Абдузуҳур Абдуазизов: “Тилимизга лоқайд бўлмайлик” (2013)

Инсоннинг ўзини англаши ва англатиши тил орқали амалга ошганидек, кишиларнинг миллат сифатида бирикуви, халқ сифатида шаклланиб, дунёда ўз ўрнига эга бўлишида ҳам тил етакчи маънавий ва руҳий омил саналади. Жаҳон халқлари тиллари орасида ўзига хос мавқега эга бўлган ўзбек тили дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшгани тарихдан маълум. Чунончи, “Алпомиш”дек буюк эпосни берган, “Хамса”дек муаззам бадиий обида яратилган ўзбек тили инсоният маданияти, бадиий тафаккури миқёсларини бор бутунича қамраб олишга қодир тиллар сирасидандир.

Биз ҳар йили она тилимизга давлат тили мақоми берилганини қувонч билан нишонлаймиз. Зотан, бу шодиёна халқимиз бирлиги ва бирдамлиги, озодлигимизнинг олий тимсоли бўлмиш она тилимиз тантанаси нишонасидир.

Бу қутлуғ кун арафасида мухбиримиз атоқли тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Абдузуҳур Абдуазизов билан учрашиб суҳбатлашди.

— Ҳар бир халқ ҳаётида, ҳар бир давлат тараққиётида тилнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, миллатнинг тили унинг ўзи каби бетакрор хазина. Хусусан, бизнинг она тилимиз ҳам даҳо шоиримиз ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда “мамлакатни якқалам” қилган — туркий қавмлар ва элатларни бирлаштирган қудратли куч бўлгани тарихдан маълум.

Бироқ ўтган асрда, аниқроғи, мустамлака шароитида ўзбек тили равнақига қўйилган тўсиқлар ўзидан асоратлар қолдиргани ҳам сир эмас. Не бахтки, халқимиз хоҳиш-иродаси, ­Юртбошимиз Ислом Каримовнинг шижоати, оқилона сиёсати ­туфайли бу тўсиқлар буткул бартараф бўлди.

Мустабид шўро мафкурасининг адолатсиз сиёсати оқибатида миллий ва расмий мавқеидан маҳрум этилган она тилимиз эндиликда эркин ва мустақил тарзда ривожланиб бормоқда. Унинг янада бойиб, фаолият кўлами кенгайиши учун барча зарур шароитлар яратилди. Эндиликда давлат ва жамоат идораларида иш юритиш, ҳужжатлар тайёрлаш, ариза ва таклифлар қабул қилиш, турли мажлислар, илмий ва амалий анжуманлар давлат тилида олиб борилмоқда. Ватанимиз ўзининг валютаси — сўми, почта маркалари ва лотореясини ўзбек тилида чоп этмоқда. Юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг тиллари ҳам равнақ топаётир, уларни ҳам ўз ўрнида қўллаш мумкинлиги “Давлат тили ҳақида”ги қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида она тилимизнинг тақдири, қарийб бир аср­лик қарамликдан сўнг, ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлгани, мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби ва Мадҳияси қаторида турадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланганини фахр билан ёзади. Юртбошимизнинг кўрсатишича, ўзбек тилининг истиқболи билан боғлиқ муаммолар илмий-назарий ва амалий жиҳатдан ўрганилиши зарур.

Ҳақиқатан, ҳозирги ўзбек тилшунослигида кўпгина долзарб муаммолар мавжуд. Жумладан, ўзбек тилининг фонетика, фонология ва морфологияси, грамматикаси, лексика ва семантикаси, стилистикасига доир фундаментал тадқиқотлар яратиш, уларни нашр этиш лозим. Чунки бундай тадқиқотларга эҳтиёж катта. Айни пайтда фан ва техниканинг турли соҳаларига оид икки (ўзбекча-инглизча) ва уч тилдаги (ўзбекча-инглизча-русча) катта ва кичик луғатлар, ўзбек тили қатори хорижий тилларни ҳам амалий ўрганувчилар учун турли дастурлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилаётгани қувонарли ҳол. Зеро, бугунги ўзбек тилини унинг мустабид шўро замонидаги аҳволи билан қиёсласак, жуда катта фарқ борлиги яққол кўринади. Она тилимиз жаҳондаги энг йирик тилларда мавжуд бўлган белгиларга эга. Эндиликда тилимиз халқаро анжуманларда, нуфузли саммитларда, интернетда қўлланилиши билан юксак мулоқот воситасига айланди. Бу, албатта, ­мустақиллигимиз шарофатидир.

