Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли таржимон Низом Комилов 1937 йилнинг 12 декабрида Наманган вилояти Чуст туманида зиёли оилада туғилган. У 1960 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. Дастлаб “Ёш гвардия” ( ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида муҳаррир, бўлим мудири, шундан сўнг, турли йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётда муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Ўзбекфильм” киностудиясида муҳаррир бўлиб самарали меҳнат қилган.
Низом Комилов ижодий фаолияти давомида миллий адабиётимизга, унинг узвий қисми бўлган бадиий таржима соҳасига салмоқли ҳисса қўшган. У Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”, “Оқ байроқлар” романлари, “Кукарача” қиссаси, Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни”, “Эсизгина ёшлигим” романлари, шунингдек, А.Беляев, И.Шоу, Ж.Сименон, А.Гайдар, Д.Вейс, Ф.Искандар ва бошқа адибларнинг кўплаб асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Низом Комилов 2021 йилнинг 24 июль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.