Хулио Кортасар: “Ҳамиша ҳаммадан олдинда” (1977)

Агар ёзувчи жамият тараққиёти йўлида ҳалол хизмат қилишга интилса, адабиётда, ҳаётда ҳамиша олдинги ўринни эгаллаши керак, деб ҳисоблаган ҳозирги замон Лотин Америкасининг йирик адибларидан бири — Хулио Кортасар. Халқаро адабиёт майдонида Хулио Кортасарни ҳақли равишда биринчи рақамли Аргентина ёзувчиси деб баҳолаганлар. Мана, ўттиз йилдан ошдики, бу баҳо ўзгармасдан турибди. Ажойиб романнавис, қисқа новелла, ҳикоя устаси Хулио Кортасарнинг (1914-1984) “Имтиҳон”, “Ютуқ” каби ажойиб романлари, “Бестиарий”, “Ўйин тугади” каби қатор ҳикоялар тўплами ҳамон адабиёт мухлисларини ҳайратга солиб келмоқда, ажойиб адабий маҳоратга далил сифатида катта адабиётга хизмат қилмоқда.

Биз ҳозир эътиборингизга ҳавола этаётган суҳбат чоп этилганига анча йиллар бўлди. Гарчанд орадан бир неча ўн йиллар ўтса-да, бу суҳбат ўз долзарблигини сақлаб турибди. Ўзувчининг асл асари каби унинг сўзи ҳам эскирмайди. Адиб айтгандай, жамият тараққиёти учун хизмат қилаверади.

(“Пиплз уорлд” газетасидан олинди, Сан-Франциско)

— Сўнгги йиллар, айниқса, Ғарбий Европада Лотин Америкаси адабий “бум”и (бу ўринда шов-шув) ҳақида жуда кўп гапирмоқда. Сиз бу ҳолни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

— Мен узоқ йиллардан буён Францияда яшаб келмоқдаман. Бу ерда жиддий ижодий сусткашликни кузатяпман. Францияда жуда аъло, илғор адабий танқид мавжуд. Аммо асарнинг ўзи — ҳақиқий, жиддий, ёрқин асарлар жуда кам яратил­япти. Мана неча йиллардирки, Лотин Америкаси ёзувчиларининг асарлари француз тилига кўплаб таржима қилинмоқда ва катта муваффақият қозонмоқда. Нега шундай бўляпти? Бунга услуб ёки шакл сабабми? Йўқ. Услуб бобида французлар маҳоратда тенгсизлар. Гап шундаки, Лотин Америкаси ёзувчилари яратган асарларда ҳаёт қайнаб туради. Французлар ва испанлар, бельгияликлар ва итальянлар Мигель Анхел Астуриас, Алехо Карпентьер, Габриэль Гарсиа Маркес романларидан ҳайратга тушадилар… Ғарбий европалик китобхон бу асарларда ёлғондакам, сохта эмас, балки реал ҳаётнинг, қаҳрамонларнинг ҳаққоний нафасини туядилар.

Халқ китоблар қаҳрамонига айланганда

— Айтиш мумкинки, Лотин Америкаси адабиёти Ғарб адабиётида пайдо бўлган вакуумни (бу ўринда маънавий қашшоқлик) тўлдирмоқдалар, шундайми?

— Сира бундай эмас. Умуман олганда, Лотин Америкаси ёзувчиларининг Ғарбда нималар бўлаётганлиги билан ишлари ҳам йўқ. Айтмоқчи, ҳозирги “бум” (“шов-шув”) Лотин Америкаси ҳодисасининг соф инглизча таърифи менинг ғашимга тегади. Ана шу ҳаракат жуда ўзига хос. Баъзи танқидчиларнинг таъкидлашларича, бу иш баъзи китоб ноширларининг бозорни китоблар билан тўлдириб юбормоқчи бўлиб, қатор ёзувчиларни ҳаддан ташқари тар­ғиб қилишлари “натижаси” эмиш. Мен ўз ёзувчилик тажрибамдан келиб чиқиб, афсуски, ана шу шов-шувга жалб этилган адиб сифатида айтмоқчиманки, бизнинг  адабиётимизни машҳур қилган ноширлар эмас, уларнинг асарларидир. Чиндан ҳам Лотин Америкасининг миллий, ўзига хос руҳини тўғри бера олган асарлар дунёга келди, холос. Буни китобхон дарҳол сезди. Тасаввур қилинг-а, гватемалалик қўлига Астурианнинг китобини олса, перулик Аридаснинг романини ўқий бошласа ва улар биринчи маротаба ўзларини адабий асар персонажлари қиёфасида кўрсалар… Илгари сира бундай бўлмаган, улар илгари ғарблик муаллифларнинг таржима асарларида шундай ҳолни кузатмаганлар. Бу китобларда ҳаттоки уларнинг мамлакатлари номлари ҳам тилга олинмаган. Ана энди нима учун Аргентинада маҳаллий ёзувчи асарини биринчи чоп этишлари, таржима асар иккинчи ўринга қўйилиши сабаби аён бўлади. Албатта, ноширларнинг ҳам ана шу шов-шувдан фойдаланиб қолганликларини инкор этиб бўлмайди. Ахир улар маҳаллий китобхонлар оммасининг зўр эҳтиёжларидан келиб чиқиб иш кўрганлар, кўриб турибсизки, Лотин Америкаси ёзувчилари Ғарб­даги адабий вакуумни тўлдириш учун ёзмайдилар. Алехо Карпентьер Франция­да муваффақият таппа тайёрлиги учун роман яратмайди-ку ахир.

