю охирини тўла англаш, идроклаш имконияти Одам боласига берилмаган.

Инсоният ўз тарихи давомида эришган барча каш­фиётлар, илмлар, фалсафалар мана шу “имконият” доирасида туғилган. Жараён эса давом этяпти. Бу жараён қачон бошланган ва қачон тугашини бир Зотдан ўзга ҳеч ким билмайди. Хусусан, адабиёт ҳам шу жараёнда майдонга келган идроклаш воситаларининг энг тўнғичи, таъбир жоиз бўлса, энг мукаммалидир. Чунки фан, фалсафа сингари билиш воситалари, асосан, тафаккур билан иш кўради. Воқеликни идроклашнинг рационал йўлидан боради. Шу боис ҳам фан ва фалсафа қамрови тафаккур чегаралари қадар. Илло, улуғлардан бири айтганидек: “Ақл Каъбага бормоққа туя ҳозирлагунча, қалб уни минг бор зиёрат қилиб келади”. Адабиёт билиш воситалари ичида ҳиссиёт ва тафаккурни, тана ва руҳни ўзида жамлаш эҳтимоли ортиқроқ бўлган бирдан-бир феномен. Бундай қўш қанот имконияти эса унинг макон-замон чегаралари бўйлаб кенгроқ кўлам эгаллашини таъминлайди.

Агар биз асл адабиётни воқелик акс этган бир кўзгуга қиёслайдиган бўлсак, ҳикоя жанри ушбу кўз­гу­нинг синиқларидир. Аммо ҳикоянинг бор қудрати ҳам айнан шу синиқлигида. Заррада борлиқ, қатрада уммон, нур толасида қуёш акс этишини ёдга олсак, ҳикоянинг асл қудратини теран ҳис қиламиз. Инсонга хос улуғворлик ва шарифлик бутун борлиқдан кўра устунроқ бўлганидек (Барчасини гарчи латиф айладинг, Боридин инсонни шариф айладинг... Навоий), баъзан қатра имконияти уммон имкониятларидан ус­тунлик қиладики, жаҳон адабиёти тарихида сиз кузатган ҳолатлар шу билан изоҳланади.

Жаҳон адабиёти тарихида А.П.Чехов, С.Моэм, Ж.Лондон, Ҳ.Ҳессе, О.Генри сингари машҳур ҳи­коя­навислар билан бир қаторда Л.Н.Толстой, У.Фольк­нер, М.Шолохов каби бу жанрга камроқ мурожаат қилган, аммо бир-икки ҳикояси мисолида бетакрор санъат намунасини мерос қолдирган ёзувчилар ҳам учрайди. Толстойнинг “Авлиё Сергий”, Фолькнернинг “Қора мусиқа”, Шолоховнинг “Хол” ҳикоялари мана шундай ноёб бадиий кашфиётлар ҳисобланади.

Энди ички имконият масаласига келадиган бўлсак, у жанрда эмас, ёзувчида бўлади. Ҳар бир адабий жанрнинг кашф этилган ва юзага чиқмаган битмас-туганмас имкониятлари бор. Бадиияти юксак ҳикоянинг майдонга келиши соддагина – худди от ва чавандоз му­носабатига ўхшайди. Халқимиз орасида бор-ку, от ўзига муносиб чавандозни топса, майдон уники. Худди шундай истеъдод, ҳақ сўз, мос воқеа, шунга муносиб кайфият, айниқса, фикр ва амал уйғунлашган нуқтада ҳатто романларни доғда қолдирувчи ҳикоя дунёга келиши мумкин.

– Адабиёт яралганидан буён унда “устоз-шогирд” анъанаси давом этиб келмоқда. Шундай адиблар борки, улар ўзларига “увайс” ус­тозлар танлашган ва бу танлов ўзини тўла маънода оқлаган. Назаримда, мазкур анъана айнан ҳи­коя­чиликда кўпроқ кўзга ташланади. Фикримни оқлаш учун баъзи мисолларни келтирсам. Ўзбек ҳикоячилигининг устозларидан бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳикоячиликда Чехов услубига яқин бўлган сиқиқлик, сўзни қизғаниш ва реал ҳаётга иложи борича яқинлашишни маъқул кўрган. Миллий ҳикоячилигимизнинг яна бир ёрқин намояндаси – Ш.Холмирзаев эса ўзи туғилган Сурхон даштларидай кенг ва хотиржам ёзган. Унинг “ҳикоя” деган ном остида чоп эттирган баъзи асарлари, ҳажмига кўра қиссага яқин туради. Бунинг боиси шуки, у жаҳон адиблари орасида Тольстой бобога ўхшаш эзмароқларини кўп ўқиган, инсон тақдирини кенг ва ҳар томонлама талқин этган адибларга яхши маънода эргашган. Умуман, ҳикоячиликда ҳажмнинг аҳамияти борми?

– Адабий таъсир адабий-тарихий жараённинг ўзак муаммоларидан. Аммо, таассуфлар бўлсинки, бу муҳим ҳодисага хос маънавий мезонлар, адабий-эс­тетик критерийлар бизда аниқ, илмий-назарий тушунча ўлароқ шаклланмаган. Бу масалада, бизда бўл­ганидек, ёндош ёки қардош адабиётлар негизида ишлаб чиқилган критерийларни эталон қилиб олиш тамойили ўзини оқламайди. Адабий таъсир ёки компаративистика жараёни ҳар бир миллий адабиёт доирасида ўзига хос тарзда намоён бўлади. Бизда айнан шу – адабий таъсир тамойилларини миллий эстетик тафаккур мезонлари негизида тайин этишда оқсаш бор.

Сиз адабий таъсир намунаси сифатида эслаган ҳолатнинг, “устоз-шогирд анъаналарининг” ҳам пойдевори у қадар мустаҳкам эмас, оғиздан-оғизга ўтиб юргич бу гапларнинг теран илмий асоси йўқ ҳисоби. Ҳатто бундай фикрлар адабий жараён ботинидан эмас, балки кимларнингдир хоҳиш-истакларидан туғилган, унчалик обрў келтиравермайдиган “сайёр луқмалар” де­йилса ҳам, ҳақиқатга хилоф бўлмайди.

Ҳолбуки, Чехов ҳикоячилиги мисолида бизда кўк­ка кўтарилган жиҳатлар жаҳон адабиёти контекстида у қадар ноёб ҳодиса саналмайди. Чехов ҳикоялари залворини ич-ичидан ҳис қилган, ўзини унинг ҳақиқий шогирдларидан ҳисоблаган, ҳатто бу билан фахрланган Сомерсет Моэм ўта кичик ҳажмли, чеховча сиқиқ ҳикояларнинг майдонга келишини ўша давр матбаачилигидаги иқтисодий танқислик муаммолари билан боғлаб изоҳлайди. Унинг ёзишича, дастлаб асосан сиёсий, тижорий хабар ва рекламаларни чоп этиш учун мўлжалланган газеталарда бадиий асарларга ўрин ажратиш расм бўлмаган. Фақат газета макетлари чизилиб, реклама ва хабарлардан ортиб қолган, реклама сиғдиришнинг имкони бўлмаган бурчак-бурчакдаги ғариб жойларда кейинчалик бирор бадиий асар босиш расмга кирган. Шунинг учун ҳам асарини матбуотда чиқаришни хоҳлаган ёзувчи рекламадан ортган ўша кичкина жойга мос жажжи ҳикоя ёзишга мажбур бўлган. Кичик ҳажмли ҳикояларнинг аянчли тарихи шу холос.

Қолаверса, Чехов ҳикоячилиги даражаси, унга хос улкан поэтик қамров, инсоний улуғворлик ва тубанлик, ҳаёт ва ўлим, жамият ва шахс масалалари, драматик ва трагикомик ҳолатлар тасвири унинг А.Қаҳҳор эргашган “майда” ҳикояларида эмас, балки “Ўқитувчи”, “Анюта”, “Агафия”, “Биринчи класс пассажири”, “Тутқаноқ”, “Княгиня” каби “катта” ҳикояларида кўринади.

Энди Толстой масаласига келадиган бўлсак, менинг кузатишимча, унда артистизм, сунъий зўриқишдан асар йўқ. Воқеликни кузатиш, уни таркибан саралаш, мушоҳада-муроқаба этиш ва, энг муҳими, бадиий ифодалашда мустаҳкам таянч, улуғвор бир нуқтаи назар, комил эътиқод Толстой асарларининг даражасини ан­ча баландга олиб чиқадики, ХХ асрнинг шўровий тузуми қолипида шаклланган бизнинг ёзувчиларимиз орасидан бундай мутафаккир шахсни топишга уринишнинг ўзи мантиққа зид. Шубҳасиз айтиш мумкинки, Лев Толстой ўзининг романлари, қисса ва ҳикоялари, умри поёнида ёзган тазарру ва нақллари билан бутун бошли бадиий система. ХХ аср ўзбек прозаси, хусусан, ҳикоячилиги тарихида эса “Улоқда”, “Бодом қишда гуллади”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Анойининг жайдари олмаси”, “Этакдаги кулба”, “Шамолни тутиб бўлмайди” каби бир нечта ҳикояларнигина санаш мумкин.

Ҳар қандай яхши ҳикоя ўзининг шакли ва ҳажми билан туғилади. Ёзувчи уни атайлабдан кичик ёки катта ҳажмли қилиб ёза олмайди. Бир сўз билан айтганда, бу жажжи жанрнинг кичик ёки катта эканини катта адабиётга нақадар даҳлдор эканига қараб белгиланса, тўғрироқ бўлади. Катта адабиёт эса, менимча, Навоий, Сервантес, Шекспир, Гёте, Пушкин, Толстой, Достоевский, Қодирийлар мансуб адабиётдир.

– Замон эврилишлари инсоннинг ички, ру­ҳий эҳ­тиёжларида ҳам намоён бўлади. Мисол учун, ўтган аср ўқувчиси воқеабанд асарларга кўпроқ мойил эди. Шу боис инсоннинг ботиний, ҳиссий ҳаёти тасвирланган ҳикояларга “тиши ўтадиган” китобхонлар ҳатто ижод аҳ­ли ора­сида ҳам унчалик кўп эмасди. Жаҳон ҳи­коячилиги намуналари, хусусан, инсоннинг ру­ҳий тўлғоқларига бағишланган ҳикоялар таржима қилиниб, уларнинг илк намуналарини матбуотда чоп этилганда, даставвал бу “зерикарли” асарларни қабул қилолмадик. (Бу ҳикояларнинг ак­сарияти Лотин Америкаси адабиёти вакиллари ижодидан эди) Ҳали ўзбек адабиётида бу тоифа ҳикоялар деярли йўқ эди. Кўп ўтмай, миллий адабиётимизда ҳам шунга ўхшаш асарлар пайдо бўлади бошлади. Айтиш мумкинки, А.Аъзам, Э.Аъзам, Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшонқул, Л.Бўрихон, У.Ҳамдам, А.Йўлдош, Б.Қобул, Б.Абдураззоқ каби адибларимиз замонавий прозага чин маънода янгилик олиб киришди. Шу маънода “Тугмачагул”, “Анойининг жайдари олмаси”, “Жажман”, “Маймун етаклаган одам”, “Қўлга тушган қорбобо”, “Тош”, “Пуанкаре”, “Қора ки­йик таъқиби” каби қатор ҳикоялар мисолида ўзбек ҳи­коячилигида рўй берган тадрижий ўзгаришларни ҳам кузатиш мумкин. Сиз нима деб ўйлайсиз, прозада во­қеабандликдан бир оз йироқлашиб, асосан ру­ҳиятга, сезгига урғу берилиши китобхонни асл адабиётдан узоқлаштириб қўймасмикан?

– Ғалвир билан сув ташиб бўлмайди. Сув ташиш учун челак керак. Ёки шамолни юганлашга, ҳуштакка тугма қадашга уринишда ҳеч бир мантиқ йўқ. Аммо жаҳон адабиёти майдонида шунга ўхшаш ҳолатлар мавжуд экан, буни аввало тушунишга, имкони бўлса тушунтиришга уринишнинг зарари йўқ.

Агар сиз айтгандек, ҳикоя жанри доирасида “инсоннинг ботиний, ҳиссий ҳаёти”ни тасвирлаш тамойили мавжуд бўлса, бу ҳам ҳуштакка тугма қадашга уринишдек бир гап.

Нима учун бундай деяпман?

Азал-азалдан улкан қамровли, кўп ва эгри чи­зиқли воқеликни проза йўлида тасвирлаш вазифасини эпос, эпопея ва роман бажариб келади. Ҳикоя жорий воқеликдан бир парчани танлаб олади ва тасвирлайди. Ботин олами, ҳиссиёт кенгликлари хусусида сўз айтиш эса қисса жанрининг вазифасига киради. Ҳатто “Қуръон”да ҳам ягона шахс зоҳирий ва ботиний ҳаёти ҳақидаги хабарларга нисбатан “қисса” истилоҳи қўлланади(масалан, Исмоил алайҳиссалом, Юсуф алайҳиссалом, Айюб алайҳиссалом қиссалари каби). Халқ насрида бўлса, “Иброҳим Адҳам қиссаси”, “Шоҳ Машраб қиссаси”, “Зуфунун қиссаси” сингари машҳур китоблар бор. Уларда ҳам халқ бадиий тафаккури кенг­ликларида ифодаланган айни тамойил акс этади. Демак, азалдан ботиний ҳаёт тасвири қисса жанрига тегишли. Шу боис ҳам бу вазифани ҳикояга юклаш ёки шундай ифода тарзига эга асарларни ҳикояга нисбатлаш ғалвирда сув ташиш ё ҳуштакка тугма қадашга уринишга ўхшайди.

