Фақирий (1880-1925)

Фақирий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абдураззоқ Абдужаббор ўғли) (1880 — Хива яқинидаги Бўзхона қишлоғи — 1925) — шоир, хаттот ва наққош. Хивадаги Оллоқулихон мадрасасида ўқиган.

Шарқ мумтоз адабиётини ўрганиб, ўзи ҳам шеърлар ёза бошлаган. Отасидан ёғоч ва тангага нақш ўйиш санъатини ўрганган. Машҳур хаттот Худойберган Девоннинг шогирди бўлган.

Фақирий 1914—15 йилларда ўз шеърларини тўплаб, «Девони Фақирий Хоразмий» ни яратган. «Девон» ғазал, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мустазод, рубоий, чистой каби жанрларда ёзилган шеърлардан иборат. Уларда севги ва садоқат, халқпарварлик, ватанга муҳаббат, маърифат, адолат, халқлар дўстлиги, шахс эрки ғоялари улуғланган.

«Дафтари ашъор ул-жадида» («Янги шеърлар дафтари»)да эса Фақирийнинг 1916—24 йилларда ёзган шеърлари мавжуд. «Айрилғали», «Ўзингсан», «Бўлмағай», «Ўзгача», «Аё дилбар», «Кўргач», «Суратинг» радифли ғазалларида самимий муҳаббат, ошиқ изтироблари маҳорат билан тасвирланган. Шеърларининг кўпи реал, ҳаётий таассуротлар асосида ёзилган.

Сўнгги йилларда ёзилган бир туркум шеърлари «Юғурумия» тупламига киритилган (1923). «Девон»нинг шоир қўли билан кўчирилган нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №7679).