— Жаҳондаги мавжуд тилларни жамиятда қўлланишига кўра тасниф қилганда, асосан, уларнинг қайси жиҳатлари эътиборга олинади?

— Тилларни жамиятда қўлланишига кўра таснифлаганда, аввало, тилнинг қонуний мақомга эгалиги, яъни давлат тили мақоми, конституциявий мақоми, кўп тилда сўзлашиладиган жамиятда қўллана олиши инобатга олинади. Шу билан бирга, тилнинг мулоқот воситаси сифатида қўлловчилар сони, тилнинг ёзув бирлиги, миллий ва адабий мезони мавжудлиги, ҳудудий мулоқот воситаси сифатида ишлатилиши, умумтаълим, ўрта ва олий ўқув муассасаларида алоҳида қўлланилиши каби бир қатор хусусиятлари ҳам эътиборда тутилади.

Ўзбек тили юқорида кўрсатилган белгиларнинг барчасини қамраб олган. Зотан, ўзбек тили бир йўла давлат тили ва конституциявий тил мақомларига эгадир. Ўзбекистон ­Республикаси Конституциясининг 4-моддасида ўзбек тилининг давлат тили мақомига эга эканлиги алоҳида кўрсатилган.

Сирасини айтганда, “давлат тили” ибораси жаҳонда кам мамлакатларда қўлланади. Кўпгина давлатларда “расмий тил” ибораси ишлатилади. Лекин давлат тили мақоми “расмий тил” иборасидан юқорироқ мавқега эга. Халқаро ЮНЕСКО экспертларининг таърифича, давлат тили маълум давлатнинг сиёсий-ижтимоий ва маданий доирасида интеграцион функцияни бажарувчи ва шу давлатнинг рамзий белгиси ҳисобланувчи тилдир. Дарҳақиқат, давлат тили ўз номи билан давлатнинг рамзий белгиси бўлиб, у шу давлатнинг герби, мадҳияси ва байроғи каби муқаддасдир. Давлат тили сифатида ўзбек тили ана шундай мақомга эга.

— Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бир аср муқаддам “Икки эмас, тўрт тил керак”, деган даъвати бугун ҳам долзарбдир. Зеро, шиддаткор замон хорижий тилларни пухта ўрганишни тақоза этаётир. Бу борада амалга оширилаётган ишларни қониқарли, дея оламизми, айни йўналишда қандай вазифалар кун тартибида турибди?

— Хорижий тилни билиш — туганмас бойликка эга бўлиш билан баравар. “Бир тилни билган бир шаҳарни билганга тенг”, деган қадимдан қолган гап ҳам бор. Эндиликда замон лоақал бир-иккита хорижий тилни яхши билишни талаб қилмоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар аниқ белгилаб берилди. Демак, чет тилларини ўргатишнинг замонавий методикаси асосида янги дарслик ва ўқув қўлланмалари, кўп тилдаги луғатлар ва айниқса, кичкинтойлар, бошланғич синф ўқувчилари учун расмли, кўргазмали воситалар, турли ўйинлар тасвирланган видеофилмлар тайёрлаш биринчи галда вазифалар сирасидан. Қониқиш билан таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишлар анча жонланиб қолди. Хусусан, телевидениеда ташкил этилган “Менинг инглизча луғатим”, “Инглиз тили сабоқлари”, “Children and nature” (“Болалар ва табиат”), “Алифбо юлдузлари” каби қатор кўрсатувлар ёш авлодга хорижий тилларни ўзлаштиришда таъсирчан сабоқлар вазифасини ўтамоқда. Муҳими, уларни ҳам кўриб, ҳам эшитиб тил ўрганган бола, айниқса, хорижий тилдаги сўзлар талаффузини пухта ва тез ўзлаштириб олади.

