Гулчеҳра Жамилова: “Театрдан ўзимни тополмадим” (2009)

http://n.ziyouz.com/images/gulchehra-jamilova.jpg

Севимли санъаткор Гулчеҳра Жамиловани халқимиз Зебунисо, Нодира, Кумуш тимсолида кўради. У яратган ҳар бир образ санъатга меҳри баланд бўлган юртдошларимизнинг эътиборидан четда қолмаган десак, муболаға бўлмайди. Қолаверса, ҳаётда ҳам саҳнадаги каби ақлли, жозибали, камтарин бўлгани боис ҳамкасблари даврасида ҳам ҳурмати баланд.

— Санъат — ҳаётимнинг мазмуни. Унда кечган қувончу ташвишлар ҳаётимнинг энг бахтли онлари. Ҳали орзуларим чексиз, лекин саҳнада санъаткорнинг умри қисқа, — дейди Гулчеҳра Жамилова.

— Барибир халқимиз кўз ўнгида Гулчеҳра Жамилова деганда беихтиёр Кумуш гавдаланади. Бу ролни сиз ёшлик даврингизда ўйнагансиз. Кумушнинг севгисини, дарду қувончини шу ёшда қалбга сингдириш осон бўлмагандир…

— «Ўткан кунлар” фильмида қатнашганим мен учун ҳам бахт, ҳам катта мактаб бўлди. Мактаб дейишимнинг боиси, бу асар дастлаб экранлаштирилаётган пайтда жуда катта устоз актёрлар ҳам иштирок этишди. Режиссёр образларга муносиб актёрларни саралаш жараёнида ҳар томонлама кучли, истеъдодли санъаткорлар жамоасини туза билди. Фильмда ўша даврнинг руҳиятидан тортиб, оила аъзоларининг бир-бирига ўхшаши, ички ва ташқи дунёсининг гўзаллигигача очиб беришга ҳаракат қилинган. Бу фильм суратга олинаётган пайтда санъат институтининг 4-босқич талабаси эдим. Сочим қирқилган, паранжини қандай ёпинишни ҳам билмасдим. Ўша пайтда Кумуш образини Ёзувчи тасвирлагандек марғилонлик қиз ўйнагани маъ­қул, деган фикр-мулоҳазалар ҳам бўл­ган. Рус мактабида таҳсил олганим боис, тўғриси, «Ўткан кунлар» асарини ўқимасдан туриб, Собир Муҳаммедов ёзган ссенарийдан келиб чиқиб, роль ўйнаганман.

Баъзан асарни ўша вақт­да ўқиганимда Кумуш образини янада теранроқ очиб берган бўлармидим, деган хаёлга ҳам бораман. Нима бўлганда ҳам Кумушни осмондаги қаҳрамон эмас, ёнимизда яшаётган ҳаёли, иболи, иффатли қиз тимсолида яратиш керак эди. Менда бу образга яқин фазилатларни сезган режиссёр синов даврида кўп нарсаларни ўргатди. Ўша фильмда иштирок этганларнинг бу асарга ҳурмати баландлиги боис, ўзига берил­ган об­раз­ни сидқидилдан ўйнашган. Мен ҳам устоз санъаткорлар меҳнати соя­сида Кумуш образини баҳоли қудрат ўйнаганман.

— «Ўткан кунлар» асари асосида яратилган янги талқиндаги бадиий фильмда сиз Кумушнинг онаси образини ўйнадингиз. Айтинг-чи, сизни қайси роль кўпроқ ҳаяжонга солди?

— Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор. Кумуш Офтобойимнинг тарбиясини олган қиз. Шунинг учун бу ролга мени таклиф этишди. Менинг орзуим эса мутлақо бош­қа, яъни Ўзбекойимни ўйнаш эди. Актёр халқи яхши ролга, яхши асарга тўймайди. Нима бўлганда ҳам мен бу фильм­да бошқа иштирок этмаслигим керак эди, деб ўйлайман. Масалан, “Ўткан кунлар” биринчи экранлаштирилганда Офтобойим қисқа кўринишда бўлган. Бу сафар ўйнаган ролимдан актёр сифатида қониқмадим. Чунки бу образ аввалгисида меъёрига етказиб яратилган. Иккинчи фильмда Офтоб­ойимнинг дарду ҳасратлари, ички кечинмалари, Ўзбек­ойимнинг характери ҳам кўнгилдагидек очиб берилмади, назаримда. Масалан, Ўзбекойим оқсуяк аёл. У дас­турхон атрофида ўтирганда қўлида елпиғич билан пашша қўримайди.

Актёрлар бугун кино санъати ривожи учун яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, бу фильмни биринчисидан кўра теранроқ, у даврни чуқур ўрганиб ҳавас билан ўйнаши керак эди. Узоққа бормайлик… Тошкентга Кумуш келади. У Ўзбекойимнинг рози-ризолигини олмай туриб, Отабек билан оила қурган. Ўша замонларда паранжисини очиб қайнонаси билан ийманмасдан кўришиши қайси шарқона одобга тўғри келади? Биз ўйнаган кинода Кумушни марғилонлик келинингиз деб таништирганда юзи қизаради. Уятдан кўзини ердан узолмайди. Баъзилар роль ижро этаётганда хато қилиб қўйишса, режиссёрдан ёки атрофдагиларнинг муносабатидан ҳайиқишади. Тажрибамдан айтишим мумкинки, актёр учун яхшигина туғма истеъдод, маҳорат керак. Маҳорат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бунинг учун ҳаёт тажрибаси ҳамда тинимсиз меҳнат қилишга тўғри келади.

— Бугун турли савиядаги кинолар яратилмоқда. Уларда маҳоратли актёрлар тайёрлайдиган олийгоҳда таълим олаётганлар эмас, кўпроқ бошқа соҳа вакиллари — тележурналистлар, дик­тор­­лар, қўшиқ­чилар ва ҳатто касби-кори қурувчи, сотувчи бўлган бизнесменлар ҳам “актёр” сифатида намоён бўлиб қолди. Халқнинг истеъдодли санъаткори сифатида бу ҳолга сизнинг муносабатингиз қандай?

— Саҳна санъати, актёр ижодининг табиати нозик. Бугун бор фильм эртага эскирса, санъаткорлар ҳам кўздан ғойиб бўлади. Уни газетада чиққан тақриз, хотира, суратлар ҳам тиклаши амри маҳол. Бунинг учун аввало, кинони суратга олиш жараёнида бирор ижрочининг бу соҳага адашиб кириб келганини ва бу умумий мақсадга путур етказиши сезилса, ундан воз кечиш керак.

Авваллари ҳар бир эпизод лентага муҳрланмасидан олдин режиссёрлар ижодий гуруҳ билан маслаҳатлашарди. Агар бирор актёр қарши чиқса, унинг таклифини ҳам атрофлича ўрганиб, агар мақсадга мувофиқ бўлса, бажонидил қабул қилинарди. Шунинг учун улар томошабинларга йўқ нарсани бор қилиб кўрсата оларди. Ҳозир актёр, режиссёр ва операторнинг тасаввур кучи томошабинларни ишонтира олмаяпти. Чунки бизда ссенарийлар жуда бўш.