Модомики, умуман адабиётда бундай ҳолатлар бор экан, бунинг яна бир гротеск-изоҳини келтиришим мумкин. Дейлик, уйида челаги йўқ одамнинг амал-тақал қилиб ғалвирда сув олиб келиши ҳақида “Чорасизлик” деган ҳикоя ёзиш мумкин бўлганидек, ботин олами ва ҳиссиётларини тугал англамаган, бошқача айтганда, ботини бутун бўлмаган ижодкорларнинг ҳикоя устига бундай юк қўйишини ҳам тушуниш мумкиндир, эҳтимол.

Лекин, ҳар қандай истиора ўйинларини четга суриб айтишим мумкинки, воқеликка кўчмаган ботин, во­қеликда ифодаланмаган ҳиссиёт бўронлари ҳақиқий ҳикояга айланиши мумкин эмас.

– Сўнгги йилларда эътироф этилган ҳи­коя­ларни кўздан кечираётиб, хаёлдан бир фикр ўтади. Бугун замонавий проза вакили учун сўзни ҳис эта билиш истеъдодидан ҳам кўра инсон психологиясидан хабардорлик лаёқати зарурроққа ўхшаб қолди. Чунки адабиёт, хусусан, унинг забардаст қисми бўлган проза инсон руҳиятига тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Лекин ҳар қандай асар аввало китобхон учун ёзилади. Хўш, китобхон бундай мураккаб асарларни ўқишга тайёрми? Агар тайёр бўлмаса уни янги давр асарлари мутолаасига қандай ҳозирлаш мумкин?

– Зотан, инсониятга руҳ ҳақида жуда кам билим берилган. Юқорида ҳам айтдимки, инсоншунослик, демак, руҳшунослик вазифасига лойиқ биргина талқин воситаси бор, у ҳам бўлса фақат адабиёт. Шу боис, ҳат­то қилни қирқ ёрадиган З.Фрейд, К.Юнг, Э.Фромм, Ж.Лакан каби психоаналитиклар ҳам, гарчи асосий тад­қиқот объектлари тирик одам бўлишига қарамасдан, ўз хулосаларида бадиий адабиётга таянадилар.

Минг йиллик шарқ-ислом лирикаси, хамсачилиги, воқеотнавислик, ҳолотнавислик ва маноқиботлардаги нозик психологизм моҳияти ҳақида биз ҳали ўйлаб ҳам кўрганимиз йўқ. Гомер, Софокл, Эсхил, Еврипид, Шекспир, Сервантес, Гёте, Пушкин, Толстой, Достоевс­кий, Қодирий, Ойбек, Ғ.Ғулом, А.Орипов, Р.Парфилар асарлари ҳам айнан шу фазилати сабаб яшаб турибди. Демак, бу сифат адабиётнинг ўзагини ташкил этиши бугуннинг гапи эмас. Ҳатто бугунги адабиёт турли “дегуманизация”ларга чалғиб, асл миссиясидан бир оз чалғигандек туюлади менга.

Агар айни замон ўқувчисининг ўша “чуқур”ликка даъво қилаётган баъзи асарларга “тиши ўтмаётган” экан, бунинг сабабларини ўқувчидан эмас, ижодкор маънавиятидан излаш тўғрироққа ўхшайди. Ҳолбуки, инсон психологиясининг холис ва тўғри тасвири ўқув­чини бадиий асардан узоқлаштириши эмас, аксинча, яқинлаштириши лозим.

Гарчи, қаламнинг вазни қамиш пояси, ғоз пати би­лан ўлчанса-да, инсоншунослик масъулиятини бўй­нига олган одам покиза, соҳиби ҳикмат, халқ достонларидаги баҳодирлардек алп бўлиши лозим. Йўқса, “Сўз водийларида” адашиб қолади, қаламни кўтаролмай аросат саҳросида нобуд бўлади.

– Жаҳон адабиёти тажрибаларини ўрганиб бориш ва олган билимлари асосида янги анъаналарни яратиш ҳар бир миллат адабиётининг муҳим фазилатларидан биридир. Шу маънода ўзбек ҳи­коячилиги ҳам дунё новеллестикасининг яхши анъаналаридан кўп нарсани ўрганди. Сизнингча, қайси ҳикояларни “жаҳон стандартлари”га мос келадиган ҳикоялар деб атасак бўлади?

– Худди Нобель мукофотлари сингари “жаҳон стандартлари” деган гап ҳам ўта нисбий тушунча. Чунки бу ўринда, аввало, ушбу “стандарт”лар қандай мезонларга таянади, деган саволни қўйиш, унга муносиб жавоб топишга уриниш муҳимроқ. Биз, биринчи нав­батда, стандарт нима эканини билиб олишимиз, стандарт мезонларини белгилашимиз, шундан сўнггина ўз “стандарт”ларимиз ҳақида сўз юритишимиз лозим.

Бизда чин маънодаги стандартлар бўлган. Буни Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Юсуф хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Фурқат каби шарқ шоирлари яхши билишган. Бир асрдан ортиқ узилиш даври, маънавий-руҳий тобелик оқибати ўлароқ биз ХХ аср кишилари бундай барҳаёт илмлардан узоқлашдик. Стандартларимизни йўқотиб қўйдик. Бугун ўз адабиётимиз тарихини жиддий ўрганиш, бадиийлик мезонларини тиклаш, амал ва сўз уйғунлигига эришиш, замонавий адабиётимиз, ижодкорларимиз учун энг муҳим вазифа ҳисобланади. Ўйлашимча, ўшандагина биз ўз стандартларимизга эга бўламиз. Шундагина Ғарб ва бошқа шарқ халқлари замонавий адабиёти тажрибаларини ўз асарларимизга синтезлай оламиз. Балки шунда “жаҳон стандартлари” деган калима ҳам ўзгачароқ, кенгроқ маъно касб этар. Илло, ўзбек адабиёти учун ХХI аср умидлар, изланишлар, ўзгаришлар асри бўлишига шубҳа қилмайман.

– Жон Голсуорси ўзининг “Адабиёт ва ҳаёт” номли мақоласида шундай ёзади: “…муаллифи ҳаёт экан, унинг асарини ҳали адабиёт деб ҳи­собламаймиз”. Бир оз телбанамо туюлган бу фикр қатида ҳаёт, янаям тўғрироғи адабиёт ҳа­қиқати мужассам. Яъни асарнинг асл қий­ма­тини вақт белгилайди. Вақт асарларни абадият кутубхонаси учун саралаб олади. Адабиётшунослар ҳам маълум маънода вақтнинг кўмакчиларидир. Баъзида адабиётшуносларни “ада­бий башоратчилар” деб атагинг келади. Сизнингча, замона­вий ўзбек ҳикоялари орасида 22 асрга ҳеч бир тўсиқсиз “ошиб” ўтадиганлари борми?

– Айтганингиздек, вақт деган нарса шу қадар ин­жиқ, мураккаб ва шафқатсизки, у ҳар қандай асарни унинг “башоратчилари” билан қўшиб тарих саҳнасидан супуриб ташлаши мумкин. Шунинг учун ҳам башорат салоҳияти фақат пайғамбарларга, каромат эса авлиёларга берилади.

Бинобарин, ХХ асрдан ХХI асрга “ошиб” ўтган ҳи­кояларни ҳам, ҳатто ХХII асрда муҳаққақ ўқилиш эҳтимоли бўлган асарларни ҳам том маънода абадият “рўйхат”ига кирган асарлар деб бўлмайди. Асар ўқиляпти дегани ҳам, унинг том маънода яшаётганига кафолат бўла олмаслиги мумкин. Асл адабиёт вақт ва вақтдан-да улкан мезонларда ўлчанади. Бу мезон моҳиятини Юсуф хос Ҳожиб, Яссавий, Навоийлар даврида яхши англашган. Асл адабиёт кенгликларида биз билган мезон тушунчасининг ўзи ҳам мезон саналмай қолади. Шунинг учун бу масала талқинида бизнинг қаричларимиз жудаям майдалик қилади.

Бугунги ҳикоячилик ҳақидаги реал кузатишлар асосида хулоса қиладиган бўлсак, бу жанрдаги муҳим янгилик истиоравийликда кўриняпти, дейиш мумкин. Бунда воқелик ёзувчи томонидан ўзининг макон-замон доирасидаги реал вазифасидан ажратиб олиниб, истиора шакли ўлароқ қайта моделлаштирилади. Натижада кичик бир ҳикоя улкан маънавий аҳамият, салмоқдор умуминсоний мазмунни ифодалай олади. Бундай ҳо­латнинг бугунги ўзбек ҳикоячилигида кўринаётгани қувонарли, аммо том маънода янгилик эмас. Негаки, улар бизга Румий ва Навоий кўп бор мурожаат этган ҳикоятлар – нақл-истиораларни эслатади(фил, узум, денгиз ҳақидаги ҳикоятларни эсланг).

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Этакдаги кулба”, Луқмон Бўрихоннинг “Темир сандиқ”, Раҳимжон Раҳматнинг “Адашвой”, У.Ҳамдамнинг “Сафар”, И.Сул­тоннинг “Сувдаги коса”ҳикояларида мана шундай жиддий ва хайрли анъаналарнинг изи кўринади. Насримизнинг ўн беш-йигирма йил ичида эришган жиддий ютуғи ҳам эҳтимол шудир.

Аммо муаммо шундаки, ҳали бизда қадим истиора мактаби анъаналарининг том маънодаги замонавий шакли майдонга келгани йўқ. Истиоравийлик, шубҳа туғдирмайдиган даражада, замонавий ҳикоямиз либосига айланмаган. Эҳтимол, шу жараён босиб ўтилса, янги ўзбек ҳикояси маълум бадииият кенгликлари томон ҳаракатлана олар.

– Ўзбек ҳикоячилигининг янги авлодидан кўнг­­лин­гиз тўладими? Ёш ҳикоянавислардан қай бири сизга маъқул бўляпти?

– Агар Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султонларни ёш ёзувчилар сафи­дан чиққан деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу сафга ман­­суб ижодкор сифатида бир-икки ҳикоя ёзган ёш қа­ламкашнигина кўрсатишим мумкин. Илло, саналган ёзувчилардан кейин майдонга чиққан ёш ҳикоянависни кўрсата олмайман.

Шуларнинг ўзи ҳам чамамда икки тоифага бў­линади.

Биринчи тоифага – ўта “фаол” ва адабиётнинг алифбосини ўрганиб-ўрганмай адабий жараён майдонига ўзини ураётганлар киради. Ўзингизга маълум, “сариқ матбуот” деган бало буларни қизғин тарзда қўл­лаб-қувватлаб турибди. Аммо бу фожиавий ҳам, кутилмаган ҳолат ҳам эмас. Бундан қўрқмаслик керак. Вақт тўфонининг ўзи уларни саҳнадан суриб ташлайди. Бадиий хотира уларни сақлаб қолмайди, балки бир татиб кўриб, ахлат челагига улоқтиради. Чиқинди бари бир чиқинди-да, шундай бўлгач, ундан қандай янгилик кутиш мумкин.

Иккинчи тоифани – адабиётнинг алифбосини ўр­ганишга уринаётганлар, қариб қолишдан қўрқмай ўз устида ишлаётган, ўрганаётган ёш қаламкашлар ташкил этади. Балки асл адабиёт учун энг муҳим нарса бу эмас, Яратган берган истеъдоддир. Аммо ўрганиш, изланиш, англаш учун ҳам истеъдод керак. Ўйлашимча, адабиёт алифбосини ўрганиш, биринчи навбатда, “кечиккан кашфиёт” (Б.Қосимов) соҳибининг ҳолига тушмаслик, янгидан америка очмаслик, янги гап айтиш учун зарур. Дунёдаги энг буюк ижодкорлар ҳам мана шу босқични чин маънода босиб ўтганлардан чиққан. Адабиёт тарихида бунга мисоллар жуда кўп. Жуда узоққа бормасдан ўз адабиётимиздан Навоийни, рус адабиётидан Толстойни кузатсак ҳам саволга ўрин қолмайди.

Очиғи, менинг бутун умидим мана шу иккинчи тоифадан. Хотиржам, шон-шуҳрат бодига алданмасдан, қорин ғамига боғланиб қолмасдан, катта мақсадлар сари интилаётган ёшлардан. Бундайлар қаторида бир-икки номни санашим мумкин эди. Аммо келинг, шу номлар сирлигича қола қолсин. Зотан, айтилмаган сўз, ошкор бўлмаган сирнинг қудрати улкан бўлади…

Суҳбатдош: Гулноз Мўминова

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.