— Нега сиз ўзингиз романларга кўра ҳикояларни кўпроқ ёзасиз?

— Қизиқ савол. Ҳақиқатан мен ҳозиргача (1977 йилгача) тўртта роман ва бешта ҳикоялар тўпламини нашрдан чиқардим. Ҳикояларим ҳаммаси бўлиб элликта. Лекин бу мен кичик жанрни маъқул кўраман, дегани эмас. Роман билан ҳикоя менга икки, мутлақо ҳар хил жанрлар бўлиб кўринади. Менга йирик асар муаллиф фикр-ғояларини ифодалашнинг энг яхши усули бўлиб туюлади. Чунки 100, 200 ёки 300 саҳифалар давомида китобхон билан мулоқот қилиш имконияти туғилади. Ҳикоя эса туйғулар ва ўй-мақсадларни ифода этиш, китобхоннинг ўзи у ёки бу хулосани чиқаришга имкон бериш мақсадида муайян вазиятни тасвирлашда қўл келади.

— Бироқ сиз ҳикояга нисбатан романларингизда эътиборингизни кўпроқ шакл­га қаратасиз. Нима сабабдан?

— Мен юқорида айтганим бу саволга қисман жавоб бўла олади. Роман — тилда тажриба қилиб кўриш учун энг яхши лаборатория ҳисобланади. Ҳикояда эса китобхон қалбига кириш учун максимал ҳаракат қилиш керак. Бошқа томондан қараганда, роман асл ижод нуқтаи назаридан ижодкорга кўпроқ ижодий эркинлик беради. Масалан, мен ҳикоя қилиш билан бир вақтнинг ўзида тилнинг бир неча даражасида тажриба қилиб кўрдимки, бу нарса ҳикоямда ақлга сиғмайди. Агар китобхон беш саҳифали новеллани ўқишга қийналса, унда нима бўлади? У шунчаки ҳикояни ўқимай ташлаб юборади. Романда-чи? Китобхон китобни очади, ўқишни бошлайди, беихтиёр воқеаларга қизиқиб қолади. У ярим йўлда тўхтаб қолмайди, балки: “Муаллиф менинг олдимга муаммо қўйибдими, демак, бунинг ўзига яраша сабаби бор. Ҳа, у бирор муҳим гап айтмоқчи”, деб ўйлайди.

— Умуман, сиз шаклга кўпроқ эътиборингизни қаратасиз. Формалистмисиз?

— Шаклни мазмундан ажратиш нотўғри ва бу ўтакетган бемаънилик. Ҳар қандай ғоя мувофиқ шаклда ифодаланиши керак. Ўртамиёна ёзувчилар кўпинча ўз фикрларини баён этиш учун мос шакл топишга қийналиб, ожиз қоладилар. Шу жиҳатдан мен ўз фикрларимни аниқроқ ва тўлақонли ифодалаш учун ҳам тил билан кўп ва зўр бериб ишлайман.

— Сиз асарни фақат шаклига қараб мақтайдиган танқидчиларга қандай муносабатда бўласиз?