Санъат олийгоҳларида таҳсил олган ёшлар бетакрор роллар билан кўзга кўринмаяпти? Бу — бизнинг оқсоқ масаламиз. Кўпинча киноссенарий муаллифлари драматурглар эмас, режиссёр ёки журналистлар, ҳатто ижоддан бутунлай узоқ бўлган одамлар бўлиб қолаяпти. Театр, кино оламида қобилиятли актёрлар ҳам кўп, аммо том маънода катта санъаткорларимиз кўринмаяпти. Режиссёр актёрлардан ҳамиша ниманидир ўрганиши, улардан маънавий озуқа олиб туриши керак. Йўқса, уларнинг ҳам иштиёқи эътиборсизликдан сўниб қолади. Мен бир нарсага ҳайронман: драматурглар ёши улуғ актёрлар учун ҳам асарлар ёзишса бўлмасмикан? Кўпинча эл ардоғидаги санъаткорларнинг умри театрда бирор чол ёки кампир образи тегармикан, деган умидда ўтаяпти. Адибларимиз ўз асарларига ёзилган ссенарийлари экранлаштирилаётганда санъат аҳли билан ижодий ҳамкорлик қилишса, фильмларимиз анча пишиқ ва пухта чиқарди.

Ҳозир ҳар бир фильмнинг сифатини яхшилаш борасида жиддий ишларга қўл урилмоқда. Драматурглар, режиссёрлар, актёрлар, рассом ва бастакорлар ўз маҳоратларини ошириши, масъ­улият ҳиссини чуқур анг­лаган ҳолда иш олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Энди ҳар бир фильм (у бадиийми, ҳужжатлими, мультипликатсионми бундан қатъи назар) жуда қаттиқ синовдан ўтиши керак, деб ўйлайман. Ахир, бир фильмни суратга олиш учун кўп вақт ва маблағ сарф бўлади.

— Агар таъбир жоиз бўлса айтинг-чи, айни пайтда қалбингизда яна қанақа образ яратиш нияти бор?

— Биласизми, ҳозир қўлимга тушган ссенарийларда менинг руҳимга мос келадиган образ учрамаётгани сабабмикан, буни аниқ айта олмайман. Лекин жамиятдаги бирор муаммони очиб бера оладиган, ўзининг юриш-туриши билан ёшларга ўрнак бўла оладиган зукко, иффатли, ҳис-ҳаяжони кўзларида чақнаб турган, фикрлари теран аёл образини ўйнагим келади. Бу орзуим балки врач, балки ўқитувчи ё бирор олима тимсолида намоён бўлар. Ҳозир экранлаштирилаётган фильм­ларда аёл образи қозон-товоққа ўралашиб қолган ёки ўта сипо ё жаҳлдор қайнона тимсолида намоён бўлмоқда. Ахир халқимиз айрим фильмлардаги қиёфасиз образлардан, тоғора-ноғора можаросидан зерикди. Энди биз санъаткорлар ҳақиқатга яқин туришимиз керак.

Актёр саҳнада — актёр, ҳаётда эса ҳамма қатори оддий инсон. Унинг хизмати фақат роль ўйнаши ёки машинада тўйга боришдан иборат эмас, жамиятга аралашиб фойдали иш қилиши ҳам керак. Ҳис қилаяпмизми, ҳозир ХХИ асрда яшаяпмиз! Аммо биз ўша бир хил мавзулардан четга чиқа олмаяпмиз. Томошабин эса замонавий кинода биз — қаҳрамонларнинг кўзига тик боқиб, унинг ўй-хаёлларининг мазмун-моҳиятини билиб олиш­ни истайди. Экранда айтган сўзи унда теран ёки мунозарали, тўғри ёки хато фикрларни уйғотиб, давр ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини шакллантиради. Шу сабабли театр ёки кинода қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари, фикр-мулоҳазалари жуда жўн бўлмаслиги керак.

— Саҳна санъатининг тараққиёти доимо Ўзбек Миллий академик драма театр фаолияти билан таърифланиб келади. Сиз узоқ йиллар мобайнида ана шу муқаддас даргоҳда ишлагансиз. Бизга театр тажрибаси, унинг ютуқлари, ўтмиши ва бугуни ҳақида гапириб берсангиз?

— Дарҳақиқат, театримиз саҳна орқали инсонлар қалбига эзгуликни жо этиш йўлида дадил қадим ташлаётир. Буни саҳнага тақдирини боғлаган улуғ санъаткорларнинг шонли йўли кўрсатиб турибди. Театрда саҳналаштирилган “Бой ила хизматчи”, “Ҳамлет”, “Алишер Навоий”, “Шоҳ Эдип”, “Қутлуғ қон”, “Қиёмат қарз”, “Юлий Сезар”, “Фиғон”, “Зебунисо”, “Сарвиқомат дилбарим” ва бошқа кўпгина асарлар ана шу йўлнинг кўзгусидир. Номлари зикр этилган ва этилмаган бошқа кўпгина спектакллардаги муваффақиятларда сўзсиз не-не улуғ санъаткорларнинг хизмати беқиёс.

Энди бугун театр, замонавий саҳна эришган ютуқларга диққат билан назар ташласак, ўша устозларнинг олижаноб ва маънавий ёрдамини ҳис этамиз. Театрда иш бошлаган чоғларимда кўпгина домлаларимиз шу театрнинг ижодкорлари эди. Олган сабоқларимиз бекор кетмади. Устозлар саҳна ҳақиқатини топишга йўл кўрсатди, доимо замонавий мавзуларга мурожаат қилишни ўргатди. Ушбу театр мактаби шаклан ва мазмунан миллий театр санъатини яратишга ёрдам берди. Биз театрда ишлаган пайтда ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам образ характерини мукаммал очиш учун уни пухта ўргандик. Актёрлар саҳнага анча тайёрланган ҳолда чиқишарди. Афсуски, ҳозир театрларимизда бундай машаққатли, лекин самарали меҳнат унутилиб бормоқда. Бугун ҳам театр спектакль устида ана шундай жўшқин меҳнат қилишни талаб қилиш керак. Чунки қаерда инсон руҳи тўла ва ёрқин очилган бўлса, ўша ерда юксалиш бўлади. Устозларим менга “Сенинг таш­қи қиёфанг ижобий, салбий образларни ўйнамаганинг маъқул” дейишади. У пайтлар салбий ролда ўйнаганлар кучли характерга эга актёр ҳисобланарди. Нима бўлганда ҳам ҳар хил роллар яратдим. Лекин театрдан ўзимни тополмадим, деб ўйлайман. Кўпроқ кинода яратган образларим мени халққа танитди.

— Ўзбек фильмларининг бугунги таржимасига қандай қарайсиз?

— Илгари ўзбек фильмлари фақат Москвада таржима қилинарди. У пайтлар кино санъатига эътибор ҳеч қачон бугунгидек бўлмаган. Битта фильмни рус тилига ўгириш учун не-не чиғириқлардан ўтказиларди. Бугун кино санъатининг дунёга чиқиши учун барча шарт-шароитлар, эркинликлар яратилган. Бундан самарали фойдаланиш лозим. Аммо бугун яратилаётган фильмларни бир таҳлил қилинг: қайси киномиз чет тилига таржима қилинса бизга шуҳрат келтираркан? Кўпгина фильмлар турли хил шевалар асосида дубляж қилинмоқда. Бу ҳолда соф адабий тилимизга путур етмайдими? Масалан, биз кино ёки спектаклда ҳечни хеч, “ҳимоя”ни “химоя”, “Ҳиндистон”ни “Хиндистон”, “бўлмағур”ни “бўмағир”, “келсани” “кеса”, “бўлсани” “бўса, “янгини” “енги”, “ана шу ерда”ни “ўтда” демаганмиз! Энди енги, бўса, ўтда деган сўзларни бир таҳлил қилиб кўринг-чи, қандай маъно келиб чиқаркан? Таржима — бу жиддий масала. Бу санъат нафақат кино санъатимизни, балки миллатнинг руҳиятини ҳам дунёга кўрсатади. Шу боис онгли киши борки, жамиятдан қанча манфаат олса, шунча қайтаришни ҳам ўйлаши керак.

Адиба Умирова суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).