Шу ўринда мен бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Ҳар қандай жорижий тилни ўрганишда она тилининг хизмати жуда катта. Она тилини яхши билмай чет тилини ўрганиш қийин, деган фикр айни ҳақиқатдир. Буни бирор-бир хорижий тилни ўрганишга киришганлар яхши ҳис этишади: зеро, бу жараёнда ўз тилимизни қай даражада билишимиз сезилиб қолади. Айни пайтда чет тили қонун-қоидаларини ўрганиш она тилининг муҳим хусусиятлари, аломатларини чуқурроқ билиб олишда ёрдам беради.

— Бугунги адабий жараёнга разм солсак, ўзбек ижодкорларининг ҳикоялар, шеърлар тўпламлари хорижий тилларда чоп этилаётганига гувоҳ бўламиз. Мазкур жараён аста-секин изчиллик касб этиб, муайян ютуқларга олиб келишидан умид қилса бўлади. Айни пайтда хорижликларнинг ўзбек тилини ўрганишга қизиқишлари ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Бу борада ижодкорлар, таржимонлар, она тилимиз билимдонлари ўз зиммаларига қандай вазифаларни олишлари лозим, деб ўйлайсиз?

— Авваллари ўзбек ёзувчи, шоирларнинг асарлари дастлаб рус тилига, кейин бошқа хорижий тилга таржима қилинарди. Хорижлик адибларнинг асарлари ҳам рус тили орқали ўзбек тилига ағдарилиб келинди. Бунда рус тили воситачи тил вазифасини бажарди. Бундай таржималарни камситмаган ҳолда айтиш жоизки, эндиликда аслиятдан таржима изга тушаётирки, аслиятдан таржима — асл таржима, деган гапда теран маъно мужассам.

Бир қатор хорижий мамлакатлар университетларида ўзбек тили ўқитилмоқда, ўрганилмоқда. Хорижлик тил ўрганувчилар учун алоҳида ўзбек тили сўзлашув китоби, кичик изоҳли луғат, содда ва ихчам грамматик қоидалар тўплами, ўқиш китоби, сўзларни эшитиб ҳис этиш учун турли дисклар, видеофилмлар тайёрлаш долзарб вазифалар ­сирасидан.

Биз тилшунослар олдида ҳам бир қатор муҳим вазифалар турибди. Чунончи, ўзбек тилининг илмий-назарий жиҳатдан замонавий жаҳон тилшунослиги талабларига жавоб бера оладиган катта академик грамматикасини яратиш зарур. Бу китобга ўзбек тили фонологияси ва морфологияси, синтаксиси, лексикологияси ва семасиологияси ҳамда стилистикасига доир назарий фикрларни жамлаш зарур. Шу билан бирга барчага бирдек зарур ўзбек тилининг талаффузи луғатини тузиш лозим. Бундай луғатда ўзбек тилидаги сўзлар талаффузи халқаро Фонетик ассоциацияси таклиф этган транскрипция белгилари билан берилса, сўзлар бўғинларга ажратилиб, асосий (биринчи даражали) урғунинг ўрни кўрсатилса, жуда қулай ва фойдали бўлар эди. Ғоятда бой ва ранг-баранг она тилимизнинг ўзи бундай йирик ишларни амалга оширишимизда бизга руҳ ва куч-ғайрат бағишлайди, деб ўйлайман.

Мана, сизга бир мисол келтирай. АҚШ тилшуноси Я.Мадиесоннинг ёзишича, 317та жаҳон тилларида унли фонемалар сони учтадан қирқ олтитагача бўлса, ундош фонемалар сони олтитадан тўқсон бештагача етади. Чўзиқ, қисқа ва ўрта чўзиқликдаги унлилар ҳам топилади. Оллоҳ бизга инъом этган тилимизда бир-бирига ўхшайдиган олтита унли фонема ва йигирмата ундош фонема (ц, ж чет тиллардан ўзлашган сўзларда учрайди: цирк, журнал каби). Ана шу соддагина ўзбек тилининг фонетик системаси луғатимиздаги шунча сўзу ибораларни, аския ва кинояларни ифодалашига қойил қоласиз! Яна ҳар бир сўзнинг асосий маъносидан ташқари унга бирор қўшимча грамматик маъно бермоқчи бўлсангиз, бу маъноларнинг ҳар бирини ифодаловчи қўшимчаларни сўздан кейин саккизтагача қўшишингиз мумкин. Масалан, боғ-лар-и-миз-ни-ки-да-ги-дек. Бир сўзнинг ўнлаб маъноларини ифодалаш имконияти, тилимиздаги кўпмаъноли сўзларнинг кўплиги кишини ҳайратга солади. Афсуски, ҳали ўзбек тилидаги жуда кўп хусусиятлар чуқур илмий ўрганилгани йўқ.

Жаҳон тилшунослигидаги мавжуд социолингвистика ва психолингвистика, нейролингвистика ва антролингвистика, этнолингвистик ва паралингвистик, конгнитив тилшунослик ва лингвомаданиятшунослик каби илмий-назарий соҳаларда тадқиқотлар олиб боришда ўзбек тилидан фойдаланиш янги ғоя ва қарашларга йўл очади. Бинобарин, бебаҳо бойлигимиз — она тилимизни ҳар томонлама ўрганиш унинг истиқболи янада порлоқ эканини намоён қилади.

— Ҳар бир юртдошимизнинг маънавий камолотида, жамиятимизнинг маданий-маънавий юксалишида ўзбек тилининг ўрни жуда муҳимлигини назарда тутсак, она тилини билиш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишнинг ўзи етарлими?

— Жуда яхши савол бердингиз. Она тилини билиш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишнинг ўзи етарли эмас. Улуғ аллома бобомиз Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида “Одобнинг боши тилдир”, деб ёзади. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достонида “тил ардами”(тил одоби)га оид қуйидаги каби теран ҳикматлар талайгина: “Ақл кўрки сўздир ва тил кўрки сўз, Киши кўрки юздир, бу юз кўрки кўз”. Биз она тилимизга ҳурмат-эҳтиромимизни амалда кўрсатишимиз зарур. Ҳар биримиз — ким хизматчи, ким олим, талаба ёки ўқитувчи бўлмайлик, аввало, она тилимизда тоза, равон ва тиниқ гапиришга одатланишимиз керак. Нутқ одоби ва тил маданиятига риоя қилиш нафақат зиёлиларнинг, балки ҳар қандай касбукор эгасининг бурчи.

Бироқ ушбу бурчни ҳар ким ҳар хил тушунади, шекилли. Матбуотда реклама, эълон ва бошқа ёзувлардаги хатолар кўп танқид қилинади. Бундай танқидлар, албатта, керак, токи дўкон, кафе ёки ресторан очаётган айрим ишбилармонлар қулоғига бу гаплар етиб борсин. Мана, куни кеча кўзим тушган дўкону ресторанларнинг номлари: “Флоренция”, “Фудзияма”, “Беладжио”, “Ати-бати”… Эҳтимол, бу жойларда японча ёки италянча таомлар пиширилса керак, дерсиз. Мен ҳам қизиқиб кўрдим: асосан ўзбек миллий таомлари тайёрланаркан. Яна бир мисол: айрим таксиларнинг орқа томонига “Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф!”, деб нотўғри ёзилгани бир неча бор матбуотда танқид қилинди. Лекин аҳвол ўзгаргани йўқ. Наҳотки, “Йўловчиларни лицензиясиз ташиш мумкин эмас!”, деб ўзгартириб ёзиш шунчалик қийин. Бир идорага кирганимда девордаги “Чекилмасин!”, деган ёзувга кўзим тушди. Бошқа бир идорада “Чекмасангиз, хурсанд бўламиз”, деган ёзувни ўқигандим. Доира ичига олинган сигарета расми устидан қизил чизиқ тортиб қўйилган белги ҳам учрайди. Қандай яхши! “Эшикни ёпиб юрилсин!”, “Дераза очилмасин”! деб эмас, “Марҳамат қилиб эшикни ёпиб юринг”, “Илтимос, дераза очилмасин”, деб ёзилса, ўйлаймизки, кейинги иборалардаги одоб ифодаси уларнинг таъсир кучини оширади.

Хуллас, она тилимиз биздан нафақат ҳурмат-эътиборни, айни пайтда, саводхон бўлишни, айтиладиган ва ёзиладиган ҳар бир сўзга масъулият билан ёндошишни тақозо этади. Муҳими, лоқайд бўлмайлик, шунда она тилимизнинг ­нуфузи ҳам, мавқеи, ­мартабаси ҳам ­юксалиб бораверади.

Аҳмад Отабоев суҳбатлашди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 41-сонидан олинди.