— Мен фақат шуни айтишим мумкинки,мана шу ўта ўнгчилар, жуда элитар тан­қидчилар моҳиятга кўра реакциондирлар. Францияда “янги танқидчилар” деб аталмиш гуруҳ ана шу томонга босяпти. Уларни фақат у ёки бу ёзувчи ўз асарини қандай “қуражак”лигини қизиқтиради, холос. Бироқ мен бу бизнинг мақсадимиз бўлмаслиги керак деб ҳисоблайман. Бундай таҳлил фақат адабий ўқув жиҳатдан қизиқ. Лекин мазмун шаклдан муҳимлигини солиштириб бўлмаслиги яққол кўриниб турибди. Асар мазмуни — мана муҳими.

Ёзувчи масъулияти

Ҳаёт билан адабий меҳнат ўртасидаги алоқа ҳақида нималар дея оласиз?

— Алоқами? Баъзилар буни “мажбурият” деб атайдилар. Мен  буни “ёзувчи масъулияти” деб атаган бўлардим. Бундан ўн йил илгари ўзларини инқилобчилар деб атаган, лекин бора-бора исёнчи бўлмай қолган, Лотин Америкасида ном чиқарган кўпгина адиблар пайдо бўлдилар. Улар гўёки кристалланмаган либерализмга, ахлоқсизликка сирпаниб тушганлар. Яъни улар назарий томондан нималардир дея валдираб маъруза қиладилар, амалда эса зиммаларига ҳеч қандай масъулиятни олмайдилар. Ана шундай “инқилобчилар”дан баъзилари ўз мартабаларига путур етмаслиги учун ҳатто Кубага боришдан ҳам бош тортдилар. Улар гапиришга ҳам арзимайдилар, улар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслар. Лекин бош­қа тоифа ёзувчилар ҳақида кишилар қаршисида ўз масъулиятини англаб етувчи санъат усталари ҳақида гапириш керак бўлади. Бу каби ёзувчини китоб ёзишга “маҳкум этилган” инсон деб аташ мумкин. Бундай ёзувчи ҳамма ишдан кўра ўз ишини қотиради ва бу борада ҳаттоки инқилобга ҳам кўпроқ фойдаси тегади. Ўзувчи масъулияти илгарилаб юради, бу ҳамма нарсада — ижодда ва шахс юриш-туришида ҳам акс этиши зарур. Керак бўлса, ёзувчи ҳатто автоматдан отишни ҳам билиши лозим. Ҳамиша ҳаммадан олдинда юриши керак.

— Ижодкор инқилоб учқуни “алангаланиб турган қитъа”га ўз таъсирини ўтказа олармикин? Курашга ёзувчилар асарлари кўпроқ ҳисса қўшадими ёки унинг шахсан қатнашуви? Сизнинг шу ҳақдаги фикрингиз?

— Қийин савол. Мен фақат ўзим ҳақимдагина гапиришим мумкин. Агар мен Лотин Америкаси келажаги учун бўлган курашда бирор ҳисса қўшган бўлсам, бу ҳам қаламим меҳнати туфайлидир. Менинг сиёсий фаолга айланганимга унча кўп бўлгани йўқ. Турли халқаро ташкилотлардан ўзимга топширилган ишни мен ёзувчилик фаолияти билан баравар олиб бораман. Фикримча, менинг китобларим сиёсий нутқлардан кўра нафи кўпроқ.

— Сўнгги савол. Афтидан, бу савол сизга унча маъқул келмаса керак. Сиз каби сиёсий позицияни эгалламаган ёзувчи аҳамиятга молик катта асар яратишга қодирмикин?

— Мавҳум назария жиҳатидан айтадиган бўлсам, ҳа, яратади — инқилоб позициясида турмаган, сиёсат билан қизиқмаган истеъдодли киши бемалол санъат асари яратиши мумкин. Ахир бу асар унинг хаёлий тасаввурлари маҳсули бўлади-ку! Бу адабий асар бўлиши ҳам мумкин. Асар китобхонни қизиқтирадими йўқми — мана шуниси муҳим. Бугунги китобхон оламни англаб етишга, бошқа кишиларни тушунишга интилмоқда ва унга қайси муаллиф китобини қўлига олганлиги, ёзувчининг ўзи қандай позицияни эгаллаганлиги жуда муҳим. Масалан, Аргентинада аксилинқилобий йўл-йўриқ кўрсатадиган реакцион, ҳатто фашист ёзувчилар бор. Бироқ талабалар, ишчилар, саводли деҳқонлар бундай муаллифлар ёзганларини ўқимайдилар. Уларнинг халққа чиндан ҳам кераги йўқ